Қайднома

Қидирув

ЕЧЛнинг 18 ёшли омадсиз рекордчиси кимлигини биласизми?

ЕЧЛнинг 18 ёшли омадсиз рекордчиси кимлигини биласизми?

  20.11.2017 00:15
  0
  1431
ЕЧЛнинг 18 ёшли омадсиз рекордчиси кимлигини биласизми?

ЕЧЛ гуруҳ босқичи доирасидаги «Бенфика» ва «МЮ» жамоалари ўртасида кечган учрашувда 18 йил аввал Икер Касильяс томонидан ўрнатилган рекорд янгиланди.

Гап шундаки, испаниялик машҳур дарвозабон 18 ёш 118 кунлик пайтида илк марта Чемпионлар Лигасида майдонга тушганди.

Унинг «Бенфика»даги касбдоши Миле Свилар эса туғилганидан кейин 18 йилу 52 кун ўтгач, «кўҳна қитъа»нинг клублар ўртасидаги энг нуфузли турнирида дебютини нишонлади.

Свилар катта ёшдаги мухлислар учун таниш ном. Миленинг отаси, яъни Ратко Свилар кубок эгалари кубогининг 1993 йилдаги ярим финалидан бирида «Антверпен» таркибида Москвага ташриф буюрганди.

Тўғри, Россиянинг «халқ жамоаси» португалиялик ҳакам Корраду томонидан «қатл» этилган ўша баҳсда бельгияликлар дарвозасини бошқа югославиялик - Стеван Стоянович қўриқлаган, 43 ёшли Ратко эса захира ўриндиғида қолганди.

Катта Свилар 47 ёшгача «Антверпен»да тўп суриб, шу жамоада мураббийлик фаолиятини бошлаганди. Бельгияга кўчиб ўтишидан аввал собиқ Югос-лавиянинг таниқли дарвозабонларидан бири эди.

У «Ройовадина» клубида ўйнаган, маълум муддат АҚШда истиқомат қилган. 1982 йили собиқ Югославия термаси таркибида ЖЧга йўл олган, аммо мураббийлар уни майдонга туширишмаганди. 80-йиллар ўрталарида Бельгияга кўчиб ўтиб, ўсишга эришди.

Табиийки, отасининг дарвозадаги ҳаракатларини томоша қилиш Милега насиб этмади. Чунки у дунёга келган пайт Ратко футболчилик фаолиятини якунлаганди.

Узоқ вақт «Антверпен»да ёш дарвозабонларга устозлик қилгани боис, ўғли ҳам ота касбига жуда барвақт меҳр қўйди. Чаққонлик ва сакраш маҳоратини эса волейболчи онасидан мерос қилиб олди.

Ёш дарвозабон кумир сифатида отаси эмас, Икер Касильясни танлаган. Аввалига «Антверпен»да, кейинчалик «Андерлехт»да таҳсил олди. Эътиборлиси, нафақат футбол, балки бошқа соҳаларда ҳам чуқур илм олишга интилди.

Оқибатда, мактабни аъло баҳоларга тамомлаб, болалар ва ўсмирлар жамоаларида Бельгия шарафини ҳимоя қилди. Ёзда «Бенфика»дан таклиф олган ёш дарвозабон терма сафида майдонга тушишга улгурмади.

Айтишларича, Миле лиссабонликларга Ратко Свиларни эмас, балки Мишель Прюдоммни эслатган эмиш. Хуллас, ёш посбон Португалиянинг энг номдор клубида биринчи рақамга лойиқ кўрилган бўлсада, келажаги ойдек равшан эмасди.

Жамоа ёзда бразилиялик Эдерсонни «Ман Сити»га каттагина маблағ эвазига қўйиб юбориб, дарвозабонлар бригадасини қайта шакллантирди. Яъни фахрий Жулио Сезар «Да Луш»да қолди, Бруну Варела «Витория» (Сетубал)дан ортга қайтарилди.

Айнан шу киперни асосий ролга мўлжаллашган, ёши қирққа яқинлашиб қолган Паулу Лопеш кутилмаган муаммолар юзага келганида ёрдамлашиши кўзда тутилганди.

Свилар эса биринчи рақам соҳиби бўлишига қарамай, учинчи ёки тўртинчи дарвозабон мақомида эди. Мавсум бошлангач, Жулио Сезарнинг Германия терма жамоасидан ўтказиб юборилган 7та голнинг салбий асоратидан тамоман қутула олмагани маълум бўлди.

Варела эса аксарият қора танли футболчилар қатори беқарор тўп сура бошлади. Оқибатда «бургутлар» ЕЧЛ беллашувларини ўта муваффақиятсиз бошлашди, ички мусобақада ҳам чемпионга хос ўйин кўрсата олмадилар.

Шу боис, бош мураббий Руй Витория Сезар ва Вареладан умидини узиб, бельгияликка имконият беришга қарор қилди. Аввалига Миле Португалия кубоги доирасида «Оланенсе»га қарши сафар учрашувида, сўнгра ЕЧЛда «МЮ» билан ўтказилган кетма-кет иккита «жанг»га ташланди.

Албатта, ёш посбон илк учрашувдан бошлаб мукаммал ўйин кўрсатди, десак муболаға бўлади. Хатоликлар ҳам кузатилди, лекин дебют учун муносиб ҳаракат таъминланди - икки марта ўз дарвозасини голдан сақлаб қолди.

«Иккинчи қават»даги қарама-қаршиликда Ромелу Лукакудан енгилди. Гол эса аламли тарзда ўтказиб юборилди - тўп билан беихтиёр дарвоза чизиғини босиб ўтди. Лекин шу ўринда Рашфорднинг зарбаси чиройли чиққанини ҳам алоҳида таъкидлаш даркор.

Ҳа, аламли гол рекордчи дебютантнинг кайфиятини бузганига шубҳа йўқ. Лекин футбол тасодифлардан холи эмас. Эътиборлиси, аламзада Милени Ромелу Лукаку биринчилардан бўлиб юпатишга интилди.

Балки яқин келажакда бу икки футболчи Бельгия термаси шарафини биргаликда ҳимоя қилишар, эҳтимол тақдир Свиларга Сербия миллий жамоасини раво кўрар? Муҳими шуки, дебютант дастлабки синовдан муваффақиятли ўтди.

Гарчи унинг жамоаси мағлубиятга учраган бўлсада. Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, Миле Свилар энди кўпроқ майдонга тушиши аниқ. Мунтазам равишда бўлмаслиги мумкин, лекин тез-тез.

Ёдингизда бўлса, ёш посбоннинг кумири Икер Касильяс ҳам «Реал» ёки терма таркибидан тўғридан-тўғри жой олмаган.

Боз устига, ҳар икки дебюти тасодиф туфайли рўй берган - Сесар Санчес ЕЧЛ финалида жароҳат олганидан кейин ўрнини навқирон ҳамкасбига бўшатиб берганди.

Сантьяго Канисарес эса ўзининг эҳтиётсизлиги оқибатида атир шишаси синиғи билан қўлига шикаст етказиб, ЖЧ-2002дан четда қолганди. Агар Миле ўз клубида ишончли ўйнашда давом этса, миллий жамоа таклифи узоқ куттириб қўймайди.

Унинг қайси термада тўп суриши бошқа масала. Гап шундаки, футболчи Бельгия ва Сербия фуқаролигига эга. Демак, танлаш имконияти йўқ эмас.

Қизиғи шундаки, бугунги қаҳрамонимизнинг фамилиясини талаффуз қилиш чоғида «А» ҳарфига урғу берилмоқда.

Ваҳоланки, отаси майдонда тўп сурган кезлари урғу «И»га йўналтириларди. Яъни, «СвилАр» ёки «СвИлар» бўлишни «Бенфика»нинг ёш посбони ҳал қилиши лозим.

Бельгия термасида СвилАрдан жиддий рақобатни енгиб ўтиш талаб этилади. Чунки Тибо Куртуа, Симон Миньоле ва Гийом Юбер («Брюг-ге»)дан устун эканлигини исботлаши шарт.

Сербия варианти бироз енгилроқ - Владимир Стойкович фахрийлар қаторида, Предраг Райкович савияли посбон бўлсада, уни Куртуага тенглаштириш қийин. Қисқаси, Миле учун СвИлар бўлиш манфаатлироқ.

Албатта, бу - ҳозирги вазиятдан келиб чиққан мулоҳазалар. Ратко Свилар ҳам айнан шундай фикрда - Сербия футболи мутасаддилари билан айни масалада мулоқот қилмоқда.

Кичик Свиларда Россия мундиали иштирокчисига айланиш имконияти бор. Ким билади дейсиз, балки «Олд Траффорд»да унинг дарвозасига йўл топган Неманья Матич келгусида Миленинг термадаги шеригига айланар?

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz