Қайднома

Қидирув

Саъдулла Музаппаров: «Германияликлардан кўп нарса ўрганиш мумкин»

Саъдулла Музаппаров: «Германияликлардан кўп нарса ўрганиш мумкин»

  22.12.2017 03:35
  0
  544
Саъдулла Музаппаров: «Германияликлардан кўп нарса ўрганиш мумкин»

Айни пайт Тошкентдаги JFL in Tashkent катта мураббийи Руфат Акрамхўжаев ва методист Саъдулла Музаппаров Германиянинг Шлотхейм шаҳрида малака оширишмоқда.

JFL in Tashkent мактаби Германиядаги JFL in Schlotheim академияси филиали ҳисобланади. Шу боис ҳам яқинда Германиядан тажрибали мутахассис Хералд Фритц юртимизга ташриф буюриб, болалар мураббийлари учун бир ойлик семинар ўтказганди.

Ўз навбатида, JFL in Tashkent мураббийлари ҳам малака ошириш учун Германияга йўл олишди. Ўтган ҳафта мана шу ташриф доирасида Руфат Акрамхўжаев ва Саъдулла Музаппаров Германия чемпионати доирасида «Лейпциг» ва «Майнц» клублари ўртасида кечган баҳсга ташриф буюришди.

JFL in Tashkent методисти Саъдулла Музаппаров «ИнтерФутбол» нашри билан бўлган суҳбатда мана шу ўйин таассуротларини сўзлаб берди.

ТОШКЕНТДАГИ ЎЙИН

- «Лейпциг» ва «Майнц» ўртасида кечган учрашувга тўхталишдан олдин, бир ой муқаддам Ўзбекистон чемпионатида ўтган бир учрашувни ёдга олиш лозим.

JFL in Schlotheim катта мураббийи Хералд Фритц юртимизда бўлганда, олий лига 26-туридан ўрин олган «Пахтакор» ва «Олмалиқ» клублари ўртасида кечган ўйинни бирга томоша қилгандик.

Табиийки, учрашувдан сўнг жаноб Хералддан таассуротлари ҳақида сўраганмиз. У берган жавобдан эса кўнгил анча хира бўлганди. Немис мураббийи «Пахтакор» - «Олмалиқ» ўйинини «жуда секин», деб атаган ва Германия чемпионати қуйи лигасида ҳам баҳслар бундан шиддатлироқ кечишини айтганди.

«Лейпциг» ва «Майнц» ўртасидаги учрашувни бевосита стадионда томоша қилганимиздан сўнг немис ва ўзбек футболи ўртасидаги фарқ қай даражада катта эканига дарҳақиқат, гувоҳ бўлдик. Бу тафовут нафақат футбол, балки бошқ соҳаларда ҳам сезилиб турибди.

ТАШКИЛОТЧИЛИК

- «Лейпциг» - «Майнц» баҳсига тўхталишдан олдин ўйин атрофидаги баъзи вазиятларни таъкидлаб ўтмоқчиман. Чунки бизнинг ҳайратимиз ҳали учрашув бошланмай туриб ошиб бўлганди. Ўйиннинг профессионал даражада ташкил этилганиёқ, бундеслиганинг савиясини билдириб турибди.

Айниқса, мухлислар билан ишлашга алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Ҳар доим илк таассурот стадион атрофидаги муҳитга боғлиқ бўлади. Лейпцигдаги арена атрофида одам кўп бўлсада, ҳеч қандай шовқин-сурон ёки тирбандликни кўрмадик.

Ҳамма тартиб сақлаб, стадионга киришга рухсат берилишини кутиб турибди. Бизнинг стадионларга келадиган ишқибозларнинг аксарияти эркаклар. Лейпцигда эса 80 фоиз мухлисларнинг оилавий келганига гувоҳ бўлдик.

Стадионда ёши 50-60дан ошганлар жуда кўп эди. Улар учун ҳамма шароит яратилган. Кириш-чиқиш жойларида қулайликлар мавжуд. Яна бир эътиборли жиҳат - аренада ногиронлар учун махсус жойлар тайёрланган. Трибуналар лиқ тўлган, бўш жой кўрмайсиз.

АТРОФ

- Мухлислар стадионга ўйин бошланишидан анча олдин келишганини айтдик. Ичкарига киришга фақат учрашув бошланишига бир соат қолганда рухсат берилди. Унгача эса ҳамма тоқат билан кутиб турди.

Бунинг учун шароит ҳам етарли эди. «Лейпциг»нинг ўйинлари ўтадиган «Ред Буллз стедиум» атрофида кичик бар ва кафелар жуда кўп экан.

Учрашув бошлангунга қадар мухлислар зерикиб қолмаслик учун мана шу жойларда тамадди қилиб, гурунглашиб ўтиришади. Стадионга киришга рухсат берилгач, шошилмасдан ичкарига йўл олишди.

ИЧКАРИДА

- Стадионга киргандан сўнг, энг аввало, инфратузилмага эътибор қаратдик. Трибуналарда фан-клуб учун алоҳида жой ажратилган бўлиб, у ерга шарфлар, брилоклар, шапка ва кепкалар қўйилган. Маркетингга қойил қолиш керак...

Ҳамма нарса мухлисларга аталган. Битта ўйинни томоша қилиш учун нима керак бўлса, барчаси муҳайё. Бир сўз билан айтганда, мухлислар стадионга росмана дам олиш учун келишади. Аренага кириш чоғида ҳар бир ишқибозга ўйин превьюси алоҳида топширилади - текинга.

Шу билан бирга, мухлислар куйлайдиган қўшиқ матни ҳам берилади. Ўйин бошланишига 40 дақиқа қолганда, махсус ходим футболчи ва мураббийлардан интервью олмоқда ва бу жараён катта экранда намойиш этиляпти.

Баҳс бошланиши олдидан «Лейп­циг»нинг мадҳияси матни ҳам экранда намойиш этилди ва бутун стадион уни куйлади. Бу шунчаки, ҳайратланарли.

Ҳали ўйин бошланмай туриб байрам бошланиб кетди. Бундай муҳитни ўз кўзинг билан кўрмасанг, тасвирлаб бериш қийин.

ЎЙИН

- Энди бевосита ўйиннинг ўзига келадиган бўлсак, баҳс ҳам шунга яраша кечди. «Лейпциг» кучли учлик учун курашмоқда, «Майнц» эса бундеслигада «жон» сақлаб қолишга ҳаракат қиляпти. Аммо ўйин давомида жамоалар савияси ўртасидаги фарқ деярли кўзга ташланмади.

«Майнц» аутсайдерлар сирасига кирсада, астойдил кураш олиб борди. Биринчи бўлимда «Лейпциг» тўлиқ ҳужум қилди ва 2:1 ҳисобида олдинда бораётганди, аммо иккинчи бўлимда ҳаммаси ўзгариб кетди.

«Майнц» ташаббусни ўз қўлига олди ва учрашув 2:2 кўринишида якунига етди. Бундай шиддатли баҳсни ҳар доим ҳам кўравермаймиз. Учрашув шу қадар қизиқарли кечдики, бир сония ҳам зерикмадик. Қани эди, бизнинг клублар ҳам шундай ўйин намойиш этишса...

НАМУНА

- Менимча, Германиядан нафақат профессионал ёки болалар футболи, балки мухлислар билан ишлаш жараёнини ҳам ўрганишимиз керак. Биз ҳозир немис футболи методикасини ўрганмоқдамиз, уларнинг услубини ўзлаштиряпмиз.

Яқинда JFL in Tashkent мактабида болалар мураббийлари учун семинар ўтказилди. Буларнинг ҳаммаси яхши, албатта. Аммо бошқа жиҳатлар бўйича ҳам намуна олишга арзигулик нарсалар кўп экан.

Ўзбек футболи ривожини истасак, ҳар жабҳада Германия футболидан дастуриламал сифатида фойдаланишимиз шарт.

Абдуллоҳ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz