Қайднома

Қидирув

Нега 14та ёки 10та эмас, айнан 12та жамоа? Ёхуд шошилиш ярамайди

Нега 14та ёки 10та эмас, айнан 12та жамоа? Ёхуд шошилиш ярамайди

  23.11.2017 00:22
  0
  1807
Нега 14та ёки 10та эмас, айнан 12та жамоа? Ёхуд шошилиш ярамайди

Келгуси мавсумдан олий лига иштирокчилари сони 12тага етказилиши маълум қилингач, бу кўпчилик учун кутилмаган ҳолга айланди.

Чемпионат якунланиши арафасида чиқарилган тезкор қарорни нима билан изоҳлаш мумкин? Нега 14та ёки 10та эмас, айнан 12та жамоа?

Ахир уч даврали тизим натижасида ўз уйида ўйин ўтказадиган 6та жамоа устунликка эга бўлади, иштирокчиларнинг ярмида эса аксинча ҳолат кузатилади. Хуллас, ЎФФ қарори шунга ўхшаш саволларни келтириб чиқариши тайин эди.

Ваҳоланки, жаҳон футболида бундай қарорлар ҳеч қачон фойда келтирмаган, аксинча, ривожланишга тўсиқ бўлиши мумкин. Бутун дунё тажрибасидан фойдаланиш керак.

Мисол учун, Германия омадсизликлардан сўнг жиддий ўзгаришларга қўл уриб, уни болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантиришдан бошлади.

Айнан олмон ўлкасида қўлланган тажрибани ўрганиб, уни Ўзбекистондаги иқлим, молиявий шароитлар, моддий-техник базага солиштириб, сўнгра уни республикамиз бўйлаб амалга татбиқ этиш жоиз.

Бевосита чемпионатимизга келсак, келгуси мавсум ҳаммасини ўрнида қолдириш керак. Ўз навбатида, 2018 йилги чемпионат регламентига ўзгартириш киритиш лозим.

Федерация янгиланишларга қўл урмоқчими, шундай қилиши жоиз, фақат... қонун-қоидага асосланган ҳолда. Жамоалар қайд этилган натижалар нималарга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилсин.

Умуман, лигаларга хорижий ном (премьер-лигага ўхшаш) бериш шартмас. Унда 20та клубни қолдириб, уларни «А» ва «Б» тоифадаги икки гуруҳга 10тадан бўлиш лозим.

«А»дагилар чемпионлик, «Б»дагилар эса «А» тоифасига қўшилиш учун курашишади. Ўйинлар тўрт даврада ўтказилади ва шу тариқа «уй-сафар» тизимида адолат қарор топади.

«А» тоифасида 9-10-ўринларни эгаллаган қатнашчилар ўз ўринларини «Б»да 1-2-ўринларни олганларга бўшатишади. «А»да 7-8-ўринларни эгаллаганлар эса «Б»да 3-4-ўринларни эгаллаганлар билан «ўтиш ўйинлари»да иштирок этишади.

Улар ўртасидаги ягона баҳсни нейтрал майдонда ҳам ўтказиш мумкин.

Биринчи лига қатнашчиларини эса Шарқий (Фарғона водийси, Тошкент шаҳри, Тошкент, Сирдарё, Жиззах вилоятлари) ҳамда Ғарбий (Қорақалпоғистон республикаси ва бошқа вилоятлар) минтақаларга бўлиб, ҳар бирида ўнтадан жамоа қатнашиши таъминланади.

Ўйлашимча, мамлакатимизда футбол ривожи учун 40та профессионал клуб етади. Қуйи дивизионда ҳам ўйинлар тўрт даврада ташкил этилади. Минтақалар ғолиблари тўғридан-тўғри «Б» тоифасидаги гуруҳга қўшиладилар.

Иккинчи ўрин соҳиблари эса «Б» тоифасидаги 7-8-ўринларни эгаллаганлар билан ўзаро «ўтиш ўйини»да куч синашишади.

Гуруҳлардаги учрашувлар сони 36тага тенг, яъни футболи ривожланган мамлакат учун у қадар кўп эмас.

Аммо ўткинчи ўйинлар сони камаяди, баҳслар шиддатли ўтади, савия ошади. Натижада, стадионлар мухлислар билан тўлади, клубларнинг молиявий ҳолати яхшиланади.

Умуман, вариантлар кўп, аммо жиддий қарор чиқаришдан олдин машҳур мутахассислар ва экспертларнинг фикри инобатга олиниши, шунингдек, футбол ихлосмандлари манфаати назардан четда қолмаслиги даркор.

Ахир футболчилар айнан ишқибозлар учун майдонга тушишади, айнан миллионлар ўйини ихлосмандлари учун ҳам футбол спорт тамойилларига асосланиши лозим.

А.ҚАЮМОВ, Зарафшон шаҳри


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz