Қайднома

Қидирув

(Фотогалерея) Футбол тарихидаги энг севимли 50та форма (2-қисм)

(Фотогалерея) Футбол тарихидаги энг севимли 50та форма (2-қисм)

  25.10.2017 00:03
  0
  3266
(Фотогалерея) Футбол тарихидаги энг севимли 50та форма (2-қисм)

Газетамизнинг аввалги сешанба сонида FourFourTwo журнали томонидан спорт брендлари маслаҳатчиси Нил Херд ёрдамида тузилган алоҳида рейтинг ҳақида маълумот бергандик.

Аниқроғи, футбол тарихида кўпчилик эътиборига тушган энг чиройли 50та форманинг 23таси билан таништиргандик. Демак, бугун рейтинг бўйича юқорилаб,  1-27-ўринларга лойиқ кўрилган футколкаларга тўхталамиз.

27-ўрин - «Нагоя Грампус» (1994-1995, уй учрашувларига мўлжалланган форма). Гари Линекер фаолияти Японияда уфққа ботган.

Инглиз футболчиси хайрлашув баҳонасида япон халқининг бадиий ва дизайнерлик анъаналари билан ҳам яқиндан танишганди.

26-ўрин - «Марсель» (1971-1972, уй учрашувларига мўлжалланган форма). Алоҳида айтиш керак, бу замонавий талқинда ишланган илк футболкадир.

Дейлик, «Марсель» формасида бош ҳомий логотипи ва бренд рамзи жой олганди.

25-ўрин - Аргентина термаси (1986, уй учрашувларига мўлжалланган форма).

Аргентиналиклар шундай либосда ҳаракатланиб, жаҳон чемпиони бўлишган, Диего Марадона эса инглизлар дарвозасига ўзининг энг машҳур 2та голини йўллаган - ақлни шошириб қўядиган даражадаги юришидан кейин ва «Илоҳий қўл» ёрдами билан.

24-ўрин - «Коринтианс» (1982-1983, уй учрашувларига мўлжалланган форма). Ҳамма гап «Демократия» ёзуви воситасида билдирилган сиёсий қарашда.

Сан-Паулу клуби инқирозлар тўлқинига дуч келгач, барча муҳим масалалар ходимлар ўртасида овоз бериш йўли билан ҳал этилаётганди. Жамоа тарихидаги ушбу қизиқарли давр «Коринтиансча демократия» номини олди.

23-ўрин - «Фиорентина» (1996-1997, сафар учрашувлари учун мўлжалланган форма). «Фиорентина»нинг топ-рейтингга тушган иккинчи формаси.

Бунисида асосан машҳур Марио улуши катта.

22-ўрин - Франция термаси (2011-2012, сафар учрашувлари учун мўлжалланган форма).

Бретон чизиғи ҳеч қачон модадан тушмайди, хусусан, французлар ҳам йўл-йўл майкани танлаб адашмадилар.

21-ўрин - «Ювентус» (1983-1984, уй учрашувларига мўлжалланган форма). Классик футболка яратиш бобида яна бир муносиб вариант.

Ортиқча гап-сўзларга ҳожат йўқ.

20-ўрин - «Стокпорт Каунти» (1981-1982, уй учрашувларига мўлжалланган форма). Англия клуби Аргентина термаси ажойиботини ўзида синаб кўргач, бир неча ойлардан сўнг икки мамлакат ўртасида Фолкленд ороли учун уруш бошланди.

Натижада «Стокпорт» либосини зудлик билан алмаштирди.

19-ўрин - «Манчестер Сити» (1988-1990, сафар учрашувлари учун мўлжалланган форма).

«Манчестер Сити» кийган ушбу либос «Манчестер Юнайтед»га ҳам тўла мувофиқ келарди, фақат...

18-ўрин - Уэльс термаси (1980-1983, сафар учрашувлари учун мўлжалланган форма).

Уэльсликлар томонидан танланган тушунарсиз сариқ-яшил футболка фақат оригинал ечими боис, рейтингнинг юқори қаторларига муносиб кўрилди.

17-ўрин - «Верди Кавасаки» (1993-1994, уй учрашувларига мўлжалланган форма). Психология нуқтаи назаридан қарасак, нафис ижод намунаси.

Бунақаси айнан японларга хос.

16-ўрин - Колумбия термаси (1990, уй учрашувларига мўлжалланган форма). КОНМЕБОЛаъзосиҳар доим ўйинидан кўра, ташқи қиёфаси билан ажралиб турган.

Мисол учун, Игита, Вальдеррама, Эскобар ва Ринкон каби ижрочиларга эга жамоа ЖЧ-90нинг илк «плей-офф» раундида Валерий Непомняший бошқарувидаги Камерун термасига бас келолмаган бўлсада, башанг кийими билан назарга тушганди.

15-ўрин - «Аталанта» (1990-1991, сафар учрашувлари учун мўлжалланган форма). Италиянинг ўртамиёна жамоасидан меҳмондаги ўйинлар учун тайёрланган яна бир либос.

Тўғри, у ҳамманинг дидига бирдек мос эмас.

14-ўрин - «Америка» (1994-1996, уй учрашувларига мўлжалланган форма). Мексика клуби футболкаси кимгадир ўта ёрқин рангларнинг аралашмасидек кўриниши мумкин.

Аммо унда ҳаммаси жой-жойида, ҳаттоки, «Адидас» ёзувини дизайнга мувофиқлаштириш учун унинг устида алоҳида иш олиб борилган.

13-ўрин - «Сампдория» (1991-1992, уй учрашувларига мўлжалланган форма). «Сампдория доимо сифатли футболкалари билан ажралиб турган, айниқса, 90-йилларда.

Зеро, бу вақтда Роберто Манчини и Жанлука Виалли каби футболчилар чиройли либосга яраша, генуяликларни катта ғалабалар сари етаклашган.

12-ўрин - «Тоттенхэм» (1985-1987, уй учрашувларига мўлжалланган форма). «Тоттенхэм» охирги вақтларда форма масаласида стандарт мезонларга қатъий амал қиляпти.

Олдинлари эса бу клуб либосида чизиқлар ва ғалати белгилар бўларди...

11-ўрин - Мексика термаси (1998, уй учрашувларига мўлжалланган форма).

КОНКАКАФ вакилининг бу футболкасида ацтеклар илоҳи Кетцалькоатль тасвирланган.

10-ўрин - «Асколи» (1981-1982, уй учрашувларига мўлжалланган форма). Йўқ, бу «Ювентус»ники эмас,аммо худди Турин клубиникидек бежирим.

Эҳтимол, ундан ҳам яхшироқдир.

9-ўрин - «Бастия» (1978-1979, уй учрашувларига мўлжалланган форма).

Футболкада «Мавр боши» - шаҳарнинг мустақиллик рамзини акс эттириш ғояси жуда омадли чиққан.

8-ўрин - «Наполи» (1990-1991, уй учрашувларига мўлжалланган форма). Бу либос кўрсатилса, «Наполи» фанатлари чемпионлик онлари ва бетакрор Диего Армандо Марадонани эсга олиб, беихтиёр кўзга ёш олишади.

Mars ёзуви формага жуда яхши «ўтирган».

7-ўрин - «Сент-Этьен» (1980-1981, уй учрашувларига мўлжалланган форма).

Ҳомийнинг катта рамзи умумий картинани бузмаган, аксинча, форманинг бор гўзаллигини очиб беришга кўмаклашган.

6-ўрин - Франция термаси (1984, уй учрашувларига мўлжалланган форма). Ўтган асрнинг 80-йиллари ўрталарида французлар томонидан кўз-кўз қилинган яна бир мўъжизавий футболка.

Мишель Платини етакчилигидаги «уч ранглилар» бундай бежирим формада Евро-84 олтин медалини қўлга киритишган.

5-ўрин - Англия термаси (1990, захира формаси). Хунуклик ичида гўзаллик яширин - Нил Херднинг хулосаси шундай.

«Аслида бу форма кўримсиздек, бироқ диққат билан қарасангиз, чиндан ҳам, эътиборингизни жалб этади», - дейди эксперт.

4-ўрин - «Лацио» (1982-1983, уй учрашувларига мўлжалланган форма). Яна аввалги асрнинг 80-йиллари, яна Италия.

Ўша вақтлар «Рим дербиси» энг дабдабали футбол қарама-қаршиликларидан бири саналган. Шундай экан, топ-50 рейтингига ҳам «Рома», ҳам «Лацио»нинг ўша даврдаги либоси киритилгани бежиз эмас.

3-ўрин - Голландия термаси (1976, уй учрашувларига мўлжалланган форма). «Лолалар юрти» бош жамоаси тарихидаги энг урфлашган зарғалдоқ либос.

Унга қандайдир изоҳ ортиқча.

2-ўрин - «Бока Хуниорс» (1981, уй учрашувларига мўлжалланган форма). Ёш Диего Марадона кийган футболка.

Бўлажак юлдуз унда «Бока» учун голлар урган, илк ҳунарларини кўрсатган ва ўта бахтиёр бўлган.

1-ўрин - Дания термаси (1986, уй учрашувларига мўлжалланган форма). Скандинавиявакили Евро-92да мўъжизавий ўйинлар кўрсатиб, чемпионликни тантана қилишидан 6 йил аввал кўзларни қамаштирадиган даражадаги чиройли либосга бурканганди.

Ундаги чизиқчалар, улоқлар ва нақшлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмаган бўлса керак.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz