Қайднома

Қидирув

Тўртинчи олтин бутса – ёхуд Лионель Мессига аталган оқшом ҳақида

Тўртинчи олтин бутса – ёхуд Лионель Мессига аталган оқшом ҳақида

  28.11.2017 00:14
  0
  1724
Тўртинчи олтин бутса – ёхуд Лионель Мессига аталган оқшом ҳақида

Лионель Месси фаолияти давомида 4-марта «Олтин бутса»ни қабул қилиб олди.

Маълумот учун айтиш керак, AIPS (Европа спорт нашрлари ассосиацияси) томонидан таъсис этилган ушбу соврин «кўҳна қитъа»даги миллий чемпионатларнинг бош тўпурарига топширилади.

Хуллас, Барселонада ташкиллаштирилган навбатдаги тантанали маросимда евромавсум-2016|2017нинг энг яхши голеадори тақдирланди.

Маросим жойи

Биласиз, Месси етакчилигидаги «Барселона» ўтган мавсум асосий совринлардан қуруқ қолди. Яъни Испания чемпионати ва ЧЛда мақсадга эришолмай, мамлакат кубоги билан кифояланди.

Шунга қарамай, аргентиналик юлдуз индивидуал мукофотга яраша иш бажарди - примерода 37та гол уриб, Европа миллий чемпио­натлари бош тўпурари бўлди («Олтин бутса»-2016 Католония клубининг яна бир голеадори Луис Суарес мулкига айланганди).

Аслида «ПСЖ» вакили Эдинсон Кавани ҳам мавсум давомида рақиблар дарвозасини 37 марта ишғол қилди, бироқ Ла-лига ва Лига 1да урилган голлар турлича коэффициентга эгалиги сабаб, уругвайлик ҳужумчи совринсиз қолди.

Оддий айтганда, Мессининг битта голига 2 очко берилди, Каваникига эса 1,5 очко. Тантанавор тақдирлаш маросими 24 ноябрь куни эски пиво заводи биносида ташкиллаштирилди.

Бу ер бутун ХХ аср мобайнида Испаниянинг машҳур лагерига хизмат қилган. 1992 йили эса бино қайта таъмирланган ва эндиликда унинг таркибида музей, шунингдек, оммавий ва маданий тадбирлар учун мўлжалланган катта зал бор.

«Унинг бутсалари - голлар туғилиши»

Тақдирлаш маросимида журналист­лардан ташқари, Мессининг клубдошлари - Луис Суарес, Андрес Иньеста ва Серхио Бускетс ҳам ҳозир бўлишди.

Биринчи қатордан эса «Барселона» президенти Хосеп Бартомеу, Marca нашри директори Хуан Игнасио Гальярдо, футболчининг умр йўлдоши Антонелла Рокуццо ҳамда тўн­ғич ўғли - Тьяго жой олишди.

Маросимни Гальярдо очиб берди: «Месси ҳақида янги гап айтиш қийин - барчаси айтилган, ёзилган, ҳаммага маълум. Кимдир ўзгача бир таъриф ўйлаб топгунича Лео жамоадошини самарали узатма билан таъминлайди.

Бошқа биров энди навбатдаги мақтовни йўллашга киришганида, у уч нафар рақибини алдаб ўтади. Бу нутқ матбуотга чиқишига қадар эса Месси ўзи учун одатий шедевр гол уришга улгуради.

Хуллас, унинг бутсалари - футболнинг асл моҳияти, унинг табиати ва илк асоси. Оддий айтсак, голлар ва яна голлар».

Лео мукофотни ўтган йилги лауреат ва яқин дўсти Луис Суарес қўлидан қабул қилиб олди. «Месси ҳар бир ўйинда ақлга сиғмас ишларни уддалайди», - дея мақтади уругвайлик ҳужумчи клубдошини.

Аргентиналик даҳоча эса бунга оддий ва камтарона жавоб қайтарди: «Индивидуал соврин - бу жамоавий ишлар самараси. Агар жамоадошларим яхши ишламаганларида, шунча гол уролмасдим».

«Олтин юрак»

Аслида Месси учун «Олтин бутса» навбатдаги соврин эмас. Чунки бу мукофот топширилишидан олдин Леога «Олтин юрак» (болалардаги онкологик хасталикларга қарши кураш тимсоли) тақдим этилди.

Чунончи, Месси бошқараётган хайрия жамғармаси бу борада кўплаб лойиҳаларни амалга татбиқ қиляпти. Хусусан, Барселонада жойлашган болалар онкомаркази - San Joan de Deu билан яқин ҳамкорлик ўрнатилган.

«Муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш ғоят муҳим, - деди футболчи рамзий совринни кичик болакай қўлидан қабул қилиб. - Қодир эканман, ёрдам беришда давом этаман ва бундан қалбим  таскин топади».

Болалар ҳам буни билишади, ҳис қилишади, Лео. Майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам шундай ёрқин шахс бўлиб юравер...

Европа миллий чемпионатлари (мавсум-2016|2017)нинг энг яшхи тўпурарлари

Т|р.

Футболчи (клуби)

Чемпионат

Гол

Очко (коэф.)

1

Лионель Месси («Барселона»)

Испания

37та

74 балл (2,0)

2

Бас Дост («Спортинг»)

Португалия

34та

68 балл (2,0)

3

Пьер-Эмерик Обамеянг («Боруссия Д.»)

Германия

31та

62 балл (2,0)

4

Роберт Левандовски («Бавария»)

Германия

30та

60 балл (2,0)

5

Луис Суарес («Барселона»)

Испания

29та

58 балл (2,0)

5-7

Харри Кейн («Тоттенхэм»)

Англия

29та

58 балл (2,0)

5-7

Эдин Жеко («Рома»)

Италия

29та

58 балл (2,0)

8

Дрис Мертенс («Наполи»)

Италия

28та

56 балл (2,0)

9

Эдинсон Кавани («ПСЖ»)

Франция

35та

52,5 балл (1,5)

10-13

Криштиану Роналду («Реал»)

Испания

25та

50 балл (2,0)

10-13

Антони Модест («Кёльн»)

Германия

25та

50 балл (2,0)

11-13

Андреа Белотти («Торино»)

Италия

25та

50 балл (2,0)

11-13

Ромелу Лукаку («Эвертон»)

Англия

25та

50 балл (2,0)

«Олтин бутса»нинг барча соҳиблари

Мавсум

Футболчи (клуби)

Чемпионат

Гол (балл)

1996|1997

Роналдо («Барселона»)

Испания

34та (68)

1997|1998

Никос Махлас («Витесс»)

Голландия

34та (68)

1998|1999

Марио Жардел («Порту»)

Португалия

36та (72)

1999|2000

Кевин Филлипс («Сандерленд»)

Англия

30та (60)

2000|2001

Хенрик Ларссон («Селтик»)

Шотландия

35та (52,5)

2001|2002

Марио Жардел («Спортинг»)

Португалия

42та (84)

2002|2003

Рой Макаай («Депортиво»)

Испания

29та (58)

2003|2004

Тьерри Анри («Арсенал»)

Англия

30та (60)

2004|2005

Тьерри Анри («Арсенал»),

Диего Форлан («Вильярреал»)

Англия

Испания

25та (50)

2005|2006

Лука Тони («Фиорентина»)

Италия

31та (62)

2006|2007

Франческо Тотти («Рома»)

Италия

26та (52)

2007|2008

Криштиану Роналду («МЮ»)

Англия

31та (62)

2008|2009

Диего Форлан («Атлетико»)

Испания

32та (64)

2009|2010

Лионель Месси («Барселона»)

Испания

34та (68)

2010|2011

Криштиану Роналду («Реал»)

Испания

40та (80)

2011|2012

Лионель Месси («Барселона»)

Испания

50та (100)

2012|2013

Лионель Месси («Барселона»)

Испания

46та (92)

2013|2014

Луис Суарес («Ливерпуль»),

Криштиану Роналду («Реал»)

Англия

Испания

31та (62)

2014|2015

Криштиану Роналду («Реал»)

Испания

48та (96)

2015|2016

Луис Суарес («Барселона»)

Испания

40та (80)

2016|2017

Лионель Месси («Барселона»)

Испания

37та (74)

А. АҲМЕДОВ  тайёрлади


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz