Қайднома

Қидирув

Футболчи ва мураббий сифатида ЕЧЛни қўлга киритган қойилмақом еттилик (фотогалерея)

Футболчи ва мураббий сифатида ЕЧЛни қўлга киритган қойилмақом еттилик (фотогалерея)

  06.12.2017 06:22
  0
  7550
Футболчи ва мураббий сифатида ЕЧЛни қўлга киритган қойилмақом еттилик (фотогалерея)

Ким нима деса десину, клублар ўртасидаги ЖЧ ҳам, Либертадорес кубогидан тортиб, қолган барча нуфузли мусобақалар ҳам ЕЧК турнирини байроқдор сифатида тан олиб, унинг мавқеига ҳавас қилишади.

Ўтган асрнинг сўнгги йилларидан бошлаб ЕЧЛ номи остида фаолият юритаётган мусобақада қатнашиш ҳар бир футболчи, мураббий ва ҳакамнинг азалий орзуси.

Унда шоҳсупага кўтарилиб, ғолиблик суруридан баҳраманд бўлиш эса саноқли маҳорат соҳибларига насиб этади. Энди айтинг-чи, Муньос, Траппаттони, Зидан, Кройфф, Анчелотти, Райкаард ва Гвардиоладек афсоналарни қандай ришта боғлаб туради?

Европа футболининг пурвиқор чўққисига кўтарилиш учун аввал майдонда ҳалол тер тўкишган, кейин мураббий курсисида қанчадан-қанча асаб ҳужайраларини қурбон қилишган.

Бундай шарафга эга бўлганлар сони атиги 7 нафар. Албатта, нуфузли совринни ҳам футболчи, ҳам мураббий сифатида қўлга киритган универсаллар сафи қачондир кенгая­ди.

Фақат бунинг учун қанча вақт кетишини ҳеч ким билмайди.

МИГЕЛЬ МУНЬОС

Футболчи сифатида: 1955|1956, 1956|1957 ва 1957|1958 йиллар мавсумида ЕЧКни қўлга киритган («Реал»).

Мураббий сифатида: 1959|1960, 1965|1966 («Реал»).

«Қироллик клуби»нинг афсонаси «Сантьяго Бернабеу»­даги футболчилик фаолиятини 1948 йили бошлаганди. Марказий ярим ҳимоячи мадридликлар сафида 223та учрашув ўтказиб, 3 марта Чемпионлар кубогига сазовор бўлган.

Фаолиятини якунлагач, бир йилдан сўнг мураббийлик лавозимини эгаллади ва дебютидаёқ «шалпангқулоқ»ни боши узра кўтарди. «Реал»дек номдор жамоа билан бундай муваффақиятга эришиш кимларгадир осон туюлиши мумкин.

Лекин беш йилдан буён нуфузли совринга навбатма-навбат эгалик қилаётган «Бенфика», «Милан» ва «Интер»нинг қаршилигини синдириш осон бўлмагани аниқ. Муньос ана шу мураккаб топшириқни уддалаб, «бланкос»ни шоҳсупага олиб чиқди.

КАРЛО АНЧЕЛОТТИ

Футболчи сифатида: 1988|1989 1989|1990 («Милан»).

Мураббий сифатида: 2002|2003, 2006|2007 («Милан»), 2013|2014 («Реал»).

Италиялик машҳур мутахассиснинг ЕЧК|ЕЧЛ турнирларида қўлга киритган совринлари сони испаниялик касбдошиники билан бир хил.

Бироқ яқинда «Бавария»дан истеъфога чиққан Анчелотти Муньосга нисбатан икки устунлиги билан мақтана олади: 1. Дон Карлодан ташқари фақат буюк Боб Пейслига мураббий сифатида нуфузли совриннинг уч карра соҳиби бўлиш насиб этган; 2. Анчелотти - мураббий сифатида иккита жамоани («Милан» ва «Реал») ғолибликка олиб чиққан ягона мураббий!

Италиялик мутахассис эришган муваффақиятнинг яна бир эътиборли жиҳати шуки, футболчилик даврида у қаторасига икки марта ЕЧК чўққисига кўтарилган, кейин «Милан»ни икки марта ғолибликка олиб чиққан. Ниҳоят, 2014 йили «Реал» билан зафар қучиб, ўзига хос «хет-трик»ни расмийлаштирди.

ЙОХАН КРОЙФФ

Футболчи сифатида: 1970|1971, 1971|1972, 1972|1973 («Аякс»).

Мураббий сифатида: 1991|1992 («Барселона»).

«Учар голланд» «шалпангқулоқ»лар сони бўйича ­Муньос ва Анчелоттидан пастроқ кўрсаткичга эга. Аммо баҳолашда қуруқ арифметика билан чекланмасак, «Барселона»нинг айнан шу мутахассис раҳбарлигида бошлаган парвози ҳанузгача ўз фусункорлигини йўқотмаганига қойил қолиш керак.

Кройфф дастлаб «Аякс» клуби ва Голландия терма жамоасидаги сафдошлари билан «тотал футбол» ёрдамида чинакам инқилобни амалга оширди.

20 йилдан кейин эса Йохан туфайли Каталония клуби нафақат Европа, балки бутун дунёга танилди - футболчи сифатида қаторасига уч марта шоҳсупага кўтарилган Кройфф мураббийлик соҳасига ўтганидан кейин «Барса»ни ЕЧЛда ғолибликка олиб чиқди.

ФРАНК РАЙКААРД

Футболчи сифатида: 1988|1999, 1989|1990 («Милан»), 1994|1995 («Аякс»).

Мураббий сифатида: 2005|2006 («Барселона»).

Бу футбол юлдузи ҳам худди Кройфф каби «Аякс» сафида ЕЧЛ кубогига сазовор бўлган, сўнгги нуфузли совринни эса «Барселона»га устозлик қилган кезлари қўлга киритганди. «Шалпангқулоқлар» сони бўйича ватандошлар кўрсаткичлари бир хил.

Бироқ Йоханнинг мавқеи юқорироқ десак, Франк хафа бўлмаслигига ишонамиз. Лекин шунга қарамай, устунлик жиҳати ҳам йўқ эмас - Франк футболчилик даврида 2та жамоа зафарига сезиларли улуш қўшган.

Кройфф эса фақат «Аякс»да порлаган. Эътиборлиси, 1995 йили Венада «Аякс» Райкаард билан ҳамкорликда «Милан»дан устун келган, 1989 ва 1990 йилларда эса Франк айнан «россонери» таркибида ғолибликка эришганди.

ЖОВАННИ ТРАППАТТОНИ

Футболчи сифатида: 1962|1963, 1968|1969 («Милан»).

Мураббий сифатида: 1984|1985 («Милан»).

Ёш футбол ишқибозларига Траппаттони 2008-2013 йилларда Ирландия терма жамоасига устозлик қилиш орқали танилган. Аммо асосий шон-шуҳратга клублардаги фаолияти эвазига эришган.

1963 йили «Милан»нинг «Реал»дек ҳукмдорни Европа тахтидан туширган «Бенфика»ни таслим этишида Жованни бош ролни ижро этди.

Яъни «қора пантера» номи билан донг таратган Эйсебиога ўйин бермади - худди унга ёпишиб қолгандек, эркин нафас олишига йўл қўймади. Қудратли қанотидан жудо бўлган «бургутлар» мағлубиятга учрашди.

Орадан 6 йил ўтгач, бошқа бир ёрқин юлдуз - Йохан Кройфф забардаст ҳимоячидан «жабр кўрди». Тўғри, ўша даврда «учар голланд» юз фоизлик камолотга эришиб улгурмаганди. Бироқ факт фактлигича қолаверади: «Аякс» тор-мор этилди.

Маэстро Трап мураббий мақомидаги ягона зафарини эсга олишни унча хуш кўрмайди. Боиси, 1985 йилги «Ювентус»-«Ливерпуль» финали трибуналарда юз берган тартибсизликлар туфайли 39 нафар мухлиснинг ҳаётдан бевақт кўз юмишига сабаб бўлганди.

ХОСЕП ГВАРДИОЛА

Футболчи сифатида: 1991|1992 («Барселона»).

Мураббий сифатида: 2008|2009, 2010|2011 («Барселона»).

Бугунги футболнинг муваффақиятли мураббийларидан бири бўлган каталониялик мутахассис яқин йиллар ичида бир қатор гранд жамоалар билан шоҳсупага кўтарилиш учун яхши имкониятга эга.

Чунки Хосеп Карло Анчелоттига нисбатан анча ёш, тажрибаси етарли. Гвардиола футболчи сифатида барча «шалпангқулоқ»ларни афсонавий Йохан Кройфф раҳбарлигида қўлга киритганди.

Кейин икки марта марҳум устози анъанасини давом эттириб, Каталония грандини ғолиблик сари етаклади. Муваффақиятни «Бавария» билан такрорлаш малакали мураббийга насиб этмади. Балки у «Ман Сити»да навбатдаги совринга сазовор бўлар...?

ЗАЙНИДДИН ЗИДАН

Футболчи сифатида: 2001|2002 («Реал»).

Мураббий сифатида: 2015|2016, 2016|2017 («Реал»).

Гвардиола каби франциялик футбол юлдузини ҳам ҳеч иккиланмай келажаги порлоқ мураббийлар сирасига киритиш мумкин. Боз устига, француз испаниялик касбдошидан бир ёшга кичик.

Ҳисобида 3та ЕЧЛ кубоги бор: 2002 йили Зайниддин «Байер» дарвозасига йўллаган фантастик зарбаси билан «Реал» ғалабасини таъминлаганди. Кейин икки марта «Қироллик клуби»ни шоҳсупага олиб чиқди.

Қолаверса, Зидан нуфузли турнирдаги юз фоизли натижаси билан мақтанишга ҳақли - «Реал» билан икки мавсум иштирок этиш имкониятини қўлга киритган мураббий улардан самарали фойдаланди.

Тўғри, 3-мавсумда Зиданнинг ишлари кўнгилдагидек эмас, букмекерлар ҳам нуфузли совриннинг амалдаги соҳиби унвонни сақлаб қолишига ишонишмаяпти. Лекин вазиятни ўнглаш имконияти йўқ эмас.

Бундан ташқари, Зайниддин ҳали узоқ вақт фаолиятини давом эттиради. Унинг муваффақияти давомий бўлишига умид қилиб қоламиз.

Ким билади дейсиз, балки юқорида зикр этилган «қойилмақом еттилик» яқин келажакда «саккизлик», «тўққизлик»­ка айланар? Ҳозирнинг ўзида сара совриндорлар сафини кенгайтириш имконияти Антонио Контеда мавжуд.

У футболчи сифатида 1996 йили «Ювентус» билан ЕЧЛда зафар қучганди. Энди «Челси»ни шоҳсупага олиб чиқса, бас! Бунинг учун 2018 йил 26 май оқшоми Киевдаги «Олимпийский» аренасида «кўклар» майдонга тушиб, ғалабага эришишлари талаб этилади.

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz