Қайднома

Қидирув

812: Венгернинг ажабтовур рекорди ва унинг фаолиятига назар

812: Венгернинг ажабтовур рекорди ва унинг фаолиятига назар

  15.01.2018 00:18
  0
  1933
812: Венгернинг ажабтовур рекорди ва унинг фаолиятига назар

2017 йилнинг сўнгги куни Арсен Венгер АПЛда энг кўп ўйин ўтказган мураббий сифатида тарихга кирганди. Шу муносабат билан Soccer.ru франциялик мутахассиснинг Англиядаги фаолиятига назар ташлашга қарор қилди.

812та ўйин

4 январь куни ўтказилган «Челси»га қарши баҳс (2:2) Венгер учун Премьер-лигадаги 812-ўйин бўлди. Шу тариқа француз «МЮ» афсонаси Алекс Фергюсонни ортда қолдириб, мутлақ рекорд ўрнатди. Манчес­терликлар собиқ устозининг ҳисобида Англия олий дивизионида 810та учрашув бор.

Жаноб Арсен 1996 йилдан буён «канонирлар»га мураббийлик қилиб келмоқда. Табиийки, шу давр мобайнида омадли ва омадсиз иштирок кузатилди. Тўғри-да, шундай узоқ йўлни хато ва камчиликларсиз босиб ўтиш имконсиз. Нима бўлганда ҳам, Венгер «Арсенал» афсонаси ва Англия футболининг энг обрўли мураббийларидан бирига айланди.

Эришилган ютуқларни идрок этиш мушкул. Фергюсон ва Венгернинг кўрсаткичларини яқин келажакда кимдир янгилаши мумкинлигига ишониш қийин. Учинчи ўринда бораётган Харри Реднапп ҳисобида 641та, Дэвид Мойесда 508та, Сэм Эллардайсда 494та ва Марк Хьюзда 442та ўйин бор.

Бизнинг рекордчилар бош­қаларни қандай фарқ билан ортда қолдиришганини кўряпсизми?! Замонавий футболда мураббийларни узоқ ушлаб туришни ёқтиришмайди. Нимадир ўхшамаса, дарҳол истеъфога чиқаришади. Шундай экан, Венгер ҳозирча ўтмишни эслатиб турувчи ягона мураббийлигича қолмоқда.

Совринлар коллекцияси

Венгер Лондондаги фаолиятини бошлар экан, келажакда «Арсенал» билан улкан ғалабаларни қўлга киритиши мумкинлигини исботлаганди. Иккинчи мавсумдаёқ «канонир­лар»­га тарихий ютуқни олиб келди: Англияда «дубль» қайд этган биринчи хорижлик мураббийга айланди.

Айниқса, «Арсенал»нинг чемпионликни эффектли тарзда расмийлаштиргани ғоят аҳамиятли. «Манчестер Юнайтед»­дан 13 очко ортда қолаётган «тўпчилар» 18та ўйинда 15та ғалабали серия ва учта дуранг қайд этишди. Англия кубоги финалидаги ғалаба эса ўзига хос «десерт» вазифасини ўтади: Марк Овермарс ҳамда Николя Анельканинг голлари эвазига «Ньюкасл» маҳв этилди.

Венгер ишга астойдил киришди. Кейинчалик яна икки марта чемпионликни нишонлади, жами 7 марта Англия кубогига сазовор бўлди, суперкубокда ҳам шунча ютуқ бор. Дарвоқе, айнан Англия кубогидаги совринлар бўйича Венгер мамлакат рекордчисига айланди. Худди шундай мукофотни ўтган мавсум қўлга киритганди.

Тарихий трансфер

Венгерни тез-тез танқид қиладиганларни тушуниш мумкин, аммо 21-аср бошида жамоанинг асосий рамзига айланган футболчини айнан шу мутахассис олиб келган. Бугунги куннинг энг фаол ишқибозлари ўша дамларни яхши эслашади, у пайтлардаги «канонирлар»нинг шиддатли ўйини асло эсдан чиқмайди: шу тариқа «Арсенал» деганда кўпчиликнинг кўз олдига дарҳол Венгернинг ҳамюрти Тьерри Анри номи келадиган бўлиб қолган.

Ушбу форварднинг 1999 йили «Ювентус»дан сотиб олиниши алоҳида аҳамият касб этди. Анри АПЛдаги 8та мавсумда 174та, барча турнирларда эса жами 226та гол урди. Тьерри ҳақли равишда «Арсенал» тарихидаги энг яхши тўпурар ва Арсен Венгер давридаги жамоа тимсолига айланди.

Тарихий мавсум

Шунингдек, Венгернинг номини бошқа бир ғаройиб кўрсаткич билан боғлашади - мағлубиятсиз мавсум. «Канонирлар» Англия чемпионатининг 2003|2004 йиллар мавсумида бирор марта ютқазишмаган. «Арсенал» 38та турда 26та ғалаба ва 12та дуранг қайд этиб, дарвозасидан 26та тўп ўтказиб юборди.

Мазкур чемпионлик унвони Венгер учун учинчи ва бугунги кунга қадар сўнггиси бўлиб турибди. Бундан ташқари, 2002 йилда ҳам «тўпчилар» мамлакатнинг тенг­сиз жамоаси номини расмийлаштиргандилар. Ўшанда ҳам «Арсенал» франциялик мураббийнинг илк даврида кузатилган «дубл»ни қайд этиб, Англия кубогини ҳам қўлга киритганди.

Финалда «Челси» мағлубиятга учратилганди. Чемпионлик учун курашда эса сўнгги тур арафасида «Олд Траффорд»да «МЮ»ни таслим этган «канонирлар» шу тариқа ушбу мавсумда ким аслида кучлилигини кўрсатишганди.

«Қуруқ» ўтган тўққиз йил

Янги асрнинг дастлабки ўн йиллиги ўрталарига келиб барчани ёрқин ғалабаларга ўргатиб қўйган «Арсенал»да пасайиш кузатилди. 2005 йили Англия кубогига сазовор бўлган «канонирлар» анча бўшашдилар. Доимо турли турнирларда муваффақиятга яқин келишар, аммо якунда нимадир панд бераверарди.

Ишқибозларнинг норозилиги кучайди. Ўшандаёқ Венгернинг аввалги барқарор мураббий эмаслиги, ундан тезроқ қутулиш кераклиги ҳақида гап-сўзлар урчиганди. Бироқ француз қўл остида «Арсенал» қуйига ҳам тушиб кетмади, ЕЧЛнинг ҳар мавсумида яхши қатнашди, истеъфога арзийдиган тайинли сабаб йўқ эди.

Боз устига, «Арсенал» раҳбариятига ушбу мутахассис билан ҳамкорлик қилиш қулай эди. Венгер ўзини тентакдек тутмас, трансферлар учун йирик маблағ талаб этмасди.

Узоқ муддатли фаолиятдан сўнг мураббийни ишдан бўшатиш - бу йиллар давомида шаклланиб улгурган клуб учун катта стресс. «МЮ»нинг Фергюсондан кейинги ҳолати фикримизга яққол далил. «Арсенал»­дагилар Венгерга ишонишда давом этишди ва 2014 йили совринсиз серия узилди.

Халоскорлик вазифасини яна ўша - Англия кубоги ўтади. Кейинчалик ушбу кубокни яна икки марта боши узра кўтарди. Шунга қарамай, вазият кескинлигини йўқотмади.

«Арсенал» ички чемпионатда футболчилар учун катта маблағ сарфлайдиган рақобатчиларидан ортда қолиб кетди, Венгернинг услуби эскираётгани бот-бот тилга олинди. Мураббийнинг ўзи эса кўпинча ҳакамлардан шикоят қилар, рақиблар ўйини ва жаҳондаги трансферлар жараёнига танқид кўзи билан қарарди.

Мақсад аниқ

Венгер премьер-лигадаги ўйинлар сони бўйича Фергюсонни ортда қолдирди, аммо сэр Алекс бошқа бир муҳим кўрсаткич - ғалабалар фоизи бўйича устунликка эга. «МЮ» афсонаси 528та, яъни 65,2 фоиз ўйинда ғалаба қозонган. Венгерда эса бу кўрсаткич 57,8 фоизга тенг.

Ҳаттоки, аввал «Челси»да ишлаб, жорий мавсум «Манчестер Юнайтед» билан юқори поғоналарни кўзлаётган Жозе Моуриньода ҳам ғалабалар фоизи 63,3 бўлиб турибди. Айнан португалиялик мутахассис Венгер учун ўта ноқулай рақиб ҳисобланади. Француз премьер-лигада Моуриньони 14та баҳснинг фақат биттасида мағлубиятга учратган.

Нохуш статистика. Дарвоқе, Юрген Клопп, Хосеп Гвардиола, Рой Эванс ҳамда Роберто Ди Маттео ҳам «Арсенал»нинг ҳозирги мураббийига ютқазишмаган.

Тўғри, мазкур ҳолатда ўзаро учрашувлар сони ҳам кўп бўлмаган. Ўша Фергюсон билан эса 34 марта тўқнаш келган Венгер 10та ҳолатда устунликка эришган - унчалик ёмон эмас. Бундан кўринадики, Арсен ва унинг жамоаси топ мураббийлар билан курашишда қийналади.

Айниқса, «Ливерпуль» (43та ўйинда 13та ғалаба) ҳамда «МЮ» (43та ўйинда 12та ғалаба) билан ўйинлар мураккаб кечади. Аксинча, қулай рақиблар ҳам бисёр.

Масалан, «Эвертон». Венгер «ирискалар»ни 28 марта мағлубиятга учратган, 43та ўйиндан атиги 6тасида ютқазган. Тўплар нисбати - +50, «Арсенал» фойдасига. «Лестер»га эса «канонирлар» 20та учрашувнинг 6тасида имкониятни бой беришган.

Биз футболда ғаройиб рекордлар қайд этилаётган даврда яшаяпмиз. Трансферлар суммаси мисли кўрилмаган даражада, Лионель Месси ва Криштиану Роналду эса биргаликда ўнлаб рекордларни расмийлаштиришди.

Аммо барибир, Арсен Венгернинг ҳозирги натижаси тарихий нуқтаи назардан йирик кўрсаткичлардан бирига айланади. Умрбод сақланиб қолса ҳам асло ажабланмаймиз. Франциялик мутахассиснинг ўзи эса ҳозир у ҳақда ёмон гап-сўзлар айтишаётганига қарамай, афсона бўлиб қолаверади.

Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz