Қайднома

Қидирув

Икки устун ораси қандай ёхуд Олий лига дарвозабонлари статистикаси

Икки устун ораси қандай ёхуд Олий лига дарвозабонлари статистикаси

  17.10.2017 00:01
  0
  2420
Икки устун ораси қандай ёхуд Олий лига дарвозабонлари статистикаси

Миллий чемпионатимиз якунланишига атиги 7та тур қолди. Ҳозирга келиб, кўп нарсалар ойдинлашгандек. Жами 184та ўйиннинг атиги 86тасида икки тараф ҳам гол уриш чорасини топди.

Янада аниқроқ ифода этсак, шунча учрашувда икки рақиб тенгданига ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлолмади. Умуман олганда, чемпионат баҳсларида иштирокчилар жами 36 нафар кипер хизматига эҳтиёж сезишди.

Улар орасида 23та ўйин давомида бирор марта алмаштирилмаган Жавоҳир Илёсов ҳам, 1 дақиқача ўйнаган Ҳожиакбар Жўраев ҳам бор.

Хуллас, бугун олий лига-2017да жавлон ураётган икки устун ораси етакчилари ҳақида сўз юритамиз.

Санжар Қувватов. «Насаф»нинг сентябрь ойидаги 5та ўйинида голкипер Санжар Қувватов маҳоратли ҳимоячилар билан биргаликда ажойиб серия қайд этди.

Ваҳоланки, биринчи даврада Элдор Суюнов 10та ўйинда асосий кипер вазифасини бажарганди. Санжар 13та ўйиннинг атиги 5тасида биттадан гол қўйиб юборди, холос.

Айни пайт унинг «қуруқ» серияси 506 дақиқага тенг. Хуллас, Қувватов - иккинчи давра рамзий терма жамоасидан жой олишга биринчи рақамли даъвогар.

Асилбек Омонов. 5та ўйинда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган «Навбаҳор» кипери ҳисобида 4та сариқ карточка бор. У шунингдек, биринчи даврада битта пенальтини бартараф этди.

Аввалги мавсум «Бухоро»нинг атиги 6та ўйинида майдонга тушган Асилбек айни пайт чемпионатимиздаги рақобатбардош посбонлардан бири бўлиб турибди.

Айтиш мумкинки, ўсмирлик ва ёшлик пайтиданоқ халқаро ареналарда тобланган киперга ўша вақтлар орттирилган тажриба катта кўмак беряпти.

Тўғри, унинг орада маълум муддат биринчи лигада ўйнагани ҳам унутмаслик керак. Муҳими, Асилбек юқорига қараб одимлашда давом этиши шарт.

Жавоҳир Илёсов. 2014 йили олий лига доирасидаги 1та, 2015 йили эса 18та ўйинда «Машъал» шарафини ҳимоя қилган 23 ёшли Жавоҳир жорий мавсум барча учрашувларни бошидан охиригача майдонда ўтказган ягона посбондир.

Асли чироқчилик кипер жамоасининг турнир якунида совриндорлар сафида бўлишига ишонади. Жавоҳир ҳозиргача ортида қолган 23та тур давомида 7та ўйинда гол қўйиб юбормади.

Қолаверса,  ёш кипер биринчи даврада 4та пенальтидан нақ 3тасида рақибларидан устун келди. «Машъал»нинг 19 июндан 22 сентябргача олий лигада мағлубият нималигини билмаганида ҳам унинг хизматлари катта.

Жавоҳир ушбу серия оралиғида 8та учрашувда жами 7та гол қабул қилдики, бу статистика ҳам унинг янги даражага чиққанидан далолат.

Александр Лобанов. 21 апрель куни «Пахтакор» ўз майдонида «Локомотив»га қарши ўта муҳим ўйинни бой берганида, Лобанов 25 ва 81-дақиқаларда гол қўйиб юборишдан ташқари, ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтда бирин-кетин сариқ карточка олиб, кейинги тур учрашувини томошабин сифатида кузатганди.

У шунингдек, биринчи даврада «Машъал» ва «Шўртан» футболчиларининг 3тадан гол уришларига тўсқинлик қилолмади. Сашанинг «қуруқ» ўйинлари сони атиги 6та, холос.

Шунга қарамай, Лобанов тахминларга қарши ўлароқ, иккинчи даврада ўз ўрнини Элдор Суюновга бериб қўймади, демак, у рақобатга тайёрдек кўриняпти. 22 ёшли Ботирали Эргашев 3-тур «сенсация»си сабабчиларидан бири бўлди.

Ўшанда «Пахтакор» ўз майдонида Самарқанд «Динамо»сига 0:1 ҳисобида енгилганди. 20 ёшли Шоҳруҳ Раимов эса 8-турдан ўрин олган «Навбаҳор»га қарши баҳсни яхши савияда ўтказганди.

Хуршид Хўжаев. Катта футболга 2005 йили «Пахтакор» орқали кириб келган Хуршид 5-15-турлар оралиғида «Олмалиқ»нинг асосий дарвозабони сифатида гавдаланди.

Энг муҳими, у 11та ўйинда бор-йўғи 2 марта ожиз қолди. Бошқача айтсак, 9та учрашувни «қуруқ» ҳолатда якунига етказди.

Афсуски, Хўжаев 30 июль куни «Қизилқум» билан ташкилланган ўртоқлик учрашувида тиззаси билан ноқулай йиқилиб, жароҳатланди. Ўшанда унинг шу йиқилиш ортидан иккинчи давранинг катта қисмини даволаниш билан ўтказиб юборишини ҳеч ким хаёлига келтирган эмасди.

Лекин футболда баъзан шундай кўнгилсизликлар ҳам учрайди. Мана, Хўжаев 20-турга келиб, яъни «Насаф»га қарши кечган баҳсда захира ўриндиғидан жой олди.

Игнатий Нестеров. Терма жамоамизнинг охирги ўйинларида асосий кипер мақоми ўзига тегишли эканлигини исботлаган тажрибали посбон чемпионат тақвимидан ўрин олган 19та учрашувда иштирок этиб, деярли ярмида (9тасида) дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Тўғри, Игнати шунинг баробарида «Шўртан» ва «Насаф» билан ўйинларда 2тадан гол қўйиб юборди.

Никита Рибкин. Терма жамоанинг сўнгги йиғинларига таклиф этилганлар орасида «Қўқон-1912» посбони ҳам бор эди. У водий клубининг 7та ўйинида 586 дақиқа ҳаракатлангач, кейинги 8та турда яна имкон берилишини кутди.

Умуман, Никита жами 15та ҳолатда рақибларнинг гол уришларига тўсқинлик қилолмади.

Хусусан, 19 август куни «Қизилқум»га қарши кечган баҳснинг биринчи бўлимидаёқ 3та қўйиб юборгач, захира кипери билан алмаштирилди.

Шу статистикага қараб, Самвел Бабаян томонидан терма жамоа й1иғинига чақирилган посбон ҳақида муайян хулоса чиқариб олаверинг!

Суҳроб Султонов. Биринчи даврада «Металлург»нинг 9та ўйинида майдонга тушиб, 10та гол қабул қилиб олган кипер оралиқ танаффус чоғи «Бунёдкор» сафига қўшилди.

Бироқ «Қизилқум»га қарши учрашувнинг ўзида 3та гол қабул қилди. Тўғри, Суҳроб жами 13та ўйинда дарвозадан ўрин олган бўлса, улардан нақ 8тасида рақиб жамоалар футболчилари уни доғда қолдириш йўлини топа олишмади.

Умуман, 27 ёшли посбон ўйинлар пайти ҳимоячилар билан мустаҳкам боғлам ҳосил қилганини тўлиқ намойиш этди. «Қизилқум» билан учрашувдаги омадсизлигига келсак, унда «Бунёдкор» ҳимояни унутиб қўйгандек таассурот уйғотди.

Таклифлар. Ёшлар лигасида дарвозабонлар учун алоҳида қоидалар жорий этилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Дейлик, майдонга 21 ёшга тўлмаган дарвозабонни тушириш шарти қўйилса, бу ўз самарасини берарди, эҳтимол.

Тўғри, айни пайт олий лигамизда ёш иқтидорли посбонлар ўзларини кўрсатишяпти. Аммо Павел Бугало ва Игнатий Нестеровдек ярқ этиб порлайдиган посбон кўринмаяпти. Осиё клубларига ҳам дарвозабонлар жўнатишни бошлаш учун шу каби чоралар қўллаш керак.

Терма жамоанинг янги мураббийлар штаби ҳам посбонларни йиғинларга жалб этишдан олдин уларнинг техник кўрсаткичларига алоҳида эътибор қаратишлари зарур. Чунончи, Осиё грандлари билан баҳсларда дарвоза масаласида хотиржам бўлолмаяпмиз.

Т\р. Дарвозабон, клуби                                                             Гол           Ўртача      Ўйин

1. Жавоҳир Илёсов, «Машъал»                                                 - 25          - 1,09        23

2. Асилбек Омонов, «Навбаҳор»                                               -28           -1,27         22

3. Александр Лобанов, «Пахтакор»                                           -23           -1,09         21

4. Игнатий Нестеров, «Локомотив»                                          -14           -0,74         19

5. Мурод Зуҳуров, «Бунёдкор»                                                  -16           -0,84         19

6. Шоҳруҳ Эшбўтаев, «Сўғдиёна»Ғ«Обод»                               -31           -1,63         19

7. Элдор Тожибоев, «Шўртан»                                                   -21           -1,31         16

8. Михаил Наумов, «Динамо»                                                   -16           -1,07         15

9. Акмал Турсунбоев, «Бухоро»                                                  -14           -1              14

10. Артём Макосин, «Қизилқум»                                              -17           -1,21         14

11. Зафар Сафоев, «Металлург»                                                -19           -1,36         14

12. Ўткир Юсупов, «Нефтчи»                                                     -27           -1,93         14

13. Санжар Қувватов, «Насаф»                                                  -5             -0,38         13

14. Азиз Ашуров, «Қўқон-1912»                                                 -12          -0,92         13

15. Суҳроб Султонов, «Металлург»Ғ«Бунёдкор»                      -13           -1              13

16. Ширинбой Абдуллаев, «Обод»Ғ«Сўғдиёна»                      -22           -1,69         13

17. Эркин Жабборов, «Бухоро»Ғ«Қизилқум»                           -20           -1,67         12

18. Хуршид Хўжаев, «Олмалиқ»                                                -2             -0,18         11

19. Элдор Суюнов, «Насаф»                                                       -11           -1,10         10

20. Музаффар Абдуллаев, «Қўқон-1912»Ғ«Сўғдиёна»            -13           -1,18         11

21. Абдумавлон Абдужалилов, «Нефтчи»                               -15           -1,50         10

22. Темур Жўраев, «Динамо»                                                    -9             -1,12         8

23. Алибек Туробов, «Шўртан»                                                  -17           -2,12         8

24. Акобир Тўраев, «Олмалиқ»                                                 -12           -1,71         7

25. Никита Рибкин, «Қўқон-1912»                                            -15          -2,14         7

26. Умид Хонимқулов, «Қизилқум»                                          -6            -1,20         5

27. Низомиддин Зиёвуддинов, «Олмалиқ»                            -8             -1,60         5

28. Маъмур Икромов, «Локомотив»                                         -3             -0,75         4

29. Сарвар Каримов, «Сўғдиёна»                                              -8             -2,67         3

30. Азамат Аҳмедов, «Обод»                                                    -12           -4              3

31. Темур Ғаниев, «Обод»                                                          -9             -4,50         2

32. Ҳожиакбар Жўраев, «Пахтакор»                                         -               -                1

33. Шоҳруҳ Раимов, «Пахтакор»                                               -               -                1

34. Дилшод Ҳамроев, «Навбаҳор»                                           -               -                1

35. Ботирали Эргашев, «Пахтакор»                                          -1             -1,00         1

36. Муҳиддин Худоёров, «Бухоро»               -1            -1            1

ФИРДАВС


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz