Қайднома

Қидирув

Ҳаммаси равшан ёхуд «Локо» гудоги баралла эшитилди

Ҳаммаси равшан ёхуд «Локо» гудоги баралла эшитилди

  21.11.2017 08:24
  0
  1974
Ҳаммаси равшан ёхуд «Локо» гудоги баралла эшитилди

Ҳа, олий лига-2017 мусобақасини 30-турига айтарли иш қолмади. Ҳар ҳолда, аввалги ҳафта ўтказилган ўйинлар барчасига ойдинлик киритди. Хуллас, 29-турдан сўнг совриндор клублар тартиб бўйича «терилди»: «Локомотив» - 1-ўрин (чемпион), «Насаф» - 2-ўрин (кумуш медаль), «Пахтакор» - 3-ўрин (бронза медали). «Бунёдкор»нинг 4-поғонадан силжимаслиги эса ўтган ҳафтаёқ аниқ бўлиб улгурганди. Шунингдек, «Қизилқум» 11-ўрин масаласини ижобий ҳал қилди ва спорт принциплари бўйича олий лигада қолиши мумкин. Энди ундан фақат лицензиялаш шартларини бажариш талаб этилади.

«ЛОКО» - ИККИ КАРРА

ЧЕМПИОН!

«Локомотив» узоқ кутилган иккинчи чемпионлик маррасига етди, ниҳоят. Муҳими, «темирйўлчилар»нинг зафар гудоги жуда жарангли янгради. Яъни бутун мавсум давомида 1-ўриндан тушмаган жамоа «Динамо» меҳмони бўлиб, 5:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Шу тариқа сўнгги турдан ўрин олган «Локомотив» - «Бунёдкор» ўйини шунчаки, ўртоқлик мақомига айланиб қолди. Бошқача айтсак, мавсум аввалида йил ўйини бўлиши айтилган қарама-қаршилик кубок финали олдидан ўзига хос репетиция вазифасини ўтаб берадиган бўлди. Эҳ, «Локомотив» агар Самарқандда ҳам чемпионликни расмийлаштирмаганида, сўнгги тур даҳшатли тўқнашув белгиси остида кечарди. Аммо «темирйўлчилар» бунга йўл қўйишмади.

ШУБҲАГА ЎРИН ЙЎҚ

29-турнинг энг асосий тўқнашуви Қаршида бўлиб ўтди. Унда «Насаф» деярли 20 минг мухлис қаршисида «Пахтакор»ни аянчли аҳволга солди. Бу ўйин олий лига-2017нинг энг асосий тўқнашуви мақомини олганди. Чунки ўртада олтиндан «қиммат» кумуш медаль тақдири турганди. Ғалаба қозонган томоннинг Осиё Чемпионлар Лигаси йўлланмасига эга чиқиши ҳам учрашувга нисбатан қизиқиш даражасини ошириб юборди. Якунда «Насаф» «шерлар» дарвозасига жавобсиз 4та гол йўллаб, 2-ўрин, яъни «кумуш»ни ўз номига расмийлаштирди. Шота Арвеладзе ва легионерлар билан қувватланган «Пахтакор» эса 3-ўрин билан кифояланади. Дарвоқе, бу  аввалги мавсум натижасидан яхши, аммо барибир, кам...

ЎРТАДА КИЧИК ЎЗГАРИШ

«Бунёдкор» мавсум бошида ўртамиёналик қисматига кўниккандек кўринганди. Жамоа бошқаруви Миржалол Қосимовга топшилганидан кейингина вазият ўзгарди, аммо кеч бўлган экан... Мана, «қалдирғочлар» ҳарчанд уринишмасин,  совриндорлар қаторига киролмадилар, барибир. Тўғри, умид аввалги турлардаёқ сўнган бўлсада, «Бунёдкор» жорий чемпионат ҳисобидан ўз стадионидаги сўнгги ўйинда муносиб футбол кўрсатиб, «Бухоро»ни 3:0 ҳисобида доғда қолдирди. Натижада Улуғбек Бақоев жамоаси 6-ўринга тушди. Энг қизиқ томони, унинг жойига кўтарилган «Навбаҳор» ҳам ўтган тур мағлубият аламини тотиб кўрди. Фарқи шундаки, наманганликлар «Олмалиқ» майдонида битта тўп фарқи билан ютқазишди - 1:2. Шунинг ўзи «Навбаҳор»нинг турнир жадвалида 5-ўринга чиқиши учун етарли бўлди. Ўз навбатида, «Олмалиқ» очколари сонини 41тага етказиб, 8-поғонага «сакради». Яна бир «ўртамиёна олишув»да «Қизилқум» бор эътиборини жамлаб, «Металлург»ни 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Навоийликлар шу натижа ўлароқ, 11-ўринда қолиш масаласига нуқта қўйишди, бекободликлар аксинча, 10-қатордан тепароққа  кўтарилиш имкониятини бой беришди.

НАФИ ЙЎҚ

ЮТУҚЛАР...

«Сўғдиёна» мавсум охирида ҳушёр тортдими, нисбатан яхши натижалар қайд этмоқда. Жиззахликлар ўтган ҳафта «Қўқон-1912»ни мағлубиятга учратишди. Биласиз, Нўъмон Ҳасанов жамоаси чемпионатда жуда яхши старт олганди, аммо иккинчи даврада ўша иштиёқни сақлаб қололмади. Хуллас, «Қўқон-1912» охирги турдаги салбий натижадан сўнг «Олмалиқ» билан ўрин алмашди. Ўз навбатида, бу ғалаба жиззахликларга ҳам ёрдам бермади. Чунончи, Игорь Шквирин шогирдлари нари борса 12-ўринга кўтарилишлари мумкин. Вадим Абрамов бошқарувидаги «Нефтчи» эса «Машъал»га қарши кечган ўйинни 29-тур учун анъанавий тус олган 2:1 ҳисобида якунлади. Шу тариқа жамоа «Шўртан» билан ўртадаги 1 очколик фарқни сақлаб қолди. Ғузорликлар аслида тақвимга кўра, «Обод»га қарши майдонга тушишлари керак эди. Лекин пойтахт клуби четлаштирилгани боис, «Шўртан» номига техник ғалаба ва 3 очко ёзилди.

 

ТУР ҚАҲРАМОНИ - «НАСАФ»

Охирги вақтлар «Пахтакор» атрофида турли гап-сўзлар шу қадар урчиб кетдики, кўпчилик жамоанинг «Насаф»га қарши ўйинига шубҳа билан қаради ҳатто. Кимдир ҳакамлар ҳақида гапирди, бошқа биров «Насаф»нинг кучига паст баҳо берди. Рўзиқул Бердиев шогирдлари эса бундай гап-сўзларнинг барчасига терс ўлароқ, мавсум ўйинига айланган тўқнашувда «Пахтакор»га унутилмас сабоқ беришди. «Насаф» шунчаки, ғалаба қозонмади, балки ҳеч қандай шубҳага ўрин қолдирмади - 4:0 ҳисоби барчасига далолат. Бу ғалаба қаршиликларга нафақат кумуш медаль, балки Осиё Чемпионлар Лигаси йўлланмасини ҳам тақдим этди. Хуллас, «Насаф» мавжуд хавотирларни тарқатиб юборгани учун ҳам тур қаҳрамони сифатида тан олинди.

ТУР ИҚТИБОСЛАРИ

- Очиғи, бугун бундай ҳисобда ғалаба қозонишни ўйламагандик ҳам. Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи).

- «Насаф» урган голлар асосан ўз хатоларимиз туфайли юзага келди. Биринчисида Искандеров, иккинчисида Алижонов, кейин Лобанов нима қилганини ўзингиз кўрдингиз, мутлақо тушунарсиз ҳолат. Шота Арвеладзе («Пахтакор» бош мураббийи).

- Учрашувга кўнгилдагидек шайланолмадикми ёки руҳан тайёрланолмадик - буни  билмадим. Факт шуки, ўз имкониятимиз даражасида ўйнолмадик. Улуғбек Бақоев («Бухоро» бош мураббийи).

- Агар барча имкониятлар муваффақиятли якунланганида эди, ўйин «Нефтчи» учун анча енгил кечарди. Эффектсиз уринишлар сабаб, бутун вақт давомида асабий ҳолатда ўтирдим. Вадим Абрамов («Нефтчи» бош мураббийи).

- Мавсум тугашига 4та тур қолган вақт регламентга ўзгартириш киритилиши бироз шошқалоқлик, менимча. Чемпионат тугагач, барча клублар вакилларини йиғиб, овоз бериш орқали қарор чиқарилса, мақсадга муваффиқ бўларди. Александр Хомяков («Машъал» бош мураббийи).

ўзбекистон чемпионатининг барча ҒолибларИ

1992 - «Пахтакор», «Нефтчи»

1993 - «Нефтчи»

1994 - «Нефтчи»

1995 - «Нефтчи»

1996 - «Навбаҳор»

1997 - МҲСК

1998 - «Пахтакор»

1999 - «Дўстлик»

2000 - «Дўстлик»

2001 - «Нефтчи»

2002 - «Пахтакор»

2003 - «Пахтакор»

2004 - «Пахтакор»

2005 - «Пахтакор»

2006 - «Пахтакор»

2007 - «Пахтакор»

2008 - «Бунёдкор»

2009 - «Бунёдкор»

2010 - «Бунёдкор»

2011 - «Бунёдкор»

2012 - «Пахтакор»

2013 - «Бунёдкор»

2014 - «Пахтакор»

2015 - «Пахтакор»

2016 - «Локомотив»

2017 - «Локомотив»

---------------------------------

«Пахтакор» - 11 марта

«Нефтчи» - 5 марта

«Бунёдкор» - 5 марта

«Дўстлик» - 2 марта

«Локомотив» - 2 марта

«Навбаҳор» - 1 марта

МҲСК - 1 марта

Давоми бор. Мазкур таҳлилий мақолани тўлиқ ҳолда "ИнтерФУТБОЛ"нинг 21 ноябрдаги сешанба сонида ўқишингиз мумкин.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz