Қайднома

Қидирув

Энг яхши «марказ» ёхуд бугунги «Манчестер Сити»нинг мотори ҳақида

Энг яхши «марказ» ёхуд бугунги «Манчестер Сити»нинг мотори ҳақида

  06.01.2018 00:28
  0
  2037
Энг яхши «марказ» ёхуд бугунги «Манчестер Сити»нинг мотори ҳақида

Кевин де Брюйне бугунги «Манчестер Сити»да механизмни ҳаракатга солувчи мотор вазифасини ўтамоқда. Бельгиялик маллавой бежиз турли рейтингларда олдинги ўринлардан жой олмаяпти.

Хусусан, кўплаб таҳлилчилар йилнинг рамзий жамоаси марказий ҳимоясига айнан Кевинни муносиб кўришмоқда.

Россиянинг «Футбол» ҳафтаномаси ҳам мавсум сарҳисоби жараёнидан четда қолмай, ўз қараши бўйича рамзий термани шакллантирди ва супержа-моанинг марказий ярим ҳимоясига қўйилган Кевин де Брюйнени алоҳида эътироф этди.

БИОГРАФИЯ

Кевин туғилган Гент шаҳрида футболни жуда ардоқлашади. Малласоч болакай 6 ёшга етмай туриб, тўп ортидан югура бошлаганида шаҳардаги муҳитнинг таъсири катта, албатта.

Орадан 2 йил ўтиб, 8 ёшли де Брюйнени «Гент» академиясига қабул қилишган, бироқ йигитча кейинроқ «Генк» сафига қўшилган. Қаҳрамонимиз Бельгия олий дивизионидаги илк ўйинини 2009 йили айнан шу жамоа сафида ўтказади. Хавбек навбатдаги мавсумни асосий таркибда бошлайди ва дарҳол Европанинг илғор клублари назарига тушади.

2012 йилга келиб, Кевин «Челси» билан тўлақонли шартнома тузади, аммо ўша вақтдаги бош мураббий Жозе Моуриньо нафратига дуч келади. Аниқроғи, португалиялик мутахассис билан сира келишолмайди.

Оқибатда бельгиялик ярим ҳимоячини «Вердер»га жўнатишади - ижара. Асосийси, де Брюйне «мусиқачилар» ижросидаги ўйин ритмига муаммосиз мослашиб, 10та гол уриш баробарида 9та самарали узатма муаллифига айланади. Шу статистикаси натижасида яна диққат марказига тушган футболчи якунда «Вольфсбург» таклифини қабул қилади.

«Бўрилар» сафидаги биринчи мавсум Кевин учун бурилиш нуқтасига айланади - Бундеслигада энг яхши ассистент бўлган бельгияликни чемпионатнинг бош лауреати сифатида эътироф этишади. Табиийки, «Вольфсбург» тобора ёрқинроқ товланаётган «марварид»ни узоқ сақлаб қололмасди.

Хуллас, де Брюйне мегаклублар нишонига тушди. Бу курашда эса «Манчестер Сити» раҳбарияти ҳаммадан илдамроқ ҳаракатланиб, тарихдаги энг кучли жамоа тузишга киришган Хосеп Гвардиола талабига мувофиқ, бельгиялик ижрочини яна Англияга қайтарди. Каталониялик мутахассис айнан ўйинни нозик тушунадиган футболчига эҳтиёжманд эди.

Бельгия термаси вакили ўша вақт бежиз «Сити»нинг энг қимматбаҳо хариди бўлмади - 74 млн. евро. Мана, «шаҳарликлар» жорий мавсум барча совринларни ютиш учун реал имкониятга эгалар ва бунда де Брюйненинг улуши катта. Айтганча, Кевин ёзда маҳбубаси Мишель Лакруа билан ниҳоят, никоҳдан ўтди. Уларда бир ёшли ўғиллари ҳам бор.

СУПЕРҚОБИЛИЯТ

Баъзан ҳимоячилар де Брюйнени шунчаки, таъқиб қилишмаётгандек туюлади - у доимо очиқ ҳудудда ҳаракатланади. Йўқ, рақиблар бельгияликни имкон қадар «ёпиш»га уринишади, албатта. Фақат бунинг иложини топиш қийин масала. Чунки Кевиннинг кейинги лаҳзада нима қилишини пайқаш мушкул.

Ҳаммаси ноодатий ҳаракат йўналиши маҳсулидир. Қолаверса, де Брюйне очиқ ҳудудда ҳам кўп турмайди - тўпни эгаллаши ҳамоно заргарона «пас» беришни пайсалга солмайди. Дейлик, у тўп узатиш санъати бўйича ҳаттоки, Тони Кроосдан ҳам қолишмайди.

Тўғри, бельгиялик нисбатан кўпроқ хато қилар, аммо унинг идеал узатмалари тез-тез кузатилади. Ҳавас уйғотадиган эффектли ҳаракат, юқори фикрлаш қобилияти ва тўп узатишнинг олий маданияти - Кевин шу хусусиятлари билан «Сити»да Гвардиола йўлга қўйган тотал футболнинг бош ижрочиси бўлиб турибди. У ҳужумни ҳаракатга солувчи куч ролини бажариш баробарида прессингда ҳам ўта фаол.

Эътироф

- Кевин - ўта иқтидорли, масъулиятли ва шиддаткор ярим ҳимоячи. Майдондаги ҳолатни олдиндан яхши баҳолайди, фикрлаш тезлиги ва реакцияси мақтовга лойиқ.

Шу хусусиятлари ўлароқ, кўпинча бошқалар илғамайдиган имкониятларни тез пайқайди». Хосеп Гвардиола («Манчестер Сити» бош мураббийи).

Рақам

Кевин де Брюйне жорий мавсум ҳар бир ўйинда ўртача ҳисобда 3,3та ҳал қилувчи узатмани амалга оширмоқда. У бу борада бутун Европада Неймар (4,7та узатма) ва Димитри Пайе (3,7та узатма)дан орқада, холос.

Кевин ДЕ БРЮЙНЕ

Туғилган санаси: 1991 йил 28 июнь

Туғилган манзили: Гент (Бельгия)

Фуқаролиги: Бельгия

Ўйнаган клублари

«Генк» (Бельгия) - 2008-2012, 2012 (ижара)

«Челси» (Англия) - 2012-2014

«Вердер» (Германия) - 2012-2013 (ижара)

«Вольфсбург» (Германия) - 2014-2015

«Манчестер Сити» (Англия) - 2015-...

И.ОБИДОВ  тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz