Қайднома

Қидирув

Қуръа натижаси ёқдими?

Қуръа натижаси ёқдими?

  06.12.2017 18:05
  0
  1281
Қуръа натижаси ёқдими?

Қуръа ҳукмига кўра, ЖЧ-2018 мезбони - Россия термаси «А» гуруҳида Саудия Арабистони, Миср ва Уругвай жамоалари билан куч синашадиган бўлди. Хўш, биринчи квартет вакиллари қуръа натижасини қандай қабул қилишди?

Станислав Черчесов (Россия термаси бош мураббийи): - Қуръа натижалари хусусида ҳозирдан аниқ фикр билдиришим қийин. «А» гуруҳига қандай жамоалар тушгани ҳаммага маълум. Очиғи, бўлажак рақиблардан бирортасини тўлиқ билмайман. Чунки улар билан куч синашиб кўрмаганмиз, ўйинларини алоҳида кузатган ҳам эмасман. Билганим - Миср термасида Салоҳ бор. Уни «Ливерпуль» - «Спартак» ўйинида кузатмоқчиман. Уругвай термаси эса Кавани ҳамда Суарес каби ҳужумчиларга эга. Бироқ бу шахсан мен учун номлар, холос. Ҳозир турли тахминларни билдириш мумкин, аммо ҳаммасини  майдонда курамиз. Гуруҳ тақвимига қарасак, борган сари кучлироқ рақибларга дуч келамиз. Бу ўзига хос бонус. Лекин қайтараман,  барчаси майдонда қандай ҳаракатланишга боғлиқ, барибир.

- Қизиқ, қуръа арафасидаги ҳиссиётларингиз якунда ўзгардими?

- Йўқ, асло ўзгармади.

- Гуруҳга Уругвай термаси тушгач, беихтиёр кулиб қўйдингиз...

- Биласизми, уругвайликлар биз билан ўртоқлик учрашувида куч синашишни хоҳлашганида, кўнмагандик. Мана, тақдир экан, улар ўз мақсадларига эришадиган бўлишди (кулади).

- Умуман, қайси жамоани «А» гуруҳида кўришни истамагандингиз?

- Аввал ҳам айтганман, испанлар билан гуруҳдош бўлишни хоҳламагандим.

- Энди мундиалгача қайси жамоалар билан назорат учрашувлари ташкил этилади?

- Сўнгги синов ўйинини қандай рақибга қарши ўтказиш ҳақида роса бош қотирдик. Режага мувофиқ, март ойида Бразилия термаси ва Европанинг топ-жамоаларидан бири билан куч синашамиз. Австрия йиғини доирасида эса шу мамлакат миллий жамоасига қарши ўйин ташкил этилади.

- Муҳаммад Салоҳ Россия термаси дарвозасига гол ура оладими (хорижлик журналистнинг инглиз тилида берган саволи)?

 - No.

Виталий Мутко (Россия футбол иттифоқи президенти): - Муҳими, барча шаҳарлардаги мухлислар дунёнинг энг сара футболчилари ўйинларидан баҳра олиш имкониятига эгалар. Мана, мисол учун, Калининграддаги учрашув (Бельгия - Англия) афишасига қаранг...

- Россия терма жамоаси гуруҳига қандай баҳо берасиз?

- Квартетда қандай натижалар қайд этилишини тахмин қилиш қийин. Зеро, у деярли тенг имкониятга эга жамоалардан шаклланди. Уругвай - жаҳон футболи саралари сафидан жой олган жиддий жамоа. Миср термаси эса Салоҳдек юлдузга эга. Фақат саудияликлар ҳақида жуда оз биламиз. Умуман, гуруҳ рисоладагидек. Демак, ҳаммаси ўзимизга боғлиқ.

- Салоҳ ҳақида нима дея оласиз (мисрлик журналистнинг инглиз тилида берган саволи)?

- Is a very good player - fantastic! Унинг жамоамиз билан ўйинда гол ура олиши ёки олмаслигига келсак, футбол - жамоавий спорт тури. Демак, кўп нарса жамоавий ҳаракатларга боғлиқ. Масалан, Саудия термаси интизомли футболчилардан ташкил топганини таъкидлашяпти. Араблар ва уларнинг мураббийларини табриклайман - чемпионатнинг очилиш учрашувида майдонга тушадилар. Ахир дастлабки беллашувни бутун дунё мухлислари томоша қилишади.

- Қуръадан олдин қайси жамоалар рақиб бўлишини тахмин қилгандингиз?

- Аввалдан ниманидир топишга уриниш маъносиз, тақдир ҳукмига бўйсинган маъқул. Тўғри, 3 ёки 4-саватчадан кучлироқ жамоа тушиши хавфи йўқ эмасди. Энди керакли тезлик олишимиз муҳим. Одатда 2 ва 3-турларда яхшироқ ўйнаймиз. Умуман, муносиб тайёргарлик кўриш учун имконият бор.

- Баҳорда Бразилия термасидан ташқари, яна қайси жамоалар билан куч синашилади?

- Французлар билан. Шунингдек, Италия термасига қарши ўйнаш бў­йича келишиб қўйганмиз. Бироқ ҳозир Италия футболида сайлов жа­раё­ни кетмоқда, раҳбарият ўзгармоқда. Хуллас, ян­ги раҳбарлар келишувни тасдиқлашлари керак. Бу учрашувни «Динамо» стадионида ташкиллаб, мухлислардан ижобий тилаклар олган ҳолда, мундиалнинг илк ўйинига яхши кайфиятда йўл олишни режалаштирганмиз.

 Отеро Кинташ Сельсо (Уругвай термаси мураббийи): - Мезбон жамоа билан бир гуруҳда ўйнаш - ажо­йиб. Россия Европа футбол жамиятининг тўлақонли аъзоси. Мамлакат термаси айни пайт юксак жисмоний тайёргарликни намойиш этмоқда.

- Россиялик футболчилардан кимларни биласиз?

- Лев Яшин - у болаликдаги кумирим. Ҳозирги ўйинчилар ҳақида эса гапирмоқчи эмасман. Фақат айтишим мумкин, кўплаб футболчилар Испания термасига қарши ўртоқлик ўйи­нида илиқ таассурот қолдиришди.

- Уругвай терма жамоаси олдига қандай вазифа қўйилган?

- Имкон қадар кўпроқ очко олишимиз керак. Яъни гуруҳдан чиқиб, «плей-офф» босқичларида ҳам муваффақиятли тўп суришни мақсад қилганмиз.

Эктор Купер (Миср термаси бош мураббийи): - «А» гуруҳидан жой олган ҳар бир жамоа таркибида кучли футболчилар бор, айниқса, Уругвай термасида. Яна нима дердим, албатта, «плей-офф»га чиқишга уриниб кўрамиз.

- Уругвай термасини квартет фаворити сифатида таърифлаш мумкинми?

- Ҳа, кўпчилик шундай фикрда, бироқ уругвайликлар одатда Жанубий Америка ташқарисидаги жамоалар билан ўйинларда ўз салоҳиятларини тўла намойиш этолмайдилар. Шундай экан, бу жамоадан ортиқча чўчиш шарт эмас.

Факт. 32та иштирокчи жамоадан 30тасининг бош мураббийи қуръа ташлаш маросимини бевосита воқеа жойи - Кремлда кузатиб борди.


Манба: Championat.com


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz