Қайднома

Қидирув

Мундиалдан қуруқ қолгач Ўзбекистон ва Италия ёхуд ЖЧ остонасидаги турли томошалар

Мундиалдан қуруқ қолгач Ўзбекистон ва Италия ёхуд ЖЧ остонасидаги турли томошалар

  17.01.2018 06:29
  0
  2676
Мундиалдан қуруқ қолгач Ўзбекистон ва Италия ёхуд ЖЧ остонасидаги турли томошалар

Италия термаси ЖЧ-2018 «плей-офф» босқичида шведларга имкониятни бой бериб, мундиалдан қуруқ қолгач, ўзбек футболи мухлисларининг ёдига ўша Баҳрайнга қарши кечган драматик баҳслар тушган бўлса, ажабмас.

Ҳақиқатан ҳам, жаҳон чемпионати саралашининг айнан шу қисми ҳамиша кутилмаган воқеаларга бой тарзда ўтиши билан кўпчиликнинг эътиборини тортади.

Қуйида келтириладиган маълумотлар ушбу фикримизни исботлаши мумкин. Келинг, тарихга саёҳатни Ўзбекистон ҳамда Баҳрайн жамоалари ўртасидаги ўша омадсиз учрашувлардан бошласак.

2006: «ҚОШ ҚЎЯМАН ДЕБ...»

Ёдингизда бўлса, ЖЧ-2006 саралашининг Осиё қитъасида ўтказилган баҳсларида ўз гуруҳида учинчи ўринни эгаллаган Ўзбекистон ҳамда Баҳрайн термалари ўзаро ҳисоб-китоб қилишганди. Ушбу жуфтлик ғолиби кейинчалик КОНКАКАФ вакили - Тринидад ва Тобаго жамоасига қарши тўп суриши кўзда тутилганди.

Дастлабки учрашувда вакилларимиз Миржалол Қосимовнинг голидан сўнг ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Танаффусга яқин эса япониялик ҳакам Тошимицу Йошида баҳрайнликлар дарвозаси томон пенальти белгилади. Сервер Жепаров эса уни аниқ амалга оширди. Бироқ рефери ғалати қарор чиқарди: голни бекор қилиб, рақиб жамоа фойдасига эркин зарба белгилади.

Ваҳоланки, зарба қайтадан йўлланганда адолатдан бўларди. Аммо... Ўйин 1:0 ҳисобида якунланди. Ўзбекистон термаси ўша ҳакамнинг баҳсли қарори туфайли Баҳрайнга мағлубият ёзилишини талаб қилди. Эҳ, ўша арз якунда бизга қимматга тушишини аввалроқ билганимизда эди... ФИФА талабимизни қаноатлантирди: учрашув қайтадан ўтказиладиган бўлди.

Бу сафар Тошкентга кечган баҳсда 1:1 ҳисоби қайд этилди. Сафарда эса вакилларимиз нурсиз дуранг билан чекланишди. Бу эса баҳрайнликларнинг «плей-офф» босқичидан муваффақиятли ўтишганини билдирарди.

Шундан буён мундиал саралашидаги омадсизлик термамизни тарк этмаяпти. Орзумиздаги йўлланма қўлга киритилишига бир қадам қолганда, имконият бой берилаверяпти. Умид қиламизки, 2022 йилги ЖЧ саралашида хатолардан тўғри хулоса ясаб, вазиятни ўзимиз томон оғдирамиз.

1934. ЧЕТГА ЧИҚ, МЕКСИКА!

Бундай воқеалар бугунги кунда рўй бермаса керак. Аммо сайёрамизнинг биринчи рақамли турнири эндигина шаклланиб бораётган паллада, шунақаси ҳам бўлган экан. Демак, бир зумга ўзингизни мексикалик деб фараз қилинг. Термангиз саралаш босқичини муваффақиятли якунлади (бунинг учун Кубани мағлубиятга учратиш кифоя, чунки бош­қа даъвогарлар йўқ эди).

ЖЧга мезбонлик қилган Италияга ҳам деярли етиб борганди ва кутилмаганда... сўнг­ги паллада АҚШ термаси мусобақада қатнашмоқчилигини билдирди. Натижада ФИФА қўшимча ўйин ўтказилиши ҳақида қарор чиқарди.

Бу воқеа мундиал финал босқичи бошланишига уч кун қолганда, Римда содир бўлганди. Якунда америкаликлар 4:2 ҳисобида зафар қучишди. Сўнгги йилларда Мексика термаси АҚШ жамоасини 7:2, 7:3, 6:0 каби йирик ҳисобларда таслим этиб, ўша тарихий воқеа учун ўч олаётгандек, гўё.

1950. ЯЛАНГОЁҚ ЮРМАНГ!

Югославия (собиқ) ҳамда Франция икки марта дуранг ўйнашди: Белградда ҳам, Парижда ҳам 1:1 ҳисоби қайд этилди. У пайтлари қўшимча вақт ва пенальтилар серияси белгиланмасди. Натижада яна бир ўйин ўтказиладиган бўлди. Учрашув мезбони сифатида Рим танланди.

Бу ерда эса «овертайм»ларсиз иш битмади: 2:2 кўринишидаги дурангдан сўнг болқонликлар ҳал қилувчи голни уришди. Қизиғи, ФИФА французларга ҳам йўлланма таклиф қилди, аммо улар рад этишди. Умуман, иккинчи жаҳон урушидан кейинги оғир паллада мундиалдаги иштирокдан воз кечиш одатий ҳолга айланганди.

ЖЧ-50да жами 13та терма қатнашди. Аксарият жамоалар молиявий танглик туфайли шундай қарорга келган бўлсалар, Ҳиндистон термаси футболчиларига ялангоёқ тўп суришни тақиқлашди. Эътиборлиси, ҳиндлар Олимпиада-48ни пойафзалсиз ўтказишганди. Шундан сўнг ФИФА бундай «экипировка»га тақиқ қўйди.

1954. КЎЗИ БОҒЛАНГАН БОЛА

Испания ва Туркия термалари бир мартадан ғалаба қозонишгач, уларни олдинда қўшимча ўйин кутаётганди. Қаерда? Албатта, Римда. Финал ҳуштаги чалинганда ҳисоб 2:2 бўлиб турганди. Энди нима қилиш керак?

Ташкилотчилар мазкур вазиятда оддий ва бироз ёввойи қарорга келишди. Жаҳон чемпионати йўлланмаси тақдирини отаси стадионда ишлайдиган 14 ёшли Луижи Жемма ҳал қилди. Кўзига мато боғлангач, унга иккита қоғоз солинган идиш узатишди. Ушбу «лотерея»да омад туркларга кулиб боқди.

1958. ИСРОИЛ БИЛАН ЎЙНАЙДИГАН БОРМИ?

Сиёсат спортга тез-тез дахл ўтказган пайтлар ҳам бўлган. Хусусан, Исроил деб номланувчи мамлакатнинг дунё харитасидан жой олиши кўпчиликка ёқмагани сабабли айримлар бу термага қарши тўп суришни хоҳлашмаган. ЖЧ-58 саралашидаги ҳолат кулгили тус олди.

Дастлаб исроилликлар Туркиянинг иштирокни рад этиши ва мусобақадан чиқариб юборилиши сабаб кейинги раундга чиқишди. Кейинчалик Судан ҳам худди шундай йўл тутди. Натижада Исроил жамоаси бирорта ҳам ўйин ўтказмай финал босқичи йўлланмасини қўлга киритадиган бўлди.

Аммо бу ФИФА қоидаларига зид эди. Ташкилот Европа саралаши омадсизлари орасидан исроилликларга рақиб қидирди. Бельгия рози бўлмади, Уэльс эса кўнди. Бу бежиз эмасди, чунки икки ўйин натижасига кўра «кўҳна қитъа» вакиллари зафар қучишди.

Шундай ноодатий вазият туфайли мундиал финал босқичига илк (ҳозирча ягона) марта Британия­нинг тўртта термаси йўл олди: Англия, Шимолий Ирландия, Уэльс ҳамда Шотландия.

1962. ҚИТЪАЛАРАРО «ДИСКРИМИНАЦИЯ»

Иштирокчи мамлакатлар сони шиддат билан ошиши туфайли қитъа­лараро ўтиш баҳслари режаси олдиндан тузиладиган бўлди. Мазкур ҳолатда бир нечта конфедерациялар ўртасида номутаносиблик кузатилди.

Шимолий Америка, Осиё ва Африканинг биттадан энг яхши термаси тўғридан-тўғри мундиал йўлланмасига эга бўлмай, Европанинг иккита ва Жанубий Американинг битта жамоасига қарши «плей-офф» ўйинлари ўтказишлари лозим эди.

Натижада Марокаш Испанияга, Жанубий Корея эса Югославияга ютқазди. Осиё ва Африка вакиллари жаҳон чемпионатида қатнашишмади. Фақатгина Мексика параг­вайлик рақибларини енгишни уддалади.

1966. АФРИКА ЭЪТИРОЗ БИЛДИРАДИ!

ФИФА тўрт йил аввалги ҳолатни такрорламоқчи бўлди, аммо мағрур Африка термалари ўз вакиллари учун тўғридан-тўғри йўлланма берилишини талаб қилишди. Ташкилот рад жавобини бергач, биргаликда саралашдан чиқиб кетишди.

Бундан ташқари, улар Жанубий Африканинг ФИФА аъзолигига қайтарилишига қарши чиқишди, чунки бу мамлакатда ирқий айирмачилик авж олганди. Шу боис вазият «плей-офф»гача бормай якунланди.

1970. ФУТБОЛ ЖАНГИ

Бу сафар КХДР термаси исроилликларга қарши тўп суришни хоҳламади. Осиё ва Океания минтақалари бирлаштирилгач, финал босқичига чиқиш учун Исроил жамоаси Янги Зеландия ва Австралияни енгиб, вазифани уддалади. КОНКАКАФ минтақасида эса Сальвадор ва Гондурас куч синашишди.

Ўша паллада бу икки қўшни мамлакатларнинг ўзаро муносабатлари яхши эмасди. Дастлаб гондурасликлар майдонида ўтган баҳс (мезбонлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишган) ишқибозларнинг тартибсизлиги билан якун топганди. Бир ҳафтадан сўнг Сальвадордаги жавоб баҳсидан аввал Гондурас термаси жойлашган меҳмонхона ёнида фанатлар эски қилиқларини кўрсатишди.

Оқибатда, тузуккина дам ололмаган меҳмонлар 0:3 ҳисобида ютқазишди. Нейтрал майдон - Мексикада ўтказилган учинчи ўйиннинг қўшимча дақиқаларида Сальвадор зафар қучди (кейинчалик Гаити тўсиғидан ҳам ўтиб, финал босқичига чиқди).

1974. «ҚАМОҚДА ЎЙНАМАЙМИЗ!»

Собиқ иттифоқ ва Чили термалари дастлаб Москвада тўқнаш келишлари керак эди, аммо учрашув ўтказиладиган кундан икки ҳафта аввал Чилида нотинчлик кузатилди. Футбол нафақат иккинчи, балки учинчи даражага тушди.

Биринчи ўйин бўлиб ўтди, аммо собиқ иттифоқ вакиллари жавоб баҳсини ўтказиш борасида иккиланишди: қамоққа ўхшаб қолган Сантьягодаги стадионда ўйнашни истамай, Жанубий Американинг бошқа бирор мамлакатида тўп суриш таклифи билдирилди. Аммо томонлар келиша олишмади ва собиқ иттифоқ термаси «бойкот» эълон қилиб, илк марта жаҳон чемпионати саралашидан ўтолмади.

1973 йилнинг 21 ноябрь куни «Насьональ» стадионида беш мингга яқин томошабин тўпланди. Чилилик футболчилар майдонга тушишди. Ваҳоланки, уларга рақиблик қиладиган жамоа йўқ эди. Ҳакам ҳуштак чалгач, «қизил-кўк» либосдаги тўрт футболчи бир-бирларига узатмалар йўллаб, «рақиб» жарима майдончасига кириб боришди.

Саккизинчи «пас»дан сўнг Франсиско Вальдес бўм-бўш дарвозани ишғол қилди. Ҳакам майдон марказини кўрсатди, таблода эса ҳисоб қайд этилди: «Чили - Собиқ иттифоқ - 1:0». Бундай цирк томошаси футбол тарихида бошқа кузатилмаслиги аниқ.

1990. ИСРОИЛ - ФИЖИНИНГ ЁНИДАМИ?

Ҳозир Исроил термаси УЕФА аъзоси сифатида мусобақаларда қатнашмоқда. Аммо авваллари ушбу мамлакат жамоаси ўз жойини тополмай сарсон бўлганди. Бир сафар Европа шарафини ҳимоя қилса, бошқа сафар Осиё номидан иштирок этарди. 1990 йилги мундиалга эса Океания вакили сифатида йўлланма олишга уриниб кўрди.

Худди шундай мақомга Тайвань ҳам эга чиққан. Гуруҳда Австралия ва Янги Зеландия термаларини ортда қолдирган исроилликларни қитъалар­аро ўтиш турнирида Колумбия жамоаси кутиб турганди. Жанубий америкаликлар икки ўйин натижасига кўра 1:0 ҳисобида зафар қучиб, ЖЧ чиптасига эга бўлишди.

2010. ИНСОФИНГ БОРМИ, АНРИ?

Ирландия ва Франция ўртасидаги беллашув можароларга сабаб бўлганди. Ҳар икки баҳсда жамоалар меҳмонда 1:0 ҳисобида зафар қучишгач, Париждаги ўйиннинг қўшимча вақтида франциялик Виллем Галласнинг голи масалани ҳал этди. Дарвоза ишғол қилинган вазиятда Тьерри Анри самарали узатмани йўллашдан аввал тўпни ўзига қўли ёрдамида ўнглаб олганди.

Табиийки, ирландларга мазкур ҳолат ёқмади ва улар ўйинни қайтадан ўтказиш ёки мундиал финал босқичига 33-иштирокчи сифатида қўйишларини талаб қилишди. Аммо ФИФА имтиёз бермади, аниқроғи, тўлов билан қутулди. Маълум бўлишича, бир неча йиллар аввал ФИФА Ирландия футбол ассоциацияси ҳисобига 5 миллион доллар ўтказиб берган.

Ҳужжатларда ушбу маблағнинг стадион қурилишига ажратилгани қайд этилган. Ваҳоланки, йирик ташкилот шу тариқа навбатдаги шикоятнинг олдини олиб, ирландларнинг «оғзини юмиш»­га интилган.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz