Қайднома

Қидирув

Криштиану Роналду: «Жамоавий ютуқлар якунда «Олтин тўп»ни ютишимга имкон берди»

Криштиану Роналду: «Жамоавий ютуқлар якунда «Олтин тўп»ни ютишимга имкон берди»

  17.12.2017 03:39
  0
  2020
Криштиану Роналду: «Жамоавий ютуқлар якунда «Олтин тўп»ни ютишимга имкон берди»

«Олтин тўп»ни 5-марта боши узра баланд кўтариб, бу борада ниҳоят, Лионель Мессига тенглашиб олган португалиялик беназир голеадор - Криштиану Роналду навбатдаги зафарини ҳам ўзгача нишонлади.

У шунинг баробарида хорижлик касбдошларимизнинг турли саволларига хушчақчақ ҳолда жавоб қайтарди.

Эйфель минораси

- Бу галги тақдирлаш маросими бетакрор лаҳзаларни улашди: ҳа, бироз совуқ, лекин ҳаммаси қойилмақом даражада!

Ғалаба шукуҳи

- Ўта бахтиёрман - бундай ғаройиб онларни узоқ кутдим. Муҳими, бутун мавсум давомида ажойиб ўйнадик - ЧЛ ва Ла-лигада ғолиб чиқдик, ўзим халқаро турнир тўпурари бўлдим. Мазкур ютуқлар якунда «Олтин тўп» ютишимга имкон берди.

Шундай экан, аввало, «Реал» ва терма жамоадаги барча дўстларимга улкан миннатдорчилик изҳор этишим керак. Улар, шунингдек, кўплаб мутахассислар ёрдами билан шундай мартабага эришдим. Барчага раҳмат!

Кичик Криштиану

- Унинг ижросидаги жарима зарбаларидан ҳайратдаман. Назаримда ўғлим қандайдир алоҳида хусусиятларга эга. Ҳозирча ўз ҳолича ўйнашига имкон бераман, ниманидир ўргатишдан тийиламан. Ахир ўғлим ҳали болакай.

Мураббийларга эҳтиром

- Ҳар қандай мураббийдан ниманидир ўрганиш мумкин. Фергюсон, Зидан, Сантуш ва Анчелотти каби мутахассислар билан ишлаганим - бахтимнинг кулгани.  Улардан қандайдир янги ҳаракатларни ўзлаштирганман.

Оила аъзоларим ва клуб президентига ҳам раҳмат. Табиийки, доимо энг яхши бўлишга интиламан. Мураббий - жамоа етакчиси ва уни ҳамиша ҳурмат қилиш зарур. Барча устозларим чинакам намуна бўлишдики, шундай нуфузли совринларга эришдик, эришяпмиз.

«ПСЖ» масаласи

- «ПСЖ»га ўтаманми? Йўқ, айнан Мадридда бахтиёрман! Агар имкони бўлса, фаолиятим охиригача «Реал»да қоламан.

Болаликдаги кумирлари

- Кўплаб спортчиларга ҳавас билан қараганман. Умуман, барча спорт турларини кузатганман: «Форму­­ла-1», баскетбол, гольф... Хуллас, кумирларим саноқсиз...

Мотивация ва Мбаппе

- Энг муҳими - иштиёқни йўқотмаслик. Эрталаб уйқудан туриб, яна ўйнай олишингни ҳис этишинг - ажойиб туйғу. Мбаппега келсак, унда улкан салоҳият ва иқтидор бор.

Ҳаммаси бу фазилатлардан қандай фойдаланишига боғлиқ. Агар Килиан барчасига тўғри ёндашса, келажакда бемалол «Олтин тўп» соҳибига айланиши мумкин.

Шахсий хусусиятлари

- 14-15 ёшимдаёқ тенгдошларимда йўқ қандайдир хусусиятларга эгалигимни сезганман, ҳарқалай, майдонда ўзгача ҳаракатланардим.

«МЮ» сафига қўшилиб, Робби Кин, Рио Фердинанд ва Рууд ван Нистелрой каби афсоналар ёнида тўп сургач, иқтидорим «Олтин тўп»ни қўлга киритиш учун етишини тушундим. Анг­лиядаги илк кунлардан сэр Алекс мени ўз ҳимоясига олди - ажойиб муносабат.

У футболдаги отам сифатида кўп нарсаларни ўргатди. Яъни чинакам профессионал мақомига олиб чиқди, бор куч-маҳоратимдан тўлиқ фойдаланиш йўлларини кўрсатди.

Очиғи, ўша пайтлар нима қилишни билмасдим: иқтидорим бор эди, аммо қачон тўп узатиш ёки финт ишлатиш ҳақида айтарли тушунчага эга эмасдим. Хуллас, Ферги менга нисбатан ўта қаттиққўллик қилди ва муҳими, бундай ёндашуви катта ёрдам берди.

Месси билан рақобат

- «Олтин тўп»лар сони бўйича Леога тенглашиб олганим қўшимча илҳом бағишлайдими? Эҳтимол, аммо бу ҳақда ўйламайман. Чунки мен учун энг яхши мотивация - ёлғиз ўзим.

Бошқача айтсам, янада кучлироқ ва яхшироқ ўйнаш учун аввало, ўзим билан курашишим керак. Умуман, мотивация бобида муаммо йўқ - уйғонишим билан кўтаринки кайфиятда машғулотларга йўл оламан.

Тўғри, вазият жуда тез ўзгариб туради: бугунги кучли иштиёқинг эртага ғойиб бўлиши ҳеч гап эмас. Шунга йўл қўймасанг, бас. Очиғи, Мессини қувиб етишга кўзим етмаганди.

Айниқса, тўртинчи «Олтин тўп»ни қўлга киритгач, кейингиси жуда қийин бўлишини ўйлагандим. Шукрки, футбол муваффақиятни давом эттиришимга имкон берди ва яна ғолиб чиқишни уддаладим.

Мотивация йўқолган тақдирда...

- Ҳа, қачондир шундай кун келади. Лекин ҳозир бу ҳақда ўйлашни ҳам истамайман. Зафарли онлардан ҳузур олиш мароқлироқ. Қолаверса, ҳамон етарли куч-қувватга эгалигимни ҳис қилиб турибман.

Фарзандлари ва оиласи

- Тунда яхши ухлайман, чунки хотиржамман. Уйда бу масалада менга ёрдам берадиган жамоам бор. Табиийки, оиламга катта эътибор қаратаман ва яқинларим ҳам мени назардан қочирмайдилар.

Оила даврасида қанча вақт бўлишинг эмас, унга нечоғли яқинлашишинг муҳим. Бутун ҳаётимни фарзандларим камолоти йўлида сарфлашга тайёрман. Шунинг баробарида келажак ҳақида ҳам қайғуришим керак - машғулотлар, реклама...

Кичик Криштианунинг футболга қизиқиши

- Қайтараман, ўғлимда менга хос хусусиятлар бор. Буни шунчаки, айтмаяпман, дарҳақиқат, алоҳида фазилатлари кўзга ташланяпти. Қувонтирадиган томони, у кучли характерга эга. Келажакда ўғлимни менинг номим таъқиб этиши - ортиқча даҳмаза.

У шу босимни енгса, истаган касбни пухта эгаллай олади. Ҳозирдан «Олтин тўп» ютишга ваъда беряпти. Дейлик, «5 марта ғолиб чиқа оласанми?» қабилидаги саволимга баралла жавоб қайтаради:

«Ҳа». Унга асло босим ўтказмайман, агар ўз хоҳиши билан чинакам футболчи бўлиб етишса, фахрланаман, албатта.

Оиланинг муҳимлиги

- Факт шуки, барқарорлигим гарови - оилам. Ғаройиб оила, ажойиб фарзандлар, садоқатли дўстлар ва суюкли рафиқам бор. Дўстларим ва жамоадошларимни сира унутмайман - куч-қудратимни уларнинг ёрдами билан юзага чиқаряпман.

Тўғри, анчагина мағрурман. Аммо ажойиб инсонлар қуршовида эканлигим ҳаётда омадим чопганини англатади.

Кун тартиби

- «Олтин тўп» йўлида кўп нарсадан воз кечиш керак - турмуш тарзини ўзгартириш, профессионалликни бой бермай, ҳар бир ишга жиддий ёндашишга тўғри келади. Фақат шунинг ўзи кифоя қилмайди.

Кўплаб футболчилар шундай яшашсада, нуфузли совринни қўлга киритолмайдилар. Бунинг учун машғулотларга ҳам жиддий эътибор қаратиш шарт. Муваффақият калити -  машғулот. Оз шуғуллансангизда, ҳаммаси соз бўлсин.

Зеро, баҳоли қудрат шуғулланиш ва чин юракдан шуғулланиш ўртасида катта фарқ бор. Жисмонан соғлом киши ҳар қандай тўсиқни енгишга қодир.

Шу боис, доимо саломатлигимни қаттиқ назорат қиламан, овқатланиш тартибим қатъий, ҳаттоки,  ухлаш, дам олишим ҳам режа асосида. Уйқунинг нечоғли муҳимлигини кўпчилик тушунмайди.

Танқидга муносабат

- Танқидга ақл билан, холисона ёндашиш керак. Хулоса чиқаришда шошилиш ярамайди. Тўғри, қандайдир хатога йўл қўйсанг, кўпчилик дарҳол шов-шув кўтаради. Шундай пайтлар ёнингда садоқатли дўстларинг бўлиши мақсадга мувофиқ.

«Қироллик клуби»даги келажаги

- Юқорида айтдим, жамоа кўплаб совринлар ютишимга имкон берди. «Мадрид» ҳайдамас экан, ҳеч қаерга кетмайман. Амалдаги шартномага мувофиқ, «Реал»да яна 5 йил тўп суришим мумкин. Тўғри, келажакда қандай воқеалар юз беришини билмайман.

Қўллаб-қувватлаш моҳияти

- Қанчалик юксакликка кўтарилсанг, сенга шунча кўп тош отишади. Танқидий муносабатларни менга қаратилган ҳужум ўрнида кўрмайман. Аксинча, барчасини ишонч ва қўллаб-қувватлаш сифатида қабул қиламан.

Дейлик, кеча қандайдир рекорд қайд этдим, бугун эса бошқасини. Бундай пайт мухлислардан «Табриклайман» иборасини эшитаман. Демак, ўз вазифамни талаб даражасида уддалаяпман...

«Олтин тўп»нинг 5 карра лауреати баъзан ҳуштакбозлик қиладиган мадридлик мухлислардан хафалигини ҳам яширмади:

«Реал» фанатларида гоҳ-гоҳи амнезия ҳолати кузатилишидан қаттиқ афсусланаман. Ахир футболда ҳар доим омадингиз чопиши амри-маҳол. Мухлислар бизни мудом қўллаб, ёрдам беришлари керак.

Мана, 4 йилда ЧЛнинг 3 карра ғолибига айландик - бу ҳазил гап эмас. Баъзан ишлар ўйлаганингиздек текис кетмайди - тўп дарвозага киришни хоҳламайди ёки рақиб дарвозабони ажойиб ҳаракатланади.

Хуллас, ҳар қандай ҳолатда ҳам, мухлислар ишончни йўқотмасликларини истардим». Роналду шунингдек, футболчилик фаолиятини якунлаганидан кейин ўзини янги соҳаларда синаб кўришини айтди:

«Биламан, кўпчилик мени келажакда мураббий сифатида кўришни истайди. Эҳтимол, шундай ҳам бўлар. Аммо ҳозирги ҳолатда фаолиятимни тугатгач, салоҳиятимни бошқа йўналишлар - катта лойиҳаларда синаб кўришни ўйламоқдаман».

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz