Қайднома

Қидирув

Жозе Моуриньо: «Жиддий термалар Европа ва Жанубий Америкада»

Жозе Моуриньо: «Жиддий термалар Европа ва Жанубий Америкада»

  15.12.2017 03:38
  0
  1370
Жозе Моуриньо: «Жиддий термалар Европа ва Жанубий Америкада»

«Манчестер Юнайтед» бош мураббийи Жозе Моуриньо ЖЧ-2018 қуръаси натижалари борасида ўз фикрларини билдириб ўтди.

RT нашрига берган интервьюсида португалиялик мутахассис эътиборга молик кўплаб жиҳатлар ҳақида гапирди.

— Сизнингча, қуръа ташлаш маросими қанчалик қизиқарли чиқди?

— Қуръа ҳамиша ҳиссиётли бўлади. Кимга осон, кимга қийин бўлганини кейинроқ муҳокама қиламиз. Менга Жанни Инфантинонинг «Футбол - футбол кишилари учун», деган гаплари ёқди.

Маросимда ҳақиқий футбол афсоналари, жумладан, дўстим Диего Марадонанинг иштирок этганини кўриш ёқимли бўлди. Унинг ажойиб сариқ «капалакча»сини кўп эслаб юрамиз.

— Мундиалда қайси гуруҳларнинг ўйинини кузатиш қизиқарли бўлади ва нима учун?

— Биринчи ўринда ўз клубимда ўйнайдиган футболчиларнинг терма жамоаларига эътибор қаратаман. Мен учун уларнинг ким билан, қандай ўйнаши муҳим.

Шунингдек, қанчалик эрта қайтишларини билиш қизиқ. Ўзингизга маълум, Англияда мавсум жуда эрта бошланади. Премьер-лига ўйинлари старт олганида, шогирдларим финалга чиқишгани учун футболчисиз қолишни истамайман.

Умид қиламанки, футболчиларимиз орасида ҳам жаҳон чемпиони бўлади. Аммо қолганларнинг базага тезроқ қайтишларини истайман. Ўйинчиларимизнинг аксарияти «G» гуруҳидан ўрин олган Бельгия ва Англия термалари сафида ўйнашади.

Айнан уларнинг ўйинларини диққат билан кузатаман. Ишончим комилки, бу жамоалар гуруҳдан осонликча чиқишади. Шундай экан, уларнинг таркибидан ўрин олган футболчиларимизни кўпроқ кутишимга тўғри келади.

— Россия учун қуръа қандай кечди, деб ҳисоблайсиз?

— Уругвай, Миср, Саудия Арабистони. Менимча, мундиал мезбонлари Африка қитъаси вакилига жиддий эътибор қаратишлари керак. Уругвай индивидуал маҳорати юқори бўлган футболчилардан ташкил топган кучли жамоа.

Саудия Арабистонида «плей-офф» учун курашда тажриба етишмайди. Лекин Миср ўзини кўрсатишга қодир. Тезкор, креатив ва жисмонан бақувват футболчилар натижага эришишлари мумкин.

Москвадаги биринчи ўйинга ташриф буюриб, Инфантинога омад тилашни истардим. Бир сўз билан айтганда, Россия­га осон бўлмайди. Чунки гуруҳда атиги учта ўйин ўтказилади. Лекин Саудия Арабистонига қарши учрашувда мезбонлар уч очко олишга мажбурлар.

— Сизга яқин бўлган Португалия ва Англия термаларидан нима кут­япсиз?

— Португалия - Европа чемпиони. Шунинг ўзиёқ кўп нарсани англатиб турибди. Футболчилар чемпионлик учун даъвогарлар қаторида эканликларини тушунишлари лозим.

Англия эса жаҳондаги энг яхши лигага эга. Ушбу терма футболчилари ҳар ҳафта юқори савияда тўп суришади. Инглизларда ажойиб ёш авлод бор. Мазкур жамоа 1966 йилдан буён турнирда ғолиб чиқолмайди.

Ярим финалда эса охирги марта 1990 йилда қатнашганди. Лекин жамоа бош мураббийи шогирдларининг чемпион бўлишга қодирликларини айтмоқда. Унинг сўзини ҳам эшитиб кўриш керак.

— Қайси жамоалар турнир кашфиёти бўлиши мумкин? Фаворитлар сифатида қайси термаларни кўрсатасиз?

— Барча жиддий жамоалар Европа ва Жанубий Америкада. Бразилия ва Аргентина, Испания ва Германия, Франция ва Португалия. Улар фаворитлар.

Ўйин сифати, тажриба ва анъаналар улар фойдасига сўзламоқда. Бельгия ажойиб таркибга эга, Англия ҳақида ҳам шу гапларни айтиш мумкин. Юқорида тилга олинган саккиз жамоадан бирортаси чемпион бўлишига ишончим комил.

— Россиядаги жаҳон чемпионати Лионель Месси ва Криштиану Роналду учун якун бўладими?

— Бундай эмаслигига умид қиламан ва ишонаман. Уларнинг иккиси ҳам ажойиб формада ва жамоалари учун ҳали керак бўлишади. Менимча, Месси ва Роналдунинг сўнгги жаҳон чемпионати 2022 йилда ўтади. Россияда улар билан хайрлашишга эрта.

— Сўнгги пайтларда Россияга кўп ташриф буюрдингиз. Мезбонлар, фанатлар ҳақида қандай фикрдасиз?

— Ҳақиқатан ҳам бу ерга кўп келдим ва ҳеч қандай қийинчиликка дуч келмадим. Фақат битта муаммо бор - совуқ об-ҳаво. Аммо ёзда бундай бўлмайди.

Россия аҳолиси футболни, меҳмонларни, ўз кумирларини яхши кўришади. Улар мамлакатлари билан фахрланишади ва стадионларда ажойиб муҳитни юзага келтирадилар.

Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz