Қайднома

Қидирув

Ҳар ердан бир шингил…

Ҳар ердан бир шингил…

  14.10.2017 00:21
  0
  1141
Ҳар ердан бир шингил…

Тан олайлик, юртимизда Осиё футболига қизиқиш у қадар баланд эмас.

Эҳтимол, бунга етарли ахборот йўқлиги ҳам сабабдир. Шуни эътиборга олиб, қитъамиз футболига алоқадор баъзи янгиликларни ҳам ёритиб боришга ҳаракат қиляпмиз.

Чунончи, бу матбуотнинг вазифаси саналади.

Саудия Арабистони

Стадионга аёллар киритилганда... Саудия Арабистони тарихида илк марта аёлларнинг стадионга киришларига рухсат берилди. Аниқроғи, пойтахт - Ар-Риёдда жойлашган «Қирол Фаҳд» стадионида мамлакат мустақиллиги шодиёналарини аёллар ҳам томоша қилишди.

Биласиз, Саудияда шаръиат қонунлари амалда. Хусусан, эркаклар ва аёлларнинг жамоат тадбирларида бирга ўтиришлари мумкин эмас. Масалан, стадион ва кинотеатрга бирга киришлари тақиқланган. «Умид қиламанки, биз ҳам спорт иншоотларига ҳеч қандай чекловсиз кира оламиз.

Аёллар ва эркакларга бир хил ҳуқуқ тақдим этилишини кутяпман», - деди Табук шаҳрида яшовчи Ум Абдулраҳмон AFРга берган интервьюсида.

Легионерлар сони ортади. Саудия Арабистони футболи раҳбарияти маҳаллий лигани янада эркинлаштириш йўлидан бормоқчи. AFP хабарига кўра, давлатга тегишли клубларни хусусий мулкдорларга сотиш учун рухсат берилди.

Шунингдек, легионерлар лимити 4 нафардан 6 нафарга оширилди. Айни пайт «Ал-Тавон» клуби бундан тўлиқ фойдаланишга улгурди.

Саудия Арабистони юқори дивизионида 14та жамоа бори. Маҳаллий про-лига совриндорларига бинойидек мукофот пули белгиланган: 1-ўрин соҳибига - 3,8 млн. риал, 2-ўрин соҳибига - 2 млн. риал, 3-ўрин соҳибига - 1 млн. риал.

Қолган ҳар бир жамоа турнир жадвалидаги ўрнига қараб, молиявий рағбат олади.

Хитой Халқ Республикаси

Трансляция нархи тушади, чунки... Хитой чемпионати раҳбарияти супер-лига трансляцияси нархини туширса керак. Олдинроқ трансляция ҳуқуқи 1 миллиард фунтга баҳоланган эди.

Маълумот ўрнида айтиш керак, Setanta Sports Eurasia телекомпанияси Марказий Осиё (хусусан, Ўзбекистон) ва Россияга мазкур чемпионат ўйинларини узатиш ҳуқуқига эга.

Хитой футболи мутасаддилари лигада молиявий тартиб ўрнатмоқчилар. Супер-лига бош ҳомийси - Ping An Insurance компанияси 2017 йил учун нақ 199,65 млн. юань ажратган.

Нархнинг пасайишига сабаб сифатида чемпионатда легионерларга чеклов қў-йилгани кўрсатилмоқда. Эслатма, бунгача Хитойда легионерлар учун 100 фоизли солиқ жорий этилиши айтилганди.

Карлос Тевес ишончни оқламади. «Шанхай Шенхуа» клуби хўжайини У Сяохай аргентиналик ҳужумчи Карлос Тевесдан кўп нарса кутганди.

«Юқори савияли юлдузни таклиф қилиш чоғи Тевеснинг барча талабларимизга мос тушишига ишонгандик. Бироқ у жисмоний ҳолатига эътибор бермай қўйди ва яхши тайёргарлик кўрмади. Натижада ишончимизни оқламади», - деди клуб эгаси.

Айтиш ўринли, Тевес жорий мавсум 13та ўйинда майдонга тушиб, 3та гол урди. Аввалроқ клуб бош мураббийи футболчи ортиқча вазн орттирганини айтиб, уни асосий таркибдан четга сурганди.

Аниқроғи, Тевес колумбиялик Фредди Гуарин каби ёшлар жамоасига «бадарға» қилинди. Дарвоқе, Карлос Тевес дунёда энг кўп маош олувчи футболчилардан бири ҳисобланади. Тахминларга кўра, унинг йиллик меҳнат ҳақи 30 млн. еврога яқин.

Фабио Капелло қанча маош олади? «Жиангсу Сунин» клуби 11 июнь куни италиялик Фабио Капелло билан шартнома тузганди.

Чемпионатда ишлаётган мураббийлар орасида яна бир Фабио бор - «Тянжин Куанжин» устози Каннаваро. Капеллога келсак, у Хитойдаги бир ярим йиллик фаолияти давомида 13 млн. фунт олади.

«Жиангсу» айни пайт Хитой чемпионати турнир жадвалининг охирги ўринларида бормоқда. Капелло жамоа бошқарувидаги 14та ўйинда атиги 4та ғалаба қайд этди, холос. У 2015 йилнинг июлида Россия термаси билан хайрлашагнидан буён ҳеч қаерда ишламаётганди.

Таиланд

«Лестер» хўжайини нега айбланяпти? «Лестер Сити» клуби соҳиби Вишай Шривадданапрабха ва унинг ўғли Айяватт Таиландда коррупция иши бўйича айбланмоқда.

«Форбс» журналининг 2017 йил май ойидаги ҳисоб-китобига кўра, Вишай таиландлик миллиардерлар орасида 7-ўринда бормоқда - бойлиги 3,3 млрд. долларга баҳоланган.

The Guardian хабарига кўра, Вишай ва унинг ўғлига тегишли King Power компанияси Бангкок аэропорти франшизаси орқали 327 млн. фунтни ҳукумат ғазнасидан яширган. Мазкур компания 2007 ва 2009 йиллар ҳам Таиланд аэропортлари билан боғлиқ муаммоларга учраганди.

Коррупцияга қарши кураш бўйича давлат қўмитаси раҳбари Чарнчайн Исарасенарак ота-бола ишбилармонни судга берди. Унинг маълум қилишича, King Power компанияси аэропорт раҳбарияти билан тил бириктириб, божсиз савдодан олинган даромаддан 15 фоиз ўрнига бор-йўғи 3 фоиз солиқ тўлаган.

King Power 2010 йили «Лестер»ни 39 млн. фунтга сотиб олганди. Шу йил май ойида эса Бельгия иккинчи дивизиони иштирокчиси «Ауд-Хеверле Левен» клубини ҳам харид қилди.


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz