Қайднома

Қидирув

Никита Рибкин: Ўзгаришлар натижаси тез орада кўринади

Никита Рибкин: Ўзгаришлар натижаси тез орада кўринади

  21.12.2017 03:41
  0
  952
Никита Рибкин: Ўзгаришлар натижаси тез орада кўринади

Ўтган мавсумни «Қўқон-1912» клубида ўтказган Никита Рибкин ҳозирда эркин агент мақомига эга: амалдаги шартнома муддати 11 ноябрь куни ниҳоясига етди.

Тез орада маҳоратли киперга янги битим таклиф этилиши аниқ, зеро унинг каби посбонлар хизматига ҳар қандай жамоа эҳтиёж сезиши тайин.

Яқинда sports.uz сайти ходимлари Рибкин билан суҳбат уюштиришди. Қуйида мазкур интервьюни эътиборингизга ҳавола этамиз.

- Қўқонда ўтган йил нимаси билан ёдда қолди? «Пахтакор» билан солиштирганда, иш жараёнида қандай фарқ бор экан?

- Аниқроқ айтадиган бўлсам, бир ярим мавсумдан буён Қўқондаман, у ерга 2016 йилнинг иккинчи даврасида боргандим. Ўшандаёқ жамоам ўзгариши билан боғлиқ муаммоларга дуч келмагандим, жорий йилда эса мослашув жараёни ҳақида гап-сўзга ўрин қолмади.

Ҳамма таниш, авваллари бирга ўйнаганлар ёнимда эди: «Пахтакор» мактаби вакиллари Александр Мерзляков, Мурод Холмуҳаммедов, Жавоҳир Сиддиқовлар келишди. Қолаверса, мураббий ҳам бегона эмас. Биргина фарқ шундаки, Нўъмон Ҳасанов дарвозабонларнинг ўйин амалиётига катта эътибор қаратарди.

Таркибдаги уч посбоннинг барчаси майдонда синаб кўрилишини истарди. Бир неча марта ёшлар жамоасида тўп суришимга тўғри келди. Хуллас, иш жараёни менга таниш эди, бироқ асосий таркибда кўпроқ ўйнашни истардим. Буни эса мураббийлар ҳал қилишарди.

- «Қўқон-1912» кўпчилик учун кутилмаган натижа қайд этди. Биринчи даврада эса етакчилар қаторида юриб, оралиқ танаффусга 2-ўринни эгаллаган ҳолда чиқди. Қўқонликларнинг бундай кўрсаткичга муносабати қандай бўлди?

- Ёқимли дамлар кўп эди. Албатта, кўча-кўйда кўриб қолишса, танишарди. Баъзан машғулотлардан сўнг қолиб, шуғулланишни давом эттирардик. Бундай пайтларда эса автобус кутиб турмай, қолганларни олиб кетиб қоларди.

Натижада базагача таксида боришга тўғри келарди. Шундай пайтларда ҳайдовчилар йўл ҳақини олишни хоҳламай, манзилимизга текинга етказиб қўйишарди.

Шу каби ҳолатлар дўконларда ҳам учрар, сотувчилар ва савдо маркази эгалари харидимиз учун пул олишмас, дилдан суҳбат қуришарди.

Ҳаттоки, мавсум охирида кузатилган пасайишга қарамай, улар бизни қўллаб-қувватлаб, юқори савияли ўйин намойиш этганимиз учун миннатдорчилик билдиришди.

- Ёшлар жамоасидаги ўйинингизга тўхталсак. Асосий таркибдаги иштирок билан солиштирсак, фарқ сезилдими?

- Деярли сезмадим. Ўйин давом этаркан, сергаклик йўқотилмайди, акс ҳолда бу зарарга ишлайди. Боз устига, ёшлар жамоасида одатда асосий таркибнинг 2-3 нафар аъзоси тўп сурар, бу эса ўйиннинг кучайишига сабаб бўларди.

Умуман олганда, ёшларимиз учун мавсум яхши ўтди, «Бунёдкор» ва «Пахтакор»дан сўнг учинчи ўринни эгаллашди.

- Режалар қандай? «Қўқон-1912»даги шартнома муддати якунландими?

- Ҳа, якунланди. Ҳозирча эркинман. Режалар ҳақида гапиришга эса ҳали эрта.

- Энди футболимиз атрофида рўй бераётган янгиликлар хусусидаги фикрингизни билмоқчимиз. Иккита лигадаги формат ўзгаришига қандай қарайсиз?

- Фақатгина қуйи дивизионда ўйинчилар ёшига қўйилган лимит тўғрисида гапиришим мумкин. Ушбу ҳолатда кўпроқ ҳамкасбларим - дарвозабонларни ўйлаяпман.

Қизиқ, элитада 12та жамоа қатнашса, киперлар қаерга боради? Ахир аксарият посбонларнинг ёши 24дан юқори-ку. Айнан шу ўзгариш тушунарсизлигича қоляпти.

- Фаолиятининг якуний қисмини 1-лигада ўтказаётган 35 ёшли маҳорат соҳиби 18-20 ёшли футболчига кўп нарса ўргатиши мумкин.

Ҳар ҳолда, машғулот жараёнида ёки трибунадан туриб маслаҳат бергандан кўра, расмий учрашувда ёнма-ён тўп суриш кўп нарса беради.

- Мен ҳам шу ҳақда гапирмоқчиман, ёш чекловини умуман олиб ташлаш керак. Бундай лимит учун бизда ёшлар лигаси бор. У ерда 21 ёшгача бўлганлар ва айрим тажрибали футболчилар ўйнашади. Олий дивизиондаги таркиб ҳақида нимадир дейиш қийин.

Рақобат ошишига шубҳа йўқ, аммо катта футболсиз қолаётган бошқа шаҳарлар нима бўлади? Бу футболимизни ўзгартириш учун қўйилаётган илк қадамлар, унинг қандай самара келтиришини тез орада билиб оламиз: бир йилдан сўнг ҳаммаси ойдинлашади.

Катта эҳтимол билан, иштирокчилар сони қисқартирилган чемпионат терма жамоага номзодлар савиясини ошириш борасида фойда келтириши мумкин.

Чунки, рақобат кучаяди, ҳар бир футболчи ўзини кўрсатиш учун ўйинда 100 фоиз кучини сарфлайди. Башорат қилмайман, тез орада ҳаммасини ўзимиз кўриб оламиз.


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz