Қайднома

Қидирув

«Турма»дан топилган тўпурар

«Турма»дан топилган тўпурар

  27.11.2017 00:18
  0
  3530
«Турма»дан топилган тўпурар

Габриэль Жезус АПЛни осонлик билан забт этди. Бироқ «Манчсетер Сити»га кўчиб ўтгунига қадар жиддий машаққатларни енгишига тўғри келди.

«МЮ»га таклиф этилган Клеберсон ёдингиздами? Ўз вақтида бу жаҳон чемпионидан сермаҳсул Хуан Себастьян Вероннинг ўрнини тўлдириш талаб этилганди. «Арсенал»да кутилган савияни кўрсата олмаган Эдуни-чи?

Булар - АПЛда ишончни оқлай олмаган бразилияликлар. Филиппе Коутиньо, Виллиан, Фернандиньо, Давид Луиз, Роберто Фирмино ва Робиньо туманли ўлкада муносиб тўп сура олдилар.

Лекин улар Англияга келишдан аввал Европанинг бошқа чемпионатларида тажриба тўплагандилар.

Габриэль эса Бразилиядан тўппа-тўғри АПЛга йўл олди. Лекин ушбу чемпионатда ўз ўрнини топиш борасида Клеберсон билан Жезус ўртасида фарқ бор.

Клеберсон тўғридан-тўғри асосий таркибга қабул қилинган бўлса, Габриэль «шаҳарликлар»нинг захира ўриндиғидан аста-секин етакчи ҳужумчилар сафига ўтди.

- Жезус Англияга келгунига қадар биз бундай имконият мавжудлигидан бехабар эдик.

У АПЛ жамоаларига савияли футболчиларни Бразилиянинг ўзидан харид қилиш мумкинлигини кўрсатиб берди, - дейди «Уотфорд» шарафини ҳимоя қилаётган Ришарлисоннинг агенти Ренато Веласко.

Ёш ярим ҳимоячи ҳам ўз олдига қўйилган вазифани талаб даражасида уддаламоқда. Жезуснинг саёҳати уни янада юқорироқ савияга олиб чиққан бўлсада, дебюти анчайин мураккаб вазиятга тўғри келди.

***

Габриэль болалик пайтидаёқ футболга меҳр қўйиб, жонажон Жардим Пери туманида тўп сура бошлаган-ди. Лекин дастлабки беллашувларини Сан-Паулудаги ҳарбийлар турмаси ҳудудида ўтказишга мажбур бўлганди.

Айнан шу ерда қандайдир мусобақани ташкиллаш учун яроқли ягона стадион мавжуд эди. Аммо унинг майдони доимо лой ва чангга ботган, маҳаллий ярим профессионал жамоанинг ёшлари шуғулланадиган жой ҳисобланарди.

Кейин Жезус мукаммаллик сари навбатдаги босқични босиб ўтди. Анханхуэра алоҳида ижтимоий лойиҳа бўлиб, у ҳам Сан-Паулу шимолида жойлашган, 13-16 ёшли болакайлар учун Варзеа (ҳаваскор футболчилар ўртасидаги Бразилия 1-лигаси) чемпионати ўтказиладиган макон эди.

Бу ерда ўз тиришқоқлиги ва маҳоратини кўрсата олган ўсмирлар турманинг ифлос стадионини тарк этиш имкониятига эга бўлишарди.

- Анханхуэра - 1928 йилда ташкил топган ва ўзига яраша анъаналарига эга ўқув маскани. У мен ва отамнинг сармоялари кўмагида фаолият олиб боради. Биз мактабни керакли жиҳозлар, агентлик тармоғи ва спорт ускуналари билан бепул таъминлаймиз.

Иқтидорли болакайларни топиш учун мактаблар ва матбуот дўконларига эълон берганмиз, - дейди директор Фабио Каран. - Албатта, тарбияланувчиларнинг барчаси профессионал даражага чиқа олмасликларини яхши билсакда, уларнинг машқ қилишларига имкон бердик.

Акс ҳолда, болакайларнинг аксарияти кўчада қолиб кетишарди. Бу эса туманимизда хавфли ҳолатга олиб келади. Габриэль тадбиримиз юлдузи эди.

У келган куниёқ бунга амин бўлганмиз. Албатта, кўпгина болакайлар қатори Жезус ҳам камчиликлардан холи эмасди. Лекин ҳар қандай номутаносибликка барҳам беришга тайёр ва қодирлиги билан бошқалардан ажралиб турарди.

***

- Энди мен Жезусдек ноёб иқтидор соҳибига эгаман. У доимо бошқалардан кўра кўпроқ тер тўкишга, машқ қилишга интиларди.

Отам мактабимизда мураббийлик қилиб, бир йил давомида унинг заиф жиҳати - чап оёғида яхши ўйнай олмасликка чек қўйиш бўйича шуғулланди, - дейди Каран қониқиш билан. - У доимо бизнинг майдон ва унинг ташқарисида берган кўрсатмаларимизни астойдил тингларди.

Тиришқоқлик, билмаганини ўрганиш ва маҳоратини ошириш йўлидаги интилиши хусусида гап бўлиши мумкин эмас. Ана шу фазилатлари уни юксак савияга олиб чиқди.

Мана, ҳозирда «Палмейрас» ёшлар жамоаси дарвозасини қўриқлаётган Вагнер ҳам узоқ вақт эътибордан четда юрганди. Бу - камдан-кам учрайдиган ҳолат. Лекин сиз уларнинг ҳозир қаерда тўп суришаётганига эътибор беринг.

Манчестерда Габриэль онаси билан истиқомат қилмоқда. У 20 ёшли ҳужумчининг ишонч тоғи ва иш юритувчиси.

- Жезуслар оиласи жуда аҳил ва доимо бир-бирини қўллаб-қувватлайди. Дона Вера (Габриэлнинг онаси) ёлғиз ўзи 4 нафар фарзандини оқ ювиб, оқ таради, оёққа турғазди. Мен у билан учрашган давримда аёл уч ерда хизмат қиларди, - дейди директор.

Ана шу беминнат қўллаб-қувватлаш кўмагида Жезус ўзининг ноёб иқтидорини юзага чиқара олди, ёлғизлик ва муҳтожлик ҳақида ўйламади. Тез орада «Палмейрас» ҳамманинг оғзига тушган 15 ёшли вундеркинд билан учрашди.

- Уни 2012 йилнинг августида 15 ёшлилар жамоасида майдонга туширдик. Дарҳақиқат, Габриэль тенгдошларидан яққол ажралиб турарди, - дейди «Палмейрас» ёшлар жамоаси мураббийи Бруно Петри. - Ана шу фантастик таассуротлар таъсирида уни клубга расман таклиф қилдик.

Лекин у ёш бўлгани сабабли чемпионатда иштирок эта олмасди. Шу боис U-14 жамоасида шуғулланишга мажбур бўлди.

***

2014 йилда Жезус ўзининг Паулиста (17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги штат 1-лигаси)даги ёрқин ўйинлари орқали кўпгина жамоалар назарига тушди.

Лекин Фабио ҳамкорликни давом эттиришга кўндирди. Натижада Жезус бу йил рекорд ўрнатди. Чиндан ҳам, дебют мавсумидаги 28 учрашувда 37та гол урган ҳужумчи ўта ноёб иқтидор соҳиби эканлигини тўла-тўкис исботлади.

Рақиб ҳимоясини тез фикрлаш эвазига осонлик билан ортда қолдирадиган Роналдо ўйинларидан баҳра олган бразилияликлар «9» рақамига бўлган ҳурматни йўқотишмаган.

Шу боис, Габриэль уларнинг янги умидига айланди. Жезус ўз рекорди сари интилаётган пайтда «Сан-Паулу» вакиллари уни мўмай даромад ва асосий таркибдан жой бериш билан йўлдан оғдиришга уриниб кўрдилар. Бу эса ҳужумчига ўз таъсирини кўрсатди.

- Негадир Габриэль гол уришдан тўхтади, - дейди Петри. - Эътиборини ўйинга қаратиш ўрнига жамоадан кетиш хаёли билан банд бўлиб қолганди. Чунки таклиф жуда ажойиб эди.

Биз Жезусни психотерапевт кўригига олиб боришни режалаштиргандик. Бироқ у воқеалар ривожини тезлаштириш керак эмаслигини ўз вақтида тушунди.

Мухлислар эса ҳужумчининг маҳоратидан ҳайратда эдилар. Унинг ҳар бир ҳаракатини диққат билан кузатишарди. Охир-оқибат, ёшлар жамоасига келганига бир йил бўлмай туриб Габриэль дастлабки чинакам шартнома остига имзо чекди.

Ишқибозларнинг кучли босими остида «Палмейрас» мураббийлари Жезусни асосий таркибда майдонга туширдилар. Ваҳоланки, жамоа қуйи лигага тушиб кетиш хавфи остида турганди.

Қаҳрамонимиз эса дебют мавсумида 4та гол уриб, энг яхши дебютант унвонига сазовор бўлди. Кейин «Палмейрас» билан 1994 йилдан бери илк марта муваффақиятли мавсумни қайд этди. Натижада мусобақанинг энг яхши ўйинчиси сифатида тақдирланди.

***

Кейин навбат Олимпиададаги иштирок ва дастлабки олтин медалга келди. Шундан сўнг Габриэль харидорларининг сафи яна биттага кўпайди.

Яъни, иқтидорли ҳужумчининг «Адидас» билан ҳамкорлик қилишига яқиндан ёрдам берган Каду «Ман Сити» скаутларидан бири сифатида мутасаддиларга Жезусни тавсия этди.

Шу тариқа бир йилдан камроқ вақт ичида Габриэль «шаҳарликлар» сафидан жой олди. Серхио Агуэронинг жароҳати эса унга январь ойидаёқ майдонга тушиш имкониятини берди.

Оқибатда Жезус мавсумни шу қадар ажойиб кўрсаткичлар билан якунладики, ҳатто Агуэро ҳам захира ўриндиғида қолиб кетди. Жорий мавсум Серхио билан сермаҳсул тандем ҳосил қилган ёш ҳужумчи барча турнирларда 10та гол уриб улгурди.

Бирор-бир тайёргарликсиз, Бразилиядан тўппа-тўғри Англияга келган йигитнинг натижалари кўпчиликни лол қолдирди. Фақат Петри буни хотиржамлик билан қарши олди:

- Габриэль ҳатто машғулотларда ҳам худди кубок учун курашаётгандек ҳаракат қилади. Шу боис, Бразилия ёшлар термасида узоқ ушланиб қолмади - миллийдан чорлов олди.

Аммо шундай муваффақиятлардан кейин ҳам Жезус аввалгидек камтарлигича қолди. У - Неймар эмас. Унга тунги зиёфатлар бегона. Уни фақат голлар қизиқтиради.

Энди эса Жезус Неймар билан ҳамкорликда миллий терманинг етакчи ҳужумчисига айланди. ЖЧ-2018 саралаш босқичида 7та гол урди, Бразилия яна қудратли, аҳил жамоага айланди.

Шубҳа йўқки, «пентакампеонлар» Россияга 6-жаҳон тожини қўлга киритиш илинжида боришади. Албатта, Габриэль Жезусдек ёш, лекин ўта маҳоратли ҳужумчи билан биргаликда.

Қаҳрамонимиз ҳамон изланишда, камолотнинг янги чўққилари сари йўл топиш ниятида.

- Ҳатто таътил пайтида ҳам Жезус бизнинг мактабимизда шуғулланмоқчи. Ёш тарбияланувчилар ҳам шуни истайдилар, мен ҳам, албатта. Бўлажак ёрқин ғалабалар учун. Истак-иштиёқи бор киши ҳеч қачон тер тўкишдан қочмайди, кўпроқ ишлашни хоҳлайди.

Шу истак эвазига Габриэль 20 ёшида чинакам юлдузга айланди. Ёшларнинг ундан ибрат олишлари айни муддао! - дейди Фабио Каран.

Содиқ СОБИР тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz