Қайднома

Қидирув

«Барселона» тарихида илк марта кузатилган воқеа

«Барселона» тарихида илк марта кузатилган воқеа

  13.10.2017 00:12
  0
  3316
«Барселона» тарихида илк марта кузатилган воқеа

«Барселона» президенти Хосеп Бартомеу жамоа ярим ҳимоячиси Андрес Иньестага бир умрлик (!) шартнома таклиф этди.

Табиатан босиқ ва камтарин футболчининг жамоага нисбатан чексиз садоқати, сабру-қаноати шу тариқа тақдирланди.

Иньеста - даҳолар соясидаги даҳо

Буюк футболчиларни шартли равишда икки тоифага ажратиш мумкин: туғма иқтидор соҳиблари ва машаққатли меҳнат эвазига афсонага айланганлар. Андрес Иньеста иккинчи гуруҳга мансуб.

У жуда меҳнатсевар ва ўта сабр-қаноатли. Бу хислатларга эга профессионал ҳар қандай тўсиқни ошиб ўтишга қодир. Андрес узоқ йиллар давомида ўзи учун оддий мавсумларни ўтказди, қанчадан-қанча буюклар билан ёнма-ён тўп сурди - Ривалдо, Роналдиньо, Хави, Месси...

Бироқ хизматларига яраша қадрланмади. Чунончи, клубда буюклар кўп эди. Аммо 2010 йили «Олтин тўп» ЕЧЛ ва Голландия терма жамоасининг ЖАР мундиалидаги иштирокида кўрсатган хизматлари учун Уэсли Снейдер ёки ЖЧ финалида ҳал қилувчи голни урган Андрес Иньестага берилганида, бунга ҳеч ким ортиқча эътироз билдирмасди, аксинча, бу адолатлироқ ечим саналарди. Нима бўлганда ҳам, каталониялик иқтидор соҳиби Лионель Месси соясида юришга маҳкумлиги ва ундан чиқолмаслигига қарамай, миллат қаҳрамонига айландики, бу жуда катта иш.

Андрес - камтар ва камсуқум

Иньестани буюк сабр-тоқат соҳиби сифатида мақташади. Чунки у «Барса»нинг 5та юлдузли таркибини кўрди, доимо барқарор ва бир маромда ўйнади. Андрес шунингдек, кўплаб юлдузлардан фарқли ўлароқ, ҳавас қилгудек оилага ҳам эга. Яқинда 10 йиллик юбилейини нишонлаган Анна Ортис - Иньеста оиласида икки нафар (қиз ва ўғил) фарзанд тарбияланмоқда.

Ҳаттоки, Испания терма жамоаси омадсизлиги ҳам футболчи иродасини буколмади. Чунки у оддий йигит. Умр йўлдоши эса қимматбаҳо автомашиналар ёнида суратга тушадиган, турли-туман матоҳларни реклама қиладиган модель эмас, гўзаллик салонининг оддий ишчиси. Қизиғи, ўтган йили Энцо Перес билан тўқнашувда жароҳатланган Андрес кейинроқ аргентиналик рақибига қўнғироқ қилиб, бунда унинг айби йўқлигини айтганди.

Каталония референдум масаласида қизғин баҳсларга ғарқ бўлган кунлар эса Андрес ўта босиқлик билан ягона тилаги тинчлик ва хотиржамликда яшашлигини билдирди. Яъни ўзини сиёсат билимдонидек кўрсатишга уринмади. Лекин футбол майдонида нечоғли моҳир ва уддабурон эканини тўла намойиш этди. Шундай ажойиб инсоннинг ватандоши Хуан Мата ташаббусига қўшилган ҳолда, иш ҳақининг 1 фоизини хайрия жамғармасига ажратишга қарор қилгани кимни ҳам ажаблантирарди?

Иньеста - «Барса»нинг содиқ ўғлони

Андреснининг ота-онаси уни 12 ёшида «Ла-Масия»га олиб келиб, ўзлари яхши танийдиган «Барселона» ёшлар жамоаси мураббийига топширишган. Интернатдаги дастлабки ҳафталарни йиғи-сиғи билан ўтказган болакайнинг улғайганидан кейин ҳам кўп йиғлашига тўғри келди. Фарқи шуки, энди унинг кўзлари севинч ёшларидан намланарди.

Қарангки, Андрес ёши ўтган сари ўйин савияси пасая бошлаган паллада ўз жойини ворисига бўшатиш ўрнига бир умрлик шартномага имзо чекиш имкониятига эга бўлди. Диққатга сазовор томони, у шунда ҳам камтарликни унутмади - талаб даражасида тўп суролмаса, жамоадан дарҳол кетишини алоҳида таъкидлади.

Андрес - ҳайратлантира оладиган афсона

Хўш, «Барселона» тарихида биринчи бўлиб нега айнан Иньеста шундай илтифотга муносиб кўрилди? Балки бунга Месси билан музокаралар қийин кечаётгани сабабдир? Раҳбарият шу билан лозим топса, футболчининг хоҳиш-истагини инобатга олишини кўрсатмоқчи бўлгандир? Майли, буни қўя турайлик. Иньеста аввало, ўз фаолиятини чиройли якунлаш хусусида бош қотириши лозим. Масалан, Пирлодан ибрат олиши керак. Италиялик касбдоши «Ювентус» билан шартнома тузганида, 32 ёшда эди, кейин 4 йил муносиб тўп сурди. Андрес эса 33 ёшда. Демак, у камида 3 йил ўйнаши керак!

«Барселона» ярим ҳимоячиси якунда муддати чекланмаган шартнома остига имзо чекди. Демак, Иньеста фаолиятининг охирига қадар «Камп Ноу»да қолади. 33 ёшли футболчи 1996 йилдан буён каталонияликлар либосида ўйнамоқда. У умумий ҳисобда «кўк-анорранглилар» сафида 639та ўйинда майдонга тушган. Бу клуб тарихидаги иккинчи натижадир (рекорд Хавига тегишли).

Иньеста «Барселона»да нақ 30та соврин ютган ва бу борада Месси билан бирга клуб рекордчиси ҳисобланади. Клуб президенти Хосеп Бартомеу бир умрлик шартномани қуйидагича изоҳлади: «Бугун мухлисларимиз учун ажойиб кун. «Барселона»нинг 118 йиллик тарихида илк марта футболчи билан чекланмаган муддатли келишув имзоладик. Бу битим - ажойиб футболчи учун мукофот. Андрес «Барселона»нинг 2003 йили бошланган энг муваффақиятли давридаги энг ёрқин футболчилардан биридир. У шундай шартномага муносиб ва ўйлайманки, мухлислар ҳам ушбу воқеадан мамнунлар».


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz