Қайднома

Қидирув

Cупер лига трансляцияларига тайёрмисиз?

Cупер лига трансляцияларига тайёрмисиз?

  17.01.2018 01:42
  0
  3227
Cупер лига трансляцияларига тайёрмисиз?

Ўзбек футболида шу вақтга қадар муаммолар кўп бўлган. Улар орасида энг долзарбларидан бири трансляция масаласи экани сир эмас.

Буни ҳаммамиз яхши биламиз. Афсуски, олий лиганинг 26 йиллик тарихи давомида бирор марта трансляциядан ёлчимадик. Ҳатто спортга ихтисослашган алоҳида канал очилгани ҳам вазиятни ўнглай олмади. Хўп, айб кимда?

Ўхшаса, ўхшамаса, ҳамма ўйинларни бир четдан олиб кўрсатавермаган Sport TV айбдорми ёки иши фақат бадал пули йиғиш бўлиб қолган, 10 йиллик фаолияти давомида бирор марта чемпионлик тантанасини тайинли ташкил эта олмаган ПФЛми?

Балки келишувчилик балосига мубтало бўлган ва «пул ювиш» манбаи бўлиб қолган клублар айбдордир? Ёки шуларнинг барчаси биргаликда ўзбек футболи ўз қобиғига ўралашиб қолишига сабаб бўлдими?

БОЗОР

Халқимизда «Отанг - бозор, онанг - бозор», деган гап бор. Бу ақида футболда ҳам амал қилади. Профессионалликка дахлдор неки бўлса, албатта, бозор муносабатларига асосланиши керак. Масалан, ҳозир Европанинг манаман деган ўйинлари туш вақтида ўтмоқда. Нима учун?

Чунки уларга Хитой компаниялари реклама бермоқда, демакки, ўйин вақтини Чин ўлкасига мўлжаллаб белгилаш шарт. Акс ҳолда, клублар мўмайгина даромаддан қолиб кетишади. Талаб бор эканми, таклиф ҳам шунга монанд бўлади.

Афсуски, бу борада Ўзбекистон чемпионатини жуда харидоргир, деб айта олмаймиз. Зерикарли, кўп ҳолларда келишилган ва ҳакамларнинг турли-туман «хато»ларига бой ўтадиган ўйинлар аллақачон ўз таъсирини ўтказиб бўлди - стадионлардаги бўм-бўш трибуналар бунга исбот.

Баъзи ареналарда ҳали бирор марта мухлис ўтирмаган ўриндиқлар бор. Бировга айтишга ҳам уяласан. Энди бир ўйлаб кўринг, бу учрашувларнинг трансляцияси кимга керак?

Ҳайтовур, бахтимизга бир вақтлари Sport TV ташкил этилган экан, баҳолиқудрат ўйинларни олиб кўрсатяпти. Аммо бу трансляцияларни етарли, деб бўлмайди. Бори ҳам асосан пойтахт чегарасидан четга чиқмайди. Нима учун?

Ҳамма гап шундаки, чемпионат ўйинларини эфирга узатиш анча сермашаққат ва серхаражат юмуш ҳисобланади. Кўчма телестанция хизматидан фойдаланилади, 15-20 кишилик жамоага гонорар тайинланади.

Аммо даромад шунга яраша бўлмаса, нима қилиш керак? Яхши биласиз, телевидениенинг асосий даромади рекламадан бўлади. Аммо ҳувиллаб ётган стадионларда ўтказилган зерикарли ўйинга реклама бераман, деб кимнинг кўзи учиб турибди? Бу ёғини ҳам ўйлаш керак эмасми?

БОРИМИЗ ШУ(МИ?)

Айнан шу сабабга кўра бўлса керак, ҳозирга қадар асосан пойтахтда ўтадиган учрашувларни томоша қилиб келдик. Чемпионат етакчилари асосан Тошкентда эканини инобатга олсак, балки бунда ҳам мантиқ бордир. Шунингдек, олий лигада совриндор ўринларни эгаллаб келаётган «Насаф»нинг ўйинлари ҳам имкон қадар трансляция қилинди.

Ўз навбатида, мусобақа жадвали аҳамияти жиҳатидан анча муҳим бўлган вилоятлардаги баҳслар ҳам имкон қадар бериб борилди. Масалан, жорий мавсум «Бухоро» ва «Пахтакор» ўртасида кечган ўйинни эслаш мумкин. Дарвоқе, ўша трансляция давомида Sport TV Европадаги машҳур телеканаллардан қолишмайдиган тарзда ишлаши мумкинлигига гувоҳ бўлгандик.

Қадим Бухоро шаҳридаги янги қурилган стадион тасвири ҳаводан ҳам эфирга узатилди, ердан ҳам. Ўшанда ўйиндан ҳам кўра, Sport TVнинг трансляциясидан кўпроқ баҳра олган бўлсак, не ажаб. Аммо афсуски, бундай трансляциялар сони кўп эмас. Нима учун? Бу саволга жавобни юқорида бериб ўтдик.

ТОЗАЛАНГАН ОЛМА

Нима деб ўйлайсиз, нега бозордаги сотувчи ҳар бир олмани яхшилаб артиб, ялтиратиб, пештахтага қўйишни истайди? Ҳа, у молини тезроқ ва қимматроқ сотишни истайди.

Шунинг учун керак бўлса, ҳар бир мевани қоғозга ўраб, чиройли қилиб қўяди. Чунки харидор хира тортган, чанг олмага эмас, ялтираб турганига қарайди. Ўзбекистон чемпионати ўйинларини ким «тозалаб» беради? На шиддат ва на шукуҳ бўлган ўйинларни стадионда томоша қиладиган кўп эмас-ку, телевизорда кўрадиган сероб, деб ўйлайсизми?

Ўзбекистон футбол федерацияси янги мавсумда Суперлига трансляциясини амалга оширадиган телеканаллар олдига жуда кўп шартлар қўйибди. Ўқидик.

Тан олиш лозим, талабларга қўшилса бўлади. Хусусан, ҳар бир ўйинни камида 6та камера билан тасвирга олиш - тўғри талаб. Трансляция сифати учун жуда ҳам керак.

Секинлаштирилган камера ишлатиш шарти ҳам тўғри қўйилган. Шу тариқа учрашувдаги ҳар бир вазиятга холис баҳо бериш имкони ошади. Ҳакам қаерда хатога йўл қўйди-ю, футболчи қайси вазиятда яхши ўйнай олмади - такрорий вазият ҳаммасини ойдинлаштириб беради.

Шунингдек, ЎФФнинг камида 60 фоиз ўйинларни намойиш этиш талабига ҳам қўшилса бўлади. Келаси мавсум ҳар бир турда 6та учрашув ўтказилса, камида 4тасини трансляция қилиш шарт. Бу орқали кўп нарсаларга эришса бўлади. Айтайлик, мухлислар қизиқиши ошади.

Шу каби изланишлар, янгилик сари интилиш кўпайгани яхши, албатта. Аммо федерация бунинг ортидан келиб чиқадиган «муаммолар»ни ҳис қилиб турибдими?

Ўзбек футболида баъзи ҳолатлар борки, шу вақтга қадар парда ортида қолиб келган. Суперлига ўйинларини трансляция қилиш натижасида ўша иллатлар юзага чиқишини кимдир ўйлаяптими? Бунга тайёр туриш жуда муҳим.

ИЛЛАТЛАР

Шу вақтга қадар келишилган ўйин ва нохолис ҳакамлик ҳақида кўп эшитганмиз. Ушбу мавзуни бот-бот тилга олганмиз ҳам. Аммо эшитадиган одам бўлмаган. Камига, «Исботинг борми?» қабилидаги дағдағаларга тўқнаш келганмиз. Албатта, бу эски раҳбарият даврида эди. Янги мутасаддилар эса трансляциялар сонини оширишни истаяпти, телеканаллар олдига жуда кўп шартлар қўймоқда.

Бироқ федерация ва лиганинг ўзи ҳам зиммасига кўп масъулият олишини бил-яптими? Талаб қилиш бошқа, ўша талабга мувофиқ иш тутиш бошқа. ЎФФ бир нарсани яхшилаб тушуниб олиши лозим: Суперлигани телевидение орқали ёритиш - шунчаки, баҳсларнинг 60 фоизини трансляция қилиш билан чекланмайди.

Яна ҳар бир тур ҳақида таҳлилий-ахборот кўрсатувлари ташкил этиш, ўйинларни муҳокама қилиш, ҳакамлар ишига баҳо бериш ва мухлислар фикрини ҳам ўрганиб бориш - ҳаммаси шунинг ичига киради. Телевидение-ку, бу ишни уддалай олади. Аммо ЎФФ, ПФЛ ва умуман, бутун футболимиз шунга тайёрми?

Мабодо, қайсидир ўйинда нохолислик кузатилгани очиқ айтиб юборилса, яна танқидчининг ўзи айбдорга айланиб қолмайдими?

КЎРСАТУВ

Мен 25 йилдан буён футболга мухлисман ва ҳар доим бир ниятим бўлган - ҳакамлар ишига баҳо берадиган кўрсатув томоша қилиш. Аммо орзум ҳамон орзулигича қолиб кетган. Чунки футболимиз бунга тайёр эмас. Биз ушбу масалада Бразилия, Италия ва Англияни қўйинг, ҳатто қитъадошимиз Эрондан ҳам анча орқада қолиб кетганмиз.

Олий лигада ишлайдиган қайсидир ҳакамнинг ўйиндан сўнг чиқиш қилиб, саволларга жавоб берганини кўрмаганмиз. Бу кетишда яқин орада кўрмасак ҳам керак. Уларга қолса, «ёпиқ қозон ёпиқлигича» қолиб кетгани маъқул. Аммо эртага 60 фоиз ўйинлар трансляция қилинадиган бўлса, кўп қозонлар очилиб кетмасмикан? ЎФФ шуларни ҳам инобатга оляптими?

Модомики, Ўзбекистон футбол федерацияси трансляциялар сони кескин ошишини истаса, ҳакамлар хатоси ҳам эл оғзига шунчалик кўп тушишига тайёр туриши керак. Улар эса хато қилади, ишонинг. Балки хорижда қайсидир масъулиятли ўйинни бошқаришда беназир ишлар, аммо ўзимизнинг чемпионатга келганда «адашиб» қолаверишини кўп кўрганмиз.

Реферининг хатосини халқ кўрдими, демак муҳокама қилишга ҳам эҳтиёж пайдо бўлади. Шундай вақтда ЎФФ ҳакамларни, керак бўлса, телевидениега бориб, интервью орқали вазиятга ойдинлик киритишга ундаши мақсадга мувофиқ. Акс ҳолда, трансляцияларнинг нима кераги бор?

Аммо бу ҳали муаммоларнинг барчаси эмас. Яхши биламизки, ўзбек футболида келишилган ўйинлар, деган иллатнинг илдизи батамом қуримаган! Шунчаки, масъуллар буни тан олишни исташмайди.

ЎФФнинг собиқ президенти Мираброр Усмоновдан бошқаси, албатта. Аммо Мираброр Зуфарович ҳам бир марта минбарда туриб айтдию, унутди. У ташкил этган «Келишилган ўйинларга қарши кураш қўмитаси» эса уч йилни жим ўтказди. Аксинча, ҳатто 2015 йили бўлиб ўтган «Пахтакор» - «Металлург» (3:2) ўйинида ҳам келишилганлик аломатлари топилмади.

Аммо ойни этак билан ёпиб бўлмас экан. Бир сирни очаман. Етакчи клубларимиздаги футболчилардан бирининг голларини видеоролик қилмоқчи бўлгандик. Аммо ишимиз ўхшамади. Нима учун, биласизми?

Чунки голларни жамлаб чиққанимизда, рақиб ҳимоячиларининг ўйинини кўриб, кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмай қолдик. Мудофаа чизиғидаги бунақа суст ўйин фақат бизда кузатилса керак. Уялишса бўларди. Ҳар ҳолда, ўша гол урилган вазиятларни кимгадир кўрсатишга уялдик...

Хўш, янгиланган ЎФФ дадил ишлашга тайёрми? Суперлига ўйинлари трансляцияси неча фоиз кўтарилса, демак билингки, келишилган ўйинлар фош этилиши эҳтимоли ҳам шунча ортади.

Ушбу масалага масъул қўмита шубҳали учрашувлардан кейин ҳам «келишилганлик аломатларини топа олмай» турса, туғилажак саволларга жавобни қаердан оламиз?

ШАРҲЛОВЧИ

Янги чора-тадбирларнинг барчаси бир мақсад йўлида амалга оширилмоқда - футбол тарғиботини ошириш ва стадионларга кўпроқ мухлис келишини таъминлаш. Бу йўлда трансляциялар салмоғи муҳим аҳамиятга эга.

Аммо телеканал олдига талаб қўйиш билан бирга етарли шароитни ҳам таъминлаб бериш лозим. Шундай эмасми? Ўйин олдидан, танаффус вақтида ва учрашувдан сўнг ҳар бир футболчи ва мураббий интервью бериши шарт қилиб қўйилсин. Бош тортганлар эса, жазолансин.

Шарҳловчи мақтаб турганда дўст бўлиб, танқид қилгани ҳамоно бегонага айланмасин. Ҳеч бир футболчи ҳар доим бирдек яхши ўйнай олмайди. Журналист ҳам уни мудом мақтамайди. Мураббий ва футболчилар буни тушуниб олишса, яхши бўларди. ЎФФ ҳам...

ЯКУНДА

Қарс икки қўлдан чиқади. Буни ҳаммамиз яхши биламиз. Балки ҳаддан ортиқ қаттиқ гапириб юборгандирмиз, аммо фақат бир томонлама талаб қилиш билан ишни олдинга суриб бўлмайди. Бунинг учун ҳар икки томон бирдек меҳнат қилиши лозим. ЎФФ нафақат талаб қилсин, балки бошқаларнинг талабига ҳам жавоб бера олсин.

Журналистик суриштирув натижасида бирор муаммо ёки нохолислик аниқланса, айбдорларни жазолашни ҳам таъминлаб берсин. Шу вақтга қадар ўша айбдорлар бир четда қолиб, нишонда журналистлар қолиб кетганини кўрганмиз.

Бундан спортга ихтисослашган айрим сайтлар, мавзу юзасидан тайёрланган кўрсатувлар азият чекканини кўпчилик яхши билади. Яна шундай ҳолат кузатилмаслигига кафолат бўлиши шарт? Чунки трансляция ва кўрсатувлар нафақат ютуқларни, балки камчиликларни ҳам очиб беради.

Футболимиз бунга тайёрми? ЎФФ-чи? Трансляциялар сонини ошириш яхши, аммо телевизор фақат яхши нарсаларни эмас, ёмонини ҳам кўрсатиши мумкинлигини улар англашяптими? Агар «ҳа», бўлса, унда ҳаммаси яхши. Акс ҳолда...

Зафар ҚОСИМОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz