Қайднома

Қидирув

Роберто Мартинес: «Олдимизда тенги йўқ чорлов турибди»

Роберто Мартинес: «Олдимизда тенги йўқ чорлов турибди»

  10.11.2017 03:39
  0
  787
Роберто Мартинес: «Олдимизда тенги йўқ чорлов турибди»

Роберто Мартинес Бельгия миллий терма жамоаси бош мураббийи сифатида илк муваффақиятини нишонлади - «қизил иблислар» УЕФА аъзолари орасида биринчи бўлиб, Россия-2018 мундиали йўлланмасини нақд қилишди.

Айни пайт испан мутахассисига афсонавий голеадор Тьерри Анри яқиндан кўмаклашмоқда. Умуман, Мартинеснинг юлдузли таркибга эга жамоада иш бошлаганига 18 ой бўлди.

Евро-2016 финал босқичидаги омадсизликдан сўнг мамлакат футболи мутасаддилари нисбатан ёш мураббийга ишонч билдиришди ва мана, бу қарор ўзини оқлади.

Бошқача айтганда, Мартинес ЖЧ-2018 йўлланмаси билан катта авансга муносиб жавоб берди. Муҳими, «қизил иблислар» ижросидаги ўйинлар кўпчиликка манзур тушди ва Бельгияда келаси ёзни интизор кутишяпти.

Роберто Мартинес ва футболчилар олдидаги вазифа эса тайин - Бразилия-2014 мундиалида қайд этилган натижа (бельгияликлар чорак финалда ўйнагандилар)ни яхшилаш. Испан мутахассиси FIFA.com сайти мухбирлари билан суҳбатда бу катта чорлов эканлигини таъкидлади.

У хусусан, миллий жамоалар даражасидаги илк иши таассуротлари билан ўртоқлашди, футбол оламининг асосий турнирига қаратилган тайёргарлик жараёни ҳақида гапириб берди ва ёрдамчиси Тьерри Анрининг мураббийлар штабидаги ролига тўхталди.

- Мана, Бельгия миллий жамоаси Россия-2018да иштирок этиш масаласини айтарли қийинчиликсиз ҳал қилди. Хуллас, биринчи вазифа бажарилгач, ўзингизни енгилроқ ҳис этдингизми?

- Аввало, айтишим керак, квалификацион раунддаги юришимиздан кўнглим тўлди. Айниқса, Греция сафари ва мураккаб ўйиндаги ғалаба алоҳида ўрин тутди. Ахир бевосита рақобатчи майдонидаги ютуқнинг гашти бошқача.

Умуман, бутун саралаш босқичини яхши ўтказган бўлсакда, ҳаммаси осонгина ҳал этилганини айтолмайман. Муваффақиятимизнинг асосий омиллари шуки, эътиборни бир маромда сақлаб қолдик ва иштиёқ даражаси жуда баланд эди.

Мисол учун, Босния ва Герцеговинада ҳам бор кучимиз билан ўйнаб, ортга ғалаба билан қайтдик, ваҳоланки, мезбонлар очколарга муҳтож эдилар. Энди ЖЧ финал раундига қуръа ташлаш маросимини интиқлик билан кутяпмиз.

Хуллас, рақибларга қараб, кучайтирилган тайёргарлик жараёнини бошлаймиз. Енгиллик борми? Асло. Чунончи, саралаш ўйинларида жами 28 нафар футболчидан фойдаланган бўлсам, энди бу сонни 23 нафарга қисқартиришим керак. Мен учун энг оғири шу...

- Жаҳон чемпионати старти яқинлашгани сари табиий равишда кучайиб борадиган босимни қандай енгиб ўтмоқчисиз, жамоангиз бунга тайёрми?

- Ортда қолган вақтда яхшигина тажриба тўпладик. Хусусан, жамоа Евро-2016да анча қийналган бўлсада, кўп нарсаларни ўрганди. Шунингдек, Бразилия-2014 мундиалининг фантастик воқеалари ҳам йигитларга ўзгача куч бағишлайди.

Демоқчиманки, таркибимизда катта турнирларда кучли жамоаларга қарши ўйнаш қандайлигини биладиган футболчилар кўп. Муҳими, олдимизда мисли йўқ чорлов турибди. Ҳа, мухлислар жамоадан ижобий натижалар кутишлари ва бу ҳол босимни юзага келтириши аниқ.

Бош вазифамиз - айнан мухлисларни уялтириб қўймаслик. Барча шогирдларим айни пайт йирик клубларда фаолият олиб боришяпти ва ўйлайманки, улар кучли босимга қарши туришни уддалайдилар.

Дейлик, Бельгия термаси сафида тўп суриш масъулиятини теран англашади. Аслида катта турнирга тайёргарлик чоғи таркиб бўйича ўзига хос балансни таъминлаш муҳим.

Яъни янги «қон томчиси» саналган ёш футболчилар, қўрқмас ижрочилар, иштиёқи баланд йигитлар ва бироз таваккал иш тутишдан чўчимайдиган ўйинчиларни ягона мақсад сари йўналтириш зарур.

Табиийки, балансни ушлаш учун тажрибали футболчилар хизматига ҳам эҳтиёж сезасиз. Бундайлар айниқса, таҳликали вазиятлар ва муҳим ўйинларда бош ролга кўтарилишади.

- Жамоада 2016 йилнинг августида иш бошладингиз. Айтингчи, ўйин тараққиётига энг кўп таъсир қилган жиҳат нима?

- Аввало, таркибдаги ҳар бир жой учун соғлом рақобат бўлишига эътибор қаратдим. Зеро, футболчи майдонга тушиш учун имконияти борлигини ҳис қилсагина кучли иштиёқ билан ишлайди. Бу асосий ижрочиларнинг ўсишлари учун ҳам муҳим.

Агар рақобат сезилмаса, ҳар қандай футболчи хотиржамликка берилиши ва бунинг оқибатида ўйин сифатини йўқотиши мумкин. Ўйлайманки, айни шу масалани ижобий ҳал этишга муваффақ бўлдим.

Қолаверса, тактик ишланмалар устида ҳам етарлича ишладик. Ўзи миллий жамоада фаолият юритсанг, турли комбинациялар ва схемалар ҳақида ўйлашинг учун вақт кўп бўлади.

Фақат шу миянгдаги чизмаларни қисқа муддат ичида футболчилар онгига сингдира олсанг, бас.

- ЖЧ-2018 сиз учун биринчи йирик халқаро турнир ҳисобланади. Бунга ўзингизни қандай ҳозирлаяпсиз?

- Бельгия футбол ассоциацияси жаҳон чемпионати масаласида катта тажрибага эга ва жамоанинг талаб даражасида тайёргарлик кўриши учун барча шароитларни муҳайё этишга қодир.

Ўзимга келсак, охирги йилларда бир қатор йирик турнирларни диққат билан кузатдим. Энди Бельгия термаси ва энг кучли жамоаларни ўзаро таққослаш асносида энг муносиб тактикаларни танлашга ҳаракат қиляпман.

- Ассистентингиз - Тьерри Анрининг жамоадаги роли хусусида маълумот бера оласизми?

- Тьерри зиммасига катта иш юкланган. Очиғи, унинг ишга ёндашуви ва барчасини сифатли бажараётганига қараб, шунчаки, қойил қоляпман. Анри аввало, ўзига ўта талабчан - худди футболчилик давридаги каби.

Ахир бежиз энг кучли ҳужумчилардан бири сифатида ном қозонмаган. Асосийси, унда беқиёс тажриба бор ва энг қалтис вазиятларда қандай йўл тутиш кераклигини билади. Ўйлайманки, шу тажрибаси жаҳон чемпионатида бизга жуда қўл келади.

Хусусан, Тьерри руҳий танглик ҳолати ёки босим юзага келган пайт уларни бартараф этишга ёрдам бериши керак. Тушунарлики, терма жамоада футболчилар билан кўп вақт бирга ишлаш имконияти йўқ.

Анри эса катта профессионал ва қисқа муддатдан максимал фойдаланишимиз йўлида изланмоқда. Дейлик, ҳужумчилар учун бу амплуанинг чин устасидан сабоқ олиш, муайян вазиятлар бўйича маслаҳат сўраш ёқимли ҳамда фойдали бўлса керак.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz