Қайднома

Қидирув

Регламент ёхуд 12та клуб борасидаги қарор ўз вақтида қабул қилиндими?

Регламент ёхуд 12та клуб борасидаги қарор ўз вақтида қабул қилиндими?

  04.11.2017 06:28
  0
  861
Регламент ёхуд 12та клуб борасидаги қарор ўз вақтида қабул қилиндими?

Яширмайман, гап футбол ҳақида кетганда, қарама-қарши фикрлар билдирилишини ҳар доим маъқуллаганман. Ўзбек футболи тубдан ислоҳ қилиниши кераклигини тез-тез такрорлайдиганлардан бири ҳам мен бўламан.

Хусусан, Ўзбекистон чемпионатида иштирок этадиган клублар сони қисқартирилиши лозимлиги ҳақида ҳам бир нечта мақолалар ёзганман. Менга ўхшаганлар кўп эканини ҳам тасдиқлай оламан.

Ниҳоят, ўйлаганларимиз ўтган ҳафта амалга ошди ва энди олий лигада 12та жамоа иштирок этади. Кўпдан бери кутгандик бу қарорни. Аммо у ўз вақтида қабул қилиндими? Айнан шу масалада журналистлар ўртасида ҳам ихтилоф бор.

Ўзбекистон чемпионатида жамоалар сонини қисқартириш керак эди, тўғри. Бироқ вазият бундай кўриниш олишини ҳатто энг ислоҳотталаб журналист ҳам кутмаган бўлса керак. ЎФФ дабдурустдан шартта олди-да, жамоалар сонини 12та қилди-қўйди.

Агар шу қарор мавсум бошида маълум қилинганда, ҳеч қандай эътироз билдирилмасди. Аммо чемпионат тугашига 4та тур қолганда... Бунақаси «Нефтчи», «Шўртан» ва «Сўғдиёна»нинг энг қўрқинчли тушига ҳам кирмаганлиги муқаррар.

Бир ҳафтагина олдин 11 ва 12-ўрин орасида деярли фарқ йўқ эди. Энди эса, «Қизилқум» ва «Динамо» ўртасида кечадиган баҳс аҳамияти «Локомотив»нинг «Бухоро»га қарши ўтказадиган ва эҳтимолий чемпионлик аниқланадиган учрашувдан ҳам ошиб кетди.

Чунки айнан шу баҳсда олий лигада қоладиган клуб масаласи ҳал бўлади. Бир ҳафта олдин воқеалар ривожи шундай тус олишини тасаввур қила олармидингиз?

Ўзбекистон чемпионати иштирокчилари сонини қисқартиришнинг афзалликлари жуда кўп. Буни «ИнтерФУТБОЛ»нинг ўтган сонида ҳам айтиб ўтганмиз. Олий лига клублари барибир, ўзини-ўзи таъминлай олмайди.

Шундай экан, нима кераги бор боқиманда жамоаларни кўпайтириб? Буни жуда яхши тушунамиз. Ўз навбатида, бу қарор билан қуйи дивизионни кучайтириш имконияти ошади. Энди 1-лигада ҳам кураш анча қизийди.

Хуллас, яхши жиҳатлари бисёр. Аммо ЎФФ бу қадар кескин қарор чиқармаслиги керак эди. Ахир ўзи чиқарган регламентни ҳурмат қилиш масаласини ҳам ёддан чиқармаслик керак-да.

Қанчалик нотўғри бўлмасин, ҳар қандай иш мавжуд ҳужжатларга асосан амалга оширилиши шарт. ПФЛнинг 2017 йил учун чиқарилган рус тилидаги регламентида (ўзбек тилидагисини топа олмадим) ҳаммаси аниқ-тиниқ қилиб ёзиб қўйилган.

Унинг 4.8 бандида олий лигада иштирокчилар сони 16та бўлиши ва 16-ўринда қолган клуб қуйи лигага тушиб кетиши белгилаб қўйилган.

15-поғонани эгаллаган қатнашчи биринчи лигада 2-ўринни қўлга киритган жамоа билан «ўтиш баҳси»да кураш олиб боради. Қолганлар эса Ўзбекистон чемпионатидаги иштирокини бемалол давом эттириши мумкин.

Олий лига клублари 2017 йилги мавсумни худди шу регламентга асосан бошлашди ва 7.2 бандга асосан 180 000 000 сўм бадал пули ҳам тўлашди. Айнан мана шу талабни бажара олмагани учун «Обод» мусобақадан четлатилганини ҳам биламиз.

Энди бир савол - нима учун профессионал футбол лигаси ўз регламентига амал қилмаяпти? Агар «Обод» 7.2 бандни бажармагани учун мусобақадан четлатилган бўлса, 4.2 бандни бузаётган ПФЛга нисбатан қандай чора кўриш лозим?

Бу билан мусобақа жадвалининг ўрта ва қуйи қисмида «яшаш»га ўрганиб қолган клубларни ҳимоя қилмоқчи эмасман. Асло. Улар ўз қилмишларига яраша «жазоланишмоқда».

Шу вақтга қадар ўз олдига «кучли ўнлик»ка кириш вазифасини қўйганларни ҳам кўрдик. Энди бундай мақсад ҳеч кимнинг кулгусини қистамайди. Мана, уларнинг нияти рўёбга чиқиб, 10-ўринни олиш ҳам катта мартаба бўлиб қолди.

Бошқача айтганда, қидирганини топишди. Бунинг учун ҳеч ким куюнмайди. Аммо ЎФФ ва ПФЛ томонидан чиқарилган регламентга амал қилмаслик - буниси энди алоҳида масала.

Футболимизга ислоҳот керак эди, ҳеч ким баҳслашмайди. Аммо уни расамадиси билан амалга ошириш талаб этиларди. Қанча ўзгариш бўлмасин, барчаси меъёрий ҳужжатларга асосланиши шарт. Келаси мавсумдан истаганча ўзгариш қилинса ярашарди.

2018 йилги мавсумда олий лигадан 12, 13, 14, 15 ва 16-ўринни эгаллаган клублар тушиб кетишини регламентга киритиб қў­йишса, олам гулистон эди. Шунда ҳеч ким эътироз ҳам билдира олмасди.

ЎФФнинг ҳозирги иши эса, тўғри бўлмабди. Бунақада бир марта амал қилинмаган регламент яна бузилмаслигига ким кафолат бера олади?

Зафар ҚОСИМОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz