Қайднома

Қидирув

Ўзбекистонда мундиал ўтказилса…

Ўзбекистонда мундиал ўтказилса…

  14.10.2017 06:25
  0
  1987
Ўзбекистонда мундиал ўтказилса…

Ўзбекистон футбол федерациясига янги раҳбарият келгач, ФИФА тасарруфидаги мусобақаларнинг мамлакатимизда ўтказилиши мумкинлиги ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлди.

Демак, балки яқин йиллар ичида ўсмирлар, ёшлар ёки аёллар ўртасидаги мундиалларга мезбонлик қилармиз?! Ахир вилоятларимиздаги кўплаб стадионлар замонавий кўриниш касб этди.

Уч тизимли спорт ўйинлари туфайли барча ҳудудлар марказларидаги спорт ареналари қайтадан реконструкция қилинди, айримлари янгидан қад ростлади.

Тошкентнинг ўзида ҳам мундиални ўтказиш учун етарли инфраструктура яратилган. Хуллас, шароит етарли.

Хўш, сўнгги йилларда ФИФА Осиё қитъасида қандай турнирлар ўтказди? Бизни олдинда яна қайси мусобақалар кутиб турибди? Қуйида шу ҳақда сўз юритмоқчимиз.

Жаҳон чемпионатлари(босқичма-босқич)

ФИФА шафеълигида эркаклар ўртасида 10та, аёллар ўртасида 6та халқаро турнир ўтказилади. Бундан ташқари, ФИФА Интерактив жаҳон чемпионати ҳам ҳар йили ташкил этилади.

Мундиал

ЖЧ-2002 Жанубий Корея ва Япония майдонларида 31 май - 30 июнь саналарида ўтказилган ҳисоб бўйича 17-жаҳон чемпионати эди. Бу мундиал қитъамизда илк бора ташкил этилгани ҳамда бирданига иккита мамлакатга топширилгани билан тарихда қолганди.

Мазкур ЖЧ учун Жанубий Корея ҳам, Япония ҳам 10тадан, жами 20та стадионни тахт қилганди. Асосий учрашувлар ўтказилган Тэгудаги «Жаҳон кубоги» аренасига 68014, Йокогамадаги Халқаро стадионга эса 70 минг томошабин сиғади.

Жаҳон чемпионатидан сўнг Японияда бу иншоотларга мухлислар ташрифи кутилганидек кўпаймади. Қолаверса, Япониядан Asahi Shimbun, Nippon Life Insurance, Nippon Telegraph and Telephone, Nissin Foods, Nomura Securities, Tokyo Electric Power Company, Tokio Marine and Fire Insurance, Ж.Кореядан эса Hyundai Marine and Fire Insurance, KCC Corporation, Kookmin Bank, Korea Telecom, Korean Air, Lotte Hotel компаниялари маҳаллий ҳомийлар сифатида мусобақа билан бевосита боғланишди.

Осиё термаларидан Ж.Корея 4-ўринни банд этган бўлса, Япония 1|8 финалга йўл олган жамоалар орасида энг яхши натижа кўрсатди.

Хитой ва Саудия Арабистони мос равишда 9та ва 12та гол ўтказган ҳолда мундиалдаги энг кучсиз жамоаларга айланишди. Мусобақа якунига кўра тузилган «Юлдузлар терма жамоасига» Ж.Кореядан ҳимоячи Хонг Мюнг Бо ва ярим ҳимоячи Ю Санг Чул киритилди.

ЖЧ-2022. Қитъамизда ўтган жаҳон чемпионатидан сўнг ушбу турнир Германия (Европа), ЖАР (Африка), Бразилия (Жанубий Америка) қитъаларини айланиб чиқди.

Олдинда Россия (Европа) ва Қатар (Осиё) мундиаллари ҳам бор. ЖЧ-2022 ноябрь-декарь ойларида ўтказилиши, стадионларда замонавий инновацион совутиш тизими ўрнатилиши билан бошқа жаҳон чемпионатларидан яққол ажралиб туради.

Кичик мундиал

Ёшлар ўртасидаги ЖЧ 1977 йилдан буён ўтказиб келинади. Унда айни пайтга келиб 24та жамоа иштирок этади. Аргентина ушбу мақомдаги турнирда энг кўп жаҳон чемпиони бўлишга эришган - 6 марта.

Осиё қитъасида мазкур мусобақа 6 марта ўтказилган: Япония (1979), Саудия Арабистони (1989), Қатар (1995), Малайзия (1997), БАА (2003), Жанубий Корея (2017).

1981 йилда Қатар, 1999 йилда Япония ушбу турнир финалига қадар чиқишган. Ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатлари дунёга Диего Армандо Марадона, Хавьер Савиола, Лионель Месси, Серхио Агуэро ва Поль Погбани тақдим этган.

Янги асрда 9та мундиал ўтказилган бўлса, унда ОФКга аъзо мамлакатлардан жами 15та терма иштирок этган. Қитъамиз шарафини ҳимоя қилган жамоалар қайд этган энг юқори натижа - 4-ўрин (Ироқ, 2013 йил).

Ўзбекистон термаси 2003 йили Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги мундиалда дебют қилган. Умуман олганда, БАА-2003да вакилларимиздан ташқари, Буркина-Фасо, Панама, Словакия жамоалари ҳам илк иштирокларини ўтказишган.

Шундан сўнг ёшларимиз 2009, 2013 ва 2015 йилги кичик мундиалларда ҳам муносиб қатнашишган.

ЖЧ-2017. Мазкур чемпионатни ўтказишга 12та мамлакат, хусусан, қитъамиздан Баҳрайн ва Саудия Арабистони ҳам даъвогар бўлишганди.

20 май - 11 июнь саналарида Жанубий Корея майдонларида ўтказилган ҳисоб бўйича 21-жаҳон чемпионатига Чеонан, Тэжон, Инчхон, Жежу, Чонжу, Сувон шаҳарлари мезбонлик қилди.

Турнир тўпурари - Рикардо Орсолини (Италия, 5та гол). Қитъадошларимиздан Ритсу Доан (Япония) 3та, Ли Сеунг Ву, Пэйк Сеунг Хо (Жанубий Корея) эса 2тадан гол уришганди.

Мусобақа якунига кўра, мезбонлар 10, Япония 14, Саудия Арабистони 15, Эрон 18, Вьетнам 22-ўринларни банд этишди.

«Кенжа» мундиал

Ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати 1985 йилдан буён ўтказиб келинади. Дастлабки 3 мусобақада 16 ёшгача бўлган футболчилар қатнашишган, 1991 йилдан бошлаб эса ёш цензи 17га кўтариб қўйилди.

Унда айни пайтга келиб 24та жамоа иштирок этади. Нигерия бу мақомдаги турнирда энг кўп ғолиб чиққан - 5 марта.

Осиё қитъасида ушбу чемпионат 4 марта ўтказилган: Япония (1993), Жанубий Корея (2005), БАА (2013), Ҳиндистон (2017). 1989 йили Саудия Арабистони термаси ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган.

«Кенжа» мундиал бутун дунёга Лэндон Донован, Сеск Фабрегас ҳамда Тони Кросс каби иқтидорларни тақдим этган.

Янги асрда ўтказилган 9та ўсмирлар жаҳон чемпионатида ОФКга аъзо мамлакатлардан жами 15та вакил иштирок этган. Жамоаларнинг қайд этган энг юқори натижаси - чорак финал (5 марта).

Ўзбекистон термаси 2011 йили Мексикада бўлиб ўтган мундиалда дебют қилган. Умуман олганда, Мексика-2011да вакилларимиздан ташқари, Панама, Руанда, Дания жамоалари ҳам илк марта қатнашишган.

Юртдошларимиз 2013 йилда ўта мураккаб шароитда гуруҳдан чиқишни уддалашганди. Ҳиндистонда бўлиб ўтаётган жорий йилги мундиалда мезбонлардан ташқари Осиёдан 4 жамоа - Япония, Эрон, Ироқ ва КХДР ҳам иштирок этишмоқда.

ЖЧ-2017. 2013 йил 18 майгача мазкур мусобақани ўтказиш учун Озарбайжон, Ирландия, Ҳиндистон ва Ўзбекистондан расман ариза келиб тушган.

Ўша йилнинг 5 декабрида ҳиндлар ўлкаси расман мезбон сифатида танланганди. 28 октябргача давом этадиган ҳисоб бўйича 17-жаҳон чемпионатига Калькутта, Янги Деҳли, Янги Мумбай, Кочи, Гувахати, Маргао шаҳарлари мезбонлик қилмоқда.

«Мини» мундиал

1989 йилдан буён ўтказиб келинаётган футзал бўйича жаҳон чемпионатида айни пайтга келиб 24та жамоа иштирок этади. Бразилия бу мақомдаги турнирда энг кўп ғолиб чиққан - 5 марта. Эрон 2016 йилга келиб бронза медали соҳиби бўлди.

Осиё қитъасида ушбу спорт тури бўйича мундиал 3 марта ўтказилган: Гонконг (1992), Хитой Тайпейи (2004), Таиланд (2012).

2016 йили Колумбияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси ҳам иштирок этиб, мезбонлар билан дуранг ўйнаганди. 2020 йилги мундиал мезбони ҳозирча аниқланмаган. Эрон, Япония, БАА ва Қозоғистон мазкур турнирни ўтказишга даъвогарлик қилишяпти.

«Нозик» мундиал

Аёллар учун ҳам жаҳон мундиаллари худди эркаклар сингари 3 хил категорияда ташкил этилади. Қуйида ушбу чемпионатларнинг қитъамизда қачон ўтказилганига эътибор қаратсак.

Аёллар жаҳон кубоги. Хитой (1991, 2007). 2019 йилги чемпионат Францияда ўтказилиши белгиланган. 2023 йилги мундиал мезбони эса ҳозирча номаълум.

Қитъамиздан Япония 2011 йилда чемпионликка эришган бўлса, 2015 йилда финалда тўп сурган. Шунингдек, Хитой ҳам 1999 йилги ЖЧнинг ҳал қилувчи баҳсига қадар етиб борган.

Япониялик ярим ҳимоячи Хомаре Сава 2011 йилда жаҳоннинг энг яхши аёл футболчиси, деб топилган.

20 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги ЖЧ. Таиланд (2004), Япония (2012). Бу ёш тоифасида КХДР билан жаҳонда фақат Германия ва АҚШ рақобат қила олади.

Чунки шимолий кореяликлар икки марта жаҳон чемпионлигини қўлга киритишган. 2018 йилги кичик мундиал Францияда ўтказилиши белгиланган. 2020 йилги мезбон эса ҳозирча номаълум.

17 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги ЖЧ. Иордания (2016). Бу ёшда осиёликлар ҳаммадан устун, десак янглишмаймиз. 2010 ва 2016 йилги финалларда фақат қитъамиз вакиллари ўзаро ҳисоб-китоб олиб боришган ва ҳар сафар Япония финалда енгилган.

2018 йилги чемпионат Уругвайда ўтказилиши белгиланган. 2020 йилги мезбон эса ҳозирча номаълум.

Хулоса. ФИФА ўз мусобақаларини ўтказиш учун мезбонларни танлашда, аввало, қитъалар бўйича кетма-кетликка амал қилса, шу билан бирга, инфратузилма ва хавфсизлик тамойилларини ҳам устун қўяди.

Стадионлар билан бирга шаҳардаги меҳмонхоналар, хавфсизлик масалалари ўрганилади. Мусобақани ўтказиш учун ариза берган мамлакатларнинг тақдимоти кўриб чиқилади.

Стадионлар масаласидаги талаб тушунарли. Сиғими каттароқ бўлишидан ташқари, мухлислар учун барча қулайликлар яратилиши ҳам керак.

Юртимиз ареналари жаҳон чемпионатлари баҳсларини қабул қилиши учун, биринчи навбатда, ажойиб тақдимот лойиҳасини тайёрлашимиз керак. Шундан сўнггина стадионларни шунга мос равишда тахт қилиб қўйишимиз талаб этилади.

Фикрат


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz