Қайднома

Қидирув

Орзу рўёби ёхуд Панама термасининг ЖЧ-2018га йўл олгани ҳақида

Орзу рўёби ёхуд Панама термасининг ЖЧ-2018га йўл олгани ҳақида

  03.12.2017 06:28
  0
  1211
Орзу рўёби ёхуд Панама термасининг ЖЧ-2018га йўл олгани ҳақида

Россия-2018 мундиалида дебютант сифатида иштирок этадиган Панама миллий жамоаси аслида 2014 йилги жаҳон форумидаёқ кўриниш бериши мумкин эди.

Бироқ мамлакат футболининг чин афсонаси Дели Вальдес ва унинг шогирдлари сўнгги паллада йўлланмани қўлдан чиқаришганди. Мана, ҳозирги жамоа ниҳоят, тарихий натижага эришди.

«Ҳали кўп ишлашимиз керак, аммо айни паллада ғалаба нашидасини суришга ҳақлимиз», - дейди Вальдес. КОНКАКАФ зонасидаги ЖЧ-2018 саралаши. Гуруҳ босқичининг сўнгги тури. Рақиб Коста-Рика термаси. Ҳисоб - 2:1.

Ҳакамнинг финал ҳуштаги янграши билан «Роммель Фернандес» стадиони майдони одамлар билан тўлиб кетди - Панама термаси мураббийлар штаби вакиллари, футболчилар, арена ходимлари ва албатта, мухлислар...

Улар орадан маълум вақт ўтгач, биргаликда баралла ҳайқиришди: «Ниҳоят, жаҳон чемпионатидамиз!» Мамлакат футболи тарихидаги энг яхши футболчи Хулио Сесар Дели Вальдес ҳам ўзгача шодлангани аниқ.

Зеро, 2013 йили унинг оламшумул ғалабани тантана қилишига бир баҳя қолганди.

FIFA.com сайти журналистлари панамаликларни алоҳида табриклаш баҳонасида 50 ёшли Вальдесни суҳбатга чорлашди ва у ўз фаолияти ҳамда мамлакат футболи равнақи йўлидаги 6та асосий бурилиш нуқтаси ҳақида  гапириб берди.

Ибтидо

- Катталар доирасидаги фаолиятим бошланган вақт Панама футболи ҳали профессионал мақомда эмасди. Дейлик, миллионлар ўйини мамлакатимизда муҳимлик нуқтаи назаридан учинчи ёки тўртинчи спорт тури ҳисобланарди.

Ҳар ҳолда, оммавийлик бобида бейсбол, баскетбол ва боксдан орқада эди. Шунинг учун профессионал футболга хорижий давлат - Уругвайда қадам ташлаганман. Акам махсус стипендия олиш ҳуқуқига эга бўлгач, ўйнаш учун Аргентинага кетганди.

У вақтида «Аргентинос Хуниорс» шарафини ҳимоя қилган. Хуллас, акамнинг ёрдами билан хорижга чиқдим. Бошида Аргентина чемпионати тўртинчи дивизионида тўп сурдим, 1989 йили эса Монтевидеонинг «Насьональ» клуби сафига қўшилдим. Ўшанда 22 ёшда эдим.

Европа томон юриш

- Уругвайда 4,5 йил ўйнаганимдан сўнг Италияга йўл олдим ва «Женоа» ҳамда «Кальяри» жамоаларида фаолият юритдим. Бу вақтга келиб, Панамада танилиб улгургандим. Ке-йинчалик Францияда «ПСЖ», Испанияда «Овьедо» ва «Малага» клублари учун ўйнадим.

Европа миллий биринчиликларида тўп сурадиган кам сонли панамаликлар қатори мамлакатимизни танитишга ҳаракат қилганман. Ўйлайманки, ўша вақт ўз ўйинларимиз билан миллий футболимизнинг янги даражага чиқишига ўзига хос туртки берганмиз.

ЖЧ - олисдаги орзу

- Табиийки, ўша йиллари Панама термасини жаҳон чемпионатига чиқиши тасаввурга ҳам сиғмасди. Шунга қарамай, биз айнан мундиалда ўйнаш орзусидан қўшимча куч олардик.

3 ёки 4 нафар футболчигина хорижда ўйнаш тажрибасига эга эди: акам Хорхе Аргентинада, икки ёки уч киши Сальвадорда ва яна бир ўйинчи Мексикада... Хуллас, терма жамоамизга жаҳон футболи нафаси етишмасди. 2006 йили миллий жамоамиз ниҳоят, «олтибурчак» (КОНКАКАФ зонасидаги ЖЧ саралашининг якуний босқичи шундай таърифланади)ка қўшилди.

Бироқ акам билан бирга термадан кетишга қарор қилдик. Чунки вақт етганини тушунгандик. Гарчи Панама миллий жамоаси ишлари яхши кечмаётган бўлсада, бу келажакни ўйлаб чиқарилган қарор эди.

Чилпарчин бўлган умид

- 2014 йилги мундиал саралашида илк марта йўлланма ютишга яқин келдик - маррага етишимизга атиги бир қадам қолди. Агар ўз майдонимизда АҚШ термасини енгганимизда, «плей-офф»да ўйнардик, бироқ ўйиннинг сўнгги дақиқаларида ғалабани қўлдан чиқардик.

Мен бош мураббий эдим, акам эса ассистентим. Хуллас, жуда оғир зарбага дуч келдик, ахир жиддий муваффақиятга яқин келган ҳолда, охирги қадамни ташлай олмагандик. Шу тариқа саралаш якунига етгани ҳамоно исътефога чиқдик.

Шунчаки, маълум вақт ўзимизни бошқа соҳада синаб кўришни хоҳлагандик. Терма жамоадаги ишимизни эса Эрнан Дарио Гомес давом эттирди. Муҳими, у биз тузган таркиб ўзагини сақлаб қолди.

Бахтдан сармастлик

- Октябрь ойида Коста-Рика термасига қарши кечган ўйин арафасида қаттиқ ҳаяжонландим, қайғурдим. Фақат Роман Торрес гол ургач, кўнглим таскин топди. Ўша лаҳзадаёқ ҳақиқат вақти келгани, жаҳон чемпионати чиптаси бу сафар қўлимиздан ҳеч қанақасига чиқмаслигини теран ҳис қилдим.

Афсуски, ўзим истагандек бақиролмадим, чунки ўйин ярим кечаси тугади ва қўшнилар оромини бузишдан чўчидим (кулади). Ҳа, ниҳоят, азалий орзуга эришдик! Агар ортга назар солсам, бунинг учун қандай йўлларни босиб ўтганимиз шундоқ кўз ўнгимга келади.

Россия ва истиқбол

- Энди ЖЧга талаб даражасида тайёргарлик кўришимиз шарт. Бу катта турнир олдидаги асосий жиҳатдир. Футболчилар ҳам жисмоний, ҳам руҳий томондан энг юқори формада бўлишларини таъминлаш зарур. Тўғри, айни паллада юз берган воқеадан чинакамига завқланишни ҳам унутмаслигимиз керак.

Ахир ЖЧга илк марта йўл оляпмиз. Хурсанд қиладиган томони, футбол Панамада биринчи рақамли спорт турига айланиб улгурди. Хусусан, оммавийлик мисли кўрилмаган даражага чиқди.

Буни айниқса, «Реал» ва «Барселона» «класико»си мисолида яққол кўриш мумкин: қаерга борманг, бу жамоалар футболкаларини кийиб олган одамларни учратасиз. Ҳа, маҳаллий доирада ҳали кўп ишлаш керак, профессионаллик даражасини кўтариш талаб этилади. Лекин қайтараман, энг асосийси - ҳозирги лаҳзалардан роҳатланиш.

А. АҲМЕДОВ  тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz