Қайднома

Қидирув

Олий лига-2017: ижобий ва салбий қай бири кўп

Олий лига-2017: ижобий ва салбий қай бири кўп

  20.12.2017 00:23
  0
  928
Олий лига-2017: ижобий ва салбий қай бири кўп

Яқиндагина якунига етган мавсум ҳақида энди фақат тарих саҳифаларини варақлаб ўқиш мумкин. Мана, футболимизда бошланган ислоҳлотлар самараси ўлароқ, бош лига номи ҳам ўзгартирилди.

Ўзбекистон олий лигаси келаси йилдан Суперлига, деб юритилади. Хуллас, «Олий лига» атамаси ҳам мозий қаърига шўнғийди.

Бу номдаги мусобақа билан хайрлашиш олдидан охирги мавсум давомида кузатилган ижобий ва салбий ҳолатларга бирров назар солмоқчимиз.

Хўш, олий лига-2017да қандай воқеликлар рўй бердики, уларни алоҳида тилга олиш лозим?

«СЕНСАЦИЯ»ЛАР

Олий лиганинг сўнгги мавсуми «сенсация»лар билан бошланган бўлсада, финишга келиб, кучли учлик одатий кўриниш олди - «Локомотив», «Насаф» ва «Пахтакор». Эсланг, илк турларда Самарқанд «Динамо»си важоҳатли кўринганди, кейин навбати билан «Қўқон-1912», «Бухоро» ва мавсум охирида «Навбаҳор» катта саҳнага чиқди.

Табиийки, воқеаларнинг бундай ривожи олий лига томошабоплигини таъминлади маълум даражада. Ахир аутсайдер жамоалар ҳам ғалаба қозониб турса, мухлисларда қизиқиш ўз-ўзидан ошиши турган гап. Аслини олсак, охирги йилларда навбатма-навбат чемпионлик шоҳсупасига кўтарилган клублар («Локомотив», «Пахтакор» ва «Бунёдкор»)да айнан мухлис тўплаш масаласида муаммо бор.

Тан олайлик, айни ҳолатда вилоятлар жамоаларида асл мухлислари сафи анча кенгроқ. Якунланган мавсум айнан мана шундай мухлислар учун байрам қилишга арзигулик сабаблар етарлича кузатилди. Гарчи бундай хурсандчилик онлари узоқ давом этмаган бўлмаса-да, алоҳида таъкидлашга арзиши муқаррар.

«ДИНАМО»

Мавсум бошида кетма-кет 3та ўйинда ғалаба қозонган Самарқанд клуби кутилмаганда, мусобақа жадвалида карвонбоши бўлиб олди. «Динамо» мухлисларининг чинакамига яйрашлари учун шу 3та ғалабанинг ўзи кифоя қилди.

Бу ғалабалардан бири «Пахтакор»га қарши кечган ўйин (1:0)да, боз устига, сафарда қўлга киритилганини инобатга олсак, байрам шукуҳини англаш осонроқ бўлса керак. Тўғри, шундан сўнг «Динамо»дан омад юз ўгирди ва жамоа мавсум охирида Қуйи лигага тушиб кетди.

Шунга қарамай, самарқандлик мухлисларнинг ёрқин старт - ўша ўйинларни анчагача эслаб юришлари тайин. Айтишларича, бир вақтлар «Пахтакор» стадионига киролмаган мухлислар яқин атрофдаги дарахтлар устига чиқиб, ўйин томоша қилишган экан. Мавсум бошида Самарқандда ҳам худди шунга ўхшаш воқеалар кузатилди.

«Динамо»нинг ўз майдонидаги ўйинларида стадион барча хоҳловчиларни ўз бағрига сиғдиролмай қолди ва айрим мухлислар ўйинни аренага ёндош бекат томида кузатишдан ўзга чора тополмадилар.

Айни шу воқеликнинг ўзи юртимизда футболни қай даражада севишларига далилдир. Буни яна бир бора амалда тасдиқлаб берган «Динамо» ва унинг жонкуяр мухлисларига алоҳида раҳмат!

«ҚЎҚОН-1912»

«Динамо» бошлаб берган «сенсация»лар силсиласини кейинчалик «Қўқон-1912» чиройли тарзда давом эттирди. Самарқанддагидан фарқли ўлароқ, Қўқон байрами узоқроқ давом этганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Нўъмон Ҳасанов бошчилигидаги шижоатли жамоа чемпионатни «Насаф»дан учралган 1:2 ҳисобидаги мағлубият билан бошлаганди.

Камтарин жамоа шундан сўнг қаторасига 11та учрашувда енгилгани йўқ ва шу ажойиб серия эвазига давралар оралиғидаги танаффусга 2-ўринда чиқиб кетди. Хуллас, футболга салгина қизиқадиган киши ҳам ўша дамлар қўқонлик мухлисларнинг қувончлари қандай кенг кўлам олганини тасаввур қилиши қийин эмас.

Афсуски, «Қўқон-1912» иккинчи даврада барқарорликни таъминлай олмади ва ўртамиёналар қаторига тушиб кетди. Нўъмон Ҳасанов мавсум охирида буни таркиб билан боғлади: «Бутун мавсумни 11 нафар футболчи билан бир маромда ўтказиш жуда қийин».

Бу фикрга қарши чиқиш қийин, албатта. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам, факт шуки, «Қўқон-1912» ўз мухлисларига байрам туҳфа этишни эплади. Бундай тантана келаси мавсум янада давомий бўлишини истардик. Ҳар ҳолда,  ўзбек футболи ватани ҳисобланадиган шаҳарга кучли жамоа ярашади...

«БУХОРО»

Мавсумнинг иккинчи қисми ҳам алоҳида қаҳрамонсиз қолгани йўқ. Танаффусдан кейин катта саҳнага «Бухоро» клуби кўтарилди. Мавсум бошида жамоа бошқаруви тажрибасиз саналган Улуғбек Бақоевга топширилганида, кўпчиликнинг ҳафсаласи пир бўлгани рост.

Чунончи, «Бухоро»га анча машҳур Вадим Абрамов таклиф этилгани расман маълум қилингач, қадим ва навқирон шаҳарда кўп нарсаларга умид боғлашганди. Муҳими, бухоролик мухлисларнинг хафагарчиликлари узоқ давом этмади - Улуғбек Бақоев қисқа вақт ичида мураббийлик курсисида ҳам етарли иқтидорга эгалигини исботлай олди.

Ҳар ҳолда, унинг жамоаси турдан-турга кучайиб борди ва мавсум ўртасида 11та ўйиндан иборат мағлубиятсиз серия қайд этди. Ушбу ажойиб юриш давомида «Бунёдкор» (4:2) ва «Насаф» (1:0)дек кучли рақиблар мағлубиятга учратилди. Хуллас, «Бухоро» орада 2-ўрингача кўтарилди ва сал қолса, чемпионликка ҳам чинакамига даъво қилиши мумкин эди.

Бироқ бухороликларга ҳам якунда «Динамо» ва «Қўқон-1912» сингари барқарорлик етишмади. Шундай бўлсада, мавсум Бухорога кўп қувончли лаҳзаларни туҳфа этгани айни ҳақиқат. Мана, Улуғбек Бақоев жамоадаги самарали иши туфайли хориждан таклиф олди.

Узунқулоқ гапларга қараганда, ёш мураббий хизматларига Қозоғистоннинг етакчи клубларидан бири қизиқмоқда. Агар Бақоев дарҳақиқат, қўшни мамлакат чемпионатига йўл олса, унда бухоролик мухлислар унга фақат омад тилашлари ва Қозоғистондаги ишларини аввалгидек, яъни футболчилик давридаги каби диққат билан кузатиб боришлари тайин...

ЮКСАЛИШ

Мавсумнинг финиш қисми шубҳасиз, «Навбаҳор»га аталди. Илҳом Мўминжонов жамоаси айниқса, ўз майдонида ўша вақт чемпионликдан ҳали умид узмаган «Пахтакор»ни ишончли тарзда енгганида, Намангандаги чин футбол байрами энг юқори нуқтасига чиққан бўлса, ажабмас.

«Лочинлар» якуний турда «Насаф»ни ҳам мағлубиятга учратиб, юксалишга мантиқий нуқта қўйишди. Эътибор беринг, «Навбаҳор» 2004 йили 3-ўринни эгаллаганидан буён турнир жадвалида бирор марта 5-поғонага кўтарилган эмасди. Оддий айтганда, нақ 12 мавсум 6-15-ўринлар оралиғидан жой олди.

Мана, ниҳоят, наманганликлар яна  5-поғонани забт этишди (диққатга сазовор факт, «Навбаҳор» бу йил ўз майдонида бирор ўйинни бой бермай, бу борада чемпионатнинг ягона жамоаси бўлди).

Тарихни варақласак, Наманган клуби илк мавсум, яъни 1992 йили айнан 5-ўринни банд этган ва кейинги 7та чемпионатда 6 марта бронза медали ютиб, бир бора чемпионликка эришганди. Балки жамоа учун яна совриндорлар қаторига қўшилиш вақти яқинлашаётгандир...

ҚОҚИЛИШ

Футбол нафақат ғалабалар, балки мағлубиятлар билан ҳам қизиқ. Одатда етакчи жамоаларнинг кетма-кет ўйинларда омадсизликка йўлиқиши ҳам умумий  қизиқиш даражасига катта таъсир қилади. Якунланган мавсум бу жиҳатдан ҳам ажралиб турди.

Айниқса, чемпионликка доимий даъвогарлар бирин-кетин енгилиб турса, «интрига» мисли кўрилмаган даражада ошар экан. Дейлик, «Пахтакор» икки йилгина муқаддам ҳам чемпионатнинг бош фаворити саналарди. Аммо «шерлар» мавсум-2017да оз эмас, кўп эмас, нақ 7 марта мағлублик кўчасига киришди.

Пойтахтликларнинг айниқса, Қашқадарё вилоятига сафарлари аламли натижалар берди. Оддий айтсак, «Пахтакор» воҳанинг 3та вакили - «Машъал» (0:3), «Шўртан» (0:3) ва «Насаф» (0:4)га қарши кечган меҳмондаги ўйинларда умумий ҳисобда 10та гол қўйиб юбориб, буларга бирорта жавоб қайтаролмади.

Шунингдек, мавсум «Бунёдкор» учун ҳам осон кечгани йўқ. «Қалдирғочлар» камроқ - 6та ўйинда мағлубликни тан олишди. Аммо жамоа ҳисобида дуранглар ҳаддан ортиқ кўпайиб кетди - нақ 10та ўйинда биттагина очко билан кифояланди. Айни шу йўқотишлар ўлароқ, «Бунёдкор» якунда кучли учликка киролмади.

ЯНГИЛАНИШЛАР

Мавсум ҳақида гап кетганида, «Пахтакор» ва «Бунёдкор»да рўй берган ўзгаришларга тўхталмасликнинг умуман иложи йўқ. «Шерлар» ва «қалдирғочлар» учраган мағлубиятлар ҳақида гапирдик. Табиийки, бундай омадсизликлар қандайдир ўзгаришларга йўл очмаслиги мумкин эмасди.

Шунга монанд, «Пахтакор»да ҳам, «Бун-ёдкор»да ҳам раҳбариятдан тортиб, мураббийлар штабигача алмаштирилди. Хусусан, «Бунёдкор» яна эски қадрдони Миржалол Қосимовни ёрдамга чақирди.

Муҳими, бу ўзгаришдан сўнг «қалдирғочлар» ўйинида ижобий ўзгариш кўзга ташланди. Тўғри, Қосимовга осон бўлгани йўқ, албатта. Дейлик, тажрибали мураббий «Бунёдкор»га қайтгач, қаторасига 3та ўйинда ғалабани тантана қилолмади.

Фақат орадан маълум вақт ўтгач, натижалар яхши томонга ўзгара бошлади. «Пахтакор»даги ўзгаришлар кўлами эса яна-да кенгроқ бўлди.

Клубда шунчаки, раҳбарият ва мураббийлар штаби ўзгартирилгани йўқ, балки ривожланиш йўлида ҳам кескин янгиликлар амалга татбиқ этилди. Асосийси, «Пахтакор» акциялари кучли сармоядорлар томонидан сотиб олинди.

Жамоа бошқарувига эса Шота Арвеладзе таклиф қилинди, таркиб легионерлар билан кучайтирилди. Балки бу ўзгаришлар ҳозирча кутилган самарани келтирмагандир, аммо янги мавсум айнан «Пахтакор»га аталса, асло ҳайрон қолмасдик.

КЎНГИЛСИЗЛИКЛАР

Афсуски, олий лиганинг сўнгги мавсуми нафақат ёрқин жиҳатлари, балки салбий ҳолатлар билан ҳам ёдда қолади. Ахир бежиз айтишмаган - «Ҳар яхшининг бир ёмони бор». Хуллас, мавсум айрим кўнгилсизликлардан холи бўлмади.

Биргина оддий тақвимни кўриб чиқсак, вазият қай даражада жиддийлигини билиб оламиз. Одатдагидек, чемпионат яна тақвимдаги ўзгаришлар билан бошланди.

Кимдир барча ўзгаришларни тўғри ҳисоблаган бўлса, унга математика соҳасидаги қайсидир мукофотни бериш лозим (муболаға учун узр). Олий лига-2017 тарихда қолиши муқаррар ва бунда қолдирилган ўйинлар учун алоҳида саҳифа ажратилиши ҳам тайин.

Умид қиламизки, «олий лига» атамаси билан бирга тақвим бобидаги «сурди-сурди»лар ҳам четга чиқади ва Суперлига бундай иллатдан холи бўлади.

Аммо олий лигадаги энг катта кўнгилсизлик тақвим билан боғлиқ бўлганида, бунга бажонидил кўнардик. Афсуски, мавсум давомида яна-да каттароқ дилхираликлар кузатилдики, уларни эслагинг ҳам келмайди.

Масалан, чемпионат давомида кўпчиликда шубҳа уйғотган ўйинлар ҳам бўлганини инкор этолмаймиз. Ҳар ҳолда, ора-орада қайсидир ўйин шубҳали ўтгани ҳақида гап-сўзлар урчиди.

Бироқ «Келишилган ўйинларга қарши кураш қўмитаси» бу сафар ҳам ўз одатига кўра, сукут сақлашни лозим топди. Мана, бу қўмита ҳеч нарсани исботламай туриб, тарихга айланди.

Яъни ЎФФ раҳбарияти ўзгаргач, «Келишилган ўйинларга қарши кураш қўмитаси» ёпилди. Демак, унинг иши қониқарсиз баҳоланган.

Олий лиганинг сўнгги мавсуми кузатилган энг ёқимсиз ҳолат эса шубҳасиз, ҳакамликка боғлиқ. Ҳа, футбол ҳеч қачон ҳакамлар хатосидан холи бўлган эмас. Аммо хатолар доимийлик олса ва энг ёмони, нохолисликка йўл қўйилса, бундан ёмони йўқ.

ЎФФ янгича иш тизимига ўтганидан сўнг ҳакамлардан бири умрбод ва яна икки нафари вақтинча четлатилди. Қолаверса, «Пахтакор» - «Бунёдкор» ўйинидаги ҳакамлик дилни хира қилди.

АБДУЛЛОҲ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz