Қайднома

Қидирув

Англамаган, эсанкираганларга «қизил карточка»

Англамаган, эсанкираганларга «қизил карточка»

  19.12.2017 06:32
  0
  2343
Англамаган, эсанкираганларга «қизил карточка»

Таниқли шоир, футболнинг ашаддий мухлиси Усмон Азим бир вақтлар барчага тенг нур сочмагани учун қуёшга «виговор» эълон қилганди.

Шоир ўша шеърий баёноти орқали аслида жамиятдаги адолатсизликларга қарши исёнини ифодалаган, албатта. Ҳолбуки, минтақалар нуқтаи назаридан қуёш барчага тенг нур сочолмаслиги, бунга табиий имкон йўқлиги барчага, жумладан, шоирга ҳам маълум.

У кундек равшан маълумотга бошқача нигоҳ ташлаяптими, демак, коса тагида нимкоса бор...

Бир қатор мухлислар ЎФФнинг Вадим Абрамовга нисбатан чиқарган қарорига муносабатимизни сўрашганида, юқоридаги мулоҳазалар онгу шууримизда чарх урди. Шимолий қутб аҳли онда-сонда юз кўрсатгани учун қуёшдан ўпкалашга ҳақлими?

Ёки Африка жазирама «сийлов» учун қуёшдан ранжиса, нима ўзгаради?! Ҳеч нарса! Қуёш мангу ишида давом этади, яъни Шимолий қутбни мўл-кўл нурдан бенасиб айлаб, яна ва яна Африка бошига бемисл ҳароратини тўкаверади. Гўё адолатсизликдек туюладиган бу табиий жараён абадий ҳақиқатдир.

Африкаликлар қанчалар дод-вой солишмасин, қуёш Шимолий қутбга кўпроқ нур сочмайди. Энг тўғри йўл - шу букилмас ҳақиқат қошида бош эгиш. Ишончимиз комил, бу каби эътироздан холи ҳақиқатларни Вадим Абрамов ҳам яхши билади.

Шундай экан, қарор қабул қилинганидан сўнг унга нисбатан норозилик билдириш, юмшоқ айтганда, номақбул ишдир. «Кетингга тушса, кекчайма!» дейди доно халқимиз. Бу - «Гапинг ўтмадими, сўзинг кесмадими, жим тур, одоб сақла, дамингни чиқарма, чида!» дегани.

Балки бу пурмаъно нақл Вадим Карленовичга номаълумдир. Майли, ҳечқиси йўқ, аста-секин ўрганади, кўникади. Ўрганмаса, кўникмаса, табиийки, номуайян четлатишнинг муддати чўзилаверади. Тушуниб турибмиз, мутахассиснинг «Нефтчи» мухлислари олдида юзи шувут.

У ўзича биринчи лиганинг иккинчи жамоасини «плей-офф»да енгиш хаёлида келгуси мавсум режаларини пишитаётган паллада футболимиз осмонида чақмоқ чақнади, гўё. ЎФФнинг олий, яъни Суперлигада 12та жамоа иштирок этиши ҳақидаги қарори Вадим Абрамовга ёқмади, албатта

. Чунки у «Нефтчи»ни олий (супер) лигада сақлаб қололмаган мураббий сифатида Фарғона футболи тарихига кирди. Ҳазм қилиш аламли ва қийин аччиқ тарих...

Айниқса, Вадим Абрамов каби таниқли мутахассис учун бу қарор тақдирнинг қалтис ҳазилидир. Бундай кўргиликни қабул қилмаслик, эътироф этмаслик янги муаммоларни келтириб чиқаради ва Вадим Абрамов шундай жазога дучор бўлди.

Мутасадди ташкилот қарорига бўйсиниш - ижрочилар учун мажбурий. Умумманфаат йўлида чиқарилган қарорларни муҳокама этиш ва маъқулламаслик ҳеч қачон яхшиликка олиб келмайди. Фақат қудратли куч соҳибигина оқимга қарши сузиши мумкин.

Вадим Абрамов ўзини шундай куч ўрнида кўрди, чоғи. Ваҳоланки, у бирданига порлаб, кейин сўниб қолган юлдузни эслатувчи мураббийдек таассурот уйғотди. Мисол учун, Осиё кубоги-2011дан сўнг собиқ олимпиячиларимиз айнан Вадим Карленович раҳбарлигида 100 фоизли имкониятни кўкка совуришди.

Кейинчалик бош мураббий кўрсатмаси бўйича олинган сариқ қарточкалар сабаб, бош жамоамиз жабрланди. «Мирзо Улуғбек» трагедиясида улуғ бобокалонимиз азиз аёли Ферузага нисбатан «Сева-сева талоқ қиламан!» дейди изтироб билан. Бу - иложсиз ҳолларда таслим бўлиш лозимлигини билдирувчи фоже хулоса.

Мираброр Усмонов иззат-ҳурмат кўрсатиб, икки жамоа тақдирини ҳам Вадим Абрамовга ишониб топширди. Икки минус ҳаракат-натижадан кейин эса унинг ўзи мураббийга чиқиш эшикларини кўрсатди. Қисқаси, тақдир вақтида Вадим Абрамовни роса сийлади ва у бунинг учун ЎФФдан миннатдор бўлса арзийди.

Футбол федерацияси янги раҳбарияти Вадим Абрамов ҳурматидан пишиб етилган режа қарорини четга суролмасди. Мавсум аввалида эски раҳбарият томонидан тасдиқланган регламент эса бундай вазиятда ҳеч маъно англатмайди.

Вадим Карленович шуни тушунса, бас, олам гулистон эди. У эса ўзини ортиқча ҳақ санаб юборган ва ЎФФ йиғилишида ҳам вазиятни ўзгартиришга уринган, шекилли. Акс ҳолда, бу тариқа кескин қарор чиқарилмасди.

Эътибор беринг, футболимиздаги ўзгаришлар шамоли қандай ва қай томонга эсмоқда? Шу елга қарши чиқиб, кўкрак кериб, уни тўсишга уриниш мантиққа мос, мақсадга мувофиқми?

Мана, энди тасаввур қилайлик, ЎФФнинг янги раҳбарияти томонидан Суперлига ва Про-лига тузиш масаласи кўтарилмаганида, ҳозир қандай йўлдан борардик?! Футболимиз тараққиётини жиловлаб турган ўша регламентдан бир йил аввал воз кечгани ва қаршиликлар бўлишини билгани ҳолда, бунга руҳан тайёрлангани, журъат топгани учун ЎФФга раҳмат.

Регламентни бузиш мумкин эмас қабилида қўл қовуштириб тураверса, ЎФФни ким айбларди?! Балки буни барча қонун устуворлиги сифатида тушунар. Фақат биз эмас. Чунки тараққиёт шамоли эски қонун-қоидалар ва уларга ёпишиб олганларни ўчириб юборишга тайёр, ўчириб юбормоқда ҳам.

Конституциямизнинг шонли 25 йиллигига бағишланган тантанада Президент Шавкат Мирзиёев миллий валютамизни конвертация қилиш масаласига тўхталар экан, мутахассислар «Шошилманг, яна 3 йил кутайлик», дея маслаҳат беришганини айтиб, ўртага оғриқли ва адолатли саволни ташлади: «Халқимиз 25 йил кутди, яна қанча кутсин?»

Президентимиз саволидан келиб чиқадиган хулоса барчага тушунарли, бизнингча. Кескин ижобий ўзгаришлар орзусида яшаётган футбол мухлиси тараққиёт ва рақобат босимига бардош беролмаётган айрим жамоалар, футболчилар ва мураббийлар ҳузур-ҳаловатини ўйлаб, яна бир йил сабр қилсинми?

Йўқ, бунга тоқат қолмади. Умуман олганда, ЎФФ тўғри йўлни танламоқда. Йўл-йўлакай кўзга ташланаётган айрим камчиликларни тузатиш - ҳар биримизнинг вазифамиз. Футболимиз ҳозир барчамиздан шундай бирдамликни кутмоқда.

Муҳаммад Вали


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz