Қайднома

Қидирув

Диего Годин – ҳимояда ҳаммадан олдин!

Диего Годин – ҳимояда ҳаммадан олдин!

  28.12.2017 06:24
  0
  967
Диего Годин – ҳимояда ҳаммадан олдин!

Россия мундиалида «А» гуруҳи фаворити - Уругвай хорижлик мухлислар ўртасида қудратли ҳужумчилар тандеми билан донг таратган.

Бироқ Жанубий Америкадагилар ушбу терманинг чинакам етакчиси сифатида сардор - Диего Годинни эътироф этишмоқда.

Иқтидорли ҳимоячи нафақат мамлакат миллий жамоаси, балки «Атлетико» клуби муваффақиятларида ҳам муҳим ўрин тутади.

Тиришқоқлик

«Мен учун энг ёқимсиз юмуш - «Атлетико»га қарши тўп суриш. Бу жамоа осонликча «жон» бермайди. Энг қийини эса, Годин таъқибидан халос бўлиш. Қачон қарама, ёнингда, бир сонияга ҳам тинч қўймайди», - «Барселона» ҳужумчиси Луис Суарес ўзининг термадаги маслакдоши ўйинларига шундай таъриф берганди.

Бир қарашда бу озғин ҳимоячи на жисмоний ва на юқори тезлиги билан мақтана олади. Худди шу алдамчи тасаввур рақибларни ғафлатда қолдиради. Диегонинг тўп учун қандай курашаётганини бир марта кўрган кишида унинг юксак иқтидорига шубҳа қолмайди. Ҳозирда рақибга ноқулайликлар туғдириш бобида Годин билан баҳслаша оладиган ҳимоячи йўқ.

Ҳужумчи тўпни гавдаси билан яширишга уринган ҳар қандай вазиятда ҳам Диегонинг суякдор оёқлари тўпга етиб боради. Рақиб қанчалик юқори тезлик намойиш этмасин, Годин энг мақбул йўналишни топиб, тўпга ундан аввалроқ етиб боради.

«Иккинчи қават»­даги қарама-қаршиликларда ҳам қулай позицияни топа олиш эвазига рақибини доғда қолдиради. Албатта, Диего робот эмас, у ҳам чарчайди, қандайдир камчиликларга йўл қўяди. Аммо ўзига нисбатан талабчанлик ва тиришқоқлик туфайли ҳеч қачон юксак савиясини бой бермайди.

Фидойилик

Диего доимо бор куч-маҳоратини сарфлайди, ҳар бир тўқнашув, вазият ва муайян ўйинда унинг фазилатларини санаб ўтиш қийин. Лекин энг муҳими, Диего руҳий қудратга эга. У синовларни севади, ҳар гал ғолиб чиқишни истайди. Қисқаси, Годин Уругвай терма жамоасининг энг етук намунаси!

Бош мураббий Оскар Табареснинг суюкли шогирди хусусидаги фикри ана шундай. Сардорнинг тенгсизлигига шубҳа қилмайдиган ёлғиз у эмас. Ҳимоячининг ўз вазифасига нисбатан муносабатидан хабардор бўлганларни бундай фидойилик ажаблантирмайди: «Ўйинимнинг ҳеч қандай сирли жиҳати йўқ.

Шунчаки, ҳар бир учрашувдан кейин умримнинг бир қисми майдонда қолади». Ваҳоланки, Диего дам олиш нималигини билмайди. Ўтган йили қаторасига 126та беллашувда тўлиқ иштирок этиб, фантастик рекорд соҳибига айланганди.

Агар «Реал Сосьедад»га қарши баҳсда жароҳатланмаганида, 2012 йилнинг сент­ябридан 2016 йилнинг мартига қадар чўзилган серия балки ҳозир ҳам давом этаётган бўлармиди?! Годиндаги муросасизлик хусусияти баъзан уни ноқулай аҳволга солиб қўяди. «Алавес»га қарши сафар учрашувида ҳимоячи мезбон ҳужумчи Дейверсон Брум билан жанжаллашиб қолди.

Можаро Брумнинг ҳимоячи юзига тупуриши билан якун топди. Аввалига Годин спортчига хос бўлмаган бу ҳаракатларга эътибор бермагандек эди. Бироқ бир неча сониялардан сўнг эҳтирос соғлом фикрдан устун келди: рақиб бўйнига жавоб тупугини йўллади.

«Бу нохуш воқеани ҳеч қандай сабаб билан оқлаб бўлмайди, ҳаттоки, у менинг юзимга уч марта тупургани ҳам асос бўлолмайди. Қилган ишимдан афсусдаман. Ўйлайманки, рақиб ҳам виждон азобида бўлса керак. Энг ачинарлиси, бемаъни қилиғимизни болалар ҳам кўришди.

Мен доимо уларга ибрат бўлишга интилардим. Шу боис, юз берган воқеани кўрган ва тушунолмаган ёш мухлислардан алоҳида узр сўрайман», - деганди Диего афсусланиб. Ўшанда ҳакам бу икки жанжалкашни жазоламаганди. Лекин «Эйбар» билан кечган ўйинда Годин қизил карточка билан «сийланди» ва майдонни тарк этиш чоғида ён ҳакамга кўзойнак тақиб олишни маслаҳат берди.

Оқибатда, федерация уни яна иккита учрашувдан маҳрум этди. Албатта, жиззакилик ҳеч кимга обрў келтирмайди. Годиннинг курашга нақадар чанқоқлигини шундан ҳам билиб олса бўлади.

Мана шу фидойиликни Диегонинг номдоши - «Атлетико» устози Симеоне юксак қадрлайди: «Коке ва Годин. Бу икки футболчи ҳар қанча маблағга ҳам сотилмайди. Улар «Атлетико» устуни, шони, кучи ва руҳиятидир!».

Ворислик

«Диего Уругвай фахрийларидан кўп нарсаларни ўрганди. Энди у чинакам етакчи! Фаолиятининг дастлабки йилларида кўпроқ бошқаларга қулоқ соларди, энди ечиниш хонасининг ҳоқони, чексиз ҳурмат ва юксак нуфуз соҳиби», - яқин ўтмишнинг ёрқин юлдузларидан бири бўлган Диего Форлан ёш ватандошига шундай таъриф берди.

Годиннинг «ҳиндулар» таркибидан жой олишида Форланнинг улуши катта. Дастлаб «Вильярреал»да унинг ажойиб ҳамроҳига айланди, кейинчалик эса иқтидорли ҳимоячини «Атлетико»га ўтишга кўндирди. «Мадриддаги фаолиятим, жамоа инфратузилмаси ва унинг мақсадлари ҳақида ҳикоя қилгандим. У ердаги шарт-шароитлар Годинга маъқул тушди», - дея эслайди Форлан.

Бу воқеага қадар ҳимоячи бир неча мавсумни «Вильярреал»да ўтказиб, «ғаввослар»нинг муваффақиятли дамларига шерик бўлганди. Жамоа 2007|2008 йиллар мавсумини 2-поғонада якунлаб, ЕЧЛ йўлланмасига эга чиққан ва нуфузли мусобақада чорак финалгача етиб борганди.

ЖЧ-2010да Уругвай миллий жамоасининг ярим финалгача бўлган йўлни босиб ўтишига муносиб улуш қўшган иқтидорли ҳимоячи ниҳоят, «Атлетико»дан таклиф олди. 2011 йил Годин ва унинг жамоасига тарихий натижани туҳфа этди: Уругвай термаси Америка кубоги турнирида ғолиб чиқиб, футбол оламидаги энг юксак уч мусобақа - ЖЧ, Олимпиада ва қитъа биринчилигида зафар қучган биринчи жамоага айланди!

Тўғри, Диего мусобақада кўнгли тўладиган даражада тўп суролмади - финалда бор-йўғи уч дақиқа ўйнади. Аввалроқ олган жароҳати бунга имкон бермади. Нима бўлганда ҳам, терма сафидаги дастлабки чемпионлик унвонини қўлга киритди. Ўз юртида Диего, аввало, «Серро» клуби мухлисларида илиқ таассурот қолдирди.

17 ёшида профессионал футболга кириб келган иқтидорли ҳимоячи қисқа вақт ичида мамлакат ёшлар термаси мураббийларининг эътиборини тортди ва 2005 йили Жанубий Америка чемпионатида иштирок этди. Турнирнинг барча 9та учрашувида ишончли ўйин намойиш этган Диего бош жамоадан таклиф олди.

Ҳозирда Годин учрашувлар сони бўйича (113та) Уругвай термасининг иккинчи тажрибали ўйинчиси. Бу борада афсонавий адаши - Форлан ҳам ундан ортда қолди - 112та баҳс. Миллий жамоанинг амалдаги энг тажрибали футболчиси - Макси Перейра (124та ўйин). Бироқ у Годиндан икки ёшга катта. Демак, ўзиб кетиш ва янги рекорд ўрнатиш учун имконият етарли.

Беғаразлик

2003 йили «Серро» клуби Росариодаги қашшоқ оиладан чиққан йигитчани ўз таркибига қўшиб олиш учун нақ 840 Уругвай песосидан (тахминан 37 доллар) воз кечганди. Бу воқеадан икки йил аввал Диего Монтевидеога йўл олиб, 6-дивизион вакили «Дефенсор Спортинг» сафида шуғуллана бошлади.

Бу жамоа бир қатор таниқли футболчилар - Дарио Сильва, Мартин Касерес, Макси Перейрани тарбиялаган. Годиндаги ноёб иқтидорни биринчи бўлиб машҳурлик бобида мамлакатнинг 3-клуби - «Серро» селекционерлари пайқашган. Тақдир тақозоси билан жамоа Годинни қанчалик тез топган бўлса, шунчалик тез қўлдан чиқарди.

Аниқроғи, 2006 йилги чемпионатда олти очколик дисквалификация билан жазоланган «Серро» олий лигани тарк этди. Бошқа клубга ўтиш тараддудида бўлган Годинга «Насьонал»дан таклиф келди.

Уругвайнинг номдор жамоаларидан бири маҳаллий футболчилар учун Европага ўтиш кўприги вазифасини бажариши орқали кўпчиликка танилган: хусусан, Луис Суарес айнан «Насьонал»дан Голландиянинг «Гронинген»ига йўл олганди. Годин ҳам ушбу клубда бир йил тўп сургач, хорижга кетди.

«Атлетико» уч мавсум «Вильярреал» ҳимоя чизиғида ишончли тўп сурган уругвайлик футболчи учун 8 млн. сарфлаш чоғида ортиқча ўйлаб ўтирмади. Бир йилдан сўнг келган Симеоне эса шундай аҳил жамоани шакллантиридики, аксарият футболчилар ҳозир ҳам «матрасчилар»га содиқ эканликларини таъкидлашмоқда.

Бизнинг қаҳрамонимиз ҳам шулар тоифасидан: «Бавария»? «Ювентус»? «МЮ»? Бундай юксак эътибор учун уларга раҳмат, аммо бу мени қизиқтирмайди. Бир йил аввал яқин дўстларим - Диего Коста ва Филипе Луис, шунингдек, Арда Туроннинг қарорларини мамнуният билан олқишладим. Уларнинг ҳеч бири пул учун кетгани йўқ.

Шунчаки, бошқа жамоада маҳоратларини синаб кўришни маъқул топишди. Мен бу ерда туғилмаганман. Лекин чинакам «атлет»га айландим ва охиригача шундай қоламан. Бошқа ҳар қандай вариант эътиборимдан четда қолади». Сўнгги пайтларда, айниқса, «ҳиндулар» совринсиз қолган охирги уч мавсумда Годиннинг бошқа жамоага ўтиши ҳақидаги гап-сўзлар авжига чиқди.

Бироқ у ўз фикрида қатъий турди. 2014 йили журналист­лар «МЮ»нинг ҳимоячи учун 20 млн.лик таклифи хусусида савол беришганди. «Эль Чоло» кулгидан ўзини тия олмаганди: «Қанча дейсиз? Годин учун 20 млн.? Бу қандайдир англашилмовчилик». Бир йилдан сўнг «Манчестер Сити» баҳони 40 млн.га кўтарганида, футболчининг ўзи музокарани тўхтатишни талаб қилди.

Чунки у Мадридда чиндан ҳам бахтиёр ва буни тан олишдан тортинмайди. «Висенте Кальдерон» жўр бўлиб номимни тилга олганида, вужудимни қувонч ва фахрланиш туйғуси эгаллайди. Футбол тортиқ этиши мумкин бўлган энг ноёб совғалардан бири - сенинг номингни қўшиқ қилиб куйлаётган стадион!».

Етакчилик

«Годин - ечиниш хонаси қироли. Жамоадошлари билан осон тил топишади. Мен ҳам у каби сўзамол бўлгим келади, лекин эплолмайман. Диего доимо ҳар биримизга керакли сўзларни топиб айтади», - дейди Антуан Гризманн.

У айни керакли лаҳзаларда ғолиблик руҳиятини намойиш этиши билан ажралиб туради. Масалан, ЖЧ-2010да Италия дарвозасини забт этиш билан «плей-офф» йўлланмаси тақдирини ҳал қилганди.

2014 йили эса «Барселона»га урган голи мувозанатни тиклади ва «ҳиндулар»ни шоҳсупага олиб чиқди. ЕЧЛ финалида ҳам у ўз номини таблога ёздириб қўйганди.

Бироқ яқин турган ғалабадан сармаст бўлган жамоанинг Серхио Рамосни эътибордан қочиргани қимматга тушди - уругвайлик футболчилар орасида биринчи бўлиб ЕЧЛ финалида гол урган Диего Годин нуфузли совриндан четда қолди.

Агар «Атлетико» чиндан ҳам ҳиндулар қабиласи тасарруфида бўлса, Диего - чинакам даҳо! Албатта, ҳимоячининг амалдаги тахаллуси - «Фиръавн» ҳам унинг яшил майдондаги қудратини етарли даражада ифодалаб турибди.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz