Қайднома

Қидирув

«Селтик» мўжизаси ёки 63 та кетма-кет ғалаба

«Селтик» мўжизаси ёки 63 та кетма-кет ғалаба

  16.11.2017 09:28
  0
  709
«Селтик» мўжизаси ёки 63 та кетма-кет ғалаба

Шотландия гранди  -«Селтик» ички биринчиликда 63та ўйиндан буён мағлубият нималигини билмаяпти. Аммо Глазго клубининг бу борада «Стяуа» (Руминия)га тенглашиши учун анча бор. Англагандирсиз, қуйида Европа миллий чемпионатларида кузатилган энг узун мағлубиятсиз сериялар ҳақида гап боради. Гап шундаки, «Ливерпул»нинг собиқ устози Брендан Рожерс қўл остида ўйнаётган «Селтик» Шотландия чемпионати 13-турида «Сент-Жонс­тон»ни 4:0 ҳисобида енгди. Шу тариқа жамоанинг мағлубиятсиз одими 63та ўйинга етди ва бу натижа Британия футболи учун рекорддир.

«Сконто» (Латвия) - 58та ўйин

Ўтган асрнинг 90-йиллари Латвияда куч жиҳатидан «Сконто» билан тенглашадиган жамоанинг ўзи йўқ эди. Рига шаҳри шарафини ҳимоя қилувчи жамоанинг кетма-кет 14 марта мамлакат чемпиони бўлгани барчасига далолат. «Сконто» ана шу олтин даврида барча имкони бор ва имконсиз рекордларни янгилади. Латвия чемпионати бўйича энг узун мағлубиятсиз сериянинг ҳам ригаликларга тегишли эканлигида ҳайратланадиган томони йўқ, албатта. Аниқроқ айтсак, Александр Старков бошқарувида ўйнаган «Сконто» нақ 58та ўйин давомида мағлубият нималигини билмади. Бошқача ифода этсак, ригаликлар серияни 1993 йили бошлаб, мавсум-1996га қадар давом эттиришди. Жамоа юришини эса «Даугава» тўхтатиб қолди. Умуман олганда, «Сконто»нинг олтин даврида саҳнага чиқишган футболчилар Латвия терма жамоаси асосини ҳам ташкил этиб, Евро-2004 финал босқичига йўл очишди ва чакки таассурот қолдиришмаганди.

«Олимпиакос» (Греция) - 58та ўйин

«Сконто»нинг Латвияда кўрсатган натижасини Грециянинг энг совриндор клуби (унинг ҳисобида 44та чемпионлик медали бор) аввалги асрнинг 70-йиллариёқ қайд этганди. Аниқ рақамларга ўтамиз - 1972-1974 йиллар оралиғида қадим Юнонистон ички биринчилигида «Олимпиакос»ни енгадиган рақиб топилмаганди. Ўша вақт Пирей жамоаси бизнесмен Никос Гуландриснингкатта сармояси эвазига чемпионатдаги барча рақибларидан сезиларли даражада ўзиб кетганди. Хуллас, «Олимпиакос» бу давр ичида кетма-кет 3 марта шоҳсупага кўтарилиш баробарида мавсумлардан бирида чемпионатнинг ўзида 100тадан кўп гол уради. Энг қизиқ факт шуки, «Олимпиакос»нинг ажиб серияси ПАОКдан қабул қилинган мағлубиятдан сўнг бошланиб, айнан шу рақибга қарши ўйинда хотима топганди.

«Милан» (Италия) - 58та ўйин

Италиянинг 18 карра чемпиони айниқса, 90-йиллар бошида қудратли кучга айланганди. «Россонерлар» ўша вақт Европа Чемпионлар Лигасида 2 марта ғолиб чиқиб, кетма-кет равишда 3 бора «А» серияси бош мукофоти - скудетто соҳибига айланишган. Хуллас, «Милан» шунинг баробарида Италия чемпионатидек кучли лига учун бетакрордек рекорд ўрнатган - 58та ўйинга чўзилган мағлубиятсиз одим. Милан жамоаси мавсум-1991|1992да Фабио Капелло бошчилигида ўйнаб, 34та турда 22та ғалаба ва 12та дуранг қайд этганди. Жами 74та голдан 25таси эса «А» сериясининг бош тўпурари Марко ван Бастенномига ёзилган. Ўша мавсумларда Италияда даҳшатли «Милан»ни қандай енгиш мумкинлигини ҳеч ким тушунмасди.

«Ширак»|«Пюник» (Арманистон) - 59та ўйин

Арманистон чемпионатида умуман ноёб ҳолат юзага келган. Яъни 2та жамоа нақ 59та ўйин давомида ғалаба қозонган ёки камида дурангга эришган. 90-йилларда Гюмрининг «Ширак» жамоаси ҳукмронлик қилган. Мураббий Андраник Адамян тузган жамоа 1993-1995 йиллар оралиғида омадсиз ўйинга йўлиқмаган ва шунга яраша чемпионлик пойгасида устун келган. Арманистоннинг энг совриндор жамоаси - «Пюник» эса 2002-2004 йилларда бош ролга кўтарилди. Эътиборлиси, ереванликлар энг юқори натижани нақ 3 нафар бош мураббий қўл остида қайд этишди. «Пюник» ҳам мағлубиятсиз одимга ҳамоҳанг равишда қаторасига бир неча мавсум 1-ўринни бировга бермади.

«Юнион» (Бельгия) - 60та ўйин

Ҳозир мухлислар бундай номдаги жамоани ҳаттоки, билишмайди. Аммо вақтида Бельгия клублари учун айнан «Юнион» қўл етмас даража ҳисобланарди. Брюсселда тузилган жамоа 1933-1935 йиллар давомида мамлакат чемпионати доирасидаги кетма-кет 60та ўйинни мағлубиятсиз ўтказиб, қаторасига 3 марта чемпионликни тантана қилган. Умуман, ҳозир ҳам «Юнион» совринлар сони бўйича фақат «Брюгге» ва «Андерлехт»дан орқада, холос. Айтганча, айни пайт мамлакат чемпионати иккинчи дивизионида ўйнаётган жамоанинг ўша серияси шарафига махсус соврин ҳам жорий этилган. У ҳар мавсум якунида Бельгиянинг энг кам мағлубиятга учраган клубига берилади.

«Левадия» (Эстония) - 61та ўйин

2000-йилларнинг иккинчи ярмида Эстонияда «Левадия» энг кучли жамоа мақомини олганди. Таллинн клуби бу орада 4 мавсум давомида маҳаллий лига ғолибига айланди. Унинг 2008-2009 йиллар оралиғида кузатилган мағлубиятсиз серияси эса 61та ўйинга етди. Охир-оқибат, барча рақиблардан бир бош устун бўлган Игорь Принс жамоаси нав­батдаги чемпионлик мақомини расмийлаштиргач, «Транс» (Нарва)га ютқазди. Бу ўша мавсум қудратли «Левадия» учун ягона хафагарчилик бўлганди. Зеро, таллиннликлар Эстония чемпионатининг ўзида 121та гол уриб, энг яқин таъқибчидан нақ 21 очкога ўзиб кетишганди.

«Селтик» (Шотландия) - 63та ўйин

Авваллари Шотландия чемпионатини икки буюк жамоа - «Селтик» ва «Глазго Рейнжерс» ўртасидаги турнир сифатида таърифлашарди. Охирги йилларда эса вазият мутлақо ўзгарди. Эндиликда лигада «кельтлар»га муносиб рақиб кўринмаяпти. Мана, 4 ноябрь куни «Селтик» машҳур Брендан Рожерс бошқарувида Британия футболи рекордини янгилади - 63та ўйиндан иборат мағлубиятсиз серия! Диққатни тортадиган томони, бу борада олдинги юқори кўрсаткич ҳам Глазго клубига тегишли эди: «кельтлар» 1915 йилнинг ноябридан 1917 йилнинг апрелига қадар қаторасига 62та ўйинда енгилмаганлар. Демак, жамоа шахсий рекордини янгилади. Энг қизиғи, Рожерс шогирдлари шунинг баробарида жорий Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичида 3 марта мағубликни тан олишга улгуришди.

«Шериф» (Молдова) - 63та ўйин

Молдава футболида «Селтик»дан қолишмайдиган ўз «гегемони» бор - «Шериф». Тирасполь шарафини ҳимоя қилувчи жамоа айни пайт Европа Лигаси гуруҳ раундида «Локомотив» (Москва) билан рақобатлашяпти. Қизиғи, «Шериф» ўзининг энг узун мағлубиятсиз сериясини «темирйўлчилар»нинг собиқ бош мураббийи Леонид Кучук раҳбарлигида қайд этган. Тўғрироғи, 2006-2008 йиллар оралиғида кетма-кет 63та ўйинда ғалаба қозонган ёки дурангга эришган. Ўша вақт чемпионатнинг олтин медалини ютиш «Шериф» учун одатий юмушга айланганди. Тирасполликларни тўхтатиб қолиш эса «Зим­бру»га насиб этди. Ўша мағлубият Кучук жамоаси учун мавсумда ягоналигича қолди. Тўғри, «Шериф» кейинги чемпионатда 2та ўйинни бой берганди.

«Линкольн» (Гибралтар) - 88та ўйин

Кўпчилик Гибралтар футболи ҳақида энди-энди тасаввур ҳосил қила бошлади. Ҳарқалай, митти мамлакат миллий жамоаси халқаро аренада ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритди. Бироқ Гибралтарнинг «Линкольн» клуби анча олдин маҳаллий миқёсда топ-даражага чиқиб, овоза бўлганди. Боз устига, бу жамоа кетма-кет 14 марта олтин медаль ютиб, «Сконто» натижасини такрорлаган. «Линкольн»нинг 2009-2014 йиллар давомида кузатилган мағлубиятсиз серияси эса нақ 88та ўйинга чўзилди. Жамоа мавсум-2014|2015 доирасидаги ягона омадсизликка «Линкс» билан учрашувда юз тутди. Ўшанда барчасини рақибнинг ягона голи ҳал қилди - «Линкольн» ҳарчанд уринмасин, бунга жавоб қайтаролмади.

«Стяуа» (Руминия) - 104та ўйин

Буниси фантастика. Бухарестнинг афсонавий клубига тегишли рекордни яқин келажакда ҳеч қайси жамоа такрорлай олмаса керак. Руминиянинг 26 карра чемпиони ўтган асрнинг 80-йиллари ички биринчиликда дуч келган рақибни аёвсиз «дўппосларди». Қолаверса, бухарестликлар Европа Чемпионлари кубогига эга чиқиш асносида халқаро даражада ҳам ўз сўзларини айтишган. Демак, «Стяуа» 1986-1989 йиллар давомида румин футболининг чинакам «қироли» бўлиб, Эмерик Енеи ва Ангел Йорданеску бошқарувида оз эмас 104та ўйин давомида мағлубият кўчасига кирмаган. Бу орада нақ 5 мавсум Руминия чемпионати олтин медали «армиячилар»дан ортмаган. Ҳозирги «Стяуа» эса ўша давр натижаларини фақат орзу қилиши мумкин.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz