Қайднома

Қидирув

Талабчан «диктатор» ёхуд Польшани мундиалга олиб чиққан мураббий фаолиятига назар

Талабчан «диктатор» ёхуд Польшани мундиалга олиб чиққан мураббий фаолиятига назар

  30.10.2017 06:27
  0
  721
Талабчан «диктатор» ёхуд Польшани мундиалга олиб чиққан мураббий фаолиятига назар

Польша терма жамоа­сининг ЖЧ-2018 иштирокчилари сафидан жой олишида саралаш босқичининг энг яхши тўпурари бўлган Роберт Левандовскининг ҳиссаси салмоқли бўлди.

Лекин «оқ бургут-лар»нинг шиддатли парвозини таъминлаган Адам Навалканинг улуши машҳур шогирдиникидан кам эмас.

Жамоатчиликка «диктатор» номи билан танилган мураббий ҳаёти давомида машаққатли синовларда тобланди. Ана шу ҳаётий сабоқлар кейинчалик Навалканинг асосий қуроли сифатида мураббийликда ўз самарасини бера бошлади.

80-йиллар ўрталарида Адам Навалка Америкада истиқомат қила бошлади. Эрталаб соат 6:00да польшалик дўстлари билан мўъжазгина дўкончада нонушта қилар, ке­йин ишга отланарди.

У хизмат қиладиган фирма Нью-Йорк атрофидаги электр линиялари яқинида ўсадиган дарахтларни кесиш билан шуғулланарди. «Иш жараёни тартибли, яхши ҳақ тўланадиган, қонуний эди.

Адам ҳам кўпчилик касбдошлари қатори дарахт кесар, жуда меҳнатсевар эди», - дея хотирлайди Навалканинг Америкага кўчиб ўтишига кўмаклашган Януш Суровец.

Оқшомлари Адам польшалик Имигрантлардан тузилган маҳаллий «Полиш-Американ Иглз» жамоасида тўп сурарди. Тез орада Йонкерсдан бошпана топган Навалка рафиқасини ёнига чақирди, инглиз тилини ўрганди. Атиги тўрт йил яшашга аранг чидади. Чунки у футболни севарди.

ЖЧ-78нинг умидли ёшларидан бўлган футболчи жароҳат туфайли майдонга тушолмай, иложсизликдан хорижга йўл олганди. «Тақдирнинг қалтис ҳазилини қарангки, биз ичкиликка ружу қўйиб, саломатлигимизни барбод қилардик. Аммо жароҳат олмасдик.

Адам эса футбол учун базму-жамшиддан воз кечган, доимо шифокорлар кўмагига муҳтож бўларди... Ҳатто баъзан у соғ­лом уйқуга ётиб, жароҳат билан уй­ғонган пайтлар ҳам бўлган», - деб ёзганди Навалканинг «Висла»даги жамоадоши Анжей Иван ўзининг автобиографик асарида. Дарҳақиқат, 1985 йилнинг асосий қисмини футболчи шифохонада ўтказди, «Висла» эса қуйи дивизионга тушиб кетди.

Охир-оқибат, Навалка барчасига қўл силтаб АҚШга йўл олганди. Польшага қайтиб келганида мураббийликни ҳатто хаёлига ҳам келтирмаганди, ўзини савдога урди.

Аввалига «Трабант» автомобилларига «Фольксваген» двигателларини мослаштириб сота бошлади. Кейин жинси материаллари билан савдо қиладиган дўкон очди, ундан косметика савдосига ўтди. Лекин тез орада футболсиз тура олмаслигига амин бўлди.

Ҳа, турли жамоаларга устозлик қилган Навалка барчага баравар талабчанлиги ва қаттиққўллиги билан диктатор тахаллусига эга бўлди. Ўз шогирдларини эрталаб соат 6:30да машғулотларга олиб чиқар, футболчилар оч-наҳор машқ қилишга мажбур эдилар.

Қолаверса, мураббий ҳар қандай икир-чикирни ҳам эътибордан қочирмасди. «Бир сафар тушликка макарон беришди. Мураббий уни текшириб кўриб, ошпазни бошқа овқат тайёрлашга мажбур этди», - дея хотирлайди «Ягеллония»да Навалкага ҳамкорлик қилган Дариуш Латка.

Адам «Гурник»ни бошқараётган даврда рафиқаси Катаржина ундан хабар олиш учун жамоа базасига ташриф буюрди. Аслида эр-хотин ўзаро аҳил яшарди, кескин вазиятлар умуман кузатилмасди. Аммо мураббий иш жойида ҳатто турмуш ўртоғини ҳам аяб ўтирмади:

«Бу сенинг машинингга ажаратилган эмас, жамоа автобусининг жойи. Бу ерда жамоа биринчи ўринда!». Хотини машинани тегишли жойга олиб қўйганидан кейин Навалка у билан саломлашди.

Адам «Гурник»ни қабул қилган пайтида жамоа 2-лигада тўп сурар, футболчиларнинг асосий вақти иш ҳақини ундириш билан ўтарди. Мураббий шогирдларига раҳбарият қабулига боришни тақиқлаб қўйди:

«Сизлар ўз вазифангиз - машғулот билан шуғулланинг, бошқа барча муаммоларни менга қўйиб беринг». Шу тариқа бир қатор янги қоидаларни жорий этиб, жамоани тартибга сола бошлади. Жумладан, танаффус пайтида интервью олишни бекор қилди.

Чунки у футболчиларнинг ҳордиқ чиқаришларига халал берарди. Таъминотчилардан ўйинчиларни учрашувдан кейин мевалар билан таъминлашни, маъмурлардан эса янги автобус харид қилишни талаб қилди. Айнан шу «Гурник»да мураббий ўз фаолиятидаги иқтидорни фаҳмлаш ва илк шартномани расмийлаштириш учун бор-йўғи уч кун етарли бўлди.

Учинчи куни Миликни ўз хонасига чақирди. Диктатор ҳузурига қалтираб йўл олган футболчи у ердан ўта хурсанд ҳолда қайтиб чиқди. Чунки мураббийдан танбеҳ эмас, мақтов ва керакли маслаҳатларни эшитганди.

Бир ярим йилдан сўнг Милик «Байер»дан таклиф олганида, устози унга шундай деди: «Машғулотлар базасида айтган ўгитларим ёдингдами?».

Хуллас, нафақат Аркадиуш, балки бутун жамоанинг ишлари юришиб кетди - Милик «Ба­йер»дан «Наполи»га, «Гурник» эса олий лигага, кейин қаторасига уч марта чемпионлик шоҳсупасига парвоз қилди.

Қисқа вақт ичида қайд этилган муваффақият Навалкани миллий терма жамоа раҳбарлигига олиб келди.

Қатъий интизом, жисмоний қудрат ва тактик маҳоратга таяниб иш кўрадиган мураббий илк кунлардан бошлаб футболчилардаги терма жамоага бўлган иштиёқни кучайтиришга интилди. Матбуот анжуманларидан ташқари, фақат бир марта польшалик журналистларга интервью берди, ортиқча мулоқотга чек қўйди.

Шунингдек, ўз мақсадини қисқа ва лўнда баён этди: «Мен қон, тер ва кўз ёшларига ташнаман. Булар терма жамоа олдидаги муқаддас бурчни ҳис этиш ва унинг шарафини ҳимоя қилишдан келадиган қувонч эвазига юзага келиши керак».

Шундан кейин Навалка терма жамоанинг ҳар бир аъзоси билан дилдан суҳбатлашиш мақсадида улар ҳузурига сафар уюштирди. Жумладан, ички муҳитдан безор бўлиб, жамоани тарк этган франциялик поляк - Людовик Об­раньяк уйига борди:

- Людо, терма жамоада ўйнашни хоҳлайсанми, йўқми?

- Ўйлаб кўраман, шароитга қарайман.

- Бу ерда ўйлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Сен қатъий қарорга келишинг керак. Таклифни рад этсанг, вазият ўзгариб қолмайди. Шунчаки, сенсиз йўлга равона бўламиз.

- Билмадим...

- Людо, менга қатъий жавоб керак. Ўнггами, чапга?

Навалка даврида Обраньяк атиги икки марта термага таклиф этилди. Польшадан Франциягача бўлган масофани мураббий шунчаки мулоқот учун босиб ўтмаганди.

Ҳар бир кишининг ўз вазифасига ҳалол ва рост­гўйлик билан ёндашиши терма жамоа мартабасини оширди. Жамоа билан биргаликда Адамнинг табиати ҳам ўзгариб борди - ёлғиз қатъий интизомнинг ўзи билан узоққа бориб бўлмаслигини, зарур пайтда футболчиларга имконият бериш кераклигини тушуниб етди. Шогирдлари ҳам шунга яраша фидойилик билан жавоб қайтарадиган бўлишди.

Масалан, Грузияга қарши саралаш учрашувидан кейин ўйинчилар клубларга тарқалиш ўрнига Швейцария билан бўладиган ўртоқлик учрашувига пухта тайёргарлик кўришга қарор қилишди.

Мураббий фақат бир марта - жамоа сардорини аниқлашда хатога йўл қўйди. Яъни бу борада Испаниядан ўрнак олиб, энг кўп майдонга тушган Якуб Блашиковскига ишонч билдирди. Бу футболчи сусткашликка йўл қўйганидан кейин сардорлик Левандовскига ўтди. Ана шу ўзгариш Робертнинг янада очилишига туртки бўлди - сардорлик боғичи унга қанот бағишлади, гўё.

Тўғри, бу икки футболчи аввал ҳам ўзаро чиқишолмасдилар, битта жамоа («Боруссия» Д.)да тўп сурсаларда, термага бошқа-бошқа самолётларда учиб келишарди. Аммо Навалка жамоасида улар рисоладагидек ҳамкорлик қилишмоқда.

Адам Навалка - ЖЧ-2014да иштирок этган икки польшалик мутахассиснинг бири. Саралаш босқичини барбод қилган терма жамоа аъзолари турнирни ўз уйларида , ТВ орқали томоша қилишди.

Навалка эса Германия терма жамоаси (Польшанинг Евро-2016даги гуруҳдоши)нинг ўйинларини кузатиш учун Бразилияга парвоз қилди. Унинг ассистенти Хуберт Маловейски немисларнинг мундиал арафасидаги назорат учрашувлари таҳлилига масъул бўлди.

Тактика бўйича маслаҳатчи мураббий Давид Заяцовски «бундесманншафт» ўйинларини видеотакрорлар ёрдамида таҳлил қилди. Шу тариқа кучли рақиб ҳар томонлама пухта ўрганилди.

Навалка Поьша футболи тарихида илк марта Германияни (амалдаги жаҳон чемпиони) маҳв этди. Кейин унинг жамоаси Ирландиядан устун келиб, Франция йўлланмасини нақд қилди.

Шогирдлари тун бўйи ғалабани байрам қилган бўлсалар, мураббийлар штаби сўнгги беллашувни таҳлил қилди. Мунозара тонгда (соат 4:30да) тугади.

Адам Навалка Евро-2016да ҳам, Россия мундиалининг саралашида ҳам суюкли тактик схемасига содиқ қолди. Шу пайтгача ҳеч ким танимаган Малик эса Роберт Левандовскининг ажралмас жуфтига айланди, сермаҳсуллик бобида ҳатто ундан ўзиб кетди.

Ҳозирча ЖЧ-2018нинг барча иштирокчилари маълум эмас. Лекин шуни ишонч билан айтиш мумкинки, Польша терма жамоаси Россияга ўта қаттиққўл, лекин ростгўй, шу билан бирга, ашаддий иримчи мутахассис етакчилигида ташриф буюради.

Навалканинг фикрича, «оқ бургутлар» фақат оппоқ либосларда майдонга тушишлари керак. Ҳатто ички кийимлар ҳам оқ рангда бўлиши лозим. Жамоа ўйинларини фақат Матеуш Борек билан Томаш Хайто шарҳлашлари шарт.

Бу борада мураббий Польша телевидениеси раҳбари билан келишиб олди. Ҳа, айтганча, Навалкага қадар Польша ФИФА рейтингида 70-ўринда эди.

Ҳозир у 6-поғонага кўтарилди! Демак, ЖЧ-2018нинг қуръа ташлаш маросимида биринчи саватчадан жой олади.

Маълумот учун

Адам Навалка

Польша терма жамоаси бош мураббийи

Ўйнаган жамоалари: «Висла», «Полиш-Американ Инглз»

Мураббийлик фаолияти: «Висла», Ягеллония, «Гурник» ва бир қатор камтарин жамоалар.

Мураббийликда олган тахаллуси: «Диктатор».

Севимли тактикаси: 4-4-2.

Фаолиятидаги асосий кашфиёти: Аркадиуш Милик.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

Карлес Пуйоль - Ўзбекистон терма жамоасини бошқаришга тайёр!

Хозирча сўровнома ўтказилмаяпти.

© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.