Қайднома

Қидирув

(Фотогалерея) Футбол тарихидаги энг севимли 50та форма (1-қисм)

(Фотогалерея) Футбол тарихидаги энг севимли 50та форма (1-қисм)

  24.10.2017 00:17
  0
  2810
(Фотогалерея) Футбол тарихидаги энг севимли 50та форма (1-қисм)

Британиянинг машҳур FourFourTwo журнали футбол тарихига назар солиб, спорт брендлари маслаҳатчиси Нил Херд ёрдамида кўпчиликка манзур бўлган 50та энг яхши формани аниқлади.

Ўйлаймизки, ёрқин футболкаларни ўз ичига олган ушбу қизиқарли рейтинг газетамиз ўқувчиларини ҳам бефарқ қолдирмайди.

50-ўрин - «Гамба Осака» (1996-1997, уй учрашувларига мўлжалланган форма). Футбол либослари бўйлаб узоқ «саёҳат»ни Япония ва 90-йиллар ўрталаридан бошлаймиз.

Осака шаҳри жамоасининг «электрик» формаси - ажойиб дизайн ва ҳомий компания «Панасоник» рамзининг чиройли уйғунлиги.

49-ўрин - АҚШ термаси (1994, сафар учрашувларига мўлжалланган форма). Нил Херднинг алоҳида таъкидлашича, у Алекси Лаласга бунчалик мос тушган бошқа бирор формани кўрган эмас.

АҚШ термасининг уй мундиали учун тайёрлаган иккинчи футболкасидаги асосий жиҳатлар - йирик юлдузлар ва сохта жинси матоси.

48-ўрин - «Гринбанк» U-10 (2006, уй учрашувларига мўлжалланган форма). Ҳа, Бринатиянинг «Гринбанк» жамоасида ўйновчи 10 ёшли болакайлар шундай ажиб формада кўриниш беришган.

Motrhead рок-гуруҳи етакчиси Леммининг ўзи либосда ўрни босилмас рамздан фойдаланишларига рухсат берган.

47-ўрин - Шотландия термаси (1978, уй учрашувларига мўлжалланган форма).

Кенни Далглиш ва Арчи Геммилл ЖЧ-78да Umbroнинг айнан ушбу формасини кийиб, буюк Голландия термаси дарвозасини нишонга олишган ва шотландлар «сенсацион» ғалабани тантана қилишган.

46-ўрин - «Блайт Спартанс» (1993-1994, уй учрашувларига мўлжалланган форма). Нил Херд изоҳи: «Баъзан биттагина жиҳат оддий либосни мутлақо ўзгартириб юборади.

Бу ҳолатда Британиянинг машҳур комикс журнали - Viz рамзи Нортумберленд шарафини ҳимоя қилувчи камтарин жамоа футболкасига зўр тушган».

45-ўрин - «Милан» (1988-1989, уй учрашувларига мўлжалланган форма). Бу футболка «Милан»нинг Арриго Сакки, Рууд Гуллит, Франк Райкаард ва Марко ван Бастен каби юлдузларни жамлаган даври тимсоли.

«Россонерлар» мухлислари бунга қараб, ёрқин зафарлар ёғдусини кўришади.

44-ўрин - «ПСЖ» (1993-1994, уй учрашувларига мўлжалланган форма).

Ёввойироқ, аммо омадли ижод намунаси - катта-кичик йўл-йўл манзара ҳамда ҳомийларнинг ёрқин белгилари.

43-ўрин - «Ньюпорт Каунти» (2004-2005, уй учрашувларига мўлжалланган форма). Уэльс клуби комедияли хип-хопдан илҳомланиб, тиллоранг тусли ғалати форма кийганди.

Бунда халқа шаклида чизилган рэп-маданиятнинг қалин атрибути алоҳида ўрин тутган, албатта.

42-ўрин - «Барселона» (1982-1989, уй учрашувларига мўлжалланган форма). Каталония классикасининг идеал намунаси.

Бунинг ижодкори - спорт экипировкалари билан шуғулланувчи Meyba компанияси (Барселона).

41-ўрин - «Колорадо Карибу» (1978, уй учрашувларига мўлжалланган форма). Аслида Америка клубига тегишли «родео-попук» кўринишидаги оригинал форма энг даҳшатли футбол либослари рейтингига муносиброқдек.

Бироқ Херднинг хулосаси бошқача: «Хунук, аммо ўта сеҳрли».

40-ўрин - «Фиорентина» (1992-1993, уй учрашувларига мўлжалланган форма). Гўзал ва можаробоп форма.

 

«Фиорентина» вакилларининг уни дарҳол четга суришлари ва алоҳида узр сўрашларига тўғри келган. Нега, муаммо нимада? Қора тусда шакллантирилган рамзга қаранг...

39-ўрин - «Мадурейра» (2013). Бразилия клуби ўз футболкасида аргентиналик Че Геварани бежиз акс эттирмаган.

«Мадурейра» машҳур Эрнесто билан учрашув учун Кубага ташрифининг 50 йиллигини шу тариқа нишонлаганди.

38-ўрин - «Тампико Мадеро» (1980-1882, уй учрашувларига мўлжалланган форма). Мексиканинг Тамаулипас штати ўзининг денгиз маҳсулотлари билан танилган.

Ҳудуднинг бош жамоасига эса «жасур қисқичбақалар» лақаби берилган. Демак, унинг футболкасида айнан қисқичбақага жой берилганида мантиқ йўқ эмас.

37-ўрин - Бельгия термаси (1984, уй учрашувларига мўлжалланган форма).

Нил Херднинг фикрича, 80-йилларда миллий жамоалар фойдаланган либослар орасида энг оригинали шу.

36-ўрин - «Тампа Бэй» (1978-1984, уй учрашувларига мўлжалланган форма). Шимолий Америка футбол лигаси - NASL раҳбарияти XX асрда ҳар доим ҳам футболчиларнинг жияк ёқали либос кийишларини ёқламаган.

Аммо «Тампа Бэй» гўзал оқ-яшил тусли рок-н-ролча формаси билан кўзга ташланганди.

35-ўрин - «Аталанта» (1991-1993, сафар учрашувлари учун мўлжалланган форма). Бундай футболкаларга назар ташлаганингда, муҳаббат ва нафрат ораси бир қадам эканлигини теранроқ англайсан.

Лекин «4-4-2» журнали экспертига футболдаги экстравагант формалар ёқадиган кўринади.

34-ўрин - Франция термаси (1982, уй учрашувларига мўлжалланган форма).

Классиканинг яна бир намунаси. ЖЧ-82да французлар кийган бу футболка катта муҳокамаларга сабаб бўлганди ва ҳалигача «бомба» ибораси билан таърифланади.

33-ўрин - собиқ иттифоқ термаси (1970, уй учрашувларига мўлжалланган форма). Минимал даражадаги оддийлик - 4та йирик ҳарф, қип-қизил тус.

Хорижда ўша либосни ҳали ҳам эслаб туришади.

32-ўрин - «Нью-Йорк Космос» (1979, уй учрашувларига мўлжалланган форма).

Франц Беккенбауэр, Карлос Альберто ва Йохан Нескенс Нью-Йоркда шахсан Ральф Лорен томонидан яратилган футболкада тўп суришган.

31-ўрин - Бразилия термаси (1985-1986, уй учрашувларига мўлжалланган форма). Сократес, Зико, Жозимар ва Фалькао ижросидаги жозибали футболни қўмсаганлар бу либосни, албатта эсга олишади.

Тўғри, ўша жамоа Бразилия термаси тарихидаги энг мафтункор ўйинларни намойиш этган бўлсада, совринлар масаласида унинг омади юришмаган.

30-ўрин - «Гремио» (1989-1990, уй учрашувларига мўлжалланган форма).

Оддий изоҳ: ҳомий - «Кока-Кола» рамзи ва «Гремио»га хос классик безакнинг  идеал уйғунлиги.

29-ўрин - «Рома» (1981-1982, уй учрашувларига мўлжалланган форма). Анъанавий ранг ёрдамида яратилган яна бир эътиборли форма.

Бунда «Рома»нинг бутун борлиғи намоён.

28-ўрин - Нигерия термаси (1994, уй учрашувларига мўлжалланган форма). Бунисида миллий маданият элементлари барқ уриб турибди.

Хусусан, дизайн бўйича форманинг енг қисми ва ёқа атрофига алоҳида ишлов берилган.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

ЖЧ-2018 расмий тўпи – Telstar 18 тақдим қилинди

Хозирча сўровнома ўтказилмаяпти.

© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.