Қайднома

Қидирув

«Ҳужумчилар заводи» - «Атлетико»

«Ҳужумчилар заводи» - «Атлетико»

  28.10.2017 00:21
  0
  2207
«Ҳужумчилар заводи» - «Атлетико»

Кўп гол урадиган форвардлар футболда саноқли. Ҳаттоки, топ-клубларнинг ҳам ҳужум чизиғига муносиб ўйинчилар тополмай, қийналишганини кўп кўрганмиз.

Лекин Мадриднинг «Атлетико»сида қизиқ анъана бор: мазкур жамоа ҳужум чизиғи доим юлдузларга бой бўлган ва бу атрофдагиларнинг ҳасадини келтирган.

Soccer.ru ҳеч кимни бефарқ қолдирмайдиган мана шундай тўп­урарларга тўхталади.

Луис Арагонес (Испания; 1964-1974) - 368та ўйин, 172та гол

«Атлетико»нинг таниқли форвард­лари рўйхатини футболда бутунлай бошқа ролни ўйнаган ва анчайин катта ёшдалигида ёдимизда қолган инсон очиб беради:

Евро-2008да Хосе Луис Арагонес раҳбарлигидаги Испания термаси ғолиб бўлди ва айнан шу даврдан бошлаб «қизил фурия»нинг жаҳон ҳамда Европа ареналаридаги узоқ давом этган ғолибона юриши бошланди.

Аммо яна шуни ҳам унутмаслик керакки, Арагонес мураббийликда машҳурликка эришгунга қадар ҳам майдонда муваффақиятли тўп сурган футболчи эди ва унинг олтин йиллари айнан «Атлетико»да ўйнаган пайтларга тўғри келади.

Луис «Реал»га керак бўлмагандир, аммо «матрасчилар» сафида тўпурарлик салоҳиятини намоён қилди - Испания чемпионатида 3 бор ғолиб чиқди, Чемпионлар Кубоги финалигача етиб борди.

Арагонес Пако Кампос, Адриан Эскудеро, Жозе Жанкоса сингари номдор футболчиларнинг натижаларини ортда қолдирган ҳолда ҳамон ҳақли равишда «матрасчилар» тарихидан бош форвард сифатида ўрин олиб келмоқда.

Уго Санчес (Мексика; 1981-1985) - 162та ўйин, 82та гол

Мексикалик буюк футболчини ҳозир «Реал»да 200дан ортиқ гол муаллифига айланган форвард сифатида эслашади. Лекин Угонинг ҳужумчилик қобилияти «Атлетико» таркибида майдонга тушган пайтлари юзага чиққанди.

Примера тарихидаги энг яхши тўпурарлардан бирига айланган футболчини мазкур клуб океан оша Испанияга олиб келганди. Ҳозир у Лионель Месси, Криштиану Роналду ва Тельмо Саррадан кейин примера снайперлари рўйхати 4-ўринни эгаллаб турибди.

Хулио Салинас (Испания; 1986-1988) - 89та ўйин, 36та гол

Ўтган асрнинг 90-йиллари иккинчи ярмидаги бош форвард Бильбаода туғилди ва футболдаги дастлабки қадамларини маҳаллий «Атлетик» таркибида қўйди.

Кейинчалик пойтахт­га йўл олиб, «ҳиндулар» сафида анчайин ўсишга эришди. Айтиш мумкинки, «Атлетико» таркибида икки мавсум майдонга тушиш унинг учун ўзига хос трамплин вазифасини ўтади, чунки айнан шундан кейин Салинас «Барселона» сафига ўтиб, 100га яқин гол муаллифига айланди.

Шунингдек, Хулио Испания термаси сафида 50га яқин учрашувда майдонга тушиб, ҳар иккинчи ўйинда тўп киритди. Бу футболчи ҳам «Висенте Кальдерон»да ўзини кўрсата билган етакчи ҳужумчилар сафидан муносиб ўрин эгаллади.

Любослав Пенев (Болгария; 1995-1996) - 43та ўйин, 25та гол

Болгария футболи тарихидаги энг кучли авлод вакилларидан бири. Лекин болгарлар учун анча омадли келган ЖЧ-1994ни Пенев жароҳатлар сабаб ўтказиб юборишга мажбур бўлди.

100дан ортиқ гол билан «Валенсия» таркибида Ла-лига юлдузига айланди, «Атлетико» учун эса бир мавсум тўп сурди, аммо қандай мавсум бўлганди-я! «Матрасчилар» чемпионликни қўлга киритишди, Қирол кубоги эгасига айланишди.

Любослав эса ҳар икки турнирда жамоасининг энг яхши тўпурари бўлди.

Кристиан Вьери (Италия; 1997-1998) - 32та ўйин, 29та гол

Ҳозирги ҳисоб-китобларга кўра, у «матрасчилар»га қарийб 18 млн. еврога тушганди, лекин Испаниядаги самарали ўйинлари сабаб «Лацио» Кристианни «А» серияга қайтариш учун бу рақамни 1,5 баравар оширди.

Турли жамоалар сафида кўплаб голларни урган ва «Скуадра Адзурра»нинг юлдуз футболчисига айланган Вьерининг Мадриддаги фаолияти узоққа чўзилмади, аммо ёрқинлиги билан эсда қолди.

Жимми Флойд Хассельбайнк (Голландия; 1999-2000) - 43та ўйин, 33та гол

Хассельбайнкни инглиз футболи ихлосмандлари яхши танишади ва ҳурмат қилишади. Айниқса, «Челси» мухлислари, зеро айнан шу клубда Жимми 4та омадли мавсумни ўтказди.

Бироқ голландиялик Ла-лигада ўзини янада яхшироқ кўрсата билди. Хассельбайнк худди Вьери сингари «Атлетико»да бир мавсум ўйнади, холос.

Лекин «матрасчилар»га нафақат киритган тўплари билан, балки молиявий томондан ҳам фойда келтирди: мадридликлар бу футболчининг олди-сотдисидан мўмайгина даромад ишлаб олишди.

Фернандо Торрес (Испания; 2001-2007, 2015 йилдан ҳозирга қадар) - 359та ўйин, 119та гол

«Атлетико»даги ўта кучли форвардлар оқимининг 21-асрдаги вакилларидан яна бири. Шуниси диққатга сазоворки, у клуб тарбияланувчиси ва жамоа тарихида 19 яшарлигида сардорлик боғичини таққан энг ёш футболчи.

Торрес «матрасчилар» либосида сегундадаёқ майдонга тушди, қадрдон жамоасининг примерага қайтишига кўмаклашди ва «Атлетико» «Ливерпул»дан 38 млн. евролик таклифни қабул қилгунига қадар самарадорликни ошириб борди.

Қарийб 3 йил давом этган омадсизликлардан сўнг, яна Мадридга қайтди ва Диего Симеоненинг шогирди сифатида майдонга тушди.

Серхио Агуэро (Аргентина; 2006-2011) - 234та ўйин, 101та гол

Торрес билан хайрлашишга астойдил ҳозирлик кўрган «Атлетико» «Индепендьенте»дан ёш ҳужумчи Агуэрони харид қилди ва бу футболчи ўзи учун сарфланган салкам 22 млн. евролик маблағни оқлади, ҳисоб. 100дан ортиқ гол ва 5 йилдан сўнг «Манчестер Сити»га салкам икки баравар кўпроқ маблағга ўтиши юқоридаги фикримиз исботидир.

Аргентиналик - замонамизнинг энг кучли форвардларидан бири эканлигига шак-шубҳа йўқ, аммо унинг иқтидори айнан «Атлетико»да кашф қилинганини ҳам унутмаслик даркор.

Диего Форлан (Уругвай; 2007-2011) - 198та ўйин, 96та гол

Агуэродан фарқли равишда, Форлан «Атлетико»да оқ-қоранинг фарқини англаган бир пайтда пайдо бўлди ва фаолиятидаги энг ёрқин дамларни «Висенте Кальдерон»да ўтказди.

Кике Санчес Флорес раҳбарлигида Диего ва Серхио «матрасчилар» таркибида 2010 йили Европа Лигасида ғолиб чиқишди ва бу мураббийликка Диего Симеоне келгунига қадар клубнинг энг катта ютуғи бўлиб қолмоқда.

Диего Коста (Бразилия|Испания; 2007-2009, 2010-2014 йиллар ва 2018 йилдан) - 135та ўйин, 64та гол

Диего Коста Бразилияда таваллуд топган бўлса-да, айнан «Атлетико» таркибида тўп суриб юрганида жаҳон даражасидаги футболчи сифатида танилди.

Ҳужумчи «матрасчилар» билан илк шартномасига 10 йил аввал имзо қўйганди, шундан сўнг ижаралар бўйлаб сафарларга чиқди, ҳатто «Вальядолид»да ҳам ўйнади. Тўғрироғи, Костанинг ўйинида юксалиш сезилгудек бўлса, қайта сотиб олиш шарти билан.

Диего Форланни Агуэро билан бирга учратди, аммо Фалькаодан кейин «очилди», яъни «Атлетико»нинг асосий форвардига айланди ва «Челси»дан таклиф олиш шарафига эришди. Энди эса Коста қадрдон гўшасига қайтди - «матрасчилар» адашган «ўғиллари»ни қайтариш учун пулни аяшмади.

Радамель Фалькао (Колумбия; 2011-2013) - 91та ўйин, 70та гол

Фалькао жиддий жароҳат олгунига қадар унинг номи дунёнинг энг яхши уч ҳужумчиларидан бири сифатида тилга олинарди. Радамель аввал «Порту»да, кейин «Атлетико» ва «Монако»да тўп сурди.

Колумбия термаси тарихидаги энг яхши тўпурар Мадридда «ёввойиларча» тўплар киритди, ўта муҳим икки голини эса Европа Лигаси финалида Бильбаонинг «Атлетик» клуби дарвозасига жойлаб қўйди.

Давид Вилья (Испания; 2013-2014) - 47та ўйин, 15та гол

Испания термаси тарихида энг яхши мерган бўлган бу футболчи ҳам океан ортига йўл олишдан олдин «Висенте Кальдерон»да ўйнаганди.

Давид Австралияда ҳам тўп сурди, ҳозир эса ўз голлари билан Нью-Йоркдаги соккер ихлосмандларини хурсанд қилмоқда.

Нима бўлганда ҳам, Вильянинг «Атлетико»га ташрифи ёдда қолган, ахир айнан ундан кейин «Атлетико» «Реал» ва «Барселона» билан баҳслашишдан нима фойда?», қабилидаги гапларга терс равишда чемпионлик мақомига эга бўлганди-да.

Марио Манжукич (Хорватия; 2014-2015) - 43та ўйин, 20та гол

Марионинг ўйин услуби Симеоне фалсафасига тўлиқ мос келади. Дарвоқе, хорватиялик ҳеч қачон ортиқча юк бўлмаган ва буни киритган 20та тўпи ҳам тасдиқлаб турибди.

Жиддий форвард, «матрасчилар» либосини ўзига мослаб кўрган, «Бавария» билан Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқишни уддалаган.

Ҳозир эса «Ювентус» шарафини ҳимоя қилмоқда - ҳали анчайин ёш бўлган йигит учун муваффақиятли фао­лият, шундай эмасми?!

Антуан Гризманн (Франция; 2014 йилдан буён) - 160та ўйин, 83та гол

Умуман олганда, Гризманн замонамизнинг энг иқтидорли ҳужумчилари сафидан жой олган ва «олтин тўп»га асосий даъвогарлардан бири ҳисобланади - албатта, Роналду ва Месси футбол дунёсини лол қолдиришни бас қилганидан кейин.

Антуан Евро-2016нинг энг яхши ўйинчиси ва снайпери, деб топилган. «Атлетико» таркибида эса бир мавсумда 25тадан гол уряпти.

И.ОБИДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

30 - Дания

Хозирча сўровнома ўтказилмаяпти.

© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.