Қайднома

Қидирув

Шаҳрам Ғиёсов: «Бу мавсум «Реал»га осон бўлмайди»

Шаҳрам Ғиёсов: «Бу мавсум «Реал»га осон бўлмайди»

  08.11.2017 03:32
  0
  1847
Шаҳрам Ғиёсов: «Бу мавсум «Реал»га осон бўлмайди»

Бокс бўйича Рио-2016 Олимпиадасида кумуш, жорий йил Германияда ўтказилган жаҳон чемпионатида эса олтин медаль соҳибига айланган Осиё чемпиони Шаҳрам Ғиёсов миллионлар ўйинига ҳам бефарқ эмас.

У ўзи туғилиб-ўсган шаҳар жамоаси - «Бухоро», шунингдек, Мадриднинг «Реал» клубига мухлислик қилади. Олдинроқ эса «Манчестер Юнайтед» жамоаси ишқибози бўлган.

Севимли футболчиси Криштиану Роналду Мадридга кўчиб ўтгач, меҳри «Қироллик клуби»га тушган. Бугунги кунда ҳам «Реал» иштирокидаги барча ўйинларни ярим тун бўлишига қарамай, кўриб боради.

Севимли жамоалари ғалаба қозонса, қувонади, аксинча, мағлубиятга учраса, ранжийди. Роналдуни айни пайтда дунёнинг тенгсиз футболчиси, Зайниддин Зиданни эса энг яхши мураббий деб билади.

Ўз навбатида, Мессининг ўйинларидан ҳам завқ олади. Криштиануга бўлган ҳурмат сабаб ҳар бир ғалабали жангларидан сўнг португалиялик футболчининг голни нишонлашдаги ҳаракатларини такрорлайди.

Шу тариқа бухоролик боксчи ўзи иштирокидаги жангларни ҳақиқий шоуга айлантиради. Биз Ғиёсов билан айнан миллионлар ўйини мавзусида дилдан суҳбатлашдик.

- Шаҳрам, Гамбург шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатидан сўнг таътил олдингиз. Терма жамоамизнинг қолган боксчилари Қозоғистондаги нуфузли халқаро турнирда иштирок этишди. Бу танаффус нима билан боғлиқ?

- Умуман олганда, дам олишга фурсат бўлмади. Германиядаги жаҳон чемпионатидан қайтиб келганимдан сўнг ҳордиқ чиқариш учун бир ҳафта вақт ажратдим. Таътилни оила аъзоларим, қариндошлар ва дўстлар даврасида ўтказдим.

Бир ҳафтадан кейин яна тўлақонли машғулотга қайтдим. Бизга мураббийлар шундай кўрсатма беришади. Устозимиз Марат Қурбонов «Ҳамиша юрак уришини меъёрида ушлаб туринглар, сабаби, у кунига икки маҳал машғулот ўтказишга мослашган», деб уқтиради.

Агар машқларни ташлаб, маълум муддатдан сўнг спорт залига қайтсак, юракка ортиқча юклама берган бўламиз. Бу эса яхши оқибатларга олиб келмаслиги тайин.

Шунинг учун ҳам, ҳамиша кун тартиби ва мажбурий меъёрларга риоя қиламиз. Аслида, фақат бокс билан чекланмаймиз. Футбол, баскетбол ва сузиш машғулотлари билан ҳам мунтазам шуғулланиб борамиз.

- Нафақат боксчилар, балки бошқа яккакураш спорт тури вакилларида ҳам вазнни сақлаш қийин жараён ҳисобланади. Қисқа фурсатда энг кўп неча килограмм ташлагансиз?

- Германиядаги жаҳон чемпионати чоғида кун иссиқ бўлса-да, бош кийими ва қалин либосларимизда машғулот ўтказдик. Бу айнан вазнни ушлаб туриш учун қилинган ҳаракатлар эди.

Боиси, камида 3-4 кг.дан халос бўлишимиз талаб этилганди. -69 кг. вазнга кўтарилганимга икки йил бўлди. Ўшандан бери ушбу кўрсаткични ушлаб туришда қийналмаяпман. Ваҳоланки, авваллари бу борада муаммо туғиларди.

Ўша кезлари 6-7 кг.дан халос бўлишимга тўғри келарди. Натижада бу вазнда катта ютуқларга эриша олмаганман.

Ҳозир -69 кг. вазн тоифасида ўзимни эркин ҳис қиляпман. 10 кг. ташлаб яхши жанг ўтказадиган боксчилар ҳам бор, аммо мен буни уддалай олмайман. Агар вазним ошиб кетса, -75 кг. тоифасига ўтаман.

- Рио Олимпиадасида ажойиб хатти-ҳаракатларингиз эвазига нафақат ўзбекистонлик мухлислар, балки дунё оммаси эътиборини ҳам ўзингизга жалб қила олдингиз. Яъни, ҳар бир ғалабангизни худди Криштиану Роналду сингари нишонладингиз. Бу олдиндан режалаштирилганмиди?

- Жанг пайти хаёлимда шундай фикр туғилди. Агар эътибор берган бўлсангиз, Олимпиадада ҳар бир боксчимизда ҳис-ҳаяжон юқори эди. Масалан, Фазлиддин Ғоибназаров ғалабасидан кейин йиғлаб юборди.

Рустам Тўлагановда ҳам худди шундай ҳолатни кўрдик. Ҳасанбой Дўсматов сакраб, ёш болалардек ҳаракат қилди. Мен ҳам эҳтиросларимни ортиқ ушлаб тура олмай, ғалабамни худди Криштиану Роналду каби нишонладим.

Очиғи, буни олдиндан режалаштирмагандим. «Реал» клуби ва Криштиануга бўлган меҳрим сабаб Олимпиададаги ғалабамни шу тарзда нишонлашга аҳд қилдим.

- Ўша ҳаракатингиздан кейин Роналду суратингизни ўзининг «Твиттер»даги саҳифасига қўйганди. У билан интернет орқали гаплашмадингизми?

- Ҳа, худди шундай бўлганди. Қолаверса, сурат «Реал» клубининг расмий «Инстаграм»ига ҳам қўйилганди. Унинг остига «Роналду ва «Реал»га бўлган ҳурмат учун раҳмат!» сўзлари битилганди.

Интернет орқали СМС тарзида ташаккурнома жўнатилди. Бундан жуда ҳам қувонгандим. Ҳозирча Криштиану билан суҳбатлашиш насиб этмади, лекин режада бор. «Қироллик клуби» мени Мадридга таклиф қилган.

- Демак, «Сантьяго Бернабеу»га боришни режалаштиргансиз?

- Худди шундай. Балки декабрь ойида бўладиган «эль-класико»га борарман?! Мадриддаги стадионда «Реал» иштирокидаги ўйинни томоша қилиш орзум рўёбга чиқади, деган умиддаман.

Клуб музейини кўриш ва албатта, Роналду билан суҳбат қуришга ҳаракат қиламан. Ўйлайманки, бу ниятларим шу йилнинг ўзида амалга ошади.

- Қачондан буён «Реал» мухлисисиз?

- 2009 йилдан бошлаб Мадрид суперклубига ишқибозлик қилиб келаман. Авваллари «Манчестер Юнай-тед»нинг ашаддий мухлиси эдим. Бекхэм, Роналду, Оуэн, Руни каби юлдузлар шу клубда тўп суришгани учун ҳам жамоа ўйинларига бефарқ эмасдим.

Ўша йили Криштиану Роналду «МЮ»ни тарк этгач, «Реал»га меҳрим тушди. Лекин бу билан Англия клуби менга бегона бўлиб қолгани йўқ. Ҳозир ҳам «қизил иблислар» иштирокидаги учрашувларни имкон қадар кузатиб бораман.

- Бу икки жамоа ўзаро тўқнаш келса, қайси бирига мухлислик қиласиз?

- Шубҳасиз, «Реал»га! Чунки 8 йилдан бери шу клуб ишқибозиман. Мадридликларнинг учрашувларини ярим тунда ўтказилса ҳам кўраман. Шунингдек, Лондоннинг «Арсенал» жамоасига бефарқ эмасман. Менга «канонирлар»нинг ўйин услуби жуда ёқади.

- «Реал» жорий мавсумни мухлислари кутганчалик ўтказа олмаяпти. Кутилмаган очко йўқотишлар сабаб асосий рақиб - «Барселона»га устунликни тақдим этяпти. «Қироллик клуби»нинг бу омадсизлигини қандай изоҳлайсиз?

- Тўғриси, ўйинларни профессионал тарзда таҳлил қилолмайман. Лекин кузатувларим асносида юзага келган шахсий фикрларим бор. «Реал» учун ўтган мавсум анча муваффақиятли ва шу билан бирга мураккаб келди.

Жамоа ЕЧЛ бош совринини қўлга киритди, катта куч сарфланди. Чемпионатдан ташқари Европа суперкубогида ҳам иштирок этди. Қолаверса, «эль-класико»ларни ёддан чиқармаслик керак. Бу пайтда бошқа жамоалар таътилга чиқишганди.

Мадрид клуби эса ўша ўйинга тайёргарлик кўрди. «Реал» футболчилари деярли ҳордиқ чиқаришмади. Улар ўз терма жамоаларида қийин учрашувларни ўтказишди. Менимча, чарчоқ аломатлари бу йилги мавсумнинг дастлабки ўйинларида кўзга ташланиб қолди.

Ўйлайманки, бу вақтинчалик ҳолат ва «Қироллик клуби» ҳали чемпионатда ўз сўзини айтади. Мана, охирги учрашувларида қийинчилик билан бўлсада, ғалаба қозоняпти.

Асосий ўйинлар ҳали олдинда. Балки мавсум ўрталарига бориб «Реал»нинг принципиал рақибларида пасайиш ҳолатлари кузатилар?! Замонавий футболда олдиндан бир нарса деб бўлмайди.

- Ўз вақтида «Реал»да тўп сурган Зайниддин Зидан бугунги кунда жамоага мураббийлик қиляпти. Франциялик мутахассис ҳақида қандай фикрдасиз?

- Буюк футболчи ушбу соҳада ҳам ўзини намоён этишга интиляпти. Менимча, буни уддалай оляпти. Унинг олиб бораётган ишига машҳур мураббийлар тан беришяпти.

Шахсий фикримча, ҳали ҳеч бир мутахассис «Реал»ни Зидан каби бундай юқори чўққига олиб чиқолмаган. Эсласангиз, Карло Анчелотти ва Жозе Моуриньо даврида «Қироллик клуби» юлдузли таркибга эга эди. Лекин шунга яраша жамоавий ўйин бўлмаган.

Ўша пайтда «Реал» кубок баҳсларида ярим финалгача етиб келарди-ю, бошланган ишни якунлай олмасди. Ҳозир Зидан айнан ўша пайт йўл қўйилган камчиликлардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда режаларини амалга оширмоқда.

Франциялик мутахассис клубда тактик ўйинни ҳам, футболчиларни ҳам жой-жойига қўя олди. Бундай мураббийлар жуда кам.

Шу ўринда Хосеп Гвардиолани айни тоифадаги мураббийлар сирасига киритган бўлардим. Зидан дунёнинг энг яхши мураббийи, деб тан олинди.

Роналду эса йилнинг тенгсиз футболчисига айланди. Кўряпсизми, клуб мураббийи ва футболчига аввалги мавсумдаги меҳнатлари учун муносиб баҳо беришди.

- Нима деб ўйлайсиз, бу мавсум «Барселона»га аталармикан? Ёки «Реал» ўз сўзини айтишига ишонасизми?

- «Қироллик клуби» ўтган мавсум деярли барча сов-ринларни қўлга киритди. Лекин бу йил анча қийналади. Балки ЕЧЛда яна бош совринга эга чиқар, аммо Испания чемпионатида муваффақиятни такрорлаш осон кечмайди.

«Барселона» ҳозир анча кучли футбол намойиш этяпти. Тўғри, футболчи ҳар доим юқори формада бўлолмайди. Худди шундай ҳолат бошқа спортчиларда ҳам кузатилади. Буни бир воқеа мисолида исботлашим мумкин.

Олимпиададан кейин иштирок этган биринчи мусобақам Қозоғистонда ўтди. Ўша турнирнинг илк жангидаёқ мағлубиятга учрадим. Бу мен учун худди тарсакидек, қишда қабул қилинган муздек душ каби таъсир қилди.

Билмадим, ўша пайт юлдузлик касалига учраганмидим? Рақибни менсимаслик ҳолати бўлдими, ҳар ҳолда, имкониятни бой бердим. Бир томондан, яхшиям шу мағлубият бўлган экан.

Агар ўшанда ғалаба қозонганимда, балки ҳозир сиз билан жаҳон чемпиони сифатида гаплашмасмидим. Қозоғистондаги турнирда ютқазганимдан кейин ҳозиргача умуман енгилмадим.

Аввалига Осиё, кейин эса жаҳон чемпионлигини нишонладим. Ўзимни ўнглаб олиш учун биргина сабаб кифоя қилганди.

- Соч турмагингиз ҳам Роналдуга бўлган ҳавас туфайли юзага келдими?

- Йўқ. Турмакнинг кўриниши бироз ўхшаши мумкин. Лекин бунинг асл сабаблари бошқа. Ҳамма сочимни сариқ рангда дейди. Аммо мен учун бу тилла ранг. Ж

аҳон чемпионатига кетиш арафасида боксчилар «Ўзига хос кўринишда бўлайлик», деган фикрни ўртага ташлашди. Ҳамма ўзига маъқул бўлган имижни танлади.

Мен сочимнинг маълум бир қисмини, яъни олд томонини тилла рангга бўядим. Мақсад - Ўзбекистонга жаҳон чемпионатидан олтин медаль билан қайтиш эди.

Шунчаки, яхши ният қилгандим. Кўриб турганингиздек, у холис экан, якунда жаҳон чемпионатида энг юқори ўринни эгалладим. Умуман олганда, ҳамиша имижимга алоҳида эътибор қаратаман.

- Ўзбекистонда қайси жамоага мухлислик қиласиз?

- Миллий термамизга охиригача ишқибозлик қилдик, жаҳон чемпионати йўлланмаси қўлга киритилишини кутдик. Футболчилар билан ўйинлар олдидан учрашдик, омад тиладик.

«Мухлислар ҳаққи-ҳурмати жон куйдириб ўйнанглар», дедик. Афсуски, улар билдирган ишончни оқлай олишмади. Бош жамоа таркибида Одил Аҳмедовни ҳурмат қиламан. Ҳар соҳада ҳақиқий етакчи.

Билмадим, бошқа ўйинчилар ҳамма нарсани пул билан ўлчашади, чоғи. Ҳар ҳолда, менда шундай таассурот қолди. Молиявий манфаатнинг устунлиги бошқа спорт тури вакилларида ҳам кузатилади.

Лекин улар футболчиларимиздан фарқли равишда натижа кўрсатишяпти. Миллионлар ўйинида эса, мана бир неча ўн йилдирки, натижа йўқ. Ваҳоланки, футболга миллиардлаб пул сарфланяпти. Аммо...

Ўзим бухоролик бўлганим учун «Бухоро»га мухлислик қиламан. Кўҳна шаҳарга борган пайтларим жамоанинг уй стадионидаги учрашувларини албатта, томоша қиламан.

Хусусан, бухороликларнинг «Пахтакор»га қарши баҳсини ҳам кўриб, кескин ва қизғин курашларга бой ўтган ўйин гувоҳига айландим.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz