Қайднома

Қидирув

Иван Ракитич муҳаббати ҳикояси

Иван Ракитич муҳаббати ҳикояси

  20.11.2017 06:22
  0
  2960
Иван Ракитич муҳаббати ҳикояси

Севги аталмиш туйғу одамни не кўйга солмайди-я... Табиийки, энг сара футболчилар ҳам муҳаббат қаршисида бош эгишади.

Эътиборли томони, уларнинг айримлари айнан маҳбубалари кўнглини овлаш иштиёқида фаолиятларини мутлақо бошқача тарзда йўлга соладилар.

Яъни тинимсиз меҳнат орқали топ-клубларда юлдуз футболчига айланиш баробарида ўзга мамлакат урф-одатларию, тилини ўрганишади.

Ҳарқалай, муҳаббатга эришиш масаласи кўндаланг бўлса, бу ишлар ўз-ўзидан юқори суръат олади. Мисол учун, «Барселона» ярим ҳимоячиси Иван Ракитич худди шундай машаққатли йўлни босиб ўтган.

Голливуд режиссёрлари унинг муҳаббат қиссасидан бемалол сценарий ёзишлари мумкин. Йўқ, тўхтанг, улар шунчаки, Иваннинг автобиографиясини варақлашса, бас... Мана, хорват йигити ҳикоясини ўқиб, ўзингиз баҳо беринг.

*****

- 2011 йилнинг боши. Эндигина 21 ёшга тўлгандим. Испанияга оқшом соат 10да учиб келдик - «Севилья» билан шартнома тузиш учун. Бунгача 4 йил «Шальке» шарафини ҳимоя қилгандим.

Мендан талаб қилинадигани - тиббий кўрикдан ўтиш ва 1-2та ҳужжатга имзо чекиш. Акам - Деян ҳамроҳригида меҳмонхонага бориб, клуб вакиллари билан тушлик қилдик. Кейин негадир асабийлаша бошладим.

Кечқурун ухлашга имкон бўлмаслигини билиб, акамга юзландим: «Юр, барда бирор нарса тамадди қилиб, бироз мизғиб оламиз». Айни шу сўзлар бутун ҳаётимни ўзгартириб юборди. Чунки барда ишлаётган қизнинг гўзаллигидан ақлимни йўқотдим.

Шунда беихтиёр ўйладим: «Севилья. Вау. Барчаси зўр...». Аммо испанчада Hola иборасидан бошқа бирор сўз билмасдим ва қиз билан немисча, инглизча, итальянча, французча ва серб-хорватчада гапиришга уриндим.

Хуллас, акамга бошқа йирик клуб вакиллари қўнғироқ қилгунларича гаплашиб турдик. Улар Севильяда эканимиздан хабар топишган ва мен учун самолёт юборишга ҳам тайёр эдилар. Чунки «Севилья» билан ҳали расман келишмагандик.

Акам  сўради: «Хўш, энди нима қиламиз? Жавобим оддий бўлди: «Севилья» президентига сўз бердим ва бу ҳар қандай шартномадан муҳим».

Кейин барга ишора қилиб, қўшиб қўйдим: «Анави официант қизни кўряпсанми? «Севилья»да ўйнаш ва шу қизга уйланишни истайман». Акам кулиб юборди: «Зўр-ку, хоҳишинг». У гапимни ҳазилга йўйганди.

*****

- Эртасига «Севилья» билан шартнома туздим ва уй топгунимча меҳмонхонада 3 ой яшадим. Ҳар куни қаҳва ичиш баҳонасида гўзал официант олдига бориб турдим. Фақат исмини билардим - Ракель. Аммо у инглизчани тушунмасди, мен эса испанчани.

Ўзи шунақа, кимнидир учратасану,  кўнглингда унга нисбатан қандайдир илиқликни дарҳол сезасан, лекин бу нималигини билмайсан. Хуллас, ҳар куни Ракель олдига тушганимда, ичимда бомба портлагандай бўларди.

Кунлар шу зайл ўтаверди ва бир талай испанча ибораларни ҳам ўргандим. Қиз билан мулоқотда қийналганимда эса имо-ишоралардан фойдаланардим. У шунчаки, куларди. «Мен Жейн, сен эса Тарзан», деб ўйлагандир.

Учрашув баҳона шу қадар кўп қаҳва ичардимки, ҳалигача тушунолмайман. Уни 20 ёки 30 марта учрашувга таклиф қилганман. Ракель бирор марта очиқ-ойдин рад этмасди, аммо иши кўплиги, чарчаганини айтарди.

3 ойдан кейин янги уйга кўчиб ўтдим, аммо юрагим ғаш эди: «Ҳаммаси тамом...». Аммо чекинишни истамасдим, ўша барга бориб, Ракель қўлидан қаҳва ичишни хоҳлардим.

У ишга чиқмайдиган кунлари овқатлангани бошқа жойга борардим, чунки барга бош суқишдан маъно йўқ эди. Вақт ўтиши билан испанчада озми-кўп мулоқот қилишни ўргандим.

Бунда доимий равишда мажбуран испан ТВсини кўрдим, радиосини тингладим. Сабабини билмайману, болқонликларда хорижий тилларни ўрганиш салоҳияти баландроқ, менимча.

*****

- Ракель бир куни ниҳоят, нега алоҳида учрашувга чиқмаслиги сабабини айтди: «Сен футболчисан, демак, кейинги йили бошқа мамлакатга кетишинг ҳам мумкин. Кечир, аммо таклифингни қабул қилолмайман».

Биласизми, ўзимни дунёдаги энг зўр йигитдек ҳис қилмайману, лекин ўшанда миямда битта фикр айланди: «Жин урсин, у юқори савияга чиқишимга ишонмаяпти ва «Севилья»да узоқ қололмаслигимни ўйлаяпти».

Шу тариқа «Севилья»да ўз ўрнимни топишга бошқача ҳаракат қила бошладим. Бунга қалбимдан жой олган қиз билан учрашиш воситаси сифатида қараганим ҳам рост. Ахийри салкам 7 ойдан сўнг ниятимга етдим.

Клуб сафига 27 январь куни қўшилган бўлсам, 20 августда қуйидаги мазмунда SMS-хабар олдим: «Қиз синглиси билан барда қаҳва ичяпти. Ишламаяпти!» Ўша вақт шаҳарда кўпчилик муҳаббат тарихимни биларди.

Демак, кимдир барга кириб, менга хабар жўнатган. Айнан ким? Буни айтишни истамайман. Кейин дўстимга қўнғироқ қилдим ва тўғри меҳмонхонага йўл олдик.

Ракель ёнига ўтириб, дарҳол далил гапирдим: «Яхши, ишламаяпсан. Демак, бирга овқатланиш учун вақтинг бор». У ҳайрон бўлиб, қандай йўл тутишни билмаслигини айтди...

Мен эса янада далиллашдим: «Йўқ, кетишни истамайман - учрашувга чиқишимиз шарт». Ниҳоят, эртаси куни бирга тушлик қилдик...

*****

- Мана, 6 йилдан буён биргамиз. Икки нафар ширин қизчамиз бор. Севгилимга етишиш йўли ҳаётимдаги энг мураккаб довонлардан биридир. Бу ҳаттоки, ЧЛда муваффақият қозонишдан ҳам қийинроқ.

Ракелнинг оиласи билан танишувимиз ҳам жуда қизиқ бўлди. Ўшанда испанчада туппа-тузук гаплашардим. Аммо катта оила даврасига тушсанг, ўзингни йўқотиб қўйишинг ҳеч гап эмас экан.

Улар шу қадар тез гапиришдики, ҳеч вақони тушунмадим, боз устига, Севилья шевасида мулоқот қилишди. Ракелнинг отаси ҳазиллашишга интилди, бироқ уни мутлақо тушунмасамда, бошимни лиқиллатганча ҳаммага қўшилиб кулдим.

Энг қизиғи, у буни сезган экан, якунда елкамга уриб қўйди: «Ҳечқиси йўқ, яна 2-3 ойдан кейин ҳаммасини тушуна бошлайсан». Менимча, севилья­ликларнинг характери бошқача. Асосийси, улар очиқкўнгил.

Энг ҳайратланарлиси, турмуш ўртоғим футболга мутлақо қизиқмасди. Шунинг учунми, ўзимча ўйладим: «Бу оила футболдан мутлақо йироқ». Кейинроқ маълум бўлдики, Ракелнинг яқинлари «Севилья»га чинакамига мухлислик қилишар экан.

Дейлик, бобоси оғир хасталик сабаб, шифохонага тушганида, қўлидаги соатини ечишдан қатъий бош тортган экан. У буни ҳамшираларга қуйидагича изоҳлаган:

«Йўқ, бундай соатни фақат «Севилья» фанатлари тақишади. У умримнинг сўнгги сонияларигача мен билан бирга бўлади...». Кўпчилик футбол инсонлар қалбидан нечоғли чуқур жой олганини ҳанузгача яхши англамайди.

Журналистлар интервью чоғи биздан мудом мураббийлар, тактикалар, машғулотлар ҳақида сўрашади, аммо майдон четидаги ҳаётимиз уларни унча қизиқтирмайди. Мисол учун, бу мен каби футболчилар учун ўта муҳим.

Мана, 6 йил давомида Швейцариядан аввалига Германия, кейин Испанияга кўчиб ўтдим. «Базель» ва «Шальке»да чакки тўп сурмадим, лекин доимо нимадир етишмаётганини ҳис этардим. Бугун эса майдонга ким учун тушаётганимни биламан.

Асосийси, «Севилья»да бир неча йил муносиб ўйнадим. Хусусан, 2013 йили Диего Марадонадан сўнг сардорлик боғичини қўлга олган илк легионерга айландим.

Айниқса, Ракелнинг бобосига ўхшаганлар учун клуб нақадар азиз ва қадрли эканлигини билгач, менда бу туйғу янада ошди.

*****

- Ўз тарихим билан фахрланаман. Ота-онам хорватиялик, аммо Боснияда уруш бошланишидан олдин Швейцарияга кўчиб ўтишган ва мен шу юртда ўсиб-улғайдим. Шунга қарамай, кўплаб хорватлар каби Роберт Просинечки мухлисиман.

У «Реал», «Барселона» ва «Севилья»даги ўйинлари билан барчани лол қолдирган вақтларда ҳали болакай эдим. Уруш оиламизни четлаб ўтди - бу яхши. Лекин узоқ вақт ватанга қайтолмадик.

7 ёшлигимда бобом ва бувимни кўриш учун борганимиздаёқ атрофимни ўраб турган барчаси ўта қадрлидек туюлганди. Онажоним битта воқеани тез-тез эслайди.

Мактабга энди қатнай бошлаганимда, бир куни уйга қайтганим заҳоти сўрабман: «Ойижон, яна неча йил ўқишим керак? Мактабга боргим келмаяпти, шунчаки, футбол ўйнамоқчиман».

Ойим жавоб берибди: «9 йил». Шунда 9 йилдан бир кун ҳам ортиқ бормаслигимни айтган эканман. Ҳаммаси шундай бўлди. 17 ёшимда «Базель» шарафини ҳимоя қила бошладим.

Орзум тайин эди - Роберт Просинечки каби машҳурликка эришиш ва Испанияда ўйнаш. 2014 йили «Барса» шартнома таклиф қилди. Аммо аёлимнинг оиласи «Севилья»да қолишимни истарди.

Яқинларим шунинг баробарида дунёдаги энг катта клублардан бирида ўзини синаб кўриш имкони инсонга бир марта берилишини ҳам яхши тушунишарди. Шунинг учун кетишимга қарши чиқишмади.

«Севилья» эса «Барса» таклиф қилган пулдан рози эди ва трансферга розилик билдирди. Шу тариқа клуб билан яхшиликча хайрлашаётганимдан бахтиёр эдим, ахир айнан у ҳаётимни тубдан ўзгартириб юборди-да.

Хайрлашув чоғи Ракелнинг отаси айтган гапни ҳеч қачон унутмайман: «Омадингни берсин, аммо фақат «Севилья»га қарши ўйинда эмас...».

*****

- «Барселона»да тўп суриш ҳар бир футболчининг болалик орзуси. Таништирув маросими ва кийиниш хонасига илк марта кирганим кечагидай ёдимда. Шкафни очсам, ҳозирлаб қўйилган бутсалар турарди. Этим жимирлаб кетди.

Ахир бу оддий эмас, Каталония бутсалари эди. Футболчи барча ўйинларда муваффақият қозониш ва сов­ринлар ютишни хоҳлайди. Аммо клубнинг бир бўлагига айланиш мутлақо бошқа масала.

Кўплаб жамоаларга ҳурмат билан қарайман, аммо «Барселона»да сайёрамиздаги барча мухлислар билан ўзгача алоқа мавжуд. Шундай буюк футболчилар даврасида тўп суриш - улкан бахт. Масалан, Мессини олайлик, бутун дунё унинг ўйинидан завқ олади.

Лекин унинг машғулотларда қанча тер тўкишини тушуниш учун тасаввурингизни 20 ёки 50 карра кенгайтиришингиз керак. Лионелни яқиндан таниганим, Неймар ва Хави билан ўйнаганим, Суарес, Иньеста, Пикедан нималарнидир олганимдан бахтиёрман.

Доимо бир маромда ўйнашга интиламиз ва бу ҳаракат катта машина механизмига ўхшайди. Шунчаки, тугмачани боссанг кифоя, қурилма қисмлари ўз-ўзидан ишга тушади.

«Барселона»ни телевизор орқали кўриш ёки унга қарши ўйнаш бошқа-ю, клубнинг бир бўлагига айналиш бошқа. Барселонага келганимда испанчада бунчалик яхши гапиришимдан ҳайрон бўлишгани табиий.

Бу жамоага тезроқ киришиб кетишим ва йигитлар билан тил топишишимда қўл келди. Бунинг учун айнан аёлимдан миннатдорман. Унинг ёрдамида тил билмас «Тарзан»дан «Севилья» сардорига айландим, чемпион «Барселона»гача бўлган йўлни босиб ўтдим.

Катта қизим 4 ёшда ва ҳозирдан футбол каталонияликлар учун қанчалик муҳимлигини англаяпти. Келажакда онаси каби футболга бефарқ бўладими ёки мендек миллионлар ўйини билан яшайди - бу номаълум.

Уйда телевизор кўриб ўтирганимизда, бошқа биров гол урса, қизимнинг жаҳли чиқади ва «Йўқ! Сиз уришингиз керак!» - дейди. Гол муаллифи Месси ёки Суарес, унга қизиғи йўқ.

Яъни клубнинг ғалабаси етарли эмас, айнан отаси гол уриши шарт. Бунинг учун бор маҳоратимни ишга соляпман. Балки энди Лео билан ҳам бу ҳақда гаплашиб кўришим керакдир...

И.ОБИДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz