Қайднома

Қидирув

Трансфер динамикаси ёхуд футбол бозори қандай ривожланган?

Трансфер динамикаси ёхуд футбол бозори қандай ривожланган?

  06.11.2017 00:13
  0
  2101
Трансфер динамикаси ёхуд футбол бозори қандай ривожланган?

Бундан 20 йил олдин Роналдо жаҳон трансфер рекордини ўрнатган, бироқ у атиги бир мавсум ушланиб турганди.

Аниқроқ айтсак, «Интер» 1997 йилнинг 20 июнь куни «Барселона» ҳужумчиси Роналдо учун 19,5 миллион фунт тўлаб, жаҳон рекордини ўз номига расмийлаштирганди.

Мана, бу йил «ПСЖ» бу маррани анча юқорига кўтариб қўйди - 222 миллион евро. Савол: футболчилар трансфер ҳуқуқи нега бунчалик қимматлашиб кетди?

Келинг, soccer.ru сайти маълумотлари асосида футбол бозори динамикаси билан танишиш асносида бу саволга муайян жавоб оламиз.

1893 йил. «Астон Вилла» Вилли Гроувз учун 100 фунт тўлаганди

Шотландиялик Гроувз ўзбошимча ҳолда «Вест Бромвич»дан кетиб, Бирмингем жамоаси сафига қўшилган. Натижада «ВБА»нинг жаҳли чиққан ва ўртада катта можаро юзага келган. Якунда «Астон Вилла» трансфер учун 100 фунт тўлашга мажбур бўлган - футбол бозори тарихидаги илк «айланма».

Қиймат моҳиятини теранроқ тушуниш учун айтиш керак, 1893 йили 100 фунтга битта мўъжазгина коттеж сотиб олса бўларди. Ҳар ҳолда, оддий ишчилар ҳафтасига 5 фунт маош олишган, футболчиларнинг 7 кунлик хизматлари эса 4 фунтга баҳоланган. Хуллас, маошнинг юқори нуқтаси қатъий белгилаб қўйилганди. Шу боис, кўплаб ўйинчилар параллел равишда бошқа юмушлар билан ҳам шуғулланишган. Умуман, курс бўйича айтсак, ўша вақтдаги 100 фунт ҳозирги 13 минг  доллар ўрнини бемалол босади.

Мисол учун, Шерлок Холмс ҳақидаги асар муаллифи - сэр Артур Конан Дойл 40 фунт тўлаб, бутун бир йил давомида 4 хонали квартирадан ижара асосида фойдаланган, 60 фунт билан эса Европа бўйлаб саёҳатга чиқиши мумкин бўлган. Хуллас, 100 фунт ўша вақт учун катта маблағ ҳисобланган.

Бироқ Вилли Гроувз «Астон Вилла»да тузукроқ ўйнолмаган ва бир йилдан кейиноқ жамоадан кетган. Оддий айтганда, илк рекордчи ишончни асло оқламаган.

1905 йил. Альф Коммон - 1000 фунтга сотилган илк футболчи

Атиги 12 йил ичида футбол трансфери рекорди нақ 10 карра ошган. Агар ҳозир ҳам шундай ўсиш суръати сақналиб турсами, 2028 йилга бориб, энг қимматбаҳо футболчининг нархи 1 миллиард еврога етади-я... Энди 19-аср бошига қайтсак, ўрта синфга мансуб фуқаролар йилига чамаси 400 фунт топишарди.

Битта қизиқарли факт: 1905 йили Англия аҳолиси 2 миллиондан ортиқ бўлган ва ҳар икки кишидан бири Коммон трансферини ўз ҳисобидан амалга ошириши мумкин эди. Шунинг баробарида Альф ақлни шошириб қўядиган даражада футбол ўйнаган эмас. Тўғри, жисмонан бақувват ҳужумчи гавдасидан унумли фойдаланар, Англия термасида 1-2 марта майдонга тушганди.

У «Мидлсбро»да 6 йил бинойидек тўп суриб, 1000 фунтни оқлайди. Айтганча, Альф «Боро»дан таклиф олишига қадар «Шеффилд Юнайтед» билан шартнома тузишдан бош тортиб, «Сандерленд»га ўтганди. Бироқ янги клубда ўйнашга улгурмайди - рекорд даражадаги таклифдан юз ўгиролмаганди.

1928 йил. «Арсенал» Дэвид Жек учун 10890 фунт сарфлаган

Жек 29 ёшида жаҳон рекордини янгилайди. «Канонирлар» ўша вақт ҳам анча бой эдилар. Эътибор беринг, футболчининг юқори баҳоси минг фунтдан 10 минг фунтга кўтарилиши учун 23 йил кетган - бу бироз ақлга сиғмайди.

Дарвоқе, Жек трансферини аввалига 13 мингга баҳолашган, бироқ афсонавий мураббий Чэпмен «Болтон» вакиллари билан гаплашиб, нархни бироз пасайтирган. Бу трансфер футбол мутасаддиларини ташвишга ҳам солган. Улар ҳеч бир футболчи бундай катта суммага арзимаслиги хусусида баралла гапиришган. Зеро, валюта инфляциясини назарда тутсак, «Арсенал» ҳозирги курс бўйича фахрий футболчига деярли 800 минг фунт тўлаган бўлиб чиқади.

Дэвид хусусида тўхталсак, биринчи жаҳон урушида қатнашган футболчи «Болтон»да муносиб тўп сурганди - чемпионат доирасидаги 295та ўйинда 144та гол. У «Арсенал»да ҳам деярли шундай статистикага эришади - 208та ўйин, 124та гол. Асосийси, Жек «канонирлар» сафида Англиянинг 3 карра чемпионига айланади.

1932 йил. «Ривер Плейт»нинг харажати - 23000 фунт

Англия сарҳадларидан жаҳон ҳудудига ўтамиз. Аввалги асрнинг 30-йиллари барча лигаларда маош масаласида чегара бор эди, шунинг учун футболчиларни молиявий шартлар асосида кўндириш осон эмасди. Хуллас, британияликларга дахли йўқ илк қимматбаҳо трансфер Аргентинада амалга оширилади.

Ёш ҳужумчи Бернабе Феррейра «Тигре»да шундай даҳшатли ўйин кўрсатадики, «Ривер Плейт» президенти унинг маҳсулдорлигидан маст бўлиб, футбол трансфери рекордини янгилаш учун пул топади. Хуллас, ҳозирги ҳисоб-китоблар бўйича айтсак, футболчи учун илк марта 1 миллион доллардан кўпроқ тўланади.

«Ривер Плейт» бу трансферидан сира афсусланмаган бўлса керак: Феррейра фаолияти давомида 206та гол уради. Ваҳоланки, у жами 197та ўйинда иштирок этади, холос. Хуллас, Бернабе 30 ёшидаёқ футболдан четга чиқади. Аммо «ёввойи йиртқич» лақабини олган футболчини узоқ вақт эслаб қолишади.

Ахир унинг трансфери нақ 17 йил рекорд сифатида тилга олинади. Қисқаси, бу футбол тарихида энг узоқ вақт сақланиб турган рекорд кўрсаткичдир. Фақат 1949 йилга келиб, Куигли учун 24 минг фунт беришади, бироқ долларга нисбатан курс ўзгаришига қарасак, аслида унинг трансфери Феррейраникига нисбатан арзонроқ тушган.

Демакки, Бернабе 22 йил давомида энг қимматбаҳо футболчи мақомида юрганини таъкидлаш мумкин, токи уругвайлик Альберто Скьяффино «Милан» сафига 72000 фунт эвазига ўтишига қадар.

1961 йил. «Барселона» 152000 фунт туфайли Луис Суаресдан воз кечади

Тарихда илк марта футболчининг нархи нафақат 100 минг, балки бирданига 150 минг фунтлик чегарадан ўтади. Гап ҳозирги эквивалент ҳисобида 4 миллион доллар ҳақида кетяпти. Хуллас, «Интер» соҳиблари Луис Суаресга муҳтож эканликларига шубҳа қилишмайди ва «Барселона» ғазнасини тўлдиришади.

Шу тариқа яна 3 йилдан кейин Европа чемпиони бўлган афсонавий испан хавбеки энг қимматбаҳо футболчига айланади. Суарес яна бир афсона - Эленио Эррера тузган «Интер»да «Барселона»дагидан икки ҳисса кўп ўйнаб, «А» сериясида 3 марта ғолиб чиқишдан ташқари, Европа Чемпионлар кубогини 2 бора боши узра баланд кўтаради.

Диққат қилинг, аввалги мавсум «Фрозиноне» дарвозасига 3та гол урган Сусо Италия чемпионатида «хет-    трик»ка эришган иккинчи испаниялик бўлди. Хуллас, Луис Суарес натижаси нақ  53 йилдан кейин такрорланди ва собиқ ярим ҳимоячи ҳаттоки, «Женоа» вакилини шахсан табриклади. Ҳа, Луис бобо ҳамон футболга бефарқ эмас!

1973 йил. Кройфф учун 922000 фунт

Суарес ва Кройфф трансфери ўртасида 12 йиллик фарқ бор, бу футбол тарихи учун унча катта муддат эмас. Шундай бўлсада, Йохан учун 6 маротаба кўп тўлашга тўғри келади. Суаресни сотиш асносида уни рекордчига айлантирган «Барселона» энди янги чемпионлик даврига асос солиш учун голландияликни энг қимматбаҳо футболчига айлантиради.

Фунт ҳисобида миллионлик марра забт этилишига озгина қолган. Шу тариқа «Ювентус» ва Пьетро Анастази томонидан ўрнатилган амалдаги рекорд деярли икки карра янгиланади. Кройффга келсак, голландиялик афсона ўзи учун сарфланган катта маблағни ортиғи билан оқлайди. Умуман, футбол тарихида трансфер нархи бўйича жаҳон рекордини ўрнатган илк олий юлдуз айнан Кройффдир. 

1975 йил. Савольди - биринчи «миллионер»

Италиялик ҳужумчи Жузеппе Савольди «Болонья»дан қайсидир гранд эмас, «Наполи»га ўтган бўлсада, трансфери 1 миллион фунтдан баландга баҳоланган биринчи футболчи сифатида тарихдан жой олади. Неаполликлар унинг учун 1,2 «лимон»дан воз кечишганди, ваҳоланки, Жузеппе дейлик, ўша Кройфф ёки бошқа юлдузлар олдида анча «хира» кўринади.

Қолаверса, тажриба шуни тасдиқлаганки, ҳар бир рекорд ҳам афсона юзага қалқиб чиқишини таъминламайди. Умуман, ўтган асрнинг 70-йиллари ўрталарида «А» сериясида катта маблағ айланган ва клублар трансфер рекордини бирин-кетин янгилайверган. Айтиш ўринли, Савольди на миллий жамоа ва на «Наполи»да бош ролга кўтарилган.

1984 йил. Марадона «Наполи» рамзига айланади

Орадаги 10 йил ичида рекорд трансфер суммаси 5-6 баробар ошади. Дейлик, Марадона илк марта 1982 йили «Бока Хуниорс»дан «Барселона»га ўтиш асносида рекордчига айланганди. Каталонияликлар бўлажак даҳо учун 3 миллион фунт беришган.

Диего гарчи «Барса»да яхши ўйнаб кетолмаган бўлсада, «Наполи» 2 йилдан сўнг кейинчалик клуб ва бутун шаҳар тимсолига айланган аргентиналик трансфери йўлида 5 «лимон» сарф-лашдан тийилмайди.

Замонамиз ўлчовлари бўйича - 19,2 миллион доллар. Ҳа, ҳозир шунча маблағ билан жаҳоннинг энг яхши футболчиси олдига яқинлашиш ҳам имконсиз...

1992 йил. Жан-Пьер Папен янги «қирол»!

Франциялик ҳужумчи футбол тарихида трансфери 10 миллион фунтдан юқорига баҳоланган илк ўйинчидир. Ҳозирги бозор шароити бўйича ҳисобласак, «Милан» Папен учун 24,7 миллион доллар тўлаганди - айни рекорддан анча кам.

Бироқ 90-йиллар учун катта маблағ талаб қилган ва жаҳон рекордини янгилаган биринчи француз футболчиси «россонерлар» сафида чинакам афсона мақомини ололмайди. У 2 йил давомида кутилганидан анча кам гол уради.

Аслида Папен ўз ишининг устаси ва мегаюлдуз эди, бироқ унга трансфер нархи ортидан юзага келган босим халақит беради, чоғи.                                                                

1995 йил. «Жан-Марк Босман иши»

Авваллари футболчининг шартномаси муддати тугаса, клуб маош тўламай ҳам,  уни ўз ихтиёрида олиб қолишга ҳақли эди. Бу қоидага бельгиялик ўрта савияли хавбек Босман қарши чиқади.

У ўзига адвокат ёллайди ва шартномаси тугаганига қарамай, озод агент мақомини беришни истамаган клуби билан судлашади. Якунда суд иши Босман фойдасига ҳал бўлади. Айтишларича, муҳокамалар жараёнида УЕФА унга 2 миллион евро миқдорида пора таклиф қилган экан.

Бироқ футболчи судда ғалаба қозонган тақдирда ҳам, молиявий манфаат кўрмаслигини билсада, ўз фикрида қатъий туради ва трансферлар бозори қоидаларини бутунлай ўзгариб кетишини таъминлайди.

Оддий айтганда, «Босман иши» ортидан футболда озод агент термини пайдо бўлади, шунинг баробарида шартномаларда товон пули белгиланади. Бу ҳолат трансфер нархи динамикасига сезиларли таъсир қилади.

1997 йил. Роналдо - икки карра рекордчи!

«Барселона» ёш «сўйлоқ» билан шартнома тузаётганида, ПСВга 13,2 миллион фунт тўлаб, рекорд ўрнатганди. «Ньюкасл» ўша йилнинг ўзида Алан Ширер учун бундан 200 минг кўпроқ сарфлайди, бироқ Роналдо орадан кўп ўтмай, энг қимматбаҳо футболчи мақомини қайтариб олади.

Аниқроқ айтсак, 1997 йилнинг 20 июнь куни бразилиялик трансфери 19,5 миллионга баҳоланади. Бу келишув ҳақидаги хабарни вақтида трансфер нархи бобида рекордчига айланган Луис Суарес эълон қилганди.

Кейинроқ 20 миллионлик марра ҳам забт этилади, бироқ Денилсон трансферлар бозори тарихига энг омадсиз рекордчи сифатида киради. Роналдо эса «Босман иши»дан сўнг футболчилар нархи ақлга сиғмас суръатларда ошишига ишора қилган илк рекордчидир.

2001 йил. «Реал» ва Зидан ҳамкорлиги 46 миллионга тенг

30 миллионлик марра тезда забт этилади - Кристиан Вьери «Интер» сафига қўшилади. Кейин Эрнан Креспо ва Луиш Фигу навбати билан жаҳон рекордчисига айланишади, бироқ уларга  40 миллионлик чегарага қадам қўйиш насиб этмайди.

Шу орада «Реал» Зайниддин Зиданни ўз сафига қўшиб олиш йўлида бирданига деярли 75 миллион евро сарфлайди. Ҳамма билади, Зизу шунча харажатга муносиб тўп суриб, «Реал» билан ЧЛда ғалаба қозонган, қолаверса, «Мадрид»га катта даромадни ҳам таъминлаган.

Яна бир томони, Зидан номидаги жаҳон рекорди нақ 8 йил давомида дахлсиз қолди!

2009 год. Яна «Реал», Роналду учун 80 миллион

«Реал» Кака ва Криштиану Роналдуни бирданига сотиб олди. Бразилиялик 56, португал эса 80 миллион фунтга тушганди. Бу рекорд 4 йил давомида ўз аҳамиятини йўқотмади.

Таққослаш учун айтсак, Роналду трансферига футбол тарихидаги биринчи келишув баҳосига нисбатан 800 минг баробар кўп пул тўланган эди! Хуллас, 100 йилдан ортиқ вақт мобайнида футбол бозори мутлақо ўзгариб кетди.

Боз устига, Роналду аввалги рекорд, яъни Зидан томонидан ўрнатилганини деярли икки карра яхшилаган ва узоқ муддат энг қимматбаҳо футболчи мақомида юришни ўйлаганди. Бироқ...

2013 йил. «Реал»: рекорд устига рекорд - Бэйл чўққида

Бу қанчалик ҳақиқатлигини билмаймизу, аммо айтишларича, «Ре-ал»да Роналду олдида клубнинг энг қимматбаҳо футболчиси хусусида гапириш тақиқланган эмиш.

Лекин факт шуки, экспертларнинг умумий хулосаларига кўра, «Мадрид» Гарет Бэйл учун чамаси 6 миллион фунт кўпроқ сарфлаган.

Уэльслик вингер шунинг баробарида футбол тарихида трансфер суммаси 100 миллион евродан ошган биринчи юлдуз бўлганини айтиш жоиз.

2016 йил. Поль Погба «Реал» вакилларидан қимматроқ

Соф ҳужумчи саналмайдиган футболчининг рекордчига айланиши кам кузатиладиган ҳолат, айниқса, ҳозирги замонда. Франциялик Пог-банинг трансферида эса асосий ишни Мино Райола бажаргани тайин.

Айнан шу агент «Манчестер Юнайтед»ни ўз мижозини «Олд Траффорд»га қайтариш учун 89 миллион фунт ёхуд 105 миллион евро тўлашга кўндирди. Шу тариқа Поль трансфер баҳоси бобида 100лик довондан ошган иккинчи футболчи бўлди.

2017 йил. «ПСЖ»дан оламшумул қадам

Охирги рекорд тафсилотлари барчага аён - «ПСЖ»нинг ҳимматли соҳиблари Неймарни Парижда кўриш учун амалдаги рекордни 2 баравардан кўпроқ юқорига кўтариб қўйишди.

Мутлақо хаёлга келмаган қадам. Энди кейингиси ким бўлиши ҳақида оғиз очишга ҳам чўчийди одам. Ахир гап 222 миллионлик трансферни қулатиш ҳақида кетяпти...

ҲАММАСИ ШУНЧАКИ, ЕВРОДА...

Энди 1973 йилдан кейин кузатилган ҳар бир трансфер рекордини яхлит жадвалда келтирамиз.

Бунда қулайлик яратиш учун барча суммалар евро ҳисобида (трансфер амалга оширилган вақтдаги курс бўйича) кўрсатилган ва рекорд қанча муддат сақланиб тургани қўшимча қилинган.

Юқорида қайд этилган айрим трансферлар тушиб қолгани ёки бошқа харидлар жой олганига сабаб - курс даражасининг ўзгариб турганидир.

         Сана                                    Футболчи                                  Сотувчи                 Харидор                       Сумма

                                                   (мамлакати)                                 клуб                       клуб                (рекорд давомийлиги)

 

1973 йил 1 июль         Йохан Кройфф (Голландия)             «Аякс»                    «Барселона»         2 миллион евро (6 йил)

1979 йил 1 июль         Энди Грей (Шотландия)                   «Астон Вилла»       «Вулверхэмптон» 3 миллион евро (3 йил)

1982 йил 1 июль         Диего Марадона (Аргентина)          «Бока Хуниорс»     «Барселона»         8 миллион евро (2 йил)

1984 йил 1 июль         Диего Марадона (Аргентина)          «Барселона»          «Наполи»             13 миллион евро (8 йил)

1992 йил 1 июль         Жанлука Виалли (Италия)               «Сампдория»         «Ювентус»            16,5 миллион евро (4 йил)

1996 йил 30 июль       Алан Ширер (Англия)                       «Блэкберн»            «Ньюкасл»           21 миллион евро (11 ой)

1997 йил 20 июнь       Роналдо (Бразилия)                          «Барселона»          «Интер»                28 миллион евро (1 йил)

1998 йил 1 июль         Денилсон (Бразилия)                       «Сан-Паулу»           «Бетис»                 31,5 миллион евро (1 йил)

1999 йил 1 июль         Кристиан Вьери (Италия)                «Лацио»                 «Интер»                46,48 миллион евро (1 йил)

2000 йил 1 июль         Луиш Фигу (Португалия)                   «Барселона»          «Реал»                  60 миллион евро (1 йил)

2001 йил 1 июль         Зайниддин Зидан (Франция)          «Ювентус»             «Реал»                  73,5 миллион евро (8 йил)

2009 йил 1 июль         Криштиану Роналду (Португалия)   «МЮ»                     «Реал»                  94 миллион евро (4 йил)

2013 йил 1 сентябрь   Гарет Бэйл (Уэльс)                             «Тоттенхэм»           «Реал»                  101 миллион евро (3 йил)

2016 йил 9 август        Поль Погба (Франция)                      «Ювентус»             «МЮ»                   105 миллион евро (1 йил)

2017 йил 3 август Неймар (Бразилия)             «Барселона»          «ПСЖ»    222 миллион евро (????)

А. АҲМЕДОВ  тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz