Қайднома

Қидирув

Мавсумнинг сўнгги ўйини. Ўзбекистон кубоги финали ҳақида

Мавсумнинг сўнгги ўйини. Ўзбекистон кубоги финали ҳақида

  04.12.2017 13:10
  0
  739
Мавсумнинг сўнгги ўйини. Ўзбекистон кубоги финали ҳақида

Одатда қиш фаслида футболимизда катта танаффус эълон қилинади. Клубларимиз якунига етган мавсум сарҳисоби, янги мавсум ҳозирлиги учун махсус режалар тузиш, ўйинчилар трансфери ҳақида бош қотиришга шўнғиб кетади.

Катта эҳтимол билан аксар жамоалар бу борадаги ҳаракатларни бошлаб юборган. Бироқ, бу йилги футбол мавсуми ҳали расман ўз якунига етмади.   Чунки, бизни олдинда 2017 йилнинг энг сўнгги ва муҳим учрашуви кутиб турибди. 4-декабрь, яъни, душанба куни "Бунёдкор" стадионида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон кубоги финалида Тошкентнинг икки клуби "Бунёдкор" ва "Локомотив" жамоалари ўзаро куч синашади.  

"Локо" бу йил ҳам "олтин дубль" қайд этишни мўлжаллаб турган бўлса, "қалдирғочлар" кубокни қўлга киритиш орқали келаси мавсумда ҳалқаро майдонда тўп суриш имконини берувчи ОЧЛ йўлланмасини қўлга киритишга қаттиқ бел боғлаган.  

Тайёргарлик   Маълумотларга кўра, бўлажак финал баҳсига янгиланган ПФЛ ҳам жиддий ҳозирлик кўраяпти. Ғолиб жамоани тақдирлаш маросимини камчиликларсиз ва чиройли ўтказишдан ташқари, стадионга ташриф буюрган мухлислар учун турли хил қулайликлар яратиш бўйича яхшигина иш олиб бораяпти.  

Бунинг учун эса эсда қоларли мушакбозлик ва оригинал саҳнадан ташқари, стадионга ташриф буюрган мухлислар учун ўйиндан олдин кўнгилочар концерт дастурлари ҳозирланаяпти. Айтишларича, бўлажак финал баҳси ташкилотчилик борасида олдингиларидан тубдан фарқ қилар экан.  

Қизиқ, шу ўринда саволлар туғилади. Агар финал баҳсига ОФК президентининг шахсан ўзи ташриф буюрмаган тақдирда ҳам ҳозирлик шу даражада бўлармиди? Ҳаммаси мартабали меҳмон олдида изза бўлмаслик учунгина қилинаётган ишлар эмасмикан?  

Ўйин куни ва вақти   Бўлажак баҳснинг қишнинг илк кунларига қўйилишини бир амаллаб ҳазм қилдик. Сабаби, ўша кунларда юртимизга ОФК президенти Шайх Салмон бин Халифа ташриф буюради. Мартабали меҳмоннинг кучли клубларимиз ўртасидаги баҳсда қатнашиши ва ғолибга шахсан ўзи кубокни топшириши ҳар доим ҳам кузатилавермайди.

Бундай имкониятдан унумли фойдаланиш зарур ва бунга ҳеч қандай қаршилигимиз йўқ.   Лекин, финал баҳсининг душанба куни соат 15:00 га қўйилгани ҳеч қайси қолипга сиғмаяпти.

Маълум бўлишича, жаноб Салмоннинг Тошкентга ташрифи 3-5 декабрь кунларини ўз ичига олади. Хўш, унақада финал баҳсининг якшанба куни, яъни 3-декабрь кеч соат 19:00 ёки 20:00 га белгиланишига нима ҳалал берди? Шундоқ ҳам пойтахт стадионларига мухлислар ташрифи бир аҳволда бўлса.

Устига устак финал куни ҳаво ҳарорати ҳам анчагина паст бўлади.    Айнан футбол ўйнайдиган пайтда ҳам пойтахт стадионларида мухлис тўплаш муаммо бўлиб турган бир пайтда, қиш совуғида, устига устак, иш ҳафтасининг боши бўлмиш "оғир душанба" кунида, буниси ҳам етмагандек куннинг қоқ ўртаси, яъни 15:00 да стадионга ўз ҳоҳиши билан келадиган мард топилармикан?  

Тўғри, иккала жамоанинг ашаддий мухлислари учун ҳаво ёки ўйиннинг вақти муаммо бўлмаслиги мумкин, лекин бу тоифадаги мухлислар билан стадионни бешдан бир қисми тўлса ҳам катта гап.

Нейтрал мухлисларнинг ташриф буюриши учун эса шароит керак.   Афсуски, бундай қулайлик улар учун яратилмади. Ўйлашимча, ўйинга кириш бепул қилингани билан мухлислар сони кескин ошиб қолмаса керак.

Ҳамма ҳам бу вақтда ишидан воз кечиб стадионга кела олмайди. Мартабали меҳмон олдида уялиб қолмаслигимиз учун стадионни тўлдиришда эски ва синалган усулни қўллаймиз шекилли, яъни, мухлисларни ихтиёрий-мажбурий равишда стадионга олиб келамиз.   

Стадион   ПФЛ регламентида ҳал қилувчи баҳс нейтрал майдонда ўтказилиши белгилаб қўйилганига қарамай (аслида регламентга амал қилинмаётганлиги биринчи марта кузатилмаяпти), икки Тошкент клуби ўйнайдиган беллашувда "Бунёдкор" стадиони танлаб олинди.  

Биласиз, мазкур ўйингоҳ "қалдирғочлар"ларнинг ўй стадиони ҳисобланади. Бу эса ўз-ўзидан М.Қосимов шогирдларига кичкина бўлсада устунлик беради. Тушунамиз, "Бунёдкор" стадиони мамлакатимиздаги энг кўркам, энг чиройли ва энг қулай стадион ҳисобланади.  

Лекин, ўйинни бошқа вилоятда ўтказишмаса ҳам, Тошкентни ўзида яна бир муқобил стадион бор эдику. Мартабали меҳмон туфайли шундай қарорга келинди дейишса, фикримча, Салмон жаноблари "Пахтакор" стадионидан туриб ўйинни кўрса ҳам ёмон таассуротда кетмас эди. Нима учун "Пахтакор" стадиони танланмаганлиги ҳақида ПФЛ ёки ЎФФ ҳеч қандай изоҳ бермади.  

Жамоалар тайёргарлиги  

Локомотив. Юқорида таъкидлаганимдек, "темирйўлчилар" ўтган йилги муваффақиятни такрорлаш учун, яъни, "олтин дубль" қайд этишга жиддий ҳозирлик кўраяпти. Қолаверса, бўлажак баҳс "Локо" сардори Темур Кападзе учун катта футболдаги сўнгги ўйин бўлиши эълон қилинди.

Кападзенинг хайрлашув ўйинида ғалаба қозониб, унга муносиб эҳтиром кўрсатилишини жамоадошлари чин дилдан истамоқда. Шу сабабли жамоа тўлиқ таркибда машғулотларга зўр берган. Таркибда жароҳатланганлар йўқ.  

Факт. Жамоа Ўзбекистон кубоги финалларида 2 марта ўйнаб ҳар иккисида ҳам ғалаба қозонган. Дастлаб, 2014 йилда Олмалиқ шаҳрида бўлиб ўтган тўқнашувда айнан эртанги рақиб "Бунёдкор" 1:0 ҳисобида доғда қолдирилган бўлса, ўтган йилги финал баҳсида Қаршининг "Насаф" клуби худди шундай ҳисобда мағлуб этилган.

Бўлажак баҳс бу борада учинчи финал бўлади. М.Йеличич шогирдлари финалда мағлуб бўлмаслик анъанасини сақлаб қолишга интилиши аниқ.

     

Бунёдкор. "Локо" "олтин дубль"га интилаётган бўлса, "қалдирғочлар" мавсумда нимадир ютиш билан бирга ОЧЛ га йўлланма олиш учун ҳам кураш олиб боради. Қолаверса, шу кунгача жамоа таркибида нари борса 4-5 та ўйинчигина мамлакат кубоги соҳибига айланган.

Қолганлар эса дастлабки кубокни қўлга киритиш ишқида ёнмоқда. Хуллас, бўлажак баҳсда ғалаба қозониш учун М.Қосимов шогирдларида ҳоҳиш ўта кучли. "Қалдирғочлар" таркибида ҳам жиддий йўқотиш йўқ ва улар ҳам бўлажак тўқнашувга жиддий ҳозирлик кўраяпти.  

Факт. "Бунёдкор" мамлакат кубоги финалида тўққизинчи бор иштирок этади. Шу пайтгача бўлган 8 учрашувнинг 4 тасида ғалаба қозонган "қалдирғочлар", яна шунча баҳсда мағлуб бўлган. Жамоанинг кубок финалидаги натижалари 50%ни ташкил этади. "Қалдирғочлар" финаллардаги самарадорлик борасида бўлажак рақибидан паст натижа қайд этиб келмоқда. 

  

Ҳакамлар   “Локомотив” ва “Бунёдкор” жамоалари ўртасидаги финални Бирлашган Араб Амирликларидан ташриф буюрган ҳакамлар гуруҳи бошқаради. Мазкур ўйинда Муҳаммад Абдулла Ҳасан бош ҳакам вазифасини бажарса, унга қанотларда Муҳаммад Ҳасан Абдулла ал-Маҳри ҳамда Муҳаммад Аҳмад Юсуф Абдулла ал-Ҳаммади ёрдам беради.  

Тўртинчи ҳакам вазифаси Аммар Али Абдулла ал-Жунайбийга юклатилган. Умид қиламиз, ўйиндан кейин ҳар икки жамоа вакилларида ҳам ҳакамлик борасида ортиқча эътирозлар бўлмайди.

   

Футбол мавсумининг сўнгги ўйинида кўришгунча. 



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz