Қайднома

Қидирув

Нўъмон Ҳасанов: «Сўнгги 10 йил ичида футболимиз тўхтаб қолганди»

Нўъмон Ҳасанов: «Сўнгги 10 йил ичида футболимиз тўхтаб қолганди»

  16.01.2018 03:38
  0
  979
Нўъмон Ҳасанов: «Сўнгги 10 йил ичида футболимиз тўхтаб қолганди»

Шу кунларда Суперлига жамоалари янги мавсумга тайёргарликни давом эттиришяпти. Хусусан, «Қўқон-1912» ҳам Тошкентда машғулот ўтказмоқда.

Бу клуб ўтган йили олий лигада 41 очко билан 9-ўринни эгаллаганди. Биринчи даврани кўтаринки кайфиятда ўтказган қўқонликлар мавсумнинг иккинчи қисмида қимматли очколарни бой беришганди.

Ана шу йўл қўйилган хато ва камчиликлардан тўғри хулоса чиқарган мураббийлар штаби мавсумлар оралиғидаги тайёргарликка жиддий эътибор қаратишган.

Пойтахтдаги йиғин доирасида тўртта ўртоқлик учрашуви ўтказиш режалаштирилган. Уларнинг дастлабкисида «Машъал»га 2:5 ҳисобида имконият бой берилди. Кейин эса «Навбаҳор» билан дуранг ўйнади. Олдинда «Бухоро» (23 январь) жамоасига қарши яна бир баҳс кутиб турибди.

Шунингдек, 18 январь кунига ҳам битта учрашув белгиланган бўлиб, бу борада рақиблар билан музокара олиб бориляпти. Биз «Машъал»га қарши кечган баҳсдан сўнг Нўъмон Ҳасановдан интервью олдик.

- Мавсумлар оралиғидаги тайёргарликнинг илк ўйини бўлгани учун натижага унчалик ҳам эътибор қаратмадик, - дея сўз бошлади «Қўқон-1912» устози. - Боз устига, сафимизда кўрикдан ўтаётган бир гуруҳ янги футболчилар бор. Оптимал таркибда майдонга тушмадик. Лекин бу мағлубият учун баҳона бўла олмайди.

Энг муҳими, расмий ўйинларда бундай ҳолат такрорланмаслиги лозим. Чунки бой берилган баҳс гоҳида футболчиларнинг ўзига келиб олиши учун ҳам керак бўлади. Шу ўринда ўтган мавсум кўрсатган ўйинимиз юзасидан икки оғиз фикр билдирмоқчиман. Чемпионатнинг биз учун ижобий томонлари билан бирга ўзига яраша «минус»лари ҳам бўлди.

Лекин тарозининг паллаларига қўйсак, барибир, ижобий ҳолатлар кўпроқ кўзга ташланди. Биринчи галдаги вазифа чиройли ўйинимиз билан мухлисларни яна стадионга қайтариш эди. Буни уддаладик. Айниқса, биринчи даврадаги иштирокимиз ишқибозларга манзур бўлди. Афсуски, ҳал қилувчи босқичда ўйинимизда пасайиш кузатилди.

Бунинг натижасида қимматли очколарни бой бердик. Бир томондан чарчоқ аломатлари сезилиб қолган бўлса, иккинчидан, захира ўриндиғимизнинг торлиги панд берди. Захирадан майдонга тушиб, ўйинимизни кучайтирадиган ўйинчи топилмади. Давралар оралиғида ана шундай футболчини таркибга қўшиб олиш учун ҳаракат қилдик.

Аммо ҳамма савияли ўйинчиларнинг ўз клублари билан амалда шартномалари бўлгани боис, бу ишни амалга ошира олмадик. Шунга қарамай, мухлисларимиз қийин вазиятда бизни ташлаб қўйишмади. Охиригача қўллаб-қувватлаб туришди.

Эътибор қаратсангиз, ютқазган ўйинларимизда ҳам футболчилар ўзларидан ёмон таассурот қолдиришмади. Ҳаттоки, «Пахтакор» ва «Локомотив» клубларига қарши кечган учрашувларда ҳам йирик ҳисобда ютқазмадик. Яъни, футболчиларимиз ҳар бир ўйинда охирги сонияларгача майдонда мардонавор кураш олиб боришди.

- Ҳозиргина «футболчилар жисмоний томонлама чарчаб қолишди», деган жумлани ишлатдингиз. Шу ўринда айнан жисмоний тайёргарликни аниқлашга мўлжалланган нормативларга муносабатингизни билмоқчи эдим.

Чунки футболчиларимизнинг бу борадаги ҳолати талаб даражасида эмас. Кўпи билан 70 дақиқа бир маромда ўйнашади. Қолган 20 дақиқани майдонда юриб ўтказишади. Бу борада фикрингиз қандай?

- Биласизми, иккинчи даврадаги омадсизлигимизга футболчиларимизнинг жисмоний тайёргарлиги талаб даражасида эмаслигини асосий сабаб сифатида кўрсатмаган бўлардим. Биз шунчаки, иккита тенг кучли, бир-бири билан рақобат қила оладиган таркибни шакллантира олмадик.

Асосий таркибнинг икки футболчиси жароҳат олса, бу биз учун катта йўқотишга айланарди. Амалда шундай ҳам бўлди. Асосий ҳужумчиларимиздан бири, жамоа сардори Носир Отақўзиев жарроҳлик столига ётишга мажбур бўлди. Жавоҳир Сиддиқов ҳам кутилмаганда жароҳат орттириб олди.

Шу икки етакчи футболчимизнинг бир нечта ўйинларда жамоамизга ёрдам бера олмагани бизга қимматга тушди. Ўша пайт ихтиёримизда 11 нафар тенг имкониятга эга футболчи бор эди. Юқорида айтганимдек, захира ўриндиғимизда ўйинни кучайтира оладиган футболчига эга эмасдик.

Захирадан асосан ёш футболчилар жой олишганди. ЎФФ томонидан жорий қилинган нормативларга келсак, бундай меъёрлар аввал ҳам бўлган. Биз ўйнаб юрган кезларимиз ҳам жисмоний ҳолатни аниқлаш учун жорий қилинган тестларни топширардик. Бунинг ҳеч қандай ёмонлиги йўқ.

Мураббийларнинг ўзлари ҳам шогирдлари ҳақида қўшимча маълумотга эга бўлиб олишади. «Қўқон-1912» вакиллари 21 декабрь куни тест топширишди. Ўша пайтда футболчилар қандай ҳолатда йиғинга етиб келишганини билиб олдим. Ўз ўрнида федерациядагилар ҳам мураббий ўз жамоасида ишлаяптими, йўқми, деган саволга жавоб олишлари мумкин бўлади.

- Янгиликлардан яна бири олий лиганинг Суперлигага ўзгартирилгани ва жамоалар сонининг 12тага қисқартирилгани бўлди. Бу ўзгаришлар ҳақида шахсий фикрингиз қандай?

- Янги таркибда иш бошлаган ЎФФ барибир, қандайдир ўзгаришни амалга ошириши керак эди. Ислоҳотлар федерацияга янги президент тайинланган куннинг эртасигаёқ бошланиб кетди. Назаримда, сўнгги 10 йил ичида футболимиз тўхтаб қолгандек кўринаётганди.

Ҳозир Суперлигада 12та жамоанинг қолдирилганига ҳеч қандай муносабат билдира олмайман. Лекин футболимизнинг кучайиши учун хизмат қилишига астойдил ишонгим келяпти. Федерациянинг янги раҳбарлари ўзбек футболини кўтариш учун та­йинланишган. Демак, ижобий томонга ўзгариш бўлиши керак.

Шахсан менга ўйинлар вақтининг соат 18:00дан ке­йинга қўйилгани маъқул келди. Футбол аслида мухлислар учун ўйналади. 22 нафар футболчининг бўм-бўш стадионда икки соатга яқин вақт мобайнида югуришидан нима фойда? Умуман, мазкур янгилик бундан 10 йил олдин қилиниши керак эди.

Федерация раҳбариятига раҳмат, кеч бўлсада мухлисларни ўйлашди. Энди ишқибозлар ишдан бемалол чиқиб, футбол томоша қилиш учун стадионларга келишади. Яқинда ЎФФ раҳбарлари билан юзма-юз гаплашдик. Агар улар айтаётган янгиликлар амалиётга татбиқ этилса, футболимизда қисқа фурсатда катта ўзгаришлар рўй беради.

- Нўъмон ака, яна жамоанинг тайёргарлигига қайтамиз. Юқорида ўтган мавсумдаги омадсизликка таркибдаги муаммолар сабаб бўлди, дедингиз. Ўша камчиликлардан тегишли хулосалар чиқарилдими? Тенг кучли икки таркибни шакллантиришга эътибор қаратяпсизми?

- Аслида, олдимда турган энг асосий вазифа ҳам шу. Ўтган йили «Локомотив» билан ўйнаганимизда, рақиб жамоанинг захира ўриндиғида ўтирган футболчиларни кўриб ҳайратга тушгандим. Ўша ўйинчилардан ҳам алоҳида жамоа тузиб, чемпионатда иштирок этилса, сов­ринли ўринларни эгаллаш мумкин.

Шундан келиб чиқиб, жамоада соғ-лом рақобатни юзага келтирмоқчимиз. Акс ҳолда, ҳозирги таркиб футболчилари рақобатдан холи бўлиб, ўз устларида ишламай қўйишади. Ўтган йили жароҳати бор футболчини ҳам майдонга туширишга мажбур бўлдим. Бошқа иложим ҳам йўқ эди. Ўйлайманки, бу йил ҳаммаси бошқача кечади.

- Ҳозиргача қайси футболчилар билан расман шартнома имзоланди?

- Ўтган йилги таркибни деярли тўлалигича сақлаб қолдик. Бу энг катта ютуғимиз бўлди. Амалда шартномалари бўлган футболчилар машғулотларда иштирок этишяпти, уларга тўлалигича ишонаман. Ўз ўрнида бу йигитлар ҳам мен ва мухлисларга бўлган ҳурматлари сабаб жамоада қолишга қарор қилишди.

Бунинг учун уларга раҳмат айтаман. Янги таклиф этилганлар билан январь ойи охирида шартнома имзолашга қарор қилдик. Ҳозирда 3-4 нафар футболчи кўрикдан ўтяпти. Ўз ўрнида легионерларни ҳам кўрик учун таклиф қилганмиз. Улар тез орада сафимизга келиб қўшилишади.

- Легионерлар лимитига ҳам ўзгартириш киритилди. Аниқроғи, янги мавсумдан бир жамоада беш нафар хорижлик футболчи ўйнаши мумкин. Шу ўринда, сиз ана шу 4}1 лимитидан фойдаланасизми?

- Насиб қилса, имкониятдан тўлиқ фойдаланмоқчимиз. Лекин бу дуч келган легионер билан шартнома имзолаш дегани эмас.

- Ўтган мавсум жамоа шарафини ҳимоя қилган легионерлар тақдири нима бўлади?

- Менимча, ҳар икки сербиялик футболчимиз ҳам янги мавсумни «Қўқон-1912»да бошласа керак. Шу кунларда Дарко Гожковичнинг сафимизга келиб қўшилиши кутиляпти.

Филипп Райевац ҳозир Сербияда ҳордиқ чиқармоқда. Агар тўпурар футболчимиздан кучлироқ ҳужумчи топа олмасам, у ҳам жамоа­да қолади.

- Умумий олсак, ўтган мавсум Ра­йевац ёмон ўйин кўрсатмади...

- Тўғри, биз кутган ўйинни намойиш эта олди. Лекин унинг потенциали янада кучлироқ эди. Ўз ўрнида жароҳати ҳам бунга имкон бермади. Бошқа томондан, Филиппга мамлакатимизнинг етакчи жамоалари қизиқишяпти. Билишимча, «Бунёдкор» ва «Локомотив» клубларидан таклиф олган.

Ўзим футболчи бўлганим учун уни тўғри тушунаман. Райевацдан ташқари асосий таркибда ўйнаган деярли барча маҳаллий футболчиларимизга таклифлар тушди. Лекин улар билан гаплашдим, жамоада қолишларини илтимос қилган пайтларим бўлди. Қувонарлиси, улар йўқ де­йишмади.

- Ўтган йилги таркибдан кимлар кетди?

- Умуман олганда, ҳамма қолди, дейиш мумкин. Ёш футболчимиз Аваз Маматхўжаевни ижара асосида «Нав­баҳор»га бердик.

- Жавоҳир Сиддиқов «Пахтакор»­дан «Қўқон-1912» жамоасига ўтгач, ўйинида анча ўсиш кўзга ташланди. Билишимизча, бу ярим ҳимоячига «Насаф» жиддий тарзда қизиқиш билдираётган экан. Ушбу маълумот қанчалик ҳақиқатга яқин?

- Ҳа, бу маълумотни тасдиқлайман. Ҳозирда у олимпия терма жамоамиз таркибида Осиё чемпионатида иштирок этяпти. Хитойдан қайтгач, сафимизга келиб қўшилади.

Мендан олдин унинг ўзи барча чақирувларга рад жавобини берди. Ишончим комил, у ҳали «Қўқон-1912» жамоасида кўп йиллар тўп суради. Жавҳоир жамоамиз мухлисларининг ёқимтойига айланган. Уларни осонликча ташлаб кетмайди.

- Қайси чизиқлар ўзгаришга муҳтож?

- Асосан ҳужумни кучайтиришимиз шарт. Яна бир савияли форвард излаяпмиз. Биласиз, ҳамиша камида икки ҳужумчи билан ўйнайман. Ҳужумкор футбол тарафдориман. Биринчи даврада биргина «Қўқон-1912» жамоаси юз фоиз ўйинларда икки ҳужумчи билан ўйнади.

Иккинчи даврада Носир Отақўзиев жароҳат олганидан кейин бир ҳужумчи билан ўйнашга мажбур бўлдик. Филипп Ра­йевацнинг соғлиғида ҳам муаммолар кўзга ташланди. Шунинг учун ҳам тактикани ўзимиз истамаган ҳолда ўзгартиришга мажбур бўлдик.

- Ўтган йили Жанубий Корея чемпионатининг биринчи лигасида тўп сурган Баҳодир Пардаев «Қўқон-1912»га қайтибди. Унинг клубда қолиши ҳал бўлдими?

- Ҳа, у юз фоиз жамоада қолади. Юқорида айтганимдек, сафимизга янги қўшилган футболчилар билан шу ойнинг охирида расман шартнома имзолаймиз. Ҳозир оғзаки келишувимиз бор.

- Ўтган мавсум «Қўқон-1912»нинг ёшлар лигасидаги жамоаси чемпионатда бронза медалларини қўлга киритди. Ана шу таркибда ўзини кўрсатган футболчилар борми? Улардан кимларни бу йил асосий жамоада кўришимиз мумкин?

- Асосий таркиб билан рақобат қила оладиган истеъдодли футболчилар бор. Айниқса, Муҳаммаданас Ҳасановни алоҳида айтишим керак, у қолганларга қараганда анча тез ўсди. Бу каби истеъдодли ёшлар жамоамизда етарли.

- «Пахтакор», «Локомотив» каби клубларимизда бўлаётган ўзгаришларни кузатиб боряпсизми?

- Албатта. «Пахтакор» «Насаф» футболчилари эвазига таркибини кучайтириб олди. Лекин Қарши жамоаси сезиларли даражада кучсизланди, дея олмайман. Бир нарсани унутмаслик керак, бу клубда Рўзиқул Бердиев бор ва у қўл остидаги жамоани яна кучайтириб олади.

Таъкидлаш лозимки, Суперлигада осон ўйинлар бўлмайди. «Локомотив», «Насаф», «Пахтакор» ва «Бунёдкор»дан ташқари қолган жамоалар ҳам таркибларини сезиларли даражада кучайтириб олиш имкониятига эгалар.

Ўтган йили биринчи лигага тушиб кетган 4та жамоа­даги энг етакчи футболчилар ўзларига Суперлига клубларидан паноҳ топишлари аниқ. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, қолган 8та жамоага ҳам жиддий қарашга тўғри келади. Бир сўз билан айтганда, янги мавсумда мухлислар зерикиб қолишмайди.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz