Қайднома

Қидирув

Қуйидан жарангдор овоз ёхуд футбол оламини ҳайратга солаётган 12 ёшли ҳужумчи ҳақида

Қуйидан жарангдор овоз ёхуд футбол оламини ҳайратга солаётган 12 ёшли ҳужумчи ҳақида

  06.10.2017 06:23
  0
  3793
Қуйидан жарангдор овоз ёхуд футбол оламини ҳайратга солаётган 12 ёшли ҳужумчи ҳақида

ДОРТМУНД «БОРУССИЯ»СИНИНГ 12 ЁШЛИ ҲУЖУМЧИСИ ЎЗ ЎЙИНИ БИЛАН БАРЧАНИ ҲАЙРАТГА СОЛЯПТИ.

Футбол дунёси не-не ёш иқтидорларни кўрган, уларнинг эрта кунда мавжуд барча тушунчаларни бир ёққа суриб, ақл бовар қилмас даражада «ҳунар»лар кўрсатганча трансферлар бозорини «портлатиб» юборишганига гувоҳ бўлган.

Ҳа, футбол тобора ёшармоқда - бу факт. Бироқ «Боруссия» тизимининг U-17 тоифасидаги жамоаси сафида ўйнаётган 12 ёшли ҳужумчи қойилмақом ҳаракатлари билан Килиан Мбаппе, Мартин Эдегор ва Каспер Дольберг каби эрта чақнаган вундеркиндлар тарихини сояга суриб қўйди...

Ҳа, 12 ёшли Юсуф Мукоко охирги вақтларда барча нигоҳларни ўзига худди оҳанрабодек жалб этяпти. Биласиз, «Боруссия» ёш иқтидорларга катта йўл очиб бериши билан алоҳида мақтанишга ҳақли клуб саналади.

Аммо Дортмунд жамоаси ҳам шу вақтга қадар бундай истеъдодни кўрмаган бўлса керак. Ҳар ҳолда, клуб сафидаги бирор йигитча Юсуфчалик кучли эътибор марказига тушган эмасди. Хўш, Мукоко нима каромат кўрсатдики, барча шу болакай ҳақида гапирмоқда?

Албатта, мислсиз эътиборга салмоқли сабаб бор: ёш футболчи ўсмирлар ўртасидаги бундеслигани шунчаки, «остин-устун» қилиб юборяпти. Рақамларда айтсак, Юсуф 7та ўйинда 16та гол урди. Ҳайратланарли, тўғрими?

Ваҳоланки, у майдонда ўзидан 4-5 ёш катта ўсмирларга қарши тўп сурмоқда. Яна бир томони шуки, «Боруссия» U-17-нинг ўзида ҳам, бошқа иштирокчилар сафида ҳам кўрсаткичлар бўйича Мукокога ҳаттоки, яқин келадиган футболчи йўқ.

Хуллас, барча мутахассислар вундеркинд келажакда Неймар услубида катта юлдузга айланишини башорат қилишдан тийилмаяптилар.

Айтиш жоиз, Дортмунд «Борус- сия»си ушбу болакай масаласида вақтида ҳаракат бошлаб, уни ўз сафига жалб этишни пайсалга солмади. Зеро, Мукоколар оиласи Германияга 2014 йили кўчиб ўтган бўлса, Юсуф аввалига «Санкт-Паули» даргоҳида борди.

Диққат қилинг, дортмундликлар 10-11 ёшли болакай ҳаракатларини 2 йил давомида кузатиб келишди ва якунда ёш иқтидорни ўз томонларига оғдиришди. Тўғри, Мукоко ҳали-вери асосий жамоада ўйнай олмайди.

Бунинг учун 5 йил сабр қилиши керак. Тушунарлики, африкалик болакай шунча муддат ичида улғайиш баробарида маҳоратини сезиларли даражада ошириши ёки мавжуд иқтидорини шунчаки, йўқотиб қўйиши мумкин. Демак, ҳозирдан баралла гапириш ярамайди.

Африкалик футболчилар хусусида гап кетганида, ўз-ўзидан қалбаки ҳужжатлар масаласи кўндаланг туриши ҳаммага аён. Чунончи, бундай можаролар етарлидан ҳам кўп кузатилган.

Яъни африкалик футболчиларнинг қайсидир жамоа билан манфаатли шартнома тузиш мақсадида ўз ҳужжатларини сохталаштиришганию, асл ёшларини бекитишгани неча марталаб ошкор бўлган.

Шунинг учунми, Германия футбол иттифоқи Юсуф Мукоко ҳужжатларини алоҳида текшириб чиқди. Хулоса шуки, у чиндан ҳам, 2004 йилнинг 20 ноябрида туғилган экан.

«Германия футбол иттифоқи «Боруссия» раҳбарияти билан ҳамкорликда турли даражада бир неча текширув олиб борди. Уларнинг натижасида футболчининг асл ёши бўйича қандайдир шубҳага ўрин қолмади»  — ташкилотнинг ушбу баёноти ҳам клуб, ҳам Юсуфни бирдек хурсанд қилгани аниқ. Ахир озгина шубҳа ҳам ёш йигитчага салбий таъсир этиши ҳеч гап эмас.

Умуман олганда, «Боруссия»га қойил қолиш керак: клуб иқтидорларни излаб топиш бобида қиёси йўл тажрибага эга. Мисол учун, жамоа ўтган мавсум охирида Маҳмуд Доудни сотиб олди.

Маълумот учун айтиш жоиз, Доуднинг ота-онаси миллат бўйича этник курд ва улар бундан 20 йил олдин қочоқ мақомида Германиядан қўним топишганди.


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz