Қайднома

Қидирув

Тескари айланган чархпалак

Тескари айланган чархпалак

  22.10.2017 10:39
  0
  1098
Тескари айланган чархпалак

Кумаси - одамлар билан гавжум, кўчалари чанг ва ҳавоси дим шаҳар. Ганада аҳоли сони бўйича иккинчи ўринда турувчи бу ҳудуд бадавлат ҳисобланади: у ерда олтин конлари бор, экспортнинг асосий қисми эса какао ишлаб чиқаришга йўналтирилган. Баба Суленинг болалиги айнан шу шаҳарда ўтган. У қуёш ботганидан кейин ҳам тўп тепишдан чарчамасди.

Барча ўсмир футболчиларнинг муаммоси ҳамма ерда бир хил: отаси ўғлининг вақтини футболга сарфламай, ўқиб, бирор касб эгаси бўлишини хоҳларди. Аммо Баба Суле ота-онасининг босимига дош берди. Оилада жами 14 фарзанд бўлиб, улардан уч нафари профессионал футбол билан шуғулланишди. Кўп ўтмай қаҳрамонимизнинг нисбатан иқтидорлироқ экани ойдинлашди: у ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати финалида Бразилия термаси дарвозасини ишғол қилиб, ғолиблик нашидасини сурди.

***

Кейинчалик Баба Сулени «Мальорка» ўз сафига қўшиб олган бўлса, кўп ўтмай «Реал» таркибига кўчди. Ёш ярим ҳимоячига Клод Макелеленинг вориси сифатида қаралди - серғайрат, тиришқоқ, тўпни олиб қўйишда фаол, бутун майдон бўйлаб назоратни ўз қўлига оладиган истеъдод соҳиби.

Баба Суле узоқ муддат «шок» ҳолатидан чиқиб кетолмади: «Сантьяго Бернабеу»га келиб, шартнома бўйича келишувга эришгач, иккинчи жамоа сафига қўшилди ва тез орада «Леганес»га ижарага берилди. Аммо унга «Реал» ёшлари сафида дебютини нишонлаш насиб қилмади: жароҳатлар панд берди.

«Мальорка»да Баба Суле гепатит хасталигига чалинди. Сўнгра «Оренсе»да (ушбу клуб 2014 йили банкротга учрагани туфайли фаолиятини тугатган) ганалик футболчининг тирсаги синди.

Ижара асосида «Леганес»га келганида, Баба Суленинг мушаклари шикастланди. Эндигина тикланиб, майдонга қайтганида илк учрашувдаёқ тиззалари жиддий лат еди. «Футбол шунақа, унинг икки томони бор. Жароҳатлар ҳаётимни ўзгартириб юборди», - дейди қаҳрамонимиз. Тинимсиз операциялардан сўнг унинг оёғида кўплаб чандиқлар қолди.

Фаолияти фақат пастга «шўнғиди»: Каталониянинг «Лерида»си, Кас­тильянинг «Томельосо»си, Канарнинг «Сан-Исидро»си. Учинчи дивизион жамоаларидаги иштирокдан кўнгил тўлармиди?!

***

- Йигитча, ортимдан қайтар: «I~ll be the best goalkeeper in the world!». Ишонавер, ҳаммаси худди мен айтгандек бўлади. Фақат ёдда тут: агар кўпроқ ютуқларга эришишни хоҳласанг, максимал даражада жиддий бўлишинг лозим. Шунингдек, фахрийларни ҳурмат қилишни ўрган.

Сентябрнинг илиқ шамоли автомобилнинг очиқ ойналаридан кириб турарди. Баба Суле камтар йигитчани Ильескасдаги уйидан Мадридга - «Атлетико»нинг кантераси машғулот ўтказадиган жойга олиб кетаётганди. Улар ярим соатдан кўпроқ йўл юришди. Ганалик йўл-йўлакай ҳамроҳига инглизчани ўргатди.

Бу йигитча Давид Де Хеа бўлиб, ўша кезлари ҳали ҳайдовчилик гувоҳномаси олмаганди. Бунга қадар келажаги порлоқ киперни ота-онаси таширди, сўнгра «Атлетико» ишончли, футболга алоқадор ҳайдовчи топди - Мадриднинг «Райо Махадаонда» клуби ярим ҳимоячиси Баба Суле.

- У жуда тортинчоқ эди, аммо ўзаро тил топиша олдик. Сафар чоғи унга инглиз тилидаги айрим сўзларни ўргатардим. Де Хеа ва унинг оиласи даврасида вақтим чоғ ўтарди. Биз ҳамон гаплашиб турамиз, яқинда Давиднинг онаси билан чатда суҳбатлашдим. Де Хеанинг ҳар галги қўнғироқ қилиши эса мени ҳаяжонга солади, - дейди Баба Суле.

Давид «Манчестер Юнайтед»га ўтганида, биринчи бўлиб ганалик танишига қўнғироқ қилганди. Ўшанда қаҳрамонимиз мобил телефони экранида Британия рақамини кўриб ҳайрон қолганди.

- Салом, дўстим! Мен Де Хеаман! Ҳаммаси учун раҳмат!

***

- Топган пулимни оила аъзоларимга жўнатардим, - дейди Баба Суле. Айнан шу сабаб ганалик футболчи қўшимча иш билан шуғулланарди. Ҳайдовчиликдан ташқари, электр устаси бўлиб ишлади, савдо марказлари тизимидаги дўконда меҳнат қилди.

Икки йил аввал Баба Суле В-сегунда вакили «Фуэнлабрада»дан таклиф олди. Тўпларни йиғиштириш, бутсаларни артиш, формаларни тозалаш - унинг янги вазифаларига айланди. Шунингдек, ҳамюрти Ява Анноранинг Испания муҳитига мослашишида кўмакчи бўлди.

- Журналистлар билан йиллаб гаплашмайман. Футболдан кетганинг­дан сўнг сени излайдиганлар кўп топилмайди, - Суле майдон четида АВС нашри вакилларини худди шундай сўзлар билан қарши олди. - Сизлар қўнғироқ қилганингизда ҳам буни экипировка маъмурларининг навбатдаги ҳазилига йўйгандим.

Тўплар солинадиган халтани кўтариб, майин жилмаяётган Баба Суле интервью бериш вақтида ҳаётидан тўла мамнунлигини кўрсатаётгандек эди.

- Болакайлар менинг тарихимни эшитиб, профессионал эканим, жаҳон чемпионати финалида Бразилия термаси дарвозасига тўп киритганимдан хабар топишса, ажабланишади. Уларнинг нигоҳидан ҳавас ва ҳурмат ҳисси уфуриб туради... Футболни танлаган иқтидор соҳибларига биргина сабоқ беришим мумкин: ҳаммаси кўнгилдагидек давом этаётганда, келажак ҳақида унутиб қўямиз. Бу шунга арзийди.

Баба Суленинг юзидаги табассум бир зум йўқолиб, кўзлари ғамгин тус олади. Унинг фаолияти ўзи хоҳлагандек кечмади, тақдир чархпалаги тескари айланди ва орзулари рўёбга чиқмади. «Барибир, футбол менга кўплаб дўстларни туҳфа этди, шундай экан, омадлиман. Улар қийин вазиятларда ҳамиша ёрдам қўлларини чўзишди, буни эса унутиб бўлмайди», - Баба Суле шундай дея яна кулиб қўйди.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz