Қайднома

Қидирув

Тўртинчи лигадан Еврокубокка ёхуд йилнинг энг ғаройиб жамоаси ҳақида

Тўртинчи лигадан Еврокубокка ёхуд йилнинг энг ғаройиб жамоаси ҳақида

  09.12.2017 06:25
  0
  1715
Тўртинчи лигадан Еврокубокка ёхуд йилнинг энг ғаройиб жамоаси ҳақида

Швециянинг «Эстерсунд» клуби фанатлар учун асарлар ва театр пьесалари ёзяпти - чин маънода. Камтарин жамоа шунинг баробарида номдор рақиблардан сира ҳайиқмай, дуч келганини енгмоқда.

Дейлик, шведлар евроаренадаги дебют мавсумдаёқ ЕЛ гуруҳ босқичида муваффаққиятли ўйнаб, «плей-офф» йўлланмасини муддатидан олдин қўлга киритишди.

Бу қандай клуб?

«Эстерсунд» ҳаттоки, Швециянинг ўзида ҳам етакчилар қаторига кирмайди. Бу жамоанинг камтарлигига яққол мисол шуки, уй стадиони атиги 8466 мухлисга мўлжалланган.

Энди энг ажабланарли фактга эътибор қаратинг: бир уринишда ЕЛнинг баҳорги босқичига йўл олган «Эстерсунд» мавсум-2012|2013да ҳам Швецияда тўртинчи ўринда турувчи дивизионида иштирок этарди.

Хуллас, номи чиқмаган жамоа Скандинавиянинг қуйи лигаларидан Европа саҳналаригача бўлган машаққатли йўлни саноқли йилларда босиб ўтди. Грэм Поттер бошқарувидаги «Эстерсунд» ЕЛ гуруҳ раунди 5-турида Украинанинг «Заря» клубини қабул қилиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва «плей-офф» йўлланмаси масаласини муддатидан аввал ўз номига расмийлаштирди.

Ваҳоланки, шведлар тушган квартетда украин жамоасидан ташқари, «Герта» (Германия) ва «Атлетик» (Испания) каби номдорлар бор.

Жамоа ЕЛга қандай кўтарилди?

Швеция кубоги орқали. «Эстерсунд» аввалги мавсум ўз тарихида биринчи марта соврин ютди. Яъни миллий кубок мусобақаси финалида кенг оммага нисбатан танилган «Норрчепинг»ни 4:1 кўринишида енгди.

Айни шу муваффақият оддий клубга еврокубоклар йўлини очди. Хуллас, «Эстерсунд» халқаро турнирга июль ойи ўрталарида киришди. Бошқача айтсак, ўзининг ғаройиб юришини саралаш босқичларидан бошлади.

Муҳими, шведлар илк қадамни анча дадил ташлаб, «Галатасарой»дек жамоани йўлдан четга суришди. Кейин эса навбати билан Люксембургнинг «Фола» ва Грециянинг ПАОК жамоалари билан ҳам ортиқча пачакилашиб ўтиришмади.

Квалификацион жараёндаги муваффақият швед дебютанти кучига куч, иштиёқига иштиёқ қўшди, шекилли, у гуруҳ ўйинларига янада бардамроқ киришди: 1-турда меҳмонда «Заря»ни енгиб, иккинчи учрашувда «Герта»га «тарсаки» туширди.

«Атлетик»ка қарши кечган кейинги 2та ўйинда эса шведлар 1тагина очко олишди, холос. 23 ноябрга келиб, «Эстерсунд» ўз аренасида «Заря»ни 2та жавобсиз гол билан «сийлади».

5та ўйин, 3та ғалаба, 1тадан дуранг ва мағлубият - бундай натижа охирги 10 йилликнинг бошида швед футболининг қуйи бўғинларида «изғиб» юрган клубнинг тарихий ютуғига кифоя қилди. Қисқаси, ЕЛ-2017|2018нинг энг кучли иштирокчилари қаторига қўшилган «Эстерсунд» қитъа миқёсида ҳам анча танилиб улгурди.

Мураббийи ким?

Англиялик Грэм Поттер. Ҳа, фамилияси машҳур сеҳргарники билан бир хил мутахассис ўз йўналишида мўъжиза кўрсатмоқда. Яна бир ажо-йиб факт: Поттер жорий еврокубоклар «плей-офф» раундида ўз жамоасини майдонга олиб тушадиган англиялик ягона мураббийдир.

Чунончи, халқаро мусобақаларда иштирок этаётган АПЛнинг барча клубларини хорижлик мутахассислар бошқаришяпти. Поттер Швецияда испаниялик Роберто Мартинес туфайли иш бошлади.

Аниқроқ айтсак, вақтида «Суонси»ни бошқарган Мартинес жамоаси билан «Эстерсунд» учун қурилган мўъжазгина янги стадионнинг очилиш маросимида иштирок этганди.

Швед клуби соҳиби Даниэль Киндберг айни шу тадбир баҳона испаниялик мутахассис билан танишган ва 2011 йили унга қўнғироқ қилиб, бирор муносиб мураббий тавсия этишини сўраган.

Чунки ўша вақт «Эстерсунд»нинг ишлари сира юришмаётганди. Мартинес эса узоқ ўйлаб ўтирмай, Поттер номзодини илгари суради: «Грэм - Англия ёшлар терма жамоаси собиқ футболчиси.

Асосийси, жуда камтар йигит. Бошқарувчилик тажрибасига келсак, ЖЧ-2007да Гана аёллар термасида ишлаган». Киндберг камтарона таърифни эшитгач, таваккал қилишдан тийилмади ва бу тўғри қарор бўлиб чиқди.

«Стокгольмдан шимол томонда жойлашган ҳудудлар моҳиятан олганда, ёввойи табиат ҳисобланади. Клуб базасидан пойтахтга эса поездда 5 соатда етиб бориш мумкин, - дейди Поттер.

- Боз устига, биз турган жой ва энг яқин шаҳар ўртасидаги масофа 2,5 соатлик йўлга тенг. Хоҳ ғарбдаги Сундсваллни олайлик, хоҳ ғарбдаги Тронхеймни. Бу ҳолат ўзига хос қийинчиликлар туғдиради, лекин яхши томони ҳам йўқ эмас.

Агар жамоада керакли одамларни тўплай олсангиз, улар ўртасида ўз-ўзидан мустаҳкам муносабатлар юзага келади. Бошқа тарафдан қарасак, бордию, футболчи танлашда адашсангиз, тезда катта муаммоларга йўлиқишингиз мумкин. Чунки кичик шаҳарчада қочадиган жойнинг ўзи йўқ».

«Эстерсунд» муваффақияти гарови нима?

Швед клуби парвозининг сабабларидан бири - ноодатий ёндашув. Поттер турли ғоялар ва шахсий «имзо»сига эга мураббий. Матбуотда ёзилишича, у назарий машғулотларга катта эътибор қаратишдан ташқари, футболчиларга бадиий ижод қилишни тавсия этади.

Мураббийнинг фикрича, ижодий иш ўйинчилар тасаввурини бойитади. Яна бир қизиқарли ҳолат бор ва буниси «Эстерсунд» учун одатга айланиб улгурган. Хуллас, жамоанинг барча футболчилари йилда бир марта маҳаллий театрда мухлислар учун спектакль (!) намо-йиш этишади.

Мисол учун, мавсум-2017|2018 кашфиёти аъзолари бу йил «Оққуш кўли»ни замонавий талқинда кўрсатишди. Муҳими, клуб президенти Киндберг ижодий ёндашувни тўлиқ қўллаб-қувватлайди: «Футбол - жамоа­вий ўйин, шундай экан, футболчиларнинг шахс сифатида ҳам шаклланишларига катта эътибор қаратамиз.

Акс ҳолда, ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Театр йигитларни уйғунликда ҳаракатланишга ўргатади ва бундай ёндашув майдонда ҳам қўл келади. Дейлик, тез-тез «репетиция» ўтказамиз ва ҳар кузда томоша кўрсатамиз. Спектакль ҳам жамоамиз учун муҳим ўйин мисоли».

Эътиборлиси,  «Эстерсунд»да маданият бўйича алоҳида мураббий бор - Карен Вален. Унинг айтишича, клуб аъзолари маданий ишларга катта қизиқиш билан қарашади: «Мисол учун, ихтиёримизда алоҳида кутубхона мавжуд. Футболчилар муайян китобдан икки бобини ўқиб, кейин ҳаммага ҳикоя қилиб беришади».

Энди жамоа сардори Барва Нури (у Ироқдан)нинг сўзларидан иқтибос келтирамиз: «Биз интеллектуал одамлар тоифасиданмиз. Мақсадимиз - футболчи фақат спорт ва видеоўйинлар билан чекланиб қолмаслигини кўрсатиб қўйиш.

Нима, футболчи фикрлашдан йироқми? Жамоамизда маданият руҳи бор. Бундай ёндашув ҳаммамизни дангасалик, лоқайдликдан сақлайди. Шахсий фикримча, футбол иккинчи ўринда туриши керак. Зеро, бундан-да муҳимроқ нарсалар бор ва шуни исботлашга уринмоқдамиз. Аввало, ўзимизга».

«Эстерсунд» учун кимлар ўйнашади?

«Эстерсунд» - миллатлар нуқтаи назаридан аралаш жамоа. Яъни таркибида шведлар ва ироқлик сардордан ташқари, 2 нафар инглиз (улардан бири - Жейми Хопкатт клуб тарихидаги иккинчи яхши тўпурар), 3 нафар ганалик бор.

Шунингдек, Нигерия ва ҳаттоки, Комор оролларидан ҳам футболчи жалб этилган. Жаҳон миллатлари орасидаги тенглик - ЕЛнинг «қўпол» дебютанти учун асосий масала.

Мисол учун, «Эстерсунд» бир йилча олдин бу мавзуга бағишланган хайрия гала-концерти ташкиллаштирганди. «Бирдамлик концерти» номи остидаги тадбирдан кўзланган асосий мақсад турли миллат ва элат вакиллари ўртасидаги тенгликни намойиш этиш эди.

Ҳа, «Эстерсунд»нинг майдон ташқарисидаги ютуқлари салмоқли ва мана, жамоа футбол бобида ҳам ўз сўзини айта бошлади. «Ишонч - қиёси йўқ манба, - дейди ижодга мойил Поттер. - Агар сиз нимагадир чин қалбдан ишонсангиз, ақлга сиғмас ишлар уддасидан чиқасиз.

Шогирдларим ўзларини ҳар томонга ташламайдилар. Яъни  «Тўхтанг, бу имконсиз-ку»  қабилидаги гапни бирор марта эшитмадим. Шундай ёндашув самараси ўлароқ, ўзимиз учун номаълумлик саналган жойга мафтункор соддалик билан қадам босаверамиз».

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz