Қайднома

Қидирув

Айлана-айлана қозиғини топган «от»

Айлана-айлана қозиғини топган «от»

  09.01.2018 06:29
  0
  1116
Айлана-айлана қозиғини топган «от»

Фахрийлик довонига етган 30 ёшли футболчининг топ-клубга ўтиши – камдан-кам учрайдиган ҳолат.

Агарда у бир номдор клубни иккинчисига алмаштирмаётган бўлса, албатта. Одатда, грандлар ноёб иқтидор соҳибларини ўсмирлик чоғидаёқ эгаллаб олиб, таркибдан муносиб жой тополмай қолган тақдирда доимий ҳамкорлик қиладиган жамоаларга раво кўрадилар.

«Қария»ларга эса фақат фавқулодда ҳоллардагина қандайдир муаммони бартараф этиш мақсадида мурожаат қилишади.

Сандро Вагнер билан айнан шундай воқеа юз берди – 10 йиллик умрини ўртамиёна жамоаларда баҳоли-қудрат ўтказган ҳужумчи «Бавария» сафига қўшилди.

«Бавария» учун маҳаллий кадр

Кўплаб жамоаларда тўп сурган бўлсада, «Бавария» Вагнер учун қадрдон клуб ҳисобланади. Мюнхенда дунёга келган футболчи илк машғулотларни «Герта»да бошлаган.

Бироқ 8 ёшида «Бавария» скаутлари эътиборини қозониб, мамлакатнинг бош клуби тизимидан жой олди. Ўсмирлигида ёрқин келажакка умид уйғотган ҳужумчи катта футболга ўтишда қийинчиликларга дуч келди. «Бавария»нинг иккинчи жамоаси таркибида 44 марта майдонга тушиб, 2та гол муаллифига айланди.

Шунга қарамай, Оттмар Хиттцфельд ёш ҳужумчига имконият беришга қарор қилиб, асосий таркибдан жой ажратди. Ваҳоланки, мураббий ихтиёрида Клозе, Тони ва Подольски каби моҳир ҳужумчилар тўп суришарди. Аммо 20 ёшли Вагнер ишончни оқлай олмади.

Узоққа чўзилган «адаптация»

Оқибатда Сандро 2-лига вакили - «Дуйсбург»га ўтишга мажбур бўлди. Унинг қуйи дивизиондаги фаолияти ўта ёрқин бўлмасада, элита вакилларининг эътиборини жалб эта олди.

Бироқ «Дуйсбург»даги тикланиш Бундеслига учун камлик қилди. «Вердер» ва «Кайзерслаутерн»да футболчи талаб даражасида тўп сура олмади. Натижада яна қуйи лигага қайтишига тўғри келди ва «Герта» билан кучлилар сафидан ўрин олиш учун курашга киришди.

Тўғри, Вагнер берлинликлар сафида ҳам сермаҳсул ўйнай олмади. Лекин мазмунли ва фойдали ҳаракатлангани мутахассислар томонидан тан олинди.

Лифт юқориламоқда

2015 йилга қадар 27 ёшли ҳужумчининг келажаги мавҳум эди. Шартномага биноан Сандро яна бир мавсум «Герта» шарафини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга эди. «Кекса хоним» эса уни элита дебютанти - «Дармштадт»­га текинга совға қилди ва нўноқ ҳужумчидан халос бўлди.

Бироқ Вагнер «Дармштадт»да ўз ўйинини топиб, мавсум давомида шу пайтгача Бундеслигада қайд этган натижаларидан кўпроқ маҳсулдорликни намойиш этди.

Якунда «Хоффенхайм» уни 3 млн. евро эвазига ўз таркибига қўшиб олди. Сандро эса ўз жамоаси билан шунчаки элитада тўп суриш эмас, балки еврокубоклар йўлланмаси учун курашга киришди.

«Иркит ўрдак» «оққуш»га айланди

Сўнгги икки йил ичида Сандро Вагнер фаолиятида юз берган ижобий ўзгаришлар чиндан ҳам ҳайратланарли. Бундеслиганинг 15-жамоасида тўп суриб юрган ҳужумчи Конфедерациялар кубоги турнирида ғолиб чиқди, Германия терма жамоасига номзодлар сафидан ўрин олди, «Бавария» эса 12 млн. евродан воз кечиб, уни ўз таркибига қўшиб олди.

Албатта, Мюнхенда қандай юмушлар кутаётганини Сандро яхши билади - уни Роберт Левандовскининг ўриндоши сифатида харид қилишди. Табиийки, Вагнерда ўйин амалиёти чекланган. Бу жонажон клуби таклифини рад этишга мажбур этадиган тўсиқ эмас. Аҳён-аҳёнда майдонга тушса ҳам, ўз маҳоратини намойиш эта олади.

Муҳими, «Бавария» улкан масъулият, юксак нуфуз, совринларни қўлга киритиш кафолати, шунингдек, юксак савиядаги футболчилар билан ёнма-ён тўп суриш имконияти. Бундай инъомдан фақат «томи кетган» футболчигина воз кеча олади.

«Бавария» хатога йўл қўймадими?

Мюнхен суперклубининг иккинчи ҳужумчига муҳтожлиги исбот талаб қилмайдиган факт. Карло Анчелотти 2014|2015 йиллар мавсумида «Реал»да йўл қўйган хатосини «Бавария»да ҳам такрорлади. Ўшанда Мората «Ювен­­тус»­га йўл олгач, Карим Бензема «Қироллик клуби»да ёлғизланиб қолганди.

Мюнхенда италиялик мутахассис нав­батдаги муваффақиятлар учун Левандовскининг бир ўзи етарли бўлишига Румменигге ва Хёнессни ишонтирди. Тез орада Роберт сурункали толиқишдан шикоят қила бошлади, арзимас тўқнашувлар ҳам ҳужумчининг енгил шикастланишига олиб келадиган бўлиб қолди.

Томас Мюллер эса айни паллада марказий ҳужумчи позициясида талаб даражасида тўп суриш кўникмаларидан узоқлашиб қолганди. Шу сабабли бош мураббий вазифасини ўз зиммасига олган Хайнкес қишдаёқ таркибни савияли ҳужумчи билан кучайтириш масаласини мутасаддилар олдига қўйди.

Овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган мутахассислар мураббийнинг талаби нафақат ўринли, балки кечиктириб бўлмайдиган муаммо эканлигини таъкидлашди.

Тўғри, мюнхенликлар қайсидир ёрқин юлдузни қўлга киритишга интилишмади, бу ролни Левандовски банд этган. Улар немис футболига мослашиб улгурган Роберт талаб даражасида тўп сура олмайдиган паллаларда унинг ўрнини тўлдиришга қодир ўринбосар топишни мақсад қилишганди.

Сандро Вагнер мазкур талабни қондира оладиган муносиб номзод эди. У ўзининг митти, лекин «Бавария» учун ўта фойдали ролини маромига етказа олади. Лекин айрим шубҳалар ҳам йўқ эмас. Биринчидан, мунтазам равишда амалиётга эга бўлмайдиган ҳужумчилардан юксак спорт формасини йўқотиб қўймаслик талаб этилади.

Бу осон эмас, албатта. Иккинчидан, «Бавария» захирасида қолиб кетиш Сандронинг ЖЧ-2018 иштирокчилари сафидан узоқлашишига сабаб бўлиши мумкин. Шу билан бирга, айнан шу нохуш фикр Вагнер учун қўшимча мотивация ролини бажариши ҳам эҳтимолдан холи эмас.

Хуллас, 10 йилдан сўнг қадрдон жамоасига қайтган мюнхенлик фахрийнинг тақдири ўз қўлида. Аниқроғи, оёқларида. «Бавария» ўйинларини кузатган пайтингизда ноодатий «2» рақами остидаги ҳужумчига эътибор беринг!

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz