Қайднома

Қидирув

Яхши ва ёмон - Ўзбек футболидаги кескин қарорлар тўғрисида гаплашамз

Яхши ва ёмон - Ўзбек футболидаги кескин қарорлар тўғрисида гаплашамз

  03.12.2017 00:19
  0
  3092
Яхши ва ёмон - Ўзбек футболидаги кескин қарорлар тўғрисида гаплашамз

Газетани тўлдириш ҳам осон бўлиб қолди. Илгари нима ҳақда ёзишни билмай, роса бош қотирардик. Энди эса мавзу ўз-ўзидан ёғилиб келди.

ЎФФ кунда-кунора янгиликка қўл уриб турибди ва ёзишни хоҳлаган қаламкаш ҳаммасига бирма-бир муносабат билдириши мумкин.

Муболаға учун узр, аммо авваллари 10 йилда ҳам кузатилмаган ишларни энди 10 кундаёқ кўряпмиз. Мана, Ўзбекистон чемпионати бош турнирида 12та жамоа қолиши ҳақидаги қарорни ҳазм қилмасимиздан олий лига атамаси билан хайрлашдик.

Хуллас, кейинги мавсумдан кучлилар дивизиони жарангдор ном билан йўлга чиқади - Суперлига. Про-лига номи берилган қуйи дивизионда эса фақат 24 ёшгача бўлган футболчилар ўйнашлари мумкин.

Хўш, бу янгиликлар футболимизга нима беради? Келинг, ҳаммасига батафсил тўхталиб, янгиликларнинг ижобий ва салбий жиҳатларига бирров назар соламиз...

12та ЖАМОА

Олий лига, кечирасиз, Суперлигада 12та жамоада иштирок этиши яхшими? Яхши. Ишонинг, бунинг ижобий жиҳатлари жуда кўп. Регламент ва унга амал қилинмагани ҳақидаги гап-сўзларнинг барчасини четга суриб айтсак, аслида бу тизимга аллақачон ўтиш керак эди.

Элитада 16та жамоа иштирок этиши учун қуйидан юқорига чиқишни истайдиган камида 5-6та клуб бўлиши шарт. Аммо аввалги тизимда шундай рақобат бормиди? Аксинча, чемпионат тарихида олий лига йўлланмасини қўлга киритган ҳолда, кучлилар қаторида ўйнашдан бош тортган жамоалар етарлича учраган.

Дейлик, охирги йилларда элитадан қуйига фақат битта жамоа тушиб кетишию, иккинчиси «плей-офф» орқали ўз жойини сақлаб қолишига кўникиб улгургандик. Ўзингиз бир эслаб кўринг, биринчи лигада 2-ўринни олган бирор клуб «олий»нинг 15-жамоасини енгиб, элитага чиққанми? Йўқ. Чунки клубларда бунга алоҳида хоҳиш ҳам сезилмаган. Хулоса шуки, бош лигада 16та жамоа сақлаб қолиб, нимага эришардик?

Айтиш мумкинки, шу вақтга қадар ўзимизни алдаб келдик. Олий лигада ўйнаш учун камида 20-22та жамоа даъвогар саналмас экан, 16талик тизимда қолиш мантиқсиздан бошқа нарса эмасди. Энди ҳаммаси жойига тушади.

Суперлигада 12та жамоа ўйнайди ва Про-лиганинг камида 5та вакили элитага чиқиш учун чинакамига даъвогарлик қилиши кутилмоқда. Бу эса рақобат, спорт тамойиллари равнақ топишига хизмат қилмайдими? Буларнинг барчаси ижобий жиҳат, албатта.

 ЭЪТИРОЗ

Аммо бу билан Суперлигага ҳеч қандай эътироз туғилмаслигини таъкидлай олмаймиз. Айни ҳолатда энг кўп салбий фикрларга сабаб бўлаётган жиҳат - бу тақвим масаласи.

Гап шундаки, ПФЛ томонидан қабул қилинган қарорга кўра, Суперлига мавсуми 4та даврани ўз ичига олади. Демакки, 38та тур бўлиб ўтиши лозим. Режага мувофиқ, 3та давранинг 33та тури якунлангач, 12та жамоа икки гуруҳга бўлинади.

Яъни кучли олтиликдан жой олганлар алоҳида гуруҳда чемпионлик ва совринли ўринлар учун кураш олиб боришса, 7-12-поғоналарни банд этганлар Суперлигада қолиш масаласини ҳал қилишади.

Энди эътирозга келсак, тизимнинг ғалати томони шундаки, битта жамоанинг қайсидир рақиб билан 3 марта меҳмонда ўйнашига тўғри келади. Ёки бирор рақиб билан бир марта сафарда ва уч марта ўз майдонида ҳисоб-китоб қилиши мумкин. Чунки 3та давра алоҳида, охиргиси алоҳида ҳолда ўтказилади.

Айнан шуниси спортча адолат мезонига болта уриши ҳеч гап эмас. Агар гап фақат пойтахт клублари ҳақида кетса-ку, муаммо кўлами камроқ бўлади. Чунки Тошкентда стадионларга мухлислар ташрифи у қадар яхши эмас, барибир.

Аммо чемпионлик учун даъво қилаётган «Насаф» ўз майдонида «Бунёдкор», «Пахтакор» ва «Локомотив» билан 3 марта ўйнаса, адолат бузилмайдими? Ахир мухлислар бу жамоанинг Қаршида қандай кучга айланишини яқиндагина амалда кўришди-ку!

Шунинг ўрнига Шотландия чемпионатидаги каби икки марта ўз уйида ва икки марта меҳмонда ўйнаш тизими танланса, бўлмасмиди?

Тушунамиз, ПФЛ ўртамиёна клублар ўртасида 6-ўрин учун курашни жиддийлаштириш мақсадида шундай қарор қабул қилган. Бироқ иккинчи даврадан кейиноқ жамоаларни икки гуруҳга ажратиш мумкин эмасми? Балки шу вариантда адолат ўз ўрнида қолармиди?

НОМ

Олий лига ва биринчи лига атамалари ўрнига Суперлига ва Про-лига танланганини оддий мухлис фақат қўллаб-қувватлайди, албатта. Замонавий иш юритиш тизимида бренд - номнинг аҳамияти жуда катта, ахир.

Олий лига ва биринчи лига - буларнинг сийқаси чиқиб қолганди. Ўзбекистон чемпионатини тарғиб этиш нуқтаи назаридан янги номлар қабул қилинганини фақат олқишлаш зарур.

Ҳар ҳолда, бунга зарурат бор эди. Гарчи ҳозир баъзилар ҳаммасига истеҳзо билан қараётган бўлсаларда, Суперлига ва Про-лига атамаларини тўлиқ маъқуллаймиз. Фақат битта шарт бор - аввалги хато такрорламаслиги лозим.

Яхши биласиз, авваллари Ўзбекистон чемпионатини ташкиллаш билан ЎФФ қошидаг

и махсус бўлим шуғулланиб келган. Кейинчалик ўша бўлим алоҳида, мустақил ташкилотга айлантирилди ва ПФЛ номини олди. Табиийки, кўпчилик бу янгиликка катта умид билан қараганди. Бироқ биз кутган ислоҳотлар амалга ошмади.

ПФЛ шунчаки, номлигича қолди. Бошқача айтсак, олий лигада ишлар аввал қандай бўлса, шундайлигича юргизилди. Энди ПФЛ бошқарувида янги раҳбарият бор. Демак, у Суперлига ва Про-лигани шунчаки, ном бўлиб қолмаслигини таъминлаши зарур.

Акс ҳолда, атаманинг ўзгартирилишидан ҳеч қандай маъно чиқмайди. Буни чемпионатимиз тажрибасидан яхши биламиз. Қайсидир жамоаларни «қулоғидан тортиб» юқори ўринларга олиб чиқиш, нохолис ҳакамлик ва келишилган ўйинлар давом этадиган бўлса, ном минг ўзгаргани билан мухлислар стадионга талпинмайдилар.

Ҳаммага тенг имконият берилса, чемпионлик кураши қандай кечишини бу йил «Бухоро» ва «Қўқон-1912» мисолида кўрдик-ку. Ишонинг, агар ҳар мавсум шундай кечса, эртами-кеч мухлисларнинг стадионларга оқими кучаяди, албатта.

Яна бир гап, биринчи лига ўрнида Про-лига ташкил этилдими, энди номга яраша, барча ишлар профессионал даражада олиб борилиши лозим. Шу вақтга қадар талабга жавоб берадиган клублар элитада ҳам кўп бўлмаганини инобатга олсак, бу осон эмас.

Профессионал клубда ҳаммаси тўғри йўлга қўйилиши шарт. Биринчи лига клублари орасида ҳаттоки, ўз сайтига эгалари ҳам саноқли. Хўш, Про-лигада қандай бўлади? Яна ўша ҳолат сақланиб қолмаслигига умид катта. Бу умид яқин орада оқсанса, ажабмас.

ЁШ

Охирги вақтларда мухлисларни кўп ўйлантираётган масалалардан яна бири - Про-лигада 24 ёшдан катта футболчилар ўйнолмаслиги ҳақидаги қарор. Тўғри, ҳозирча бу узил-кесил ўз тасдиғини топгани йўқ.

Аммо ПФЛ директори Омон Ғофуров «Спорт» телеканалининг «Гол» дастуридаги чиқишида шундай лойиҳа борлигини тан олди. Шундан келиб чиқиб айтсак, бу хабар яқин орада расман эълон қилиниши ҳам мумкин.

Ҳа, Про-лигада ёш чекловини татбиқ этилишида  ўзига яраша яхши томонлари бор, албатта. Энг аввало, бундай лимит ёш иқтидорлар учун катта имконият яратади. Ахир шу вақтга қадар фақат саноқли клублар 18 ёшли футболчига имконият берарди.

Энди мураббийлар хоҳлашадими ёки йўқ, ёшларни ҳам майдонга туширишга мажбур бўлишади. Чунки фақат 23-24 ёшли ўйинчилардан жамоа тузиш анча қийин. 

Шунингдек, бу қарор яна бир жиҳатдан ўзбек футболи учун фойда бериши мумкин. Гап шундаки, биринчи лигада футболчиларга у қадар катта маош тўланмайди. Футболчида эса ёши улғайган сари пулга эҳтиёжи ошиб боради.

Баъзан шубҳали ўйинлар кузатилишини шу омилга ҳам боғлаш мумкин. 30 ёшга яқинлашиб ҳам тузук-қуруқ даромадсиз қолган футболчи маълум «мукофот» эвазига қулай вазиятдан гол «уролмас»лиги мумкин эмасми?

Биринчи лигада бундай ҳолатлар юз бермаганига ким кафолат бера олади? Тушунарлики, дейлик, 500 мингга тенг маош учун футбол ўйнаш қийин. Шундай экан, ёши катта футболчилар бошқа иш топишгани маъ-қулроқдек...

ЯНА БИР ЭЪТИРОЗ

Албатта, бу қарорнинг ҳам эътирозга лойиқ томонлари топилади. Халқимизда ажойиб мақол бор - «Бургага аччиқ қилиб, кўрпани куйдирма». Ёш иқтидорларнинг ўсишлари учун тажрибали футболчилардан бараварига воз кечиш тўғрими?

Шунчаки, Про-лигадаги 16та клубнинг 24 ёшдан катта 6-8 нафар футболчини рўйхатдан ўтказишига рухсат бериб, масалани ижобий ҳал қилиш мумкин.

Дейлик, регламентга «катта» футболчилардан фақат 4 нафари бир вақтнинг ўзида майдонда ҳаракатланиши ҳақида алоҳида банд киритилса, ёш иқтидорларнинг ўсишлари учун қулай муҳит юзага келарди.

Ҳар ҳолда, кўпчиликнинг фикри шундай. Ўзингиз бир ўйлаб кўринг, Миржалол Қосимов агар вақтида «Пахтакор»да тажрибали Хорен Оганесян билан бирга тўп сурмаганида, шу қадар кучли футболчига айланармиди?

Сервер Жепаровни олайлик - унинг Миржалол Қосимовдан кўп нарса ўрганганини ким инкор этади? Про-лигада 24 ёшдан катта футболчи қолмаса, ёшларни ким эргаштиради?

Хуллас, бу масалани яхшилаб ўйлаб кўриш лозим. Ҳар қандай холатда ҳам, ёш «цензи» футболимиз фойдасига хизмат қилиши шарт. Аксинча, зарар етказиб қўйса, ундан ёмони йўқ.

ТАКЛИФ

ЎФФга янги раҳбарият тайинлангандан сўнг ўзбек футболини кўтариш бўйича журналистлар ва ҳаттоки, оддий мухлислардан кўп таклифлар сўралди. Юқоридаги мулоҳазалар шундай таклифлардан бири сифатида қабул қилинишини истардик.

Мақсад аниқ - футболимиз савиясини ошириш. Бунга ички биринчиликни кучайтирмай туриб эришиш жуда қийин. Ўзбекистон чемпионати қанчалик кучайса, миллий жамоамиз ҳам шунчалик кучаяди.

Ишонамизки, Суперлига ва Про-лига шу мақсадда ташкил этилди. Энди уларнинг фаолияти кўзланган мақсадга ҳамоҳанг бўлса, бас...

АБДУЛЛОҲ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz