Қайднома

Қидирув

Ниятлар номларда намоён ёки учинчи давра механизмига муносабат

Ниятлар номларда намоён ёки учинчи давра механизмига муносабат

  28.11.2017 06:22
  0
  1399
Ниятлар номларда намоён ёки учинчи давра механизмига муносабат

Истиқлол даври ислоҳотлари мамлакатимиз ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди.

Мустақиллик қадрини биладиган, эркинлик кайфиятидан ҳузурланадиган халқимиз эндиликда фаровонлик марраларини забт этиш учун астойдил меҳнат қилмоқда.

Мустабид мафкурани эслатувчи номлар ва атамалардан халос бўлганимиз боис, бунёдкор халқимиз айрим қийинчиликларни назар-писанд қилмай, дадил олға бормоқда.

Афсуски, ҳарчанд истамайлик, футболимиздаги ислоҳотлар биз кутган натижани бермади. Ўйлаймизки, бу хулоса ОЧЛ мавсумини аъло даражада якунланишига муносиб ҳисса қўшган Равшан Эрматов ютуқларига соя солмайди асло.

Зеро, Равшан Эрматов феномени - футболимиздаги алоҳида ва истисно ҳодиса.

Натижасизлик хусусида мулоҳаза юритилганида, асосан миллий жамоамиз ва етакчи клубларимизнинг халқаро мусобақалардаги иштироки назарда тутилгани маъқул.

Навбат янги концепцияга

Натижасизлик, яъни миллий жамоамизнинг жаҳон чемпионати финал босқичига чиқолмаётганидан мухлислар анчадан буён азият чекишади. Мазкур муаммо сабаби эса олий лигадаги носоғлом муҳит билан чамбарчас боғлиқлиги кўпчиликка аён.

Демоқчимизки, ўзгариш борасидаги фармон ва қарорларга қарамай, олий ва биринчи лигада шу пайтга қадар шўро мафкурасидан кўчиб ўтган эскича яшаш иштиёқи, аввалги ҳаётни қўмсаш кайфияти ҳукм сурди.

Хўш, ўзгаришга уриниш ҳаракатлари ҳозиргача нега сезиларли наф келтирмади? Назаримизда, буни фақат битта сабаб билан изоҳлаш ўринли: ҳамма футболимиз ўзгаришини хоҳлади, аммо «олий лига» ва «биринчи лига» атамаларидан воз кечиш ҳақида ўйлаб кўрмади.

Ҳа, кўпчилик «Гап ном эмас, балки моҳиятнинг ўзгаришида» қабилида мулоҳазага боради, чоғи. Ҳолбуки, номнинг инсон руҳияти, ҳаттоки, тақдирига ҳам таъсири беқиёс эканлиги исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқатдир.

Гоҳо бетоб бола исми ўзгартириладики, бу удумда ҳам илоҳий ҳикмат мужассам. Шу маънода олий ва биринчи лига ҳам бемор эди. Касалликни даволаш учун бир қанча чора-тадбирлар қўлланилди.

Таассуфки, ҳар икки лига ҳаётида даво тадбирлари таъсири сезилмади. Шундай экан, ягона чора қолганди. Ниҳоят, шу ўзгаришга қўл урилди, яъни олий ва биринчи лига номи янгиланди.

Биз 2010 йили шўро мафкураси ва шунинг таъсиридаги ёндашувлардан халос бўлмас эканмиз, наинки ўзимизда, балки МДҲ футболида ҳам ривожланиш кузатилмаслигини таъкидлаб, соҳага янги концепция зарурлигини долзарб масала сифатида жамоатчилик ҳукмига ҳавола этгандик.

Бироқ ҳамон долзарблигини йўқотмаган ўша мулоҳазалар газета тахламлари орасида қолиб кетди. Футболимиз мутасаддилари ўшанда барчасини бир фармон ёки қарор билан ўзгартириб юбориш мумкинлигини ўйлашди, шекилли, бунга эътибор қаратишмади.

Олий ҳакам - вақт эса илгари сурилган ўша мулоҳазалар ҳақлигини исботламоқда. Не тонгки, бу ҳақиқат кўнгилни қувонтирмайди. Кўнгил изтиробли ўйлар сўроғидан қийналади: нима учун футбол жамоатчилиги мулоҳазаларимизни вақтида қўллаб-қувватламади ёки ўзимиз ўша фикрларнинг ҳаётга татбиқи масаласида жон куйдирмадик?

Нима учун таҳририятлар томонидан жиддий ва жўяли таклиф-мулоҳазалар, ўринли танқидий чиқишлар расман футболимиз мутасадди ташкилотларига юборилмайди?

ОАВ вакиллари балки мутасаддиларнинг сийқаю, мазмуни аввалдан маълум жавобларини билишгани боис, шу пайтга қадар бетараф позиция танлашаётгандир... Эҳтимол. Энг муҳими, энди вазият ўзгарди.

Шу жумладан, футбол нашрлари садоларини ҳам тинглай бошлашди. Ёдингизда бўлса, газетамизнинг шу йил 7 ноябрь куни чиққан 89-сонида «Ислоҳотлар зарурати - регламентдан устун» сарлавҳаси остида мақола ёзиб, унда «олий лига» ва «биринчи лига» атамалари эскирганини айтиб, ҳар икки дивизион номини ўзгартириш таклифини ўртага ташлагандик.

Аниқроғи, бу ғояни қайтадан долзарб масала сифатида эътибор марказига олиб чиқдик. Такрор бўлсада, айтамизки, бу масала газетамизнинг 2015 йил 8 декабрда чоп этилган 87-сонида ҳам ёритилганди.

Ўшанда олий лига ўрнида «бош лига», биринчи лига ўрнида эса «авангард лига» атамаси қўлланилиши мақсадга мувофиқ келишини ёзгандик. Таклиф ўртага ташлаганидан 2 йил ўтгач, уни яна қайта ёритиш зарурати туғилди.

Гарчи футбол жамоатчилиги бу мавзуни кенг муҳокама қилмаган ва эҳтиёткор муносабатни маъқул кўрган бўлсада, муаммо ечимини топди, барибир. Яъни ҳар икки лига номи янгиланди. Тўғри, янги атамаларда байналминал руҳ кучли.

Агар таклифимиз кенг муҳокама қилинганида ва янги-янги вариантлар илгари сурилганида, номлар бошқачароқ, миллий футбол маконимизга мосроқ даражада ўзгарармиди?! Майли, энди бунга ҳожат йўқ.

Биз учун муҳими - янгиланиш сари юз бурилгани. Бунинг учун футболимиз мутасаддиларига раҳмат. Айни чоғда айтамизки, янгиланиш жараёни осон кечмайди.

Зеро, ҳар қандай ўзгариш ҳеч қачон осонгина қабул қилинмаган ва бундан кейин ҳам қарсак чалиб кутиб олинмайди. Ижобий натижа бериши учун янгиланиш қўллаб-қувватланишга муҳтож, унинг механизми эса мукаммаллаштирилиши шарт.

Бу ўринда супер-лиганинг учинчи даврасини назарда тутмоқдамиз. Дарҳақиқат, уни ўтказиш тартиби мукаммаллаштирилишга муҳтож. Таклиф сифатида 2 йил аввал айтилган мулоҳазани яна эътиборингизга ҳавола этамиз.

Учинчи давра механизми

Дастлабки икки давра якунларига кўра, 12та  жамоа ўрни аниқланади. Мазкур таклиф - тартибда 2 давра якунидаги ўрин ва очколар аҳамияти беқиёс.

Чунки ҳаммаси равшан бўлгач, 1-6-ўринлардаги жамоаларнинг 7-12-поғоналарда қолган рақибларга қарши учрашувларда олган очколари бекор қилинади.

Бошқача айтганда, 3-даврадан аввал 1-6-ўринлар эгаларининг фақат ўзаро ўйинларда тўплаган очколаригина сақланади. Якунланган мавсум натижалари мисолида кўрсак, «Пахтакор»нинг «Машъал», «Олмалиқ» ёки «Динамо» билан баҳсларда олган очколари нолга айланади.

Жамоанинг «Локомотив», «Насаф» ёки «Бухоро» билан учрашувлари натижаси эса 3-даврада муҳим саналади. Шундай тартибга амал қилинса, етакчи жамоалар аутсайдерлар ҳисобига очко йиғиш анъанасидан воз кечиб, ўзаро баҳсларда ғалаба қозонишга кўпроқ интилади.

Таклиф - тартибдаги яна бир ўзига хослик шундаки, унга кўра, 3-даврани 7-12-қаторда бошлаган жамоаларнинг дастлабки икки даврадаги ўзаро учрашувлари натижалари ва очколари ҳисобга олинмайди.

Улар 3-даврага 1-6-ўринларни эгаллаган жамоаларга қарши баҳсларда қўлга киритилган қимматли очколар билан киришишади. Натижада бутун мавсум давомида ўзаро очко бўлишиш ҳолати учрамайди.

Аутсайдерларда етакчилардан очко тортиб олиш иштиёқи кучаяди. Етакчилар ўз ўрнида, 2-давра якунига кўра, кучли олтиликка кириш умидида уларга осонгина очко улашмайдилар.

Таъбир жоиз бўлса, улар дастлабки 2 даврада 3-босқич аввалида нолга айланадиган очколар учун курашадилар, курашишга мажбур бўладилар.

Умид қиламизки, юзаки қараганда, сал мураккабдек туюладиган, аслида эса анчайин содда ва аниқ механизм футболимиздаги янгиланишлар самараси учун хизмат қиладиган муҳим омил ҳисобланади.

Эслатамиз, бу таклиф - тартиб бўйича 3-даврада ҳам «уй-сафар» тизимига амал қилинади.

Муҳаммад Вали


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz