Қайднома

Қидирув

Диего Симеоне: «Футболсиз яшай олмасдим…»

Диего Симеоне: «Футболсиз яшай олмасдим…»

  20.01.2018 03:36
  0
  713
Диего Симеоне: «Футболсиз яшай олмасдим…»

Диего Симеоне 7 йилдирки, «Атлетико»да. У мудом жангга алоҳида шайлантиришга эҳтиёж сезадиган жамоани бинойидек бошқариб келмоқда.

Аргентиналик мутахассис учрашувлар давомида сира тинмайди - бор овози билан бақириб, шогирдларини ўзи хос усулда қувватлантиради.

Эҳтиросли мураббий Франциянинг L`Equipe нашрига берган интервьюсида айнан юриш-туриши, ўзини тутиши ҳақида ҳам гапирди.

«ФУТБОЛЧИНИНГ ЭНГ ЯХШИ ҲОЛАТИ - ҚЎРҚУВ»

- «Атлетико» якшанба куни ўйнамаса, одатда вақтни қандай ўтказасиз?

- Қизим ва турмуш ўртоғим билан Мадрид теварагидаги ажойиб бир жойга борамиз. Кунни имкон қадар мароқли ўтказишга интиламан, аммо футболдан бутунлай фориғ бўлишнинг иложи йўқ.

Чунончи, «Атлетико» ўйнамаган тақдирда ўғлим Италияда майдонга тушиши мумкин (Жованни - «Фиорентина» ҳужумчиси). Шунингдек, бошқа бир қатор ўта аҳамиятли ўйинлар бўлади.

Шундай экан, дам олиш кунлари ҳам футболни миямдан чиқариб қўёлмайман. Ён дафтарчам доим қўлимда, ахир айнан бўш пайт янги ғоялар туғилади.

- Демак, футболдан ҳамиша ҳузурланасиз...

- Ҳа, футбол майдонини шу қадар яхши кўраманки, асти қўяверинг... Табиийки, ғалабадан ўзгача қувонаман, ўйин-олди ҳаяжон жону дилим.

Очиғи, ҳар бир учрашув арафасида қўрқувни ҳис қиламан. Ўзим майдонга тушган пайтлар ҳам шундай эди. Хотиржамлик, яъни қўрқув йўқлиги - ўта хавфли. Футболчи учун энг яхши руҳий ҳолат ҳам айнан қўрқувдир. У шундагина нималарга қодирлигини кўрсата олади.

- Майдон четида доимо «тўлиб-тошишингиз» моҳияти нима?

- Мураббийнинг ҳаракати ўйинчиларга ҳам юқади. Агарда у тинчланиб қолса, билингки, ўйин ритми, жамоасини йўқотади.

- Аммо тинмай бақиришингиз сабаб, футболчилар асабийлашишлари мумкин-ку.

- Мутлақо ноҳақсиз! Шахсий тушунчамга кўра, майдон четидаги фаоллигим йигитларга ҳам юқади. Қайсидир футболчи борини бермаётганини кўрсам, ўзимни қўярга жой тополмайман - ичимда нимадир ёнади. Ахир унинг сустлиги туфайли бутун жамоа жабрланиши мумкин-да.

- Футболчилик фаолиятингизда худди ҳозирги ҳолатингизга ўхшаш мураббий билан ишлашни хоҳлаганмидингиз?

- Ҳар доим ниманидир ўргатишга қодир мураббийлар қўл остида шуғулланишни истаганман. Энг яхши устоз - энг талабчани. Инсоннинг футбол ва ҳаётда ўзини тутиши ўртасида катта фарқ йўқ.

Агар сен кундалик ҳаётда қатъиятли, ўзига ишонган, ҳақиқий жангчи бўлсанг, майдонда ҳам шундайлигингча қоласан. Шунинг учун футболчиларнинг инсоний фазилатларига алоҳида эътибор қаратаман.

- Мураббийлик касбини танлашингизда айнан ким кучли таъсир ўтказган ёки нима энг муҳим туртки вазифасини бажарган?

- Энг муҳим лаҳза - бу туғилганим (кулади). Жиддий гапирсам, 26-27 ёшдаёқ машғулотларни қандай ўтказиш кераклигини билардим, миямда ўйиннинг аниқ картинаси шаклланиб улгурганди. Хуллас, диплом олишимдан олдин бу соҳа бўйича маълум тушунчага эга бўлганман.

Шунингдек, Испания ва Аргентинада ўйнаш асносида Билардо, Басиле, Бьелса, Эрикссон каби уста мутахассислардан таълим олдим. Доимо ўсиш баробарида бошқаларга нималарнидир ўргатишга интилардим. Умуман, футболчилар билан ишлаш жараёнининг ўзи роҳат бағишлайди.

Кўплаб мамлакатларда тўп сурдим ва ҳар бир ўлка футболи маълум даражада таъсир ўтказди. Дейлик, Аргентина футболи шарофати билан эҳтиросли бўлдим, испанлардан муомалани, италияликлардан тактикани ўргандим. Шу боис бўлса керак, жамоам турлича ўйнай олади.

- Умуман, қайси мураббийнинг таъсири кучлироқ бўлди?

- Басиле ўз энергиясини ўйинчиларга беришни биларди. Бьелса - машғулот ўташ бобида тенгсиз. Билардо - кутилмаган тактик юришлар устаси. У қанот ҳимоячисини марказда ўйнанарди, ҳужумчини ярим ҳимояда.

- Мураббийлардан эшитган қайси маслаҳатни энг яхшиси сифатида кўрсатасиз?

- Аргентинанинг «Велес» клуби устози шундай деганди: «Футболда ҳамманинг ўзига яраша имконияти бор». Ўшанда энди биринчи дивизионда ўйнай бошлаган ва 18 ёшли йигитча бўлсамда, ҳаммасига бирданига эришишни истардим.

У эса чиройли тарзда тушунтирди: «Шошилма! Оиланг, қаллиғинг, дўстларинг ҳақида ўйла. Ҳаётда ўзингни тўғри тутишни ўргансанг, майдонда ҳам йўқолиб қолмайсан».

Хуллас, футболда доимо аввало, ақлга таяниш керак - ўйинда ҳам, машғулотларда ҳам. Мураббийлик - бу фақат футболчилар билан ишлаш эмас, зарур пайт тўғри маслаҳат бериш ёки тилни тийиш демакдир.

«АТЛЕТИКО»ДА 101 ФОИЗ КУЧ САРФЛАШ ШАРТ»

- «Реал» футболчиларининг айтишларича, Зидан уларга хотиржамлик бағишлаган ва бу мақтовга лойиқ. «Атлетико» аъзолари эса сизни бошқача мақташади: «Симеоне бизни  зарур пайт қўшимча энергия билан қувватлантиради!»

- Ҳаммаси инсоннинг ўзи ва атрофидаги кишиларга боғлиқ. Зидан «Реал»да ўйнаган ва клуб футболчилари билан қандай ишлашни яхши билади.

Мен эса «Атлетико»да тўп сурганман ва жамоа характери билан танишман. Демоқчиманки, қўл остингдаги клубни нечоғли яхши билсанг, ишлашинг шунчалик осон бўлади.

- Демак, «Атлетико» футболчиларини тинмай қувватлантириб туриш керак...

- Айнан шундай. 1994 йили клуб сафига энди қўшилганимда, буюк Хесус Хиль («Атлетико»нинг 1987-2003 йиллардаги президенти) шундай деганди:

«Бу ерда нимагадир эришишни истасанг, 100 фоиз эмас, 101 фоиз куч билан ишлашинг шарт». Клубни айни шу ўгитга асосан бошқаряпман.

- Тўхтанг, айтмоқчисизки, «Реал»да тўп сурмаган киши унга мураббий сифатида тўғри келмайди, шундайми?

- Йўқ, йўқ. Аммо Хосеп Гвардиоланинг «Манчестер Сити»да аввалига анча қийналгани айни ҳақиқат. Ҳар ҳолда, худди «Барселона»даги каби ишларни бирданига амалга оширолмади.

Яъни биринчи мавсум «Сити»га мослашди, жамоани, муҳитни ўрганди. Кейин ўз ғояларини амалга татбиқ эта бошлади. Мен эса «Ривер Плейт»ни бинойидек бошқардим - бу клубни  Аргентинадаги «Реал» сифатида таърифлаш мумкин.

- «Атлетико» ҳужумининг ўзига хос томони нима?

- Ҳужумчиларимиз «ПСЖ», «Барселона» ёки «Реал» футболчилари каби самарали ҳаракатланмайдилар. Бу клублар вакиллари 8та вазиятнинг 7тасидан унумли фойдаланишса, бизда эффект пастроқ - 5 ёки 6та ҳужумни якунига етказамиз. Шунинг учун шогирдларим ўз устиларида кўпроқ ишлашлари керак.

Тўғри, 8та имкониятнинг 7тасидан фойдаланадиганлар ҳимоя тўғрисида камроқ ўйлаб, асосан ҳужумга эътибор қаратишади. Қайтараман,  «Атлетико»да «Реал», «ПСЖ», «Бавария» ва «Барса» каби гигантлардан бир поғона пастда турадиган кўплаб клубларда бўлгани каби ҳужум ҳаракати у қадар самарали эмас. Демак, бу борада машғулотларда алоҳида ишлаш талаб этилади.

— Ҳаттоки, Антуан Гризманн ҳам эффектли эмасми?

- Антуан қўл остимда анча «очилган» ўйинчилар сирасидан. У 2014 йили ярим ҳимоянинг чап қанотида тўп сурарди. Кейин Гризманни ҳужумга олдим ва эътирозлар янгради:

«Ақлингни йўқотибсан! Антуан олдинда ўйнолмайди, уни сўл қанот учун харид қилганмиз». Мен эса дадил жавоб бердим: «Кўрасизлар, «Атлетико» унинг янги қирраларини кашф этади. Ахир Антуан ўйинни яхши тушунади, ҳар икки оёқда бирдек аниқ зарба йўллайди, бош билан чакки ўйнамайди, ҳужумга қўшилиш вақтини билади....

Яхши ҳужумчи бўлиш учун яна нима керак?» Бир нарсани эътиборга олинг, Гризманн дейлик, Неймар, Роналду ёки Месси тоифасидаги ҳужумчи эмас. Яъни олдинда кимдир билан ўйнашга мойил.

- «Атлетико» ўйинига нисбатан танқидларга қандай қарайсиз?

- Танқидчилар аввало, «Атлетико»да озгина ишлаб кўришсин. Мақсадим тайин - футболчилар салоҳиятини максимал даражада очиш.

- Хўш, жамоа ўйини шахсан ўзингизга маъқулми?

- Албатта! Қандай лозим бўлса, шундай ўйнаяпмиз. Ўзим ёки имиджим учун ишламаяпман, бутун куч-ғайратим клуб учун. Ҳа, Гвардиола давридаги «Барселона» каби ўйнашга нима етсин? Аммо бунинг иложи йўқ - биздаги футболчилар бошқача.

Йўқ, бу улар ношуд эканликларини англатмайди. Дадил гапираман: ҳозир дунё футболида 4та жамоа «Атлетико»га нисбатан яхшироқ - «ПСЖ», «Барселона», «Реал» ва «Бавария».

- Демак, сизга бошқа жамоа ва футболчиларни беришса...

- Хаёлотга берилишдан маъно нима? Ўзимни мукаммал мураббий ўрнида кўрсатишни истамайман. Ахир «Менга бошқа жамоа беринг, у дарҳол ҳужумкор ўйнайди» қабилида гапиришдан осони йўқ.

«ЭНГ ЯХШИ МУРАББИЙ - ЗИДАН»

- Сизнингча, замонамизнинг энг кучли мураббийи ким?

- Зидан. Аммо эртага ҳаммаси ўзгариб кетиши мумкин.

- Нега айнан Зидан?

- Чунки ғалаба у томонда. ЧЛда кетма-кет 2 марта ғолиб чиқиш - катта натижа.

- Сўнгги пайтларда сизни қайси рақиб кўпроқ ҳайратга солди?

- Гвардиола давридаги «Бавария». Айниқса, Мюнхенда ўтган аввалги ЧЛ ярим финалининг дастлабки ярим соатида. Буюк жамоа! Шунчаки, кислород йўлини тўсиб, эзиб ташлади ва биз жуда қийналдик («Бавария» 2:1 ҳисобида ғалаба қозонганди).

- «ПСЖ»га қандай қарайсиз?

- Жамоа ўз олдига ўта мураккаб вазифани қўйган ва босқичма-бос-қич юқорига одимлаяпти. «ПСЖ»нинг тўғрийўлдан бораётгани аниқ.

- Париж клубига мураббийлик қила олармидингиз?

- Касбим шу ва ўйлайманки, ҳар қандай жамоада бемалол ишлайман. Айни пайт «Атлетико»да ўзимни бахтиёр сезяпман. Аммо ҳар қандай таклифни кўриб чиқишга шайман... Ҳаттоки, «Реал»никини ҳам (кулади).

- Умуман, «Атлетико»да яна неча йил ишламоқчисиз?

- Ўртадаги шартнома муддати узайтирилган ва унга кўра, 2020 йилгача клубда қолишим керак. Аммо футболда ҳаммаси бирданига ўзгариб кетиши ҳеч гап эмас.

- Тасаввур қилинг, эртага уйғонсангиз, футбол йўқ бўлса, нима билан шуғулланардингиз?

- Шунчаки, ўлардим... Ишонинг, ўлардим! Бошқа ҳеч бир юмуш қўлимдан келмайди...

ТУҒИЛГАН САНАСИ ВА МАНЗИЛИ

1970 йил 28 апрель, Буэнос-Айрес (Аргентина)

ФУТБОЛЧИЛИК ФАОЛИЯТИ

«Велес Сарсфилд» (Аргентина) - 1987-1990; «Пиза» (Италия) - 1990-1992; «Севилья» (Испания) - 1992-1994; «Атлетико» (Испания) - 1994-1997, 2003-2005; «Интер» (Италия) - 1997-1999; «Лацио» (Италия) - 1999-2003; «Расинг» (Аргентина) - 2005-2006. Амплуа бўйича - таянч ярим ҳимоячиси

ФУТБОЛЧИ СИФАТИДА ЭРИШГАН ЮТУҚЛАРИ

Испания чемпиони; Испания кубоги соҳиби; Италия чемпиони; Италия кубоги соҳиби; Италия суперкубоги эгаси; УЕФА кубоги соҳиби; Европа суперкубоги эгаси; Америка кубогининг 2 карра ғолиби

АРГЕНТИНА ТЕРМА ЖАМОАСИДАГИ СТАТИСТИКАСИ

106та ўйин, 11та гол

МУРАББИЙЛИК ФАОЛИЯТИ

«Расинг» (Аргентина) - 2006, 2011; «Эстудиантес» (Аргентина) - 2006-2007; «Ривер Плейт» (Аргентина) - 2007-2008; «Сан-Лоренсо» (Аргентина) - 2009-2010; «Катания» (Италия) - 2011;  «Атлетико» (Испания) - 2011 (декабрь) - ...

МУРАББИЙ СИФАТИДА ЭРИШГАН ЮТУҚЛАРИ

Аргентинанинг 2 карра чемпиони; Испания чемпиони; Испания кубоги соҳиби; Испания суперкубоги эгаси; Европа Лигаси ғолиби; Европа суперкубоги соҳиби

И.ОБИДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz