Қайднома

Қидирув

Ўзбекистон терма жамоасини Осиё чемпиони қилган йигитлар ҳозир қаерда? (+фото)

Ўзбекистон терма жамоасини Осиё чемпиони қилган йигитлар ҳозир қаерда? (+фото)

  17.11.2017 06:26
  0
  9556
Ўзбекистон терма жамоасини Осиё чемпиони қилган йигитлар ҳозир қаерда? (+фото)

Sports.ru сайтининг «Узбекская кухня» блоги Ўзбекистон терма жамоасининг Осиё ўйинларидаги ғалабасини ёдга олди. 1994  йили Осиё ўйинлари Япониянинг Хиросима шаҳрида бўлиб ўтган.

Ўша пайт турнирда ОФКга аъзо мамлакатларнинг миллий терма жамоалари иштирок этишлари мумкин эди. Кейинчалик ОФК турнирда 23 ёшгача бўлган футболчилар қатнашишларини белгилаб қўйди.

Ўша йили жаҳон чемпионатида иштирок этган Саудия Арабистони терма жамоаси Осиё ўйинлари-94да жанговар таркиби билан борганди.

Ўзбекистон  термаси эса гуруҳдаги икки ўйин-да айнан саудияликларга қарши баҳс олиб борган. Шунингдек, гуруҳда Малайзия, Таиланд ва Гонконг жамоалари бор эди. Рустам Акрамов шогирдлари турнирни ажойиб тарзда бошлашади.

Яъни, Саудия ва Малайзия терма жамоалари умумий - 9:1 ҳисобида мағлуб этилди. Кейин Гонконг қийинчилик билан доғда қолдирилади - 1:0. Таиландга қарши баҳс эса ҳақиқий жангга айланиб кетади.

Шуҳрат Мақсудов ва Миржалол Қосимов иккитадан гол урган бўлсалар, Игорь Шквирин ўз ҳисобига битта гол ёзиб қўяди. Якунда ­Таиланд 5:4 ҳисобида мағлуб этилади ва гуруҳда 1-ўрин.

Чорак финалда Туркманистон дарвозасига жавобсиз 3-та тўп йўлланади. Ярим финал ўйини эса турнирдаги энг қийинига айланади. Бу сафар Жанубий Корея термаси рақиблик қилганди.

Ўша вақт ҳам корейсларни мағлуб этиш осон эмасди. Аммо қаҳрамонларимиз бунинг уддасидан чиқишган. Ўйин тақдирини Азамат Абдураимовнинг ягона голи ҳал қилди.

Натижада, Ўзбекистон ўз тарихида биринчи бор йирик турнир финалига йўл олади. Ҳал қилувчи учрашувда Хитой термаси устидан 4:2 ҳисобида зафар қучилади.

Ҳозирда ўша мусобақада иштирок этган футболчиларнинг тақдири кўпчиликни қизиқтириши табиий. Демак, уларнинг айни пайт нималар билан банд эканликларига эътибор қаратамиз.

Юрий Шейкин

Шейкин фаолиятининг асосий қисмини ўртамиёна клубларда ўтказди. Унинг юлдузли онлари Осиё ўйинларига тўғри келди. Ўшанда дарвозабонни мусобақадаги энг яхшиси сифатида эътироф этилади.

Айниқса, Жанубий Корея термасига қарши учрашувда ўзини кўрсатганди. Шундан сўнг ўртамиёна «Трактор» посбони ўзбекистонлик футбол мухлислари ёқимтойига айланди.

Ҳозир қаерда? 2000 йили Юрий Шейкин доимий яшаш учун Россияга йўл олди. 2004 йили эса Буюк Новгородда оламдан ўтди.

Бердах Алланиёзов

Собиқ иттифоқ даврида қуйи дивизион клубларида ўйнаган. Мустақиллик йилларида эса эса олий лига вакили ҳисобланган Нукуснинг «Орол» жамоаси шарафини ҳимоя қилди.

Таиланд термасига қарши баҳсда айнан Алланиёзов тўртта гол қўйиб юборганди.

Ҳозир қаерда? 52 ёшли Алланиёзов радарлардан йўқолиб қолди. Унинг номи на «фейсбук»да, на бошқа тармоқларда йўқ.

Аммо Татаристонда жумладан, автомобиль эҳтиёт қисмлари билан савдо қилувчи фирма рўйхатдан ўтказилган. Бу фирма шу фамилия ва исмдаги инсонга тегишли.

Февзи Давлетов

Ўзбек футболининг 90-йиллардаги энг ёрқин вакилларидан бири. У мамлакатнинг барча даврлардаги энг яхши футболчилари рўйхатидан жой олган.

Россия, Қозоғистон клубларида ҳам муваффақиятли тўп сурган. Фаолиятининг охирида Ўзбекистонга қайтиб, «Қизилқум» ва «Андижон»да фаолият олиб борди.

Ҳозир қаерда? Бекободнинг «Металлург» клубида бош мураббий ёрдамчиси бўлиб ишламоқда.

Андрей Фёдоров

Ўзбекистон терма жамоаси тарихидаги энг яхши ҳимоячилардан бири. Асли марғилонлик футболчи «Нефтчи» билан бир неча бор Ўзбекистон чемпиони бўлди. Вақтида Фёдоров Мос-кванинг ЦСКА клубида ўйнаши мумкин эди.

Ҳар ҳолда, 1995 йили ушбу жамоадан таклиф олганди. Лекин Андрей можароли вазиятга тушиб қолган: ОЧЛ ўйинида ҳакамни туртиб юборгани учун 2 йилга дисквалификация қилинган. Тўғри, жазо муддати кейинчалик бир йилга қисқартирилган.

Тақдир тақозоси билан у «Рубин»га йўл олди. Қозонликлар билан барча йўлларни босиб ўтди ва икки бор Россия чемпиони бўлди. Айни пайт ҳам Қозонда Фёдоровни ҳурмат қилишади.

Ҳозир қаерда? Тошкентнинг «Локомотив» клубида ёрдамчи мураббий сифатида ишламоқда.

Фарҳод Магометов

Магометов Осиё ўйинларидан сўнг «Навбаҳор»да фаолият олиб борди. Шундан сўнг, бутсаларини михга илди.

Ҳозир қаерда? Октябрь ойида ЎзПФЛ бош директори лавозимини тарк этди. Ушбу ташкилотга 2008 йилдан буён раҳбарлик қилаётганди.

Улуғбек Рўзимов

Рўзимов турнирга захира ўйинчиси сифатида борганди. Бироқ 3та ўйиндан сўнг асосий таркибга киритилди ва энг яхши ҳимоячилардан бири бўлди.

 

Турнирдан сўнг эса «Хоразм» ва «Металлург» шарафини ҳимоя қилди. Фаолиятини якунлагач, мураббийлик курсларида ўқиди.

Ҳозир қаерда? Шу йилнинг май ойида жигар церрози оқибатда вафот этди.

Александр Тихонов

Александр Викторович фаолиятининг асосий қисмини собиқ иттифоқ қуйи дивизиони жамоаларида ўтказган.

Шунингдек, Украинанинг «Таврия» жамоаси шарафини ҳам ҳимоя қилган. Фарғонанинг «Нефтчи» жамоаси сафида эса муваффақият қозонди. У фарғоналиклар сафида 200тадан ортиқ учрашувларда майдонга тушган.

Ҳозир қаерда? Фрязино шаҳридаги БЎСМда мураббийлик қилмоқда.

Миржалол Қосимов

Миржалол Қосимовни ортиқча таърифлашга ҳожат йўқ.

Ҳозир қаерда? Учинчи бор «Бунёдкор» бош мураббийи лавозимини эгаллади.

Илҳом Шарипов

Фаолиятини 80-йилларнинг ўрталарида бошлаган. Осиё ўйинларидан олдин эса Ўзбекистоннинг таниқли футболчиларидан бири бўлишга улгурганди.

Ҳозир қаерда? Ўтган йили Са-марқанднинг «Динамо» жамоасини олий лигага олиб чиқди. Бироқ саломатлигидаги муаммолар туфайли лавозимини тарк этди. Айни пайт клуб маъмури сифатида ишламоқда.

Сергей Лебедев

Лебедев фаолиятининг асосий қисмини «Нефтчи»да ўтказган. Эътиборли томони, турнирда Саудия Арабистони термасига қарши кечадиган учрашув унинг учун миллий жамоадаги дебют эди. Учрашувнинг 15-дақиқасидаёқ Лебедев дастлабки голини урганди.

Сергей финалда хитойликлар дарвозасини ҳам ишғол қилган. Шу ўринда айтиш жоиз, Хитойнинг Лебедев Гонконгни яна қўшиб олиши муносабати билан ўтказилган ўртоқлик ўйинида жаҳон терма жамоаси сафида майдонга тушганди.

Ўшанда у Роберто Карлос, Жорж Веа, Луис Энрике ва бошқа машҳур футболчилар билан битта жамоада тўп сурган.

Ҳозир қаерда: «Нефтчи» мураббийлар штабида ишламоқда.

Абдуқаҳҳор Маъруфалиев

Маъруфалиев фаолиятини собиқ иттифоқ даврида «Соҳибкор»да бошлаган. Кейин «Пахтакор» аъзосига айланган. Айнан тошкентликлар сафидаги муваффақиятли ўйинлари туфайли терма жамоадан таклиф олган ва Хиросимага борган.

Турнирдан сўнг  Маъруфалиев ­«Навбаҳор»га ўтди. Ке-йинчалик яна 1-2та жамоа алмаштирди. Шундан сўнг, Грециянинг ПАОК клубидан таклиф олди. Аммо бу борада омади чопмади.

2005 йили эса энди ўзини тиклаётган «Локомотив»да фаолият олиб борди ва бутсаларини михга илди.

Ҳозир қаерда? «Металлург»нинг ўринбосарлар таркибини бошқармоқда.

Абдусамат ва Рустам Дўрмонов

Дўрмоновлар Термиз футбол мактабидан чиққан футболчилар. Абдусамат фаолияти давомида «Пахтакор» ва «Нефтчи»да тўп сурди. Рустам эса ҳаттоки, Эстония чемпионатида ҳам ўйнади.

Ҳозир қаерда? Абдусамат Дўрмонов «Нефтчи» мураббийлар штабида ишламоқда. Рустам эса «Истиқлол»да.

Степан Атоян

Турнирда бир дақиқа ҳам ўйнамаган. Бокуда туғилган. Фаолияти Туркманистонда бошлаган. Тўғри, унинг фаолиятини ўта ёрқин деб бўлмайди. Лекин чемпион барибир, чемпион.

Ҳозир қаерда? Бир-икки йил олдин Грециянинг «Продефтики» жамоасини бошқарганди. Айни пайт дам олмоқда.

Игорь Шквирин

Ўзбекистоннинг энг яхши ҳужумчиларидан бири. У ҳақда фақат ижобий фикрларни билдириш мумкин. Собиқ иттифоқ даврида «Днепр» билан чемпион бўлишга ҳам улгурган. Кейинчалик Владикавказнинг «Спартак» жамоасида ярим мавсум ўйнади.

Шундан сўнг, Авраам Грант ёрдами билан Исроил чемпионатига йўл олди. Ваҳоланки, бир йил олдин «Сент-Эттьен» билан шартнома тузиши мумкин эди.

Аммо ўшанда францияликлар «Пахтакор» билан футболчининг трансфери борасида келишолмагандилар. Осиё ўйинларидан сўнг Ҳиндистон ва Малайзия чемпионатларида ҳам ўйнади. Фаолиятини эса «Пахтакор»­да якунлади.

Ҳозир қаерда? «Сўғдиёна» бош мураббийи.

Азамат Абдураимов

Москва футболи тарбияланувчиси, афсонавий Биродар Абдураимовнинг тўнғич фарзанди. 1984 йили фаолиятини «Спартак» (Москва) ўринбосарлари сафида бошлади.

 

Кейинчалик «Пахтакор»да асосий ўйинчига айланди. Шундан сўнг «Спартак» ва «Помир»да бироз ўйнагач, Бангладешга йўл олди. Осиё ўйинларига эса Малайзиянинг «Паханг» жамоаси аъзоси сифатида йўл олган.

Турнирдан сўнг Ўзбекистон, Саудия Арабистони ва Ҳиндистоннинг турли жамоаларида ўйнади. Фаолиятини якунлаганидан сўнг, «Ардус» футзал клубида 2 йил фаолият олиб борди.

Ҳозир қаерда? Саёҳат қилади, ҳаётдан завқ олмоқда.

Шуҳрат Мақсудов

«Пахтакор» тарихидаги энг яхши футболчилардан бири. Осиё ўйинларида у ротация ўйинчиси бўлган. Маълумки, ўша пайтлар асосий таркибда Шквирин ва Абдураимов тўп суришарди.

Шунга қарамай, Мақсудов ёмон ўйнамаган. У турнирда 4та гол уришга муваффақ бўлган. Хусусан, финалда ҳам ўз номини таблога ёздириб қўйганди.

Ҳозир қаерда? Сўнгги йилларда Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлар штабида фаолият олиб борди.

Ж.БОБОХОНОВ  тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz