Қайднома

Қидирув

Эдвин Ван Дер Сар: «Новчалигим сабаб дарвозага қўйишган»

Эдвин Ван Дер Сар: «Новчалигим сабаб дарвозага қўйишган»

  15.11.2017 03:36
  0
  1780
Эдвин Ван Дер Сар: «Новчалигим сабаб дарвозага қўйишган»

«МЮ» тарихида ёрқин из қолдирган афсонавий дарвозабон Эдвин ван дер Сар 47 ёшга тўлди.

FourFourTwo шу баҳона икки мамлакат биринчилигида 8 марта олтин медаль ютган, шунингдек, ЧЛда 2 бора ғолиб чиққан Голландия футболи фахрларидан бирини суҳбатга чорлаб, унга ўз ўқувчиларидан тушган саволлар билан мурожаат қилди.

«Қўл остимдаги клубнинг совринларни қўлга киритиш баробарида молиявий жиҳатдан бақувват бўлишига уринишим вақтида жамоамни сардор сифатида олға бошлаганимга ўхшайди», - дея сўз бошлади «Аякс»нинг амалдаги бош директори Эдвин ван дер Сар.

Голландияликнинг айтишича, бизнес соҳасида етарли малакага эга бўлмасада, футболда 20 йил давомида тўплаган тажрибаси клубни муваффақиятли бошқаришида жуда асқотмоқда.

Аҳамиятли томони, у 1990-1999 йиллар оралиғида айнан «Аякс»да аъло даражада ўйнаб, клубнинг Голландияда 4 марта чемпионликка эришиши, мамлакат кубогини 3 бора ютиши, шунингдек, УЕФА кубогида ғолиб чиқишию, ЧЛ-95да «Милан»дан устун келиб, бош совринни қўлга киритишига мислсиз ҳисса қўшганди.

Бундай муваффақиятлар Эдвинга ҳозирги ишида ҳам алоҳида ишонч ва куч бағишлаши тайин.

- Айтингчи, бошидан дарвозабон бўлишни хоҳлаганмисиз? Илк бор дарвоза чизиғига турган кунингиз ёдингиздами?

- Аслида дастлабки 2 йил давомида майдон ўйинчиси сифатида шуғулланганман. Бироқ бир куни дарвозабонимиз навбатдаги учрашувга келмади ва мураббий буюрди:

«Эдвин, болалар орасида энг бўйдорисан, шунинг учун бугун дарвозани қўриқлайсан». Ўша ўйинда ҳаракатларим шу даражада омадли чиқдики, натижада дарвозабонлик қўлқопи доимий ҳамроҳимга айланди.

Анча вақт оддий ҳаваскорлар жамоаси - «Нордвейк»да ўйнадим ва ҳаттоки, профессионал футболчи сифатида танилиш орзум қачондир рўёбга чиқиши ҳақида ўйламагандим ҳам.

Фақат 19 ёшга тўлганимда, «Спарта» (Роттердам) вакиллари учинчи дарвозабон ролига таклиф этишди. Аммо клуб кўчиб ўтишим учунгина пул тўлашини маълум қилгач, «Нордвейк»да қолишни маъқул кўрдим.

Орадан яна бир неча кун ўтиб, «Аякс»дан қўнғироқ бўлди ва дарҳол шартнома тузишга кўндим.

- Кейинги вақтларда «дарвозабон - сўнгги ҳимоячи» услуби оммалашаётганига қандай қарайсиз? Зеро, вақтида оёқлар билан жуда яхши ўйнагансиз ва айтиш мумкинки, бу услубнинг кенг ёйилишида ҳиссангиз катта.

- 90-йиллардаёқ «Аякс»да махсус тизим ишлаб чиққандик ва унга асосан позицион ҳужумни ташкиллашда иштирок этардим. Агар бу услубга амал қилишда меъёрдан чиқиб кетмасангиз, катта наф келтириши, шубҳасиз.

Аммо менимча, ҳозир кўпчилик чегарадан ўтиб кетяпти. Унутмаслик керак, голкипернинг асосий вазифаси - тўп ўтказиб юбормаслик.

- Нима деб ўйлайсиз, Голландиянинг яна бирор жамоаси қачондир ЧЛ кубогини боши узра баланд кўтара олармикан?

- Афсуски, ҳозирги ҳолатда бу жуда-жуда қийин иш. Ҳаттоки, менинг давримда, яъни бундан 20 йил олдин ҳам ЧЛда ғолиб чиқиш катта жасорат ҳисобланарди.

Ваҳоланки, ўша вақт турнирда битта мамлакатдан 1та жамоа қатнашарди, қолаверса, асосий бос-қичда бор-йўғи 16та иштирокчи бўларди. Янги формат қабул қилингач, айтиш мумкинки, романтик давр ортда қолди.

Айни пайт янги-янги қоидалар амалга татбиқ этилмоқда, аммо умумий ҳолат ўзгармайди, барибир - катта бюджетга эга жамоалар мусобақа фаворитлари бўлиб қолаверадилар.

- «Аякс»нинг ўша таркиби Европа грандлари оромини ўғирлаган футболчиларга тўла эди. Қизиқ, «Ювентус» сизни қўлга киритиш йўлида қайси клублар билан рақобатлашганди?

- 1999 йили «Аякс» билан хайрлашгач, Ливерпулга бориб, «Энфилд» бўйлаб сайр қилдим, Жерар Улье, клуб раиси ва бир қатор футболчилар билан учрашдим.

Хуллас, бу масалада узоқ ўйладим, аммо «Ювентус» вакиллари алоқага чиқишгач, Италияда ўйнаш катта чорлов эканлигини англадим. Шу орада «МЮ»дан ҳам таклиф тушди.

«Юве» билан шартнома тузишга яқин келганимга қарамай, Алекс Фергюсоннинг акаси билан гаплашдим. Чунончи, менда бутунлай бош-қа маданият ва ўйин услубига эга мамлакатда ўйнаш хоҳиши юқори эди.

Кейинроқ билдимки, Фергюсон дарҳақиқат, мени ўз жамоасида кўришни хоҳлаган, аммо бошқарув раиси эркин агент мақомидаги Марк Боснич номзодини маъқуллаган.

Хуллас, Петер Шмейхель издоши ўрнида фақат мени кўришган, аммо кейинчалик номзодлар сони кўпайиб кетди. «Фулхэм»да ўйнаганимда эса, «Арсенал» қизиқиши ҳақида эшитдим, аммо ҳаммаси гап-сўзлигича қолиб кетди.

- «Ювентус»да Зайниддин Зидан билан бирга ўйнагансиз, унинг қайси фазилатларидан алоҳида лол қолгансиз? Француз инсон сифатида қандай эди?

- Оддийгина йигит. Аслида Италияда ўзига бино қўйган, қимматбаҳо автомобиль ва чиройли кийимларга эга бўлишни истайдиган йигитлар кўп эди, аммо Зидан ундайлар сирасига кирмасди. Уни асосан жинси ва оқ футболкада кўрардим.

Ҳайратланарли даражада ўйнаган пайтлари ҳам осмонда «учмасди». Мабодо тўпни бироз ноаниқ узатсанг ҳам, Зидан енгил ҳаракат билан уни ўзига мослаб олиб, майдоннинг хоҳлаган бурчагига аниқ «пас» берарди. У тўп билан тўпсиз пайтдагига нисбатан тезроқ югурарди, гўё.

- ЖЧ-1998да аргентиналик Ариэль Ортега «қизил» олишидан аввал унга нима дегандингиз?

- Ортега пенальти ишламоқчи бўлиб, атайин Яп Стамнинг оёғига урилганди. Ўрнидан тураётганида, норози оҳангда муносабат билдирганимда, жаҳли чиққан.

- Франческо Тоттининг Евро-2000даги «паненка»сини эслаганингизда қай ҳолга тушасиз? Ўша пенальтини қайтариш мумкин эди, деб ўйлайсизми? Ярим финалда айнан шу тарзда мағлуб бўлиш қанчалик оғриқли кечганди?

- Мазкур пенальти биз дуч келган қийинчиликлар орасида ҳеч нарса эмасди. Гол пенальтидан уриладими ёки бошқа вазиятданми, фарқи йўқ. Ўша ўйинга келсак, мени кўпроқ ўз имкониятларимиздан фойдалана олмаганимиз ўйлантиради.

Асосий вақтда 2та, пенальтилар сериясида эса 3та тўп киритолмадик. Франческо Тольдо учта зарбани қайтарди - уларнинг иккитасини Франк де Бур тепганди, аммо Патрик Клюйверт бир марта бўлсада италияликлар дарвозасини забт этди.

Биз 6 имкониятнинг 5тасидан фойдаланолмадик. Бу эса финал орзусидаги терма учун кўплик қиларди...

- «Юве»даги ўрнингизни Жанлуижи Буффон эгаллаганида нимани ҳис қилдингиз? Ўшанда тўғри қарорга келишганмиди ёки сизни жамоада қолдириш керакмиди?

- Тўғриси, «Ювентус»да Голландияда эришганимдай юқори даражадаги ўйин кўрсатолмадим. Ўша йилнинг (2011) ёзида раҳбарларнинг янги мавсум борасидаги фикрларини эшитиш учун учрашув ташкиллаштиришларини сўрадим.

Улар эса безовталанишимга ҳожат йўқлигини, шунчаки 2-3 нафар янги ўйинчи сотиб олиш режалаштирилганини айтишди. Адашмасам, бир ҳафтадан кейин Буффон билан шартнома тузишди - тахминан 30 миллион фунтга.

Бундан ўзимни йўқотиб қўйганим ҳам рост, шунинг учун фаолиятимни давом эттириш мақсадида бор вариантларни ўрганишга киришдим.

- Нима учун «Ювентус»дан «Фулхэм»га ўтишга қарор қилдингиз?

- Италияда дарвозабонларнинг олди-сотдиси кўпайганди: Буффон «Юве»га келган, Франческо Тольдо Миланнинг «Интер»ига кўчиб ўтган, Себастьян Фрей эса - «Парма»га. Топ-клублар киперлар учун жангга киришганга ўхшарди.

Мен бир четда қолгандай эдим. Оқибатда, «Аякс», «Ливерпуль» ва «Дортмунд» вакиллари билан мулоқотга чиқдим. Англия ва Германия клублари ёзги трансфер ойнаси тугашигача кутишга қарор қилишди.

Аммо футболчилик фаолиятимнинг ноаниқ қолаётгани мени қониқтирмасди. «Фулхэм» эса эндигина катта йўлга чиққанди: улар 1-дивизион ғолиби сифатида премь-ер-лигага чиқишган, кўплаб янги ўйинчиларни сотиб олишаётганди.

Менга ўйин амалиёти ҳаводай зарур эди. Голландия термасини ўша пайт бошқараётган Луи ван Гал ҳам танловимни маъқуллади.

- 2003 йили «Фулхэм» бош мураббийлигидан Жан Тигананинг олиб ташланиши сизни таажжубга солганмиди? Бу 2001 йили жамоани премьер-лигага олиб чиққан ва унда доимий иштирокни таъминлаган шахсга нисбатан жиддий чорадек кўринмаганмиди?

- Ҳақиқатан ҳам, бу ўта қайғули воқеа бўлганди. Мазкур клубга мослашишимда Тигананинг алоҳида ўрни бор эди. Жан футболни яхши тушунарди, ўзи ҳам юқори даражада тўп сурганди. Биз билан бирга машғулотларда қатнашганида бу яққол сезиларди.

- 2001 йили «Ювентус»дан «МЮ»га ўтмаганлигингизга афсусланмаганмисиз? Ахир кейинги 4 йилни «Фулхэм»да ўтказдингиз?

- Чиндан ҳам, менга Лондон ёқарди ва «Фулхэм»да 4 мавсум тўп суришни ўйламагандим ҳам. Бир-икки йилдан сўнг клубни алмаштиришни мақсад қилгандим.

Ҳатто, мазкур жамоа менинг трансферимдан оз бўлсада пул ишлаб олиши учун шартномани узайтиргандим. «Юнайтед» менга қизиқаётганини эса Алекс Фергюсоннинг овозли хабари орқали билдим.

Ўшанда хаёлимдан: «Лондонга айнан шу - олдинга бир қадам ташлаш учун келгандим-ку, ахир», деб ўйладим. Фергюсон ҳимояни бошқара оладиган ва ўйинчиларни тўғри позицияга йўналтира оладиган футболчи кераклигини айтганди.

- Рақиб футболчилари пенальтини қандай тепишларини ўрганаётганингизда, кўпроқ нималарга эътибор қаратасиз? 2008 йилги ЧЛ финалида «нуқта»га Николя Анелька яқинлашганда хаёлингиздан нималар кечган?

- «Челси» ўйинчиларининг 11 метрдан берган зарбаларини DVD орқали кўрганим ва ўрганганим ёдимда. Масалан, Фрэнк Лэмпард фаолияти давомида амалга оширган салкам 40та пенальтини кўриб чиқдим, Николя Анелька аксарият зарбаларини дарвозабоннинг ўнг бурчагига йўналтирганига амин бўлдим.

«Челси»дагилар ҳам менинг услубимни ўрганишгани ва кўпинча ўнг бурчакка сакрашимни кўришганини эшитдим. Ўйлайманки, футболчиларга менинг чап тарафимга зарба бериш уқтирилганди ва уларнинг аксарияти шундай қилди ҳам. Анелька эса барибир, бошқа бурчакни танлайди, деб ўйладим, бахтимга адашмаган эканман.

- Руд ван Нистелрой ва Марко ван Бастен ўртасида узоқ давом этган низога чек қўйганингиз, ван Нистелройнинг Евро-2008даги иштирокини таъминлаганингиз ҳақида кўп гапиришади.

- Бунда алоҳида хизматларим борлигини айтолмайман-у, аммо жамоа сардори сифатида терма фойдасига ишлайдиган жиҳатларга тўхталганим бор гап.

Ван Нистелрой биз учун ғоят керакли бўлишини тушундим ва уларнинг ҳар бирига керакли сўзларни топиб айта олдим. Умуман, турли тоифадаги инсонлар билан тез тил топиша оламан.

- Голландия термасига нима бўлди? Ўтган Евро бу жамоа ва уларнинг мухлисларисиз зерикарли ўтгандай...

- Ўйлашимча, вақти-вақти билан ҳар қандай жамоада саралаш бос-қичларида омадсизлик юз бериб туради. 2002 йили ЖЧга чиқолмагандик.

Менимча, ҳозир термамизга 25-27 ёшдаги, шерикларини олға бошлашга қодир топ-ўйинчилар етишмаяпти. Исландияга икки бор ютқазиб қўйганингдан кейин Еврога боришга ҳаққинг ҳам йўқ.

- 2012 йили Нью-Йорк марафонида қатнашибсиз. Бунга қандай жазм қилдингиз ва қанча масофани босиб ўтдингиз?

- Мазкур марафон ҳақида дўстим хабар берганди. Бу ғоя менга жуда ёқди ва унга: «Балки яна бир оз шошмассан? Фаолиятимни якунлагач, бирга югурамиз», дедим.

Аммо кутиш узоққа чўзилди - «Юнайтед» билан шартномани бир неча марта узайтирдим (кулади). Натижада, марафонга тайёргарлик кўришга 2,5 ой вақт сарфладим.

Бу организмим учун оғир босим юклади, қайта тикланишим учун анча вақт кетди. Лекин 4 соату 19 дақиқа югурдим.

И.ОБИДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz