Қайднома

Қидирув

Лобанов нега жазоланмади? Регламентни йиртиб ташлаш керакми?

Лобанов нега жазоланмади? Регламентни йиртиб ташлаш керакми?

  22.11.2017 14:16
  0
  1619
Лобанов нега жазоланмади? Регламентни йиртиб ташлаш керакми?

Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси Тартиб-интизом қўмитаси 19 ноябрь куни, Олий Лига 29-тури доирасида Қарши шаҳридаги «Марказий» стадионида бўлиб ўтган «Насаф» – «Пахтакор» учрашувидан сўнг, стадиондаги мухлислар ва «Пахтакор» клуби дарвозабони Александр Лобанов ўртасида юз берган воқеани ўрганиб чиқди.

Ўйиндан сўнг, Александр Лобанов майдонни тарк этар экан, «Насаф» клуби мухлислари унинг шаънига нолойиқ сўзларини йўллаб, ҳақорат қилишган. «Пахтакор» дарвозабони эса бунга ноўрин ҳаракатлар билан жавоб қайтарган.

Мазкур ҳолат ПФЛ Тартиб-интизом қўмитиси томонидан ўрганиб чиқилгач, футболчи Александр Лобановнинг ҳаракатлари сабаб унинг жамоаси «Пахтакор» клуби 50 000 000 (эллик миллион) сўм миқдорида жаримага тортилиши белгиланди.

Ўз навбатида, «Насаф» клуби мухлисларининг мухлислик маданиятига зид ҳаракатлари сабабли жамоа 100 000 000 (юз миллион) сўм миқдорида жаримага тортилиши белгиланди.

Агар келгусида шундай ҳаракатлар такрорланадиган бўлса, ҳар икки клуб бунданда кескинроқ тарзда жазоланади. Жумладан, «Насаф» клуби мухлислари томонидан шундай ҳаракатлар такрорланса, жамоа келгуси уй учрашувларини мухлисларсиз ўтказади.

Агар мавзуни чуқур таҳлил қилиш керак бўлса, бу омилга ҳам атрофлича тўхталса бўлади. Лекин биласизми, бу ерда асосий масала ҳақиқатнинг тагига етиш эмас. Йўқ бу ерда ҳақиқат ҳам, ҳақ тараф ҳам. Ҳамманинг ўз ҳақиқати борлиги қанчалик рост бўлса, Тартиб Интизом қумитасининг вазифаси шу қадар аниқ - алоҳида ҳаракатларни ўрганиш, қайд этиш ва жазолаш. Тамом.

Ҳар иккала клубга ҳам қўйилган регламентал жазолар расман эълон қилинди. Стадионда юзага келган тартибсизликларни олдини ола билмагани, шароит яратгани учун клуб ва стадионнинг жазога тортилиши нормал ҳолат. (Бу тажрибадан Европанинг ривожланган мамлакатлари аллақачон ўтганлар. Жарима тўлайвериб, зериккан клублар мухлислар билан ишлашнинг янги босқичларига ўтдилар, стадион персонали вазифалари ўзгарди, жамоавий эмас, индивидуал жазо турлари кўпайди. Бир мухлис тартибни буздими, клуб уни аниқлаб йиллик ёки бир неча йиллик абонементдан маҳрум қилади масалан). Шунчаки, «Насаф» тўлаши керак бўлган 100 миллион, «Пахтакор»нинг 50 миллион сўм жаримаси қайси ҳисоб-китоблар асосида юзага келганини тушунмадим. Балки бир неча қоидаларнинг бузилгани йиғилиб (хабарда фақат Лобанов масаласи кўрсатилган) шу миқдорни келтириб чиқаргандир ёки долларнинг расмий курси икки баробар ошгани рол ўйнагандир, билмадим.   

Лекин масаланинг энг асосий ва хунук қисми: Футболчининг ҳаракатларичи? Терма жамоа посбони Александр Лобанов нега жазодан қуруқ қолди?

Футбол бир мусобақа, ўйин, томоша, манфаатлар тўқнашуви, пул ва ҳоказо, лекин бугунги даврда асосийси оммавий тарғибот воситаси экани сир эмас. Футболчилардан соғлом авлодга тарғиботчи сифатида фойдаланишади, халқнинг кўз ўнгида намунали шахс сифатида намоён қилишади. Қилиш керак. Футболга ижобий характер берадиган ягона фактор, уни «хўроз уриштириш»дан устун қиладиган ягона сабаб шу.

Бу масаланинг маънавий томони. Энди қоғозлашадиган бўлсак, ўша ўйинда футболчилар томонидан амалга ошириладиган хатти-ҳаракатлар регламент бўйича жазоланиши керак. «Пахтакор» ички мажлис ўтказиб, дарвозабонни «уялтиргани» ва жаримага тортгани ҳақида хабарлар чиқди, аммо бу ҳақида регламент нима дейди?

2017 йилги мавсум учун тасдиқланган (фақат, эски раҳбарлар тасдиқлаган) мусобақа регламентининг 5.45 бандининг г) қисмида футболчиларнинг ҳакамлар, ПФЛ вакиллари ва бошқа расмий шахслар, томошабинларга қарата кўрсатилган ҳақоратомуз ҳаракатлар 2-5 ўйинга дисквалификация қилиниши аниқ кўрсатиб ўтилган.

Агар Лобанов бу ҳаракатни мухлисларга эмас, масалан ўз жамоадошимга (Деле Алли каби) кўрсатгандим, дейдиган бўлса, барибир жазо бор – ўша банднинг битта кейинги қисмида футболчи 2-3 ўйинга дисквалификация қилиниши кўзда тутилган.

Бу жазо жарима ёки клубга нисбатан жазо билан алмаштирилса бўладиган жазо эмас, клубга жарима қўйилдими ёки йўқми, клубнинг ўзи мажлис қилдими ёки йўқми, қатъи назар, футболчи ҳам ўз қилмиши учун жавоб бериши шарт. Футболчи ПФЛ доирасидаги ўйинда қоидани бузди, оқибат эса муқаррар бўлиши керак. 

Александр Лобановнинг ўша хунук ҳаракатини исботлаш шарт эмас, бошқа тус беришга ҳам зарурат йўқ, зеро ПФЛ расмий хабарида Лобанов айнан ўша ҳаракати учун жазолангани аниқ қилиб ёзиб қўйилибди. Факт бор. Регламент бор. Уни қўллашга нима халақит беряпти.


Манба: tribuna.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz