Қайднома

Қидирув

Янги раҳбар, эски тизим ёхуд нимага Омон Ғофуровнинг фаолияти эски услуб билан бошланди

Янги раҳбар, эски тизим ёхуд нимага Омон Ғофуровнинг фаолияти эски услуб билан бошланди

  29.10.2017 06:26
  0
  1865
Янги раҳбар, эски тизим ёхуд нимага Омон Ғофуровнинг фаолияти эски услуб билан бошланди

Охирги вақтларда Ўзбекистон футбол федерациясидан янгиликлар шу қадар кўп тарқалмоқдаки, баъзан ўқишга ҳам улгурмай қолмоқдамиз.

Бирини эшитиб, мушоҳада қилиб олгунча иккинчиси чиқиб турибди. Узоқ йиллар «мудраб ётган» ташкилотдан бирдан бунча ташаббус чиқиши кишини шошилтириб қўяркан.

ПФЛнинг узоқ йиллик раҳбари Фарҳод Магометов ишдан бўшатилиб, ўрнига Омон Ғофуровнинг тайинланиши ҳам мана шундай янгиликлардан бўлди.

Ҳозир бу қарор кўпчиликни ҳайрон қолдиргани ҳақида ортиқча гапириш шарт эмасдир. Ҳар ҳолда, орадан анча вақт ўтди ва Омон ­Ғофуров деган номга кўникиб улгурдик. Шу вақтга қадар уни кўпчилик эшитмагани эса энди катта аҳамият касб этмайди.

Тўғри-да, футболдан чиққанлар футболни бошқаришни эплай олмаганда, хорижий тиллар мутахассиси нима учун ўзини синаб кўрмаслиги лозим?

Шахсан ўзим Фарҳод Магометовни ўзбек футболи тарихидаги энг кучли ҳимоячилардан бири, деб биламан. Фарҳод ака бутсасининг михи чиқиб, босган йўлида қон изи қолганда ҳам ўйинни тўхтатмагани ҳақидаги гап-сўзлар эса афсона даражасига чиқиб улгурган.

У мана шундай жангчи-футболчи бўлган. Аммо ПФЛдек катта ташкилотни бошқариш учун бу сифатларнинг ўзи камлик қилишини айнан унинг мисолида кўриб олдик.

Шундай экан, Омон Ғофуровни ҳозир ҳеч ким танимаётган бўлса, бунинг ҳеч қандай қўрқинчли жойи йўқ.

Муҳими, у Ўзбекистон чемпионатига узоқ кутилган тартибни олиб кирса бўлгани. ЎФФ расмий сайти томонидан эълон қилинган хабарда Ғофуровнинг таржимаи ҳоли етарлича ёритилмаган.

Ёдда қоладиган жиҳати эса фақат битта - учта хорижий (инглиз, испан ва рус) тилда сўзлаша олади. Аслида, катта ташкилотни бошқарадиган шахсдан ўйин­ни англашдан кўра, тил билиш ва ташаббускорлик кўпроқ талаб қилинади.

Шундай экан, ПФЛ бошқарувидан футболчи кетиб, тилмоч келганида шахсан ўзим ҳеч қандай муаммо кўрмаяпман. Омон Ғофуровнинг Фарҳод Магометовдан кўра яхшироқ ишлай олишига ҳам ишонмоқдаман.

Бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ. Муаммо бошқа томонда - бу ўзгариш ўз вақтида амалга оширилдими?

Гап шундаки, Омон Ғофуров ПФЛ бошқарувига келгандан сўнг бир неча кун ўтар-ўтмас, Ўзбекистон кубоги финали санаси тасдиқланди. Унга кўра, «Бунёдкор» ва «Локомотив» ўртасидаги ҳал қилувчи ўйин 4 декабрь, душанба куни соат 15:00га белгиланди.

Бу рақамлар бир қарашда оддий туюлиши мумкин, аммо футбол мухлиси учун ғалати кўриниш олиши турган гап. Биз шу вақтга қадар Фарҳод Магометов бошчилигидаги ПФЛни айнан шу боис танқид қилиб келдик. Унинг даврида олий лига ва кубок ўйинлари ҳафтанинг иш кунига ва иш вақтига белгиланар эди.

Мухлислар манфаати эса деярли инобатга олинмасди. Фарҳод Магометовнинг истеъфоси талаб қилинишига асосий сабаб ҳам шу бўлган. Аммо у ишдан олиниб ҳам аввалги камчиликлар барҳам топмас экан, ўзи ишда қолавергани маъқул эмасмиди?

Ўзбекистон кубоги қаерда ва қандай шароитда ўтиши регламентда белгилаб қўйилган. Унга кўра, финал баҳси нейтрал майдонда ўтиши шарт. ПФЛ нима учун ўзи чиқарган регламентга амал қилмаяпти?

Финал Тошкентда қолганини тушуниш мумкиндир, ҳар ҳолда пойтахтнинг икки клуби финалга чиққан. Аммо нима учун «Бунёдкор» стадиони? Тошкентда «Локомотив» ва «Бунёдкор»дан ташқари яна «Жар» ва «Пахтакор» ареналари ҳам бор-ку!

Душанба - иш куни, соат 15:00да эса ўша иш айни қизғин палласига кирган бўлади. Аммо ПФЛ буни назар-писанд қилмаган ҳолда айнан шу вақтга ўйин белгилади.

Эслаб қолинг, яна такрорлаймиз, айнан шу ҳолат Магометов давридаги ПФЛнинг обрўйини бир пул қилган эди. Наҳотки, ўша хатолар яна такрорланса?

Нима учун шу учрашувни 3 декабрь, якшанба куни ўтказиш мумкин эмас? Олий лигада охирги тур баҳси 26 ноябрда бўлиб ўтади. Шундан келиб чиқиб, кубок финалини мухлислар учун қулай санага белгилаш мумкин эмасми?

Мабодо финал вақти БААдан келадиган ҳакамлар бригадасига қараб тўғриланган бўлса, бекор қилишибди. Яхши биласиз, «Бунёдкор» ва «Локомотив» ўртасидаги баҳсни Бирлашган Араб Амирликларидан ташриф буюрадиган реферилар гуруҳи бошқаради.

Муҳаммад Абдулла Ҳасан бош ҳакам вазифасини бажарса, унга қанотларда Муҳаммад Ҳасан Абдулла ал-Маҳри ҳамда Муҳаммад Аҳмад Юсуф Абдулла ал-Ҳаммади ёрдам беришади.

Тўртинчи ҳакам ҳам БААдан - Аммар Али Абдулла ал-Жунайбий. Жуда яхши ташаббус, албатта. Финалдек муҳим баҳсни холис ҳакамлар бошқарганига етмайди. Аммо бу ишнинг мухлислар манфаатига зид равишда амалга оширилиши қай даражада тўғри?

Омон Ғофуровнинг ПФЛ бошқарувидаги фаолияти бу тарзда бошлангани яхши бўлмади.

Ўзи шундоқ ҳам мухлислар наздида профессионал футбол лигасининг обрўйи баланд эмас. Янги директор ўзбек футболига янги ҳаво олиб кириши керак эди. Мана энди унинг иши ҳам кўнгилсиз бошланмоқда.

Модомики, мавсумни шундай якунлаш керак экан, Фарҳод Магометов кубок финали ўтиб олгунига қадар ишлаб тургани маъқулмасмиди? Чунки бундай кўнгилсиз анъаналар у бошқарган ташкилотга кўпроқ хос эди.

Нима ҳам дердик, Омон Ғофуровнинг қандай раҳбар эканини билиш учун энди келаси йилни кутамиз, шекилли...

АБДУЛЛОҲ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

Карлес Пуйоль - Ўзбекистон терма жамоасини бошқаришга тайёр!

Хозирча сўровнома ўтказилмаяпти.

© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.