Қайднома

Қидирув

«Бавария»нинг «нафақахўр» дарвозабони – Том Штарке ҳақида

«Бавария»нинг «нафақахўр» дарвозабони – Том Штарке ҳақида

  27.12.2017 00:18
  0
  1294
«Бавария»нинг «нафақахўр» дарвозабони – Том Штарке ҳақида

Германия Бундеслигаси 15-туридан ўрин олган «Айнтрахт» - «Бавария» ўйини арафасида Мюнхен клуби дарвозабони Свен Ульрайх енгил жароҳатга йўлиқди.

Жамоанинг биринчи рақамли кипери Мануэль Нойер эса сентябрь ойи охирида машғулот жараёнида жиддий шикастланиб, сафдан чиққанди.

Ҳали асосий таркибда майдонга тушмаган 17 ёшли иқтидор Кристиан Фрюхтль ҳам четда - у Бундеслига ўйинларида кўриниш бермай туриб, оёғини қайириб олди ва энди январгача даволанади.

Шундан оғир вазиятда 36 ёшли Том Штарке «Бавария» учун охирги умид вазифасини ўтади. Диққат қилинг, у шу йил май ойида футболчилик фаолиятини якунлагани ва клуб академиясида иш бошлашини эълон қилганди.

Бироқ Нойер-нинг узоқ муддат майдонга тушолмаслиги маълум бўлгач, «нафақа»га чиққан киперни ҳар эҳтимолга қарши «заявка»га қўшиб қўйишди.

Мана, 9 декабрь куни унинг «Айнтрахт» майдонидаги учрашувда тўлиқ вақт ҳаракатланишига тўғри келди. Муҳими, «қария» Штарке тўхтаб қолган фаолиятини муносиб тарзда қайта жонлантирди - клуб сафидаги юбилей - 100-ўйинида дарвозаси дахлсизлигини таъминлаб, «Бавария» ғалабаси (1:0)га муносиб ҳисса қўшди.

«СЭ» шу баҳона Мюнхен грандининг янги-эски голкипери тарихини «титкалаб», баъзи қизиқарли маълумотларга дуч келди.

ТОМ ШТАРКЕ ҲАҚИДА...

Бўлажак голкипер 1981 йили собиқ ГДРда туғилган ва болалигида Ғарбий Германияда жойлашган жонажон шаҳарчаси Фрайталнинг «Штали» клуби мактабида шуғулланган. Том кейинчалик футбол таҳсилини Дрезден «Динамо»си академиясида давом эттиради.

Унинг биринчи профессионал клуби - бу «Байер». Тўғри, Штарке Леверкузен жамоасида 6 мавсум ушланиб турган бўлсада, асосий таркибда бирор марта майдонга тушмаган. Хуллас, Том узоқ вақт «доришунослар»нинг иккинчи жамоаси дарвозасини қўриқлаш билан кифояланади.

Шу жойда битта қизиқарли факт: Штарке катта футболдаги дебютини 23 ёшида худди кечагина футболга мажбурий ҳолатда қайтгани каби тақдир тақозосига кўра нишонлаганди. Аниқроқ айтсак, ёш Том ўша вақт «Гамбург» ихтиёрида эди ва икки нафар асосий дарвозабон бирданига сафдан чиққач, клуб мураббийлари иложсизликдан учинчи рақамли киперга ишонч билдиришади.

Ўхшашликни қаранг, ўшанда ҳам Штарке ўз дарвозасидан гол қўйиб юбормай, «Герта» устидан қозонилган ғалаба (2:0)га баҳоли қудрат ҳисса қўшганди.

Яъни Бундеслигада мажбуран дебют қилган дарвозабон қутқарувчи ролини муносиб бажарган. Шунга қарамай, «Гамбург» мураббийлари уни яна битта ўйинда майдонга туширишади, холос.

Штарке Бундеслигадаги илк тўлақонли мавсумини «Дуйсбург»да ўтказади - 31та ўйин. Бироқ чемпионат-2007|2008 якунида унинг жамоаси охирги ўринни банд этиб, қуйи дивизионга тушиб кетади.

Қаҳрамонимиз охир-оқибат, немис футболи элитасига бошқа клуб  - «Хоффенхайм» билан қайтди. Унинг таркибида икки мавсум чакки таассурот қолдирмагач, етарли тажриба тўплаган киперни «Бавария»га чорлашди. Тўғри, Том Мюнхенда дарҳол Мануэль Нойер ўринбосарига айланди.

Ҳар ҳолда, Штарке 5 мавсум давомида «Бавария»нинг атиги 10та расмий ўйинида иштирок этди. Бундеслига-20016|2017 якунида эса, юқорида таъкидланганидек, фахрий дарвозабон қўлқопларини михга илганини маълум қилди, аммо қайтишига тўғри келди.

«АЙНТРАХТ» БИЛАН ЎЙИН

Қизиғи, «Айнтрахт» майдонидаги ўйиндан олдин «Бавария»нинг «Твиттер»даги расмий саҳифасида клуб тарихида юз берган шунга ўхшаш воқеа ёдга олинди. Яъни жароҳатланган Оливер Кан ўрнини эгаллаган Михаэль Тарнат ишончни тўла оқлагани эсга солинди.

Тўғри, обуначилар дарвозада Том Штарке эмас, балки Томас Мюллер (!) туришини тахмин қилишди: «Ишончимиз комил, агар шундай тарих такрорланса, Томас худди Тарнат каби эффектли ўйнайди». Қарангки, бу масала бежиз кўтарилмаган экан - ўйинолди чигалёзди вақти Свен Ульрайх жароҳатланди.

Бироқ мухлислар кутган ҳолат рўй бермади - Мюллерга қўлқоп тутқазишгани йўқ. Ахир фахрий Штарке тайёр турганди. Боз устига, бу унинг учун Бундеслигада 100-марта майдонга тушиш имконияти эди.

Хуллас, эски-янги голкипер «дебют»ни омадли ўтказди: гол қўйиб юбормади, гарчи «Айнтрахт» анча фаоллик кўрсатиб, дарвоза томон 12 марта зарба йўллаган бўлсада.

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz