Қайднома

Қидирув

Олигархнинг олтин ови ёхуд «Монако» хўжайининг оқилона сиёсати

Олигархнинг олтин ови ёхуд «Монако» хўжайининг оқилона сиёсати

  09.11.2017 00:29
  0
  2631
Олигархнинг олтин ови ёхуд «Монако» хўжайининг оқилона сиёсати

Мана 7 йилдирки, Дмитрий Риболовлев «Монако»ни моҳирлик билан бошқариб келмоқда. Шу давр ичида монегасклар 2-лигадан нафақат элитага, балки шоҳсупага ҳам кўтарилишди!

Боз устига, князлик клуби МФЛ талабларига тўла жавоб берадиган бўлиш мақсадида ўзининг икки тизимини ўзгартирди. Натижада, дунёнинг энг самарали трансфер клубларидан бирига айланди.

Ким эди-ю, ким бўлди?

1-лига, қарзлар, президентлар қўнимсизлиги, 2-дивизион Жюли, Эвра, Ротен ва ЕЧЛнинг финалидек ёрқин дамлар ўтмишда қолиб, «Т» даври келди. Яъни, молиявий тан­қислик даври. 2011 йилда акциядорлар «Монако»ни хорижий сармоядорга сотиб юборишди...

Сармоялар таъсирида амалга оширилган ўзгаришлардан кейин Вадим Васильев князлик жамоаси тизимидан жой олди, бош мураббий лавозимини «Лестер»дан аввалги Раньери эгаллади.

Бир қатор самарали трансферлар эвазига монегасклар Франция чемпионатининг кучли бешлигига кўтарилдилар. Лекин шу билан бирга анчагина муаммолар ҳам юзага келди.

Асосийлари - князликдаги солиқ тизими ва МФЛ қоидалари. «Монако»ни қўлга киритишни дилига тугиб қўйган россиялик олигарх шаҳзода Альберга қармоқ ташлаганди. Ўлжа кутилганидан ҳам зиёда бўлди.

Маълумки, князликдаги солиқ тизими Франциянинг бошқа ҳудудларидаги қоидалардан кескин фарқ қилади.

Лига «Монако» мутасаддилари олдига клуб штаб-квартирасини кўчириш ва мамлакат қонунчилигини тўла қабул қилиш талабини қўйди. Салтанатдагилар 50 млн. евролик жарима эвазига бу муаммони ҳал этдилар.

МФЛ - Париж ва Манчестердаги давлатманд амалдорлар учун ўйинчоқдек гап. Лекин князлик вакиллари астойдил тер тўкишларига тўғри келди. Васильев етакчилигидаги мутахассислар клубнинг ички сиёсатини бошдан-оёқ қайта кўриб чиқишди.

Қайта қуриш

2017 йил - князлик клуби учун ҳисобот йили. 2015 йилда УЕФА «Монако»ни ФП қоидаларига амал қилмагани учун жазолаган, жамоа 3 йил ичида камомаддан қутулиб, зарар келтирмайдиган соҳага айланиши лозим эди.

Муаммо муддатидан аввал бартараф этилди. Вадим Васильевнинг спорт принципларига амал қилган ҳолда олиб борган трансфер сиёсати Европа ҳамжамия­ти  томонидан юксак баҳоланиб, Globe soccer awards мукофотига лойиқ топилди.

«Олдимизда икки  йўл бор эди - аввалгидек улкан харажатларни давом эттириш ёки узоқ муддатга мўлжалланган пухта лойиҳани амалга ошириш» - дейди клуб вице-президенти.

Қайта қуришнинг асосий принципи: «Монако» даромад келтирадиган жамоага айланиши керак. Бошқа чемпионатларга «учирма» бўлган кўплаб юлдузлар айнан князлик клубида мукаммалликка эришдилар. Уларнинг баҳолари кўтарилди.

Ҳатто камолот чўққисига кўтарилиб улгурмаган Хамес Родригес ҳам «Реал»га ўз қийматидан бир неча баробар қимматга сотилди. Мартиаль, Силва, Менди ва Мбаппенинг трансферларини фантастик келишувлар сирасига киритиш мумкин.

Ҳа, тизим ўз самарасини бермоқда. «Маблағ - футболчилар - маблағ» «конвейер»ининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида монегасклар ўз тизимларини янада такомиллаштиришга интилмоқдалар.

Клаудио Раньери ўрнига ёш ва шижоатли Леонарду Жардим келди. Унинг раҳбарлигида «Монако» чемпионликка эришди. Леонарду жамоанинг бугунги фалсафасига жуда мос тушди - мунтазам равишда ўзгариб турадиган таркиб билан юксак натижалар барқарорлигига эришиш осон эмас.

Тўғри, бу борада бош мураббийга сезиларли ёрдам бераётган скаутлар тизимининг хизматлари беқиёс. Сўнгги йиллардаги шиддатли ривожланиш тез орада Бальде Кейта ва Юри Тилеманс каби ёшлар «Монако» юлдузлари даражасига кўтарилишларига умид уйғотади.

Скаутинг ва селекция - муваффақият гарови

Дарҳақиқат, «Монако»да скаутлар тармоғининг ривожига эътибор катта. Спорт директори лавозимига  Луиш Кампос ўрнига Антонио Кордон таклиф этилди.

«Вильярреал»даги 16 йиллик фаолиятида дунёнинг малакали спорт директорларидан бирига айланган мутахассиснинг асосий вазифаси - «ўзгартириш ва яхшилаш».

Шу мақсадда Африкага йўл оладиган мутахассислар камида 6 ой «қора қитъа»да бўлиб, турли мамлакатларни кезиб, ёш иқтидорлар хусусида маълумот тўплашади.

Жанубий Америка мамлакатларида эса клубнинг талаб-истакларини бажариш маҳаллий мутахассислар зиммасида. Яъни, бир селекционер ўзи истиқомат қилаётган мамлакатдаги иқтидорли ёшларни қидиради.

«Бу анча қизиқарли ёндашув. Шу йўсинда биз тўлиқ ва ишончли маълумотларни оламиз. Қизиқишимизга сабаб бўлган футболчи ҳақида кунлик ҳисоботни олиш мумкин», - дейди Кордон.

Шунингдек, спорт директори мутахассисларга турли йўналишларни белгилаб беради. Масалан, испаниялик диетолог Хуанхо Морильяс футболчи ва уларнинг оила аъзолари билан доимий мулоқотда.

Вазифаси - ёш футболчиларни тўғри овқатланишларини назорат қилиш.

«Биз аҳил жамоа бўлиб ишлашимиз лозим. Бунинг учун замонавий асбоб-ускуналар керак. Хизматчилар эса улардан унумли фойдаланган ҳолда жамоа муваффақиятига ўз ҳиссаларини қўшишлари лозим», - дейди спорт директори.

Шу тариқа клуб инфратузилмаси доимий ўзгаришда. Мураббий ва хизматчилар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш учун Антонио улар ўртасида ўртоқлик учрашувларини ўтказиб туради.

Риболовлев хусусида

Ҳамжиҳат клуб, қудратли жамоа, сермаҳул бизнес. Бир қарашда, ҳаммаси рисоладагидек. Лекин муваффақият клуб соҳибини можарога дучор қилиши мумкин. «Монако» халоскори бир қатор масалаларда қонундан четга чиққанликда гумон қилинмоқда.

Матбуот хабарларига кўра, князликнинг шинам  гўшаси - Альбер-II саройида Риболовлевга бўлган муносабат аввалгидек эмас. Франция полицияси россиялик бизнесменни бир қатор юксак мартабали давлат арбоблари ва полиция хизматчиларини сотиб олганликда айбламоқда.

Қолаверса, князликда адлия вазири Нармино ўз вазифасидан озод этилди. Монаконинг Россиядаги элчиси Мирей Петтити тар­қатилган маълумотларни инкор этди. «Шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди» деган ҳикмат ҳам йўқ эмас.

Риболовлевнинг Монако фуқаролигини қабул қилиш режаси амалга ошмай қолиши ҳам ҳеч гап эмас. Боз устига, уни князлик ҳудудига кириш ҳуқуқидан маҳрум этишлари мумкин.

У ҳолда олигарх фаолият юрита олмай қолади. Хўш, унда «Монако»га нима бўлади, дейсизми? Буниси ҳозирча номаълум. Ҳар ҳолда, жамоа ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Қолганини вақт кўрсатади.

Д.ПАРПИЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz