Қайднома

Қидирув

Схематизмдан холи инновацион футбол сари

Схематизмдан холи инновацион футбол сари

  30.12.2017 20:41
  0
  655
Схематизмдан холи инновацион футбол сари

Газетанинг навбатдаги сонини тайёрлашда дизайнер-операторлар хизмати алоҳида ўрин тутади. Уларнинг меҳнати - кўп вақт талаб қиладиган мураккаб жараён. Шу боисдан ҳам, мақолаларни эртароқ қўлга киритишни исташади. Ўтган якшанба кундузи ҳам шундай бўлди. Тушликдан кейиноқ мулоҳазаларимизни тезроқ ёзиб беришимизни сўрай бошлашди. Илтимос сабабини ҳам жуда ишонарли изоҳлашди: «Арсенал» - «Ливерпуль» ўйинини такрор-такрор кузатдингиз, «Эль-класико» томошасидан мириқдингиз. «Манчестер Сити», «МЮ», «Челси», «Тоттенхэм» ўйинларини ҳам кўрдингиз. Мулоҳаза учун яна нима керак?» Бир қарашда, шошилтириш ўринлидек, гўё. Таҳририят ходимлари, дизайнер-операторлар «Эль-класико» муҳокамаси билан бандлар. Биз эса телевизор қаршисига михландик. Чунки Президент Шавкат Мирзиёевнинг такроран эфирга узатилаётган Олий Мажлисга Мурожаатномасини хотиржам тинглашимиз керак эди. Ҳарчанд уринмайлик, 22 декабрь куни бунинг имкони топилмади. Натижада Мурожаатноманинг айрим қисмлари билан ижтимоий тармоқлар орқали танишдик. Кундузи таҳририят ишларини бажариб, кечқурун Мурожаатномани қайта эфирга узатилишини кутдик. Бироқ режамиз иш бермади. Ниятимизга фақат якшанба куни етдик.

Матн билан танишишга нисбатан жонли нутқни тинглаш аҳамияти бошқача, барибир. Матбуотда эълон қилинган матнда футболимиз истиқболи ҳақидаги фикрларни учратмагандик. Президентимиз нутқида эса футболимиз мавзусига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳаттоки, 2018 йилнинг 10 январига қадар махсус қарор эълон қилиниши тасдиқланди. Демак, футболимиз мухлислари янги йилга улкан умидлар билан боқишса арзийди. Ишонч билан айтиш мумкинки, 2018 йил спортимиз, хусусан, футболимизга узоқ кутилган янгиликларни тайёрлаб қўйган. Бу ишонч пойдевори - Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси! Халқимиз барчасини жон қулоғи билан тинглади. Мурожаатнома таъсирида қанча-қанча мудроқ онглар уйғонди, қақроқ қалбларда яна уйғониш дарёси тўлқинланди. Мурожаатномада Президентимиз томонидан янги Ўзбекистоннинг яшаш шартлари белгилаб берилди. Ўзига хос истиқбол дастури сифатида таърифланаётган Мурожаатномада наинки ҳар бир соҳада, балки онгда, иш жараёнида ижодкор ва ташаббускор бўлиш ғояси илгари сурилди. Инновация - замонавий Ўзбекистоннинг келажаги! Мамлакатимиз раҳбарининг бу хулосаси футболимиз, соҳа мутасаддилари, барчамизга тааллуқлидир.

 Муҳтарам мухлис! Мулоҳазаларимиз аввалида мурожаатномани тинглаш билан боғлиқ ҳолатларни қоғозга туширишимизнинг сабаби барчага аён. Ўзгаришлар сари дадил бораётган футболимиз шу Мурожаатномада имзоланиши таъкидланган қарор таъсирида жисму-жонига ёпишиб қолган схематизмни четга улоқтиради, унинг инерциясидан ўзини халос қилади. Адабиётимизнинг схематизм ва унинг инерциясидан қутулиши учун фидойиларча курашган Озод Шарафиддинов орзулари футболимизда ҳам тантана қилажак ҳали. «Хақ йўли, албатта, бир ўтилғуси» дея армонда кетган Чўлпон руҳи ҳам инқилобий ислоҳотлардан шодланажак. Зеро, Олий Мажлисга Мурожаатномаси билан қалбларни ларзага солган Президент Шавкат Мирзиёев ҳеч бир ҳордиқ ҳақида ўйламай, Алишер Навоий номидаги Миллий боғ ҳудудида барпо этилаётган Адиблар хиёбони билан танишар экан, Зулфияхонимнинг «Бу боғлар, бир боғлар бўлади ҳали» мисрасини фахр билан тилга олди. Президентимиз шунинг воситасида нима демоқчи бўлганини халқимиз теран англади, назаримизда.

Ҳа, жонажон Ўзбекистонимиз ҳали дунё ичра янги дунё бўлиб бўй ростлайди. Ҳозир Хитойда бўлиб ўтадиган Осиё биринчилигида муваффақиятли иштирок этиш мақсадида қизғин тайёргарлик кўраётган ёш футболчиларимиз кун келиб, миллий жамоамиз таркибида жаҳон чемпионатига боришади. Бу Суперлига, бу Про-лига ҳали шундай ривожланадики, мухлислар ҳайрату-ҳаяжон билан воҳа, водий, пойтахт дербиларини олқишлашади. Ҳали шундай кун келадики, Про-лига вакили Ўзбекистон кубогини қўлга киритиб, ОЧЛ баҳсларида қатнашади ва ўшанда янги лигалар тузиш ғоясига беписанд ёки ишонқирамай қараётганлар дамларини ичларига ютишади. Йўқ, бу кунларни узоқ кутмаймиз. Биз қайноқ нафаси шундоқ сезилиб турган зафарли онлар хусусида сўзламоқдамиз. Майли, яна озгина сабр қиламиз ва ҳозирча жаҳон футболидаги инновациялардан завқланиб турамиз. Футбол жозибаси, Лионель Месси ва Криштиану Роналду каби буюк иқтидорлар қудратини қадрлайдиган мухлислар бугун ишонч кайфияти билан ўзларини овутишмоқда. Бундан 10 кун аввал «Реал»нинг Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб чиқишидан мажолсизланган «Барселона» мухлислари энди қувончдан лаб-лунжларини йиғиштиролмаяптилар. «Ойнинг ўн беши қоронғу, ўн беши ёруғ» деганлари шу. Футболимиздаги қоронғу кунлар ҳам ортда қолаётгани рост. Узр, мазкур хулоса «Реал» қоронғуда қолганини ифодаламайди асло. Буюклар баҳсидаги натижалар ҳамиша нисбийдир. «Реал» ортда қолаётган йилда совринларга кўмилгани «Барселона»нинг кучсизлигидан дарак бермайди. Месси ва унинг жамоадошлари «Эль-класико»да шуни исботлашди, холос. Айни сабабга кўра, «Қироллик клуби» ҳам аввалгидек мухлислари учун суюкли ва қудратли «Реал»лигича қолаверади. Бир-биридан енгилишни истамаган «Арсенал» ва «Ливерпуль» куч жиҳатидан қанчалар ўзаро муносиб рақиб бўлса, «Реал» ва «Барселона»нинг қудрати ҳам шу даражада баробардир. Буюк жамоа ўз ютуқларидан ғурурланади, бироқ рақиб қудратини ҳам унутмайди ва у билан ҳисоблашади. Балки шунинг учундир омад буюкларни навбатма-навбат сийлар. Акс ҳолда, АПЛ ва Ла-лиганинг навбатдаги турида якка пешқадамлар - «Манчестер Сити» ҳамда «Барселона»нинг барча таъқибчилари бараварига очко йўқотишармиди?!

Якунланаётган йил билан шундай мулоҳазалар оғушида хайрлашмоқдамиз. 2017 йилнинг 9 ойидаги футбол воқелиги сизу-бизни анча толиқтирди. «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологиялар йили» эса ўша толиқишлардан барчамизни халос айламоқ орзусида эшик қоқмоқда. Салом, эшик қоқаётган Янги йил, янгича футбол!

Муҳаммад Вали


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz