Қайднома

Қидирув

Ҳакамлар нега «Пахтакор»га ёрдам беришмоқда?

Ҳакамлар нега «Пахтакор»га ёрдам беришмоқда?

  18.11.2017 13:27
  0
  972
Ҳакамлар нега «Пахтакор»га ёрдам беришмоқда?

Ўзбекистонда мухлиси энг кўп бўлган клуб қайси? Албатта, «Пахтакор». Яқин яқингача бундай савол бизга риторик туюлар ва иккиланишсиз шундай жавоб берардик. 

Ахир бутун халқ жамоаси бўлган «Пахтакор»дан ҳам қадрли жамоа бўлиши мумкинми ўзбек мухлиси учун? 1979 йилги ҳалокатни кўрган, ўз қаҳрамонларини аламли тарзда йўқотган мухлис бошқа жамоага мухлислик қилиши мумкинми?

Мумкин экан. Қандай ҳолатда дейсизми? Ўша жамоанинг ҳозирги ҳолати ҳеч бир хислати билан ўша қаҳрамонларни эслатмаса…

БИРИНЧИ ҚИСМ. МАРКАЗЛАШИШ

Мустақилликнинг илк йилларидаёқ Ўзбекистонда футбол бўйича мамлакат чемпионати йўлга қўйилди. Чунки бизда футбол аллақачон оммалашиб бўлганди. Бошқа соҳалар ва бошқа спорт турлари энди оёққа тура бошлаётган вақтда футболчиларимиз Осиёда тенгсиз бўлишди.

Чунки бизнинг футбол ўтган асрнинг бошидаёқ шакллана бошлаганди. Дунёнинг барча нуқталарида ҳам футболни биринчи рақамли спорт сифатида ардоқлашмайди. Ҳатто ўша футбол ватани Англияда ҳам регбини футболдан устун қўйишади баъзилар.

Мана шундай футболни севадиган халқнинг энг суюкли жамоаси «Пахтакор» эди. Ҳа, айнан ЭДИ. Бу жамоанинг халқаро ўйинларига бутун республикадан мухлислар оқиб борарди. Ҳозир эса битта футбол юлдузи олдида уялиб қолмаслик учун олийгоҳ талабалари стадионга мажбурлаб олиб кирилмоқда. Бироқ ҳозир бу ҳақда гаплашмоқчи эмасмиз.

Хуллас, миллатнинг бош жамоаси ҳурмати нолинчи йиллар аввалида пасая бошлади. Ажойиб кунларнинг бирида футболимиз расмийлари терма жамоани бир клуб асосида ташкил этишни таклиф қилишди. Бу клуб сифатида «Пахтакор» танланди. Республика клубларидаги энг яхши футболчилар «Пахтакор»га жамланди. Оқибатда чемпионатда ҳеч қандай рақобат қолмади. Фарғонанинг «Нефтчи» клуби узоқ қаршилик қилолмади. «Пахтакор» футболимиздаги монополик жамоага айланди ва оқибатда уни ёмон кўриб қолишди. Бироқ бу ҳали бошланиши эди.

ИККИНЧИ ҚИСМ. БАБАЯН ДАВРИ

«Пахтакор»нинг «шонли даврлари» ўтаётган бир вақтда футболимизга Самвел Бабаян деган шахс кириб келди. Уни футболнинг ичидан бироз хабари бўлганлар Ўзбекистон чемпиони бўлган «Навбаҳор»нинг менежери сифатида билишарди. «Пахтакор»да ҳам уни менежер сифатида таништиришарди.

Бироқ у захира ўриндиғида ўтирар ва футболчиларга кўрсатма берарди. У нимагадир бош мураббий бўлишни истамас ва бу ишни қоғозда Равшан Ҳайдаров, Виктор Жалилов каби ёрдамчиларига топширарди. Бироқ барча нарсани у ҳал қиларди.

Бабаян ҳакамларга хоҳлаганича бақирар, ўзи истаган исталган номақулчиликни ҳеч иккиланмай амалга оширарди. Аста-секин футбол федерациясининг ишончига кирди ва у ерда ишлай бошлади.

Бир таниқли журналист ўз мақоласида шундай ёзганди: «Бабаян эрталаб федерацияга бориб, ўйинларга ҳакамларни тайинлаб келади, кейин эса «Пахтакор»га бориб, кейинги ўйинга тайёрланади».

Айнан Бабаян давридан «Пахтакор» ва ҳакамлар сўзлари ёнма-ён тилга олинадиган бўлди. Бабаян шунчалик ошириб юбордики, бир куни «Пахтакор» мухлислари Самвелнинг истеъфосини сўраб баннер кўтаришди. Энди «Пахтакор»нинг ҳурмати нафақат республикада, балки пойтахтнинг ўзида ҳам пасайиб бораётганди. Бироқ ҳали бу ҳам ҳаммаси эмаскан…

УЧИНЧИ ҚИСМ. ОЧИҚ ҲУРМАТСИЗЛИК

Терма жамоани шармандали тарзда Жаҳон Чемпионатига олиб чиқолмай, мард бўлиб айбини ҳам тан олишни эплолмаган Бабаян термадан кетишидан олдин «Пахтакор»дан қувилди. Айнан қувилди. Мухлислар хурсанд бўлишдики, энди бу «Пахтакор» янги раҳбарлар билан ўз номини тиклайди деб.

Бироқ барчамиз адашган эканмиз. Клубнинг янги раҳбарлари ҳаммага биз оддий клуб эмас, суперклуб тузамиз деб сўз беришди. Ҳеч ким танимайдиган 3-4 легионерни олиб келиб, мана шу суперклуб деб ишонтирмоқчи бўлишди. Лекин ҳозирги мухлислар аввалги каби содда эмас.

Шота Арвеладзе исмли Европада ўртамиёнадан ҳам пастроқ даражада бўлган мураббий «Пахтакор» ўйинини чемпион бўлиш етарли даражада кучайтира олмагач, клуб энди натижа қўлга киритиш учун бошқа ишлар қилиш керак эканини англади: Ҳакамлар!!!

«Бунёдкор» билан ўйинда барчаси ошиб тушди. Камолиддин Тожиевнинг стадиондаги мухлислар ҳам кўриши мумкин бўлган ҳолатдаги офсайддан киритган голи «Пахтакор»га шармандали ғалаба келтирди. 

Бухорода ва Жиззахда эса клуб ўта шубҳали пенальтилардан гол урди. Энг қизиғи, «Пахтакор»нинг ўйинларига Равшан Эрматовни ҳакам қилиб тайинлашмаяпти.

Охирги марта «Динамо» – «Пахтакор» ўйинида Эрматов ишлаган ва ўшанда 0:0 ҳисоби қайд этилганди. Арвеладзе Эрматовни танимаган чоғи, унга босим ўтказмоқчи бўлган, лекин Равшан Эрматов Луи ван Галнинг конспектларини ўқиб юрган мураббийга ҳурматини билишини уқтириб қўйганди. Шундан буён Эрматов «Пахтакор» иштирокидаги ўйинларда ишламайди.

19 ноябрь куни «Насаф»га қарши кечадиган ҳал қилувчи ўйинга ҳам Эрматов тайинланмади. Бу эса федерация «Пахтакор»га ёрдам бераётганини яна бир бор кўрсатиб қўйди.

Юқоридаги Бабаянга қарата айтилган гапни энди жаноб Шодиевга нисбатан ишлатса бўлади: эрталаб уйғонгандан кейин федерацияга боради ва Аҳмаджонов билан қаҳва устида кейнги ишларини муҳокама қилади, кейин эса «Пахтакор»га бориб ишлайди.

Тасаввур қила оласизми, Флорентино Перес Испания Футбол Федерацияси вице-президенти бўлишини? Ёки Роман Абрамовичнинг Англия футболидаги иккинчи шахс сифатида ишлашини кўз олдингизга келтира оласизми? 

Лекин бизда мумкин. Мухлислар олдида деярли ҳурмати қолмаган ЎФФнинг 11 кишидан иборат ижроия қўмитасида «Пахтакор», «Бунёдкор» ва «Локомотив» клублари президентлари бор. Қойилмисиз? Улар орасида «Пахтакор»нинг қилаётган ишлари жуда ошиб тушмоқда. Ахир ҳамма кўриб турибдику «Пахтакор» лигадан тушиб кетиши тайин бўлган «Сўғдиёна»ни ҳам ўз кучи билан енга олмаётганини?

«Бухоро» – «Динамо» ўйинида пенальти бермай тўғри қилган ҳакамлар бутунлай футболдан четлатилади, лекин «Пахтакор» фойдасига қарор чиқарган ҳакамларга ҳеч ким индамади. Ким индасин? Шодиев билан дунё кезаётган Аҳмаджоновми?

Бунга ишониш қийин. ПФЛ охирги турларда ҳакамларга қўйилаётган баҳоларни ҳам эълон қилмай қўйди. Хуллас, «Пахтакор»нинг бундай ишлари клубнинг ҳурматини пасайтиришда давом этмоқда. Сўзимиз бошидаги саволни яна қайтармоқчиман: Нима деб ўйлайсиз, бизда энг мухлиси кўп клуб қайси?..

Ўткир ЖАЛОЛХОНОВ


Манба: www.kun.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz